333. Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у киши отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир одам эсланди. Бир киши унинг ҳақида мақтов гапларни айтди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Шўринг қурсин! Унинг бўйнини кесдинг», -деб бир неча марта айтдилар.
Сўнг:
«Агар бирортангиз кимнидир мақташи керак бўлиб қолса ва ўшандайлигини билса: «менимча ундай, менимча бундай», десин Унинг ҳисобчиси Аллоҳдир. Аллоҳга бировни поклаб кўрсатмаслигини айтсин», -дедилар».
Шарҳ: Биров ҳақида мақтов ёки оқлов сўзлари айтилганда, «Бу одам, шак-шубҳасиз, ана шундай», деб бўлмайди. Ҳар бир банданинг кимлигини, қандайлигини Аллоҳ таолонинг Ўз билади ва ҳисоб-китобини қилади.
Яъни, бир одам бирор кишини мақтаса, уни яхши одам деб билса, у ҳақидаги мақтов сўзларини «менимча» деб айтиши керак экан, қатъий ҳукм қилиб, «фалончи ана шундай» демаслиги, Аллоҳ таолога бировни поклаб кўрсатмаслиги зарур экан. Аллоҳ ва азза ва жалла Ўзи кишининг ҳисоб-китобини қилиб турибди. Аллоҳ таоло у кишининг кимлигини Ўзи яхши билади.
Демак, бир киши ҳақидаги фикрларни «менининг фикримча, менинг билишимча», деб айтиш керак экан. Бир кишини беҳуда мақтайвериш, беҳудага кўтар-кўтар қилавериш мақталган одамнинг ўзига зарар келтиради.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бояги саҳобага «дўстингнинг бўйнини кесдинг, чунки унга ёмонлик қилдинг. Агар мақтовинг тўғри бўлса, ҳеч қандай зарар йўқ, бироқ нотўғри бўлса, уни ҳовлиқтирасан, ҳаддидан оширасан, оқибатда ҳар хил ҳолатларга тушиб қолади» деяптилар.
Шунинг учун, бировни мақташда, хусусан тирик одамни мақташда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Акс ҳолда, мақталган одам жиддий хатога йўл қўйса, адашса, жуда оғир ҳолатга тушиб қолади. Аллоҳ таоло бундан Ўзи сақласин.
334. Абу Мусодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамни мақтаб, ҳаддан ошириб юборганини эшитдилар. Шундан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ҳалок қилдингиз» ёки «Унинг белини синдирдингиз», дедилар».
Шарҳ: Демак, бировни ноўрин ва ҳаддан зиёда мақтаб юбориш ана шундай ёмон оқибатларга олиб келар экан. Шунинг учун, бу ишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.
335. Иброҳим ат-Таймийдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Умарнинг ҳузурида ўтирган эдик. Шунда Умар:
«Сен буни бўғизладинг-ку, ахир! Аллоҳ сени бўғизласин», -деди».
Шарҳ: Демак, ортиқча мақташ, айниқса юзига мақташ кўпроқ мунофиқлик сифатидан бўлади. Бу асосан, бировга яхши кўриниш, унинг розилигини топиш, эътиборини қозониш, қандайдир ғаразларга эришиш учун унга ўзини кўрсатиб олиш мақсадида қилинади.
Бу каби ноўрин мақтов одамнинг ахлоқини бузади, йўлдан оздиради, кўпгина ноқулай холатларга сабаб бўлади.
Шунинг учун, мақтаган одам мақталаётган одамга яхшилик эмас, ёмонлик қилган бўлади. Бу жиҳатни яхши билиб олишимиз керак.
Бир кишини яхши кўрган одам унга меъёрида тавозуъ қилиб, “Мен сизни Аллоҳ учун яхши кўраман”, деб айтиб қўйса, кифоя қилади. Бу иш жоиздир. Аммо, ғараз билан юзига ёки орқасидан беҳуда мақташ мутлақо мумкин эмас.
336. Зайд ибн Асламдан, у отасидан ривоят қилинади:
“Умарнинг:
“Мақташ сўйишдир”, деганини эшитдим”.
Шарҳ: Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Беҳуда мақташ уни сўкиш билан баравар” деган эканлар.
Манба: Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Одоблар хазинаси» китоби. Имом ал-Бухорий «Ал-адаб ал муфрад» китобининг шарҳи, иккинчи жуз, 153-боб, 33-36 -бетлар.