Жаҳон Банкининг 7 октябрда берган баёнотида айтилишича, коронавирус пандмеиайси туфайли кейинги йилнинг охиригача дунё бўйлаб 150 миллионтагача одам ўта қашшоқлар қаторига қўшилиши ва уларнинг кунлик тирикчилигига сарфланадиган пул миқдори 1.90 доллардан ҳам камроққа тушиб кетиши мумкин.
Камбағаллар қаторига қўшилаётган одамларнинг 82 фоизи Ҳиндистон, Нигерия ва Индонезия каби ўртача даромадли мамлакатларда бўлиши кутилмоқда. Одатда, камбағаллик асосан қишлоқ ҳудудларида баланд бўлади. Лекин, Жаҳон Банки пандемия туфайли даромади кескин тушадиганларнинг асосий қисми шаҳар аҳолиси бўлишини таъкидлаган. Бу эса шаҳарлардаги камбағаллик даражаси ортишини англатади. Шунингдек, Жаҳон Банки ўта камбағаллар даражасига тушиши тахмин қилинган 150 миллион кишининг 110 миллионтаси Жанубий Осиё ва Африкада бўлиши айтган.
Коронавирус пандемияси дунёдаги камбағалликка қарши олиб борилаётган курашдаги бир неча йиллик ривожланишга кескин тарзда салбий таъсир кўрсатди. Дунёдаги камбағаллар сони 20 йилдан бери илк марта ошиши тахмин қилинди.
“Бу ҳолат дунёдаги нотенгликни оширади ва давлатлар иқтисодиётининг ўсишини янада қийинлаштиради” дейди Жаҳон Банки президенти Давид Малпасс.
Бу йил дунё иқтисодиётининг ўсиши 5.2 фоизга камайиши кутилмоқда. Бу сўнгги 80 йил ичидаги энг катта “шўнғиш” бўлади.
Бугунги кунда дунёдаги одамларнинг деярли чорак қисми кунига 3.20 доллардан камроқ маблағга тирикчилигини ўтказади. Ушбу тоифадаги одамлар бу йилда бўлаётган иқтисодий шўнғишларга дош беролмайдиганлар сарасига киради. Коронавирус пандемияси туфайли дунёда ишсизлар сони кўпайгандан кўпаймоқда. Одамлар камроқ овқатланишга мажбур бўлмоқда, кўплаб камбағал болалар масофавий таълимдан четда қолишмоқда.