Украинадаги уруш натижасида Россиянинг Хитойга қарамлиги кучаяди, дейди Карнеги маркази эксперти Александр Габуев. Бу урушда ХХР нейтрал позицияда эмас, балки унинг манфаатларига жавоб берадиган позицияни эгаллайди.
Берлин ташқи сиёсат форуми (Berliner Forum Außenpolitik) доирасида Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Александр Габуев DW нашрига берган интервьюсида Украинадаги урушнинг Россия-Хитой муносабатларига таъсири, бу урушнинг Хитой учун ижобий ва салбий томонлари ҳақида мулоҳазасини билидирди. Шунингдек, Россия Федерациясининг энергия савдосида мўлжални Осиё тарафга буришга уринаётганида юзага келадиган муаммолари ҳамда Хитой ва Тайван ўртасида ҳарбий можаро юзага келиши эҳтимоли ҳақида гапириб ўтди.
DW: Украинадаги уруш Россия-Хитой муносабатларида қандай роль ўйнайди?
Александр Габуев: Россия-Хитой муносабатлари учун уруш биз аввалдан кузатиб келаётган тенденцияларни тезлаштиради. Россия ва Хитой ялпи ички маҳсулоти, илмий-техникавий салоҳияти жиҳатидан бир-биридан мутлақо фарқли салоҳиятга эга давлатлардир. Улар ўртасида симбиотик муносабатлар мавжуд, улар иккала мамлакат учун ҳам фойдалидир, лекин улар ассиметрикдир. Хитой борган сари қудратли давлат бўлиб бормоқда, Россия эса урушдан бир жойда депсиниб турган эди. Уруш оқибатида, албатта, Россия Федерацияси паст демографик салоҳиятга эга бўлган, паст иқтисодиётга айланади. Ва кўплаб алоқалари бузилган бўлиб, бу эса мамлакатни янада заифлаштиради. Шунинг учун, бу жуфтлик ўртасини торозига қўйганда Хитой жуда катта вазн билан тоши босиб кетади ва бу уруш натижасида Россиянинг Хитойга қарамлиги жуда тез фурсатда ўсиб боради.
– Бу урушда Хитой Россияни қўллаб-қувватлаяпти, деб аниқ айтиш мумкинми?
– Хитой нейтрал позицияни эгалламаяпти. Хитой ўз манфаатларига мос позицияни эгалламоқда. Россия билан яхши муносабатлар, шубҳасиз, Хитой учун устувор аҳамиятга эга. Хитой Россия ҳокимиятида Ғарбга шубҳа билан қарайдиган режим бўлишини истайди ва айни пайтда Владимир Путин режими Хитойни қаноатлантиради. Чунки Россияни ғарбпараст давлатга айланиши Хитой учун стратегик жиҳатдан даҳшатли туш бўлиши мумкин. Хитойнинг орқа томонида ХХР ва унинг сиёсатига шубҳа билан қарайдиган давлатнинг пайдо бўлиши бир томондан ёмон. Бошқа томондан, Хитой Россия ресурсларини олишдан, Россиянинг энг янги қурол технологиясини олишдан жуда манфаатдор. Ва бу уруш қисман Хитой учун фойдалидир.
Шу билан бирга, Хитой Ғарб бозорлари, Ғарб технологиялари ва капиталига жуда боғланиб қолган. Агарда у Россияни сўзсиз қўллаб-қувватласа, иккинчи даражали санкциялар Хитойнинг иқтисодий салоҳиятига жуда кучли зарба беришини тушунади, шунинг учун у мувозанатни сақлашга уринади ҳамда Хитой шериклари ундан эшитишни хоҳлаган нарсани гапиради. У Ғарбга Украина суверенитети ўзи учун муҳимлигини, Қрим Украина эканлигини, янги референдумларни тан олмаслигини айтади. У Россияга қарата эса, албатта, ҳамма нарсага НАТО блоки айбдор, биз бир томонлама санкцияларни қўллаб-қувватламаймиз, деб айтади.
– Уруш бошланишидан бироз олдин Хитой ва Россия чегарасиз дўстлик ҳақида баёнот беришди. Бу дўстликнинг энди чегараси борми, масалан, Путин бутун дунёни ядро қуроли билан таҳдид қилганда? Бу Хитой учун чегара бўлиши мумкинми?
– Менимча, Си Цзинпин ёки Владимир Путиннинг ҳамма айтганларини ёки улар биргаликда айтганларини том маънода қабул қилиш ва уларга ишониш керак эмас. Путин бир неча йил аввал Россия ҳеч қандай шароитда Қримни тортиб олмоқчи эмаслигини айтган эди; Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиламиз деганди. Шу боис, Россия ва Хитой дўстлигининг чегараси йўқ деса, бу ҳам ўзига хос муболаға сифатида қабул қилиниши керак, деб ўйлайман, бу муносабатлар ҳар икки томон учун ҳам жуда муҳим эканлигини кўрсатиш учун мўлжалланган.
Аммо, шунга қарамай, чегаралар, албатта, урушдан олдин мавжуд эди ва уруш ўша деворларни жуда яхши кўрсатиб қўйди. Хитой, албатта, Россияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш позициясини эгалламайди, уни қурол-яроғ билан, бу урушни қандай материаллар билан таъминламоқчи эмас, янги ҳудудларини тан олишини эълон қилмайди. Агар Россия ядро қуролидан фойдаланса, бу чегара Хитой учун бўладими ёки йўқми, билмаймиз, чунки бу ерда Хитой-Америка муносабатлари ҳам ёмонлашаётгани жуда муҳим.
АҚШ Хитойни Путинни ядро қуролидан фойдаланмасликка ишонтирадиган давлатлар коалициясига киритишга ҳаракат қилмоқда. Лекин, бунинг учун Хитой Россияга нимадир билан таҳдид қилиши, яъни музокара дастагидан фойдаланиши керак: масалан, агар Россия Украинага тактик ядро қуролини отадиган бўлса, у ҳолда Хитой бозорига бир томчи ҳам Россия нефти кирмайди. Аммо Хитой буни бажаришга тайёр эмас. Шу боис, АҚШ-Хитой муносабатлари яхшиланмай туриб, биз Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишига йўл қўймаслик бўйича хитойча сиёсатни кўрмаймиз.
– Украинадаги уруш туфайли Европа санкциялар киритганидан кейин Россия Осиёга, жумладан, Хитой бозорига эътибор қаратди. Ҳозир Россия Хитойнинг қўшимча хом ашё маконига айланиб бормоқда, дейиш мумкинми?
– Илгари Россия Европа Иттифоқининг қўшимча хом ашё макони бўлган ва бу ролда ҳеч қандай уятли жойи йўқ эди. Энди Россия ҳеч бўлмаганда газ савдосида Хитойга мўлжалини ўзгартиришга мажбур бўлади. “СПГ” заводларидан фойдаланиш имкони бўлмайди, чунки мавжуд қувватлар тўлиқ банд қилинган ва Россияда янги “СПГ” заводларини қуриш учун технологияси йўқ. Яъни, бу саволингизга қисқача жавоб: Хитойга фақат қувурлар орқали етказиши мумкин. Ямал ва Ғарбий Сибирдан Хитойга қувурни тортиб, уни тўлиқ қуввати билан 50 миллиард куб метрга етказиш учун олти йил керак бўлади ва айни пайтда, булар муҳокама қилинмоқда.
Хитой бозорига кирадиган бўлса, Россия унга қарам бўлиб қолишини катта эҳтимолига дуч келади. Хитой ўзи учун фойдали бўлган нарх формуласи бўйича ишлашга буюришни бошлайди. Ҳозир у “Сила Сибири” газ қувури орқали газ сотиб олмоқда. Бу Хитой импорт қилинган газ учун тўлаётган энг паст нарх ҳисобланади. Одатда, Газпром шартномаларида «олсанг ол ёки тўлаб қўй» банди мавжуд бўлиб, бу узоқ муддатли инфратузилмага инвестициялар билан оқланади – одатда тахминан 80%ни ташкил этади. Яъни, сиз газ сотиб олдингизми ёки йўқми, фарқи йўқ, сиз ҳали ҳам 80% тўлашингиз керак дегани. Менимча, Хитой мисолида бу даража 20% ёки 30% гача камайиши мумкин. Россия эса ҳеч нарса қила олмайди, чунки унда муқобил вариантларни ўзи бўлмайди
— Демак, Россия ва Украина ўртасидаги урушдан Хитой фақат фойда кўрар эканда?
– Хитой ҳақиқатан ҳам энергия жиҳатидан ҳам, Россиянинг Хитойга қарамлиги ортиб бораётгани нуқтаи назаридан ҳам нимадандир ютади. Яна бир масала шундаки, уруш туфайли умумий фон жуда ўзгариб бормоқда, углеводород нархи ошиб бормоқда ва бу Хитой учун ёмон. Озиқ-овқат инқирози мавжуд. Бу Хитой учун ҳам яхши эмас. Қолаверса, АҚШ доимо унга кўрсаткич бармоғи билан ишора қилади. Европаликлар эса: «Хўш, бу Путинни нима қилса бўлади?» Хитой эса бунга жавоб беришга мажбур бўлиб, шундай дейди: «Йўқ, биз у билан эмасмиз. У бизнинг ҳамкоримиз ва қўшнимиз, шунинг учун биз ундан осонликча қутула олмаймиз. Биз умуман тинчлик тарафдоримиз, балки сизлар тезроқ келишиб оларсизлар?», дейиши мумкин. Хитойни ташвишга солаётган баъзи салбий жиҳатлар мавжуд. Бўлмаса, Хитой Путинга Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити чоғида ёпиқ каналлар орқали муносабат билдириб, Си Цзинпин бу ишларни тезроқ тугатиш керак демаган бўларди. Аммо, шунга қарамай, мен бу урушнинг Хитой учун кўп афзалликларини кўрмоқдаман.
– Хитой ва Тайван ўртасидаги можаро эҳтимоли қанчалик реал ва бунда Украинадаги уруш қандай роль ўйнаши мумкин?
– Украинадаги вазият Тайван бўғозининг турли томонлари ўртасидаги можарога таъсир қилмайди. Хитой Украинадаги вазиятнинг ривожланишига қарайди ва ўзи учун қандайдир сабоқлар олади. Аммо уруш давом этар экан, афсуски, ҳеч тугамаётганлиги сабабли, ҳали ҳам узоқ вақт давомида бундан сабоқ олишда давом этса керак ва бундан кейин нима бўлиши аниқ эмас. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Си Цзинпин ўз армиясига 2027 йилгача Тайванни қайтариш учун техник жиҳатдан тайёр бўлишга кўрсатма берган. Бу Тайванни ХХР таркибига киритиш санаси эмас, балки Халқ озодлик армиясининг ҳарбий ривожланишидаги муҳим босқич, аммо сиёсий сигнал эмас. Кўп нарса орол расмийларининг хатти-ҳаракатига, Қўшма Штатлар қандай йўл тутишига боғлиқ бўлади.
– Европада, хусусан, Германияда ҳозир Россияга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқмоқдалар ва Хитойга нисбатан янги сиёсатни шакллантириш ҳақида ҳам гапиришмоқда. Россия билан муносабатлардан олинган қандай сабоқлар улар учун фойдали бўлиши мумкин?
– Немис сиёсатчилари ҳозир жуда оғир даврда, чунки немис иқтисодиётининг фаровонлиги кўп жиҳатдан Россиядан келадиган арзон энергия манбаларига ва немис компаниялари учун тобора ўсиб бораётган Хитойнинг улкан бозорига боғлиқ эди. Энди Россия билан иқтисодий ўзаро боғлиқлик тезда йўқ қилинмоқда ва Германия иқтисодиётининг бу рақобатбардош устунлиги йўқолади. Технологик миллатчилик ва ўз бозорини хорижликлар учун ёпиш истаги кучайган Хитой бозори эса геосиёсий кескинликларга, жумладан, Хитойнинг Европа Иттифоқи, АҚШ билан муносабатларига қарам бўлиб бормоқда.
Шунинг учун, эҳтимол, шундай маслаҳатим берсам керак, яъни, айни пайтда Хитой билан мавжуд бўлган нарсангиздан қандай қилиб максимал фойда олиш ҳақида ўйлашингиз керак бўлади, манашу тўғри бўладир. Катта эҳтимол билан, Хитойда ишлаб чиқариш объектлари ва тадқиқот марказлари сонини кўпайтириш орқали экспортчи сифатида қарамликни оширишнинг ҳожати йўқ. Яхшиси, Ҳиндистон, Лотин Америкаси ва ҳоказо каби бошқа шериклар билан янги нарсаларни қуришга ҳаракат қилиб, ўзингизда мавжуд нарсаларни бузмасдан диверсификация қилиш ҳақида ўйлашингиз керак.