Жорий йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеясининг тўққизинчи ялпи мажлиси ишида қатнашди.
Тадбир давомида Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) доирасида иштирокчи мамлакатлар ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ТуркПА фаолиятини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Барча давлатлар делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон делегациясининг ялпи мажлисдаги иштирокини қутлади ва бу туркий мамлакатлар учун навбатдаги тарихий воқеа сифатида баҳоланди.
Мажлис давомида Ўзбекистоннинг ТуркПАга қўшилиши мазкур ташкилотни янада мустаҳкамлаши, унга янада кўп куч-қудрат бериши, шунингдек ушбу ташкилотга аъзо давлатлар халқларини янада яқинлаштириш учун ташкилот имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеясининг навбатдаги мажлиси 2020 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтади.