Италиянинг Милан шаҳридаги Миллий саратон институти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Италияда янги коронавирус 2019 йилнинг сентябр ойида тарқала бошлаган. Бу ҳолат коронавируснинг Хитойда аниқланмасидан аввал ҳам бошқа давлатларда тарқалган бўлиши мумкинлигидан дарак беради.
Аввалроқ, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти коронавируснинг янги тури ва у сабаб юзага келадиган CОVID-19 номли ўпка касаллиги 2019 йилнинг охирида Уханда аниқланмасидан аввал у ҳақда ҳеч қандай маълумот мавжуд бўлмаганини айтганди. Шу билан бирга ЖССТ коронавирус бундан олдин ҳам бошқа мамлакатларда сирли равишда тарқалган бўлиши мумкинлигини ҳам рад этиб бўлмаслигини таъкидлаган.
ЖССТ 16 ноябрь куни Миландаги олимлар олиб борган тадқиқот натижаларини ўрганаётганлиги ва ушбу вазиятга аниқлик киритиш учун иш олиб борилаётганини маълум қилди.
Италияда илк бор 21 февралда коронавирус билан касалланган биринчи касал расман қайд этилганди. Ушбу дастлабки ҳолат Милан яқинидаги кичик шаҳарда аниқланган.
Миландаги институтда олиб борилган тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, 2019 йилнинг сентябр ойидан 2020 йилнинг март ойигача бўлган вақт оралиғида ўпкасини текширувдан ўтказган 959 нафар соғлом одамнинг 11, 6 фоизида коронавирусга қарши кучли иммунитет шаклланган.
Шунингдек, Сиена университети томонидан ҳам одамлардаги CОVID-19 га қарши иммунитетни аниқлаш бўйича худди шунақа текширувлар олиб борилган. Ушбу изланишлар шуни кўрсатдики, 2019 йил октябрининг биринчи ҳафтасида текширилган тўрт кишининг танасида коронавирусга қарши иммунитет шаклланган. Бу эса улар сентябр ойида CОVID-19 га чалинганларидан дарак беради.
“Асосий топилма шуки, текширувлардан кейин одамлар нафақат коронавирусга чалинганлари аниқланди, балки уларда вирусни ўлдиришга қодир бўлган иммунитет ҳосил бўлгани ҳам маълум бўлди” дейди ушбу тадқиқот муаллифларидан бири Жиованни Аполон.
Италиялик олимлар шу йилнинг март ойида берган хабарларида мамлакатда 2019 йилнинг сўнгги чорагида шамоллаш ва кучли пневмонияга чалинган беморлар сони одатдагидан кўп бўлганини айтишганди. Бу эса Италияда янги турдаги коронавирус барча ўйлаганидек февралдан бошлаб эмас, балки ундан бир неча ой олдин тарқала бошлаган бўлиши мумкинлигига яна бир белги ҳисобланади.