3 август душанба куни Афғонистоннинг шарқий ҳудудида юзлаб ИШИД жангарилари ҳибсда ушлаб турилинган қамоқхонага ҳужум қилинди. Оқибатда,камида 11 киши ҳалок бўлган, 42 киши жароҳатланган.
ИШИД жангарилари якшанба куни кечқурун Нанганҳар провинциясидаги қамоқхонага ҳужум қилишни бошлашди ва у душанбагача давом этди. Ушбу ҳужумда ИШИДчилар дастлаб Нангарҳарнинг маркази бўлган Жалолободдаги турманинг дарвозаси олдида машина портлатишди. Шундан сўнг жангарилар бу ерни қўриқлаётган афғон хавфсизлик кучларига қарата ўқ узишни бошлашган.
ИШИДнинг “Хуросондаги исломий давлат” номли Афғонистондаги бўлими ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни бўйнига олган. “Хуросондаги исломий давлат”нинг бош қароргоҳи Нангарҳар провинциясида жойлашган.
Мазкур ҳужумнинг асл мақсади нима эканлиги ҳали маълум қилинмаган. Лекин, отишмалар давомида бир қанча маҳбуслар қочиб кетишга муваффақ бўлган. Ушбу қамоқхонада 1500 га яқин маҳбус сақланиб, уларнинг бир неча юзтаси “Хуросондаги исломий давлат”нинг аъзолари эканлиги айтилади.
Толибоннинг матбуот котиби Суҳай Шаҳиннинг маълум қилишича, унинг гуруҳини Жалолободдаги урушга алоқаси йўқ.
“Биз ўт очишни тўхтатганмиз ва мамлакатнинг ҳар қайси ҳудудидаги урушларга аралашмаяпмиз” дейди Шаҳин.
Толибон ҳайит байрами муносабати билан шу кунга ҳарбий ҳаракатларни тўхатганди. Ушбу муддат жума куни бошланганди ва душанба куни 12:00 да ўз ниҳоясига етади.