Жадидлар фаолиятида динга оид турли масалалар

0
18044
Очиқ манбалардан олинди

Аҳолисининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатларда, шу жумладан, юртимизда ҳам тарихдаги мафкуравий ўзгаришлар даврида диндан тарғибот воситаси сифатида кенг фойдаланилган.

Сабаби оддий – одамларга дин орқали бирор янгиликни тушунтирш осон ва ишончли.

Биз қуйидаги материал орқали жадидлар даври матбуотида акс этган диний масалаларнинг айримларини ўрганишга ҳаракат қиламиз.

XIX аср бошида Россия империясида юз берган сиёсий инқироз оқибатида император 1905 йилда бир қатор сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларни беришни кўзда тутувчи Манифестни имзолашга мажбур бўлади.

Ушбу шарт-шароитлардан фойдаланган ҳолда Туркистон ўлкасининг Чор Россиясига қарам бўлиб қолгани, халқининг эса ривожланишдан орқада қолиб кетганини чуқур таҳлил қилиб, ундан чиқиш йўлларини қидираётган маърифатпарварлар миллий нашрларни ташкил эта бошлайди.

Уларни “Нега биз мустақиллигимизни йўқотдик? Нима сабабдан биз мустабидлик занжирига тушиб қолдик? Мустабидлик занжиридан қутилиб, мустақиллик нашъасини топишнинг иложи топиладими? Бунинг учун нималар қилиш керак?” (Дўстқораев Б. «Ўзбекистон журналистикаси тарихи». Т.: Ғ.Ғулом номидаги матбаа-нашриёт уйи. 2009. 108-б.) деган саволлар қизиқтирар эди.

1906 йилнинг 27 июнь куни дунё юзини кўрган “Тараққий” газетаси ушбу нашрларнинг биринчиси ҳисобланади. Ва албатта, кейинроқ миллий нашрлар сони кўпая бошлайди.

Жадидлар матбуот ёрдамида асосан таълим орқали халқнинг дунёқарашини ўзгартиришни мақсад қилган бўлсалар-да, халқнинг кимлиги, қандай эътиқод соҳиби экани ҳамда шунга муносиб бўлиш лозимлиги ҳақида гоҳ-гоҳ эслатиб туради. Баъзида муаллифлар бунинг “бадалини” тўлашга мажбур ҳам бўлади.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Масалан, Мирмуҳсин Шермуҳаммад ўғли “Икки тарихий воқеа” мақоласидаги (“Турон” газетаси, 1917 йил, 2-сони) Бухоронинг уламолари тўғрисида “судрама чопон” ва “Талабаларнинг ярим умрларин тўзон қилуб кўкка учирғон, муқоваси қалин “Шарҳи мулло”лар энди отилуб ташланур-да, онинг ўрнига шояд янги қоида ила ёзилган дарсликлар ўқитилур ҳам ўқилур” ибораларини ишлатгани учун Ислом динига, шариатга нисбатан ҳақорат, деб баҳоланиб, 8 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Убайдулла Асадуллахўжаев бошчилигида Тошкент шаҳрида чоп этилган “Садои Туркистон” газетаси саҳифаларидаги хабарлардан бирида “черков” сўзи ўрнига “бутхона” сўзи ишлатилгани сабабли таҳририят муҳаррири ва ходимлари судга чақирилади.

Шунингдек, ушбу нашр дин масалаларини нисбатан кам ёритган бўлса-да, ўша давр учун ниҳоятда зарур бўлган масалалар – Туркистон мусулмонларининг Россия қонунларини билмаслиги оқибатида ер сотиш ҳамда никоҳ пайтида аёлга ваъда қилинган маҳрни вақти келиб расмийлаштириш Россия судлари амалиётида қандай тугаётгани каби муаммолар баён этилган Убайдулла Асадуллахўжаевнинг “Шариат ва зокун назарида бизим тупроғ ишлари” мақоласи эълон қилинган (Дўстқораев Б. «Ўзбекистон журналистикаси тарихи». Т.: Ғ.Ғулом номидаги матбаа-нашриёт уйи. 2009. 225-б.).

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналида чоп этилган “Туркистон” сарлавҳали мақоласида ўлканинг географик ўзига хослиги, аҳолиси, ҳудудлари ҳақида маълумотларни баён этиб, аҳолининг 95 фоизини мусулмонлар, қолган 5 фоизини эса насроний ва яҳудийлар ташкил этишини ҳам эслатиб ўтади (“Ойина” журнали, 1913 йил, 1-сони).

Ушбу нашрда чоп этилган Мирзо Қосимнинг “Андижонда арақхўрлик” мақоласида ичкиликбозлик танқид қилиниб, шаҳардаги дўконда 14 минг челак ёки 280 минг шиша ароқ сотилгани, ушбу сотилган ароқнинг 90 фоизини мусулмонлар, 10 фоизини эса насронийлар ичганини эслатиб ўтади (“Ойина” журнали, 1914 йил, 18-сони).

Жадидлар матбуотининг бир оз кейинги даврида айрим диний масалалар муҳокама қилина бошланади ва бу борада тарафларга бўлиниш ҳолатини кузатиш мумкин.

Масалан, Тошкент шаҳрида чоп этилган “Ал-Ислоҳ” журналида европача либосларни кийиш, мусулмонлар учун ноодатий таомларни истеъмол қилиш, ҳайвонларни сўйиш, метал қошиқ ва санчқида овқатланиш, стол атрофида стулда ўтириш, аёллар таълими ва либослари, мусиқанинг ҳалол ёки ҳаромлиги каби масалалар кенг муҳокама қилинади.

Шунингдек, замоннинг барча масалаларига шариат нуқтаи назаридан ёндашиш, давр, шароит талаби ва тақозосига кўра ислоҳ ва янгиланиш тарафдори бўлган “Ал-Изоҳ” журналида маиший ҳаётда учрайдиган воқеалар билан боғлиқ – осмонда учиб кетаётган қуш шўрва тайёрланаётган қозонга тушиб ўлса, шариат нуқтаи назаридан шўрва ҳололми, ҳаромми, деган савол қўйилади (“Ал-Изоҳ” журнали, 1917 йил, 1-сони).

Диний мавзулардаги муаллифлар икки гуруҳга бўлинади. Биринчи тоифа муаллифлар Ислом нуқтаи назаридан ўзгаришларга мослашишни қўллаб-қувватлаган бўлса, иккинчи тоифа эса бу ўзгаришларга қарши бўлган.

Маърифатпарварлар диний масалаларда фикр юритишга, унинг асл моҳиятини халққа етказишга бошқалардан кўра кўпроқ ҳақли эдилар. Сабаби, Маҳмудхўжа Беҳбудий муфтий эди, Садриддин Айний мударрис эди, Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли, Абдурауф Фитрат, Абдулқодир Шакурий ва бошқалар мадрасаларда таҳсил олган.

Америкалик тарихчи олим ва антрополог Адиб Холиднинг ёзишича, жадидлар, улар яшаб турган жамият ҳақиқий эътиқоддан йироқ, аждодлардан мерос қолган кўплаб урф-одатлар ва анъаналар бузуқ, уларнинг Исломга зид жиҳатлари бор, ислоҳотга муҳтож кўплаб масала бор, деб ҳисоблашган (2021 йил 20 апрель).

Умуман олганда, ўша даврда диний мавзуларда ёзиш, шаръий масалаларни муҳокама қилиш, айниқса, тарафларга бўлиниш бошқа мавзуларга қараганда муаллиф ва таҳририятлар учун нисбатан хатарли бўлмаган. Чунки маҳаллий аҳоли зиёлилари ўртасида ихтилофларнинг юзага келиши, уларнинг гуруҳларга бўлиниб кетиши империянинг манфаатларига мос келар эди.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг