Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошевга очиқ хат!

0
2180
Интерентдаги очиқ манбалардан олинган иллюстрацион сурат

“Бундан деярли 1400 йиллар олдин Ҳотиб ибн Абу Балтаъанинг бир неча ғуломи Музайна қабиласидан туя ўғирлаб сўйиб ейишади. Уларнинг қўлини кесиш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига олиб келишади. Умар розияллоҳу анҳу уларнинг озғин жасади, сарғайган рангига қараб дедилар:

— Буларнинг хўжайини ким? Халифага бу ғуломларнинг хўжайини Ҳотиб ибн Абу Балтаъа эканлиги айтилди. Халифа уни топиб келишни амр қилдилар. У келди. Умар розияллоҳу анҳу унга дедилар:

— Уларни жазолашимга оз қолди. Уларни сен оч қолдирганингни яхшиям билиб қолдим. Улар оч қолишмаганида ўғирлик қилишмас эди. Сен жазоланасан.

Сўнгра туянинг соҳибидан унинг нархини сўрадилар. У: «тўрт юз», деди. Умар розияллоҳу анҳу Ҳотибга туя соҳибига саккиз юз беришини буюрдилар. Ғуломларга эса қайтиб бунақа иш қилмасликларини айтдилар.

Ўғирлик шаксиз катта гуноҳ. Аллоҳ таоло бу гуноҳни ёмон кўргани учун унга ҳад (жазо) тайин қилган. Аммо ҳақиқий ўғри ейиш учун бир бурда нон ўғирлаган киши эмас, аксинча мана шу фақирнинг бир бурда нонини ўғирлаган ва уни ўғирлик қилишга мажбурлаган бойдир. Ейиш учун нон ўғирлаган киши хатокор, бунга гап бўлиши мумкин эмас. Аммо инсонларнинг ҳаётини, умрини, ризқини ўғирлаганлар, оддий фақирларни оёқлари остига олиб топтаганлар ҳақиқий ўғрилардир. Ана шулар қўли кесилишга ҳақлироқдир!”

Мен Сизни жудаям ҳурмат қиламан. Биз ҳуқуқшуносларнинг барчаси Сизни устоз сифатида кўради. Мен коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қаршиман. Лекин Сизга иккита савол беришга мажбурман:

1. Прокуратура идорасини хизмат машинасини ҳайдайдиган ҳайдовчиларнинг ўртача маоши институтда 10 йил ўқиган, қонида СПИД ва гепатит С аниқланган беморни ҳам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб операция қилишга мажбур бўлган врачникидан кўп бўлган бир шароитда тиббиёт ходимларини барчаси коррупционер дейишга қанчалик ҳаққимиз бор?

2. 2019 йил 25 декабр куни ўтказилган йиғилишда тиббиёт соҳасида коррупция “палак”отганини таъкидлаб, 2018-2019 йилларда 114 нафар шахс коррупцион жиноят содир этганлиги учун жавобгарликка тортилганлигини кўрсатиб ўтдингиз ва Бектемир туман марказий поликлиникаси шифокори 150 минг сўм олганлиги учун жавобгарликка тортилганлигини мисол қилиб келтирдингиз.

Тизимда ишлайдиган 500 минг ходимдан бор-йўғи 114 нафари, яъни 0,02 фоизи (уям бўлса икки йил давомида) шундай тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликка тортилганлиги тизимда коррупция “палак” отиб кетди дейишга асос бўладими?

Ахир ўша 114 нафар “коррупционер”нинг ҳаммаси олган поранинг суммасини қўшиб чиқсак, Сиз раҳбарлик қилаётган идорада ишлаб кетганлар (“собиқлар”)нинг энг кам пора олганидан ҳам кам сумма чиқди-ку.

Қисқаси, нима демоқчиман? Тиббиёт ходимларига У. Иноятов айтган 2,5 млн. сўм маошниям бера олмаяпмизми ҳеч бўлмаганда уни коррупционер дейишдан ўзимизни тийиб турайлик! Илтимос!

Р. МАХАММАДИЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
юридик бўлим бошлиғи.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг