Эквадор соғлиқни сақлаш вазири Хуан Карлос Зеваллоснинг таъкидлашича, мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аввал тасдиқланганидан икки баравар кўп эканлиги маълум бўлди.
Ҳозиргача бу мамлакатда расман 11 183 кишида CОVID-19 аниқланган эди. Аммо, давлат вирусга чалинганларнинг барчасини текширувдан ўтказишга кечиккан. Натижада, яна 11 000 нафар одамда касаллик борлиги аниқланди.
Эквадорда айни пайтгача 560 та ўлим қайд этилган бўлиб, коронавирус инқирози мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган Гуаякуилда тиббиёт муассасалари беморлар билан тўлиб тошди. У ерда жасадлар соатлаб аҳоли уйларида ёки кўчаларда қолиб кетмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, яна 24 000 киши тест топширган ва уларнинг натижаси ошкор бўлгунча ўртача ҳисобда бир ҳафта керак бўлади.