Бурҳонуддин ал-Марғиноний – буюк мутафаккир, ислом фиқҳининг ривожланишига ҳисса қўшган, файласуф аллома, шоир, тавхид илми билан шуғулланган ва ислом оламида Шайх-ул ислом унвонига сазовор бўлган улуғ фақихдир.
Бурҳонуддин ал-Марғиноний Фарғона вилоятининг Риштон қишлоғида туғилган, сўнгра Марғилон шаҳрида 13 йил яшаган. Ўзининг машҳур “Ҳидоя” асарининг биринчи қисмини шу ерда ёзган. Ҳаётининг асосий қисмини эса Самарқанд шаҳрида ўтказган. 1178 йили апрел ойида “Ҳидоя” асарини тугатган.
Бурҳонуддин ал-Марғиноний 74 ёшида вафот этган ва Самарқандаги Чокардиз мозорида дафн қилинган.
Фиқх илмида чуқур билимга эга бўлсада, Бурҳонуддин ал-Марғиноний ҳаётининг охиригача устозларининг асарларини ўрганган. «Китоб ул-машойих» («Шайхлар ҳақидаги китоб») асарида у ўзи та’лим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломаларни, жумладан, Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал-Асир ал-Байдавий, Абу Ёқуб ас-Сиярий, Абу Ишоқ ан-Навқадий, Жа’фар ал-Ҳиндувоний ва бошқаларни санаб ўтган. У фиқх илми ривожланишига улкан ҳисса қўшиш билан бир қаторда, кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган.
Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг асосий асарлари қуйидагилар:
«Нашр ул-мазҳаб» («Мазҳабнинг ёйилиши») ;
«Кифоят ал-мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал та’лим») ;
«Китоб ул-фароиз» («Фарзлар китоби»);
“Китоб ат-тажния вал-мазид” (“Илмга бағишланган китоб”);
«Китоб ул-машойих» («Шайхлар ҳақидаги китоб»);
«Кифоятул-мунтахий» (“Якунловчилар учун тугал та’лимот”);
“Хидоя” («Кифоятул-мунтахийга ёзилган тўрт бобдан иборат шархлар китоби”).
Афсуски, бизгача Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг барча асарлари етиб келмаган. Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар хазинасида алломанинг бир қатор асарлари қўлёзма нусхалари бор:
«Бидоятул-Мубтади’»
«Мажма’ Мухторот ан навозил»
«Хидоя фи ал-Фиқх»
«Ал Кифоя фи шарх Ҳидоя».
Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг асосий асари ҳисобланган «Ҳидоя» асари имом Муҳаммад аш-Шайбоний (“Кичик тўплам”), Қудурийнинг «ал-Мухтасар ал-Қудурий» асарлари асосида ташкил қилинган. «Ҳидоя»да “Мухтасар”да мавжуд хуқуқий асослар келтирилсада, бироқ, уни алоҳида асар сифатида э’тироф этиш мумкин. Чунки унда кўриб чиқилган масалалар Қудурийнинг «ал-Мухтасар ал-Қудурий»дан кўра кенгроқ ёритилган.
«Ҳидоя» тўрт жуздан иборат бўлиб, у алоҳида боб ва бўлимларга бўлинган 57 та китобни ўз ичига мужассам этади. Хар бир китоб ислом ҳуқуқининг муайян қисмига бағишланган. «Ҳидоя»да ҳуқуқий масалаларнинг ечими дастлаб Саҳобалар, мужтаҳид олимлар ва Моварауннаҳрдан чиққан йирик фиқҳ олимлари фикрларининг баёни ва унга бошқа муаллифлар э’тирозлари ёки қўшилишларини изҳор этиш йўли билан берилган.
Биринчи жуз беш китобдан иборат бўлиб, у намоз, рўза ва закотга бағишланган.
Иккинчи жузга 36 бўлим никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф мулки каби масалалар киритилган.
Учинчи 36 боб ва 37 бўлимдан иборат жузда эса олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш,ваколат, да’во, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик, мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган.
Тўртинчи жузда эса шафоат, мерос тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйиладиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган.
«Ҳидоя» бошқа манбалардан ўзининг мантиқий кетма-кетлиги ва мавзулар жойлаши ва мавзулар шарҳларининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг «Ҳидоя» асари ислом ҳуқуқшунослигиинг ривожланишига катта ҳисса қўшган ва ўчмас из қолдирган.
2000 йилнинг ноябирида Марғилонда Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг 910 йиллиги кенг нишонланди.