Заҳириддин Муҳаммад Бобур. У ким бўлган?

0
3458
Фото: worldofaphorism.ru

XVI аср бошларида таниқли шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистон заминида бобурийлар салтанатига асос солиб, ХIХ асрга қадар мазкур сулоланинг ушбу мамлакатда бунёдкорлик ва маърифатпарварлик ишларини олиб боргани тарихдан яхши маълум.

Заҳириддин Муҳам­мад Бобур 1483 йил 14 февралда Андижон шаҳрида туғилган. Отаси, Амир Темурнинг панневараси Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими булган ва онаси Қутлуг Нигор хоним Тошкент хонлари авлодидан эди. 1494 йили Умаршайх Мирзо вафот этгач, 12 ёшли Заҳириддин тахтга ўтириб, Фарғона вилояти ҳокими бўлган. Аммо тахтга ўгиргандан кейинги 11 йил давомида Ўрта Осиёда рўй берган турли сиёсий ўзгаришлар уни қариндошлари ва 250 тача пиёда аскарлари билан аввал Бадахшон, сўнг Қобулга кетишга мажбур этган.

Бобур дастлаб Афғонистонда ўрнашганди. 1519 йилда Ҳиндистонга йўл олиб, 1526 йил апрелда унинг шимолий қисмини эгаллашга муваффақ бўлди. Бобур Ҳиндистонда йирик давлат тузишга муваффақ бўлган ва пойтахт сифатида Жамна (Ямуна) дарёси бўйидаги Агра шаҳрини танлаган.

Бобурнинг шоҳ асари шубҳасиз «Бобурнома» ҳисобланади. Манбаларда келтирилишича, ёнида доимо хотира дафтари бўлган ва у кўрган, билган, эшитганларини дарров ёзиб қўярди. Кейинчалик ёзувларини тартибга солиб, қўшимчалар киритиб, таҳрир қилиб, яхлит асар кўринишига келтирган.

Дарҳақиқат, олимнинг яратган бадиий асарлари билан бир қаторда Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон давлатларининг географияси, тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, табиати, этнографияси ва тиббиётига оид муҳим маълумотларни ўзида акс эттирган «Бобурнома» алоҳида ўрин тутади. «Бобурнома» Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Фарғонадаги ёшлик чоғларидан то Ҳиндистонда подшоҳ бўлганигача бошдан ўтказганларининг муфассал таърифидир.

Асарда Фарғонадан Ҳиндистонгача бўлган кенг ҳудудда Бобурнинг ўзи кўрган жойлари, уларнинг табиати, бойлиги, одамлари, урф-одатлари, ҳайвонот ва ўсимликлари ҳақидаги маълумотлар батафсил ёритилган.

Шуниси эътиборлики, исталган фан ёки касб вакили мазкур китобдан ўзи учун керакли маълумотни топа олади. «Бобурнома» эски ўзбек тилида ёзилган бўлиб, Ҳозирги вақтда замонавий ўзбек тилига ўгирилган.

«Бобурнома»нинг ўзига хос томони шундаки, унда муаллиф турли ҳудудларнинг табиати, географик хусусиятлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда хўжалик имкониятларини яхлит мажмуа сифатида содда тилда тасвирлайди. Бобур туғилган жойи Фарғона водийси ва умрининг бир қисми ўтган Ҳиндистон географик ўрни, тоғлари, сувлари, чўл, яйлов ва боғлари тўгрисида уларнинг ҳозирги замон ҳолатига тўғри келадиган қиёсий маълумотларни келтирган. Шу нуқтаи назардан «Бобурнома»ни ўзбек тилида ёзилган дастлабки энг йирик табиий, тарихий, географик илмий асар, Бобурни эса Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон географиясини биринчи бўлиб ўзбек тилида тасвирлаган олим, деб айтиш мумкин.

Бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда буюк давлат барпо қилиш билан бир қаторда, ушбу юртда ободончилик ишларини олиб боришган ва мамлакатда илм-маърифатнинг юксалишига катта ҳисса қўшишган. Шунингдек, Бобур ва унинг авлодлари томонидан Тож Маҳал, Шоҳ Акбар мақбараси, Агра ва Деҳлидаги Қизил қалъалар каби маҳобатли меъморий обидалар барпо этилганки, улар ҳозирда ҳам нафақат ҳиндистонликларнинг, балки бутун дунёдан ташриф буюрадиган сайёҳларнинг севимли зиёрат масканлари ҳисобланади.

Бобурнинг қолдирган илмий мероси муҳим тарихий-географик манба сифатида ҳозирги вақтда ҳам олимлар томони­дан кенг ўрганилмоқда. «Бобурнома» араб, форс, ҳинд, инглиз, немис, француз, голланд ва турк тилларига таржима қилинган бўлиб, кўплаб нусхалари жаҳоннинг нуфузли кутубхоналарида сақланмоқда. XIX асрда Марказий Осиёни ўрганган венгриялик сайёҳ А.Вамберининг фикрича: «Бобурнинг «Бобурнома»си Юлий Сезарнинг «Комментария»лари каби жаҳон адабиётида катта ўрин эгаллайди».

Таниқли шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1530 йил 26 декабрда вафот этган. Дастлаб Агра шаҳридаги муваққат мақбарага дафн этилган, кейинчалик ҳоки Афгонистон пойтахти Қобулга кўчирилган ва ҳозирда шоирнинг мақбараси Қобулдаги Боғи Бобурда жойлашган.

манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг