Бухоро амири Амир Насруллохон. У ким бўлган?

0
7151
манба: Wikipedia

Манғитлар сулоласидан бўлган Бухоро амири Амир Насруллохон отаси Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида Қаршида ҳокимлик қилган. 1826 йили Амир Ҳайдар вафот этгач бир неча ой мобайнида Насруллонинг икки акаси – Ҳусайн ва Умар алмашинилди. Биринчиси заҳарланди, иккинчиси эса ўлдирилди.

Шу йили (1826) Амир Ҳайдарнинг учинчи ўғли шавқатсизлиги учун “Амири қассоб” лақабини олган Насруллохон тахтга ўтирди. Акалари ўлимидан кейин тахтга ўтирган Насруллохон қисқа вақт ичида тахтга даъво қилиши мумкин бўлган авлодларидан барчасининг баҳридан ўтади.

Насруллохон ўз ҳукмронлиги даврида ислом шариати кўрсатмалари амал қилган. Насруллохон жасур ва довюрак киши бўлганлиги боис унга “Баҳодир, Ботир” унвонлари берилган. Насруллохон давлат ҳокимятини мустаҳкамлаш мақсадида уруғ ва қавм бошлиқлари бўлган кўплаб амалдорларни қуйи табақалардан чиққан ёш ва ғайратли кишилар билан алмаштирди. 1837 йилда ҳарбий соҳада ислоҳатлар ўтказиб, ўз қўшинининг жангавор ҳолатини яхшилайди. Ҳар бири 800 кишидан иборат 50 та сарбозлар булуклари ва 250 кишилик тўпчилар гуруҳи ташкил қилинган. Мунтазам пиёда қўшининг сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган.

Насруллохон Хива ва Қўқон хонликларини Бухоро атрофида бирлаштиришда уринган. Мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун 1840-42 йиллари Қўқон хонлари томонидан тортиб олинган Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Жиззах ва Зоминни Бухоро амирлигига қайтарди. Фарғона водийси уламоларининг талаби билан 1842 йили Қўқонга юриш қилиб хонлик ҳудудини эгаллаган. Бироқ у Қўқон хони Муҳаммад Алихонни қатл қилиш билан чекланмасдан, унинг онаси (Нодирабегим)ни ҳам ўлдиради. Насруллохон томонидан Қўқонга Иброҳим парвоначи манғитнинг ноиб қилиб қолдирилиши салбий оқибатларга ҳам олиб келган. Ноиб маҳаллий аҳолига зулм ўтказиб, солиқларни кўпайтирди. Натижада, тез орада Қўқон қўлдан кетади. 1843 йилда Насруллохон Марвни ҳам Бухорога бўйсундиради. Шунингдек, Насруллохон қўшини 20 йилда олиб борган 32 та ҳарбий юришидан сўнг 1856 йилда Шаҳрисабзни узил-кесил эгаллаган. Шаҳрисабз марказий ҳокимятга бўйсунгач, у сулҳ рамзи сифатида маҳаллий ҳукмдор – Искандар Валломанинг синглиси Кенагасхонимга уйланган.

Насруллохон ҳукмронлик қилган йиллар Туркистон минтақасида Россия Англия манфаатлари ўзаро тўқнашган давр ҳисобланади. Унинг даврида Насруллон томонидан Бухорода Қози Ҳасанхўжа, Олимжонбой, Эшони Пир, Мирзо Убайд, Исмоилхўжа (1829), Али Чубин, Мирзо Абдулғаффор, Тожиддин мадрасалари (1860) қурилди. Халифа Худайдод меъмориал мажмуаси якунланди(1855). Насруллохон Бухорода дафн этилган.

Бугун Амир Насруллоҳ яшаб ўтган замондан буён қарийб 150 йил ўтди. Ушбу давр ичида нафақат Бухоро тарихида, балки бутун Туркистон минтақасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. ХХ аср охирида Насруллоҳхон орзу қилган Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг яхлит бутунлиги қайта тикланди.

Бизнингча, Насруллоҳхонни Туркистон тарихидаги ўрни ва роли қуйидагилар билан белгиланади:

Биринчидан, Амир Насруллоҳ Бухоро давлатида қатъий марказлаштириш сиёсатини олиб борди. Марказий ҳокимиятга бўйсунишни истамаган Шаҳрисабз ва Китоб бекликларининг қаршилигини синдириб, сепаратистик (ажралиш ва таслимчилик) кайфиятларига барҳам берди.

Иккинчидан, амир ўз сиёсатида бутун Моварауннаҳр ва Хоразмни ягона давлат остига бирлаштиришга интилди. У бу режасини тўлиқ амалга ошира олмаган бўлса ҳам, қисқа муддат давомида бутун Мовароуннаҳрни ягона давлат сифатида бошқарди. Қўқон хонлиги ҳудудининг Бухоро амирлиги таркибига қўшиб олиниши аслини олганда минтақадаги икки ўзбек давлатчилигини ўзаро бирлаштириш эди. Афсуски, Насруллоҳхоннинг бу ҳаракатларини Қўқон тарихнавислик мактаби намояндалари, жадид тараққийпарварлари (Ибрат, Фитрат, Айний) ва Ўзбекистоннинг совет давридаги тарихчилари бутунлай бошқача талқин қилиб, кўп йиллар давомида халқ онгида “даҳшатли ва қонхўр ҳукмдор”, “ботур қассоб”, “қассобнинг ботири” образларини шакллантиришди.

Учинчидан, Амир Насруллоҳ томонидан Бухоро амирлигида ўтказилган турли ислоҳотлар натижасида давлатнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати бирмунча юксалди. Маъмурий соҳадаги ислоҳотлар оқибатида давлат бошқарувига халқнинг турли табақалари орасидан чиққан кишилар келиб қўшилди. Айниқса, ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар анча самарали кечди. Айнан ҳарбий ислоҳотларнинг натижаси кейинчалик Россия империясининг тажовузи ва ҳужумига қарши курашда Бухоро амирлигининг учта ўзбек давлати ўртасида нисбатан энг кескин ва қаттиқ қаршилик кўрсатишига олиб келди. Россия империяси босқинига қарши курашда Бухоро амирлиги мағлубиятга учраган бўлса ҳам, мамлакат ҳудудларининг муайян қисми сақлаб қолинди.

Тўртинчидан, Насруллоҳхон ўзининг фаол ташқи сиёсатида қатор ютуқларга эришиб, Бухоро давлатининг яхлит қисми ҳисобланган Балх, Марв ва бошқа вилоятлар ҳудудларини амирлик ихтиёрига яна қайтарди. Бироқ бу ҳудудлар кейинчалик турли сабаблар натижасида Бухоро амирлиги таркибидан чиқиб кетган. Бу ҳолат ХIХ аср сўнгги чораги ва ХХ аср биринчи чорагида Туркистон минтақасида кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларга, Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Хуллас, яқин ўтмишда бўлиб ўтган ушбу геосиёсий ўзгаришлар натижасида бугунги Ўзбекистон Республикасининг сарҳадлари ўзининг тарихий ватанидан анча кичик доирада шаклланди ва ҳозир ҳам шу даражада сақланиб турибди.

Шу билан бирга Амир Насруллоҳ ўз фаолиятида бир қатор жиддий сиёсий хатоларга ҳам йўл қўйди. Давлат миқёсидаги энг муҳим лавозимларга туркий ўзбек қавмларидан ташқари ажнабийларнинг қўйилиши, давлат бошқарувида эроний қуллар бўлган шиаларнинг таъсири ошиши, манғитлар сулоласининг форслашиш жараёни, ўзбек тилининг мавқеи пасайиши ва бошқалар ана шундай жиддий хатолардандир. Бунинг устига Амир Насруллоҳ томонидан Нодирабегимнинг ўлдирилиши унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг