АҚШ 29 январь куни 200 га яқин фуқаросини коронавирус ўчоғи бўлган Хитойнинг Вухан шаҳридан эвакуация қилди ва улар 72 соатлик текширувлардан ўтказилди. 31 январда Хитойдан олиб келинган АҚШликлар карантин қилиш учун Калифорниядаги авиабазага жойлаштирилди.
«Биз бу ҳолатга худди кейинги эпидемия тарқалишига қарши курашга киришгандек тайёрланмоқдамиз, аммо вирус бизнинг мамлакатда авж олмайди, деб умид қиламиз», деди Миллий иммунизация ва нафас олиш касалликлари маркази директори Ненси Мессонниер.
Ҳозиргача АҚШда коронавирусни юқтирган олтита одам аниқланди. Соғлиқни сақлаш ходимлари пайшанба куни Иллинойс штатида касалликнинг одамдан одамга юқиши бўйича биринчи ҳолатни маълум қилишди.
Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти янги коронавирус сабабли глобал миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилган.