«СУКУТ СУИҚАСДИ» ҳақида айрим мулоҳазалар

0
5120

Устоз Нурали Қобулнинг “Сукут суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача” номли китобини ўқиб чиқдим. Китоб памфлет жанрида ёзилган.

Памфлет – бадиий-публицистик жанр бўлиб, унинг негизида жамиятдаги ижтимоий-сиёсий муаммолар муаллиф қаламининг ўткир ва аччиқ тиғи остига олиниши назарда тутилади.

Памфлетнинг яна бир жиҳати шуки, унда муаллиф ўзининг фуқаролик позициясидан келиб чиқиб, сиёсий жараёнларга танқидий баҳо беради, сиёсатчиларнинг кирдикорларини, улар юритган сиёсатнинг ижобий ёки салбий оқибатларини очиб беради.

Памфлетни ҳеч кимнинг қитиғига тегиб қўйишни истамайдиган мулойим-хунук ёзувчилар ёзадиган бир-хил тусдаги, тўрт томони тарошланган, силлиқ асарларни ўқиб ўрганган ўқувчининг қабул қилиши қийин.

Памфлет жамият муаммоларига бефарқ бўлмаган, тарихий-ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий жараёнларни чуқур англайдиган ёзувчилар томонидан ёзилади ва шундай одамлар томонидан ўқилади.

Памфлетни цензурадан қўқмайдиганлар ёзади. Памфлетни юрагига миллат дардини юклаганлар ёзади. Памфлет жанрида роман ёзадиганлар нафақат бизнинг юртимизда, балки бутун ер юзида саноқли.

Тўғри, памфлет ҳикоялар ёки пасквиль шаклидаги асарлар ёзадиганлар бор. Юртимизда ўткир қаламли публицистлар ҳам анчагина. Аммо публицистик мақола, ҳикоя ёки пасквиль роман каби кенг қамровга эга бўлмайди.

Энди асарнинг мазмунига тўхталсак.

Асарда муаллиф “сукут суиқасди” деган иборани кенг омма эътиборига тортиқ қилган. Бу ибора китобни қўлган олган ҳар бир ўқувчининг эътиборини тортади. Китобнинг 28-бетида муаллиф шу жумлани илк бор сўйлаганда туппа-тузук ҳамкасблари ҳам фаҳмлаб ҳазм қила олмаганлигини айтиб ўтган. Яширмайман, менда ҳам шундай кечди.

Аслида “сукут суиқасди” бизнинг миллатимизнинг фожеаси. Муаллиф таъбири билан айтганда, Қодирию Чўлпон, Усмон Носиру Файзулла Хўжаев, Акмал Икромову Элбекларнинг “судланиб” отилишида кимлардир “хизмат этган бўлса, тўп-тўп, тўда-тўда кишилар, кўйу -қасабалар, овулу қишлоқлар сассиз-садосиз сукут сақлаган. Бу қотиллигу қатағоннинг асл қиёфасини тушунганлар ҳам оғиз очмаган. Сукут ризолик аломатидир. Худди шу нарса сукут суиқасди дейилади.

Тааммул қилиб кўрсак, сукут суиқасди бутун миллатимизнинг фожеаси.

Қайсидир йили поездда бир чол билан бирга келдим. Ўша чол қатағон йиллари ҳақида гапириб, “ўзбекни ўрислар қулоқ қилди, деса ишонма, ўзбекни “ўзбекўрис”лар сургун қилди. Шахсий адовати учун бири-бирини сотиб, туҳмат қилиб қаматди. Мисол айтсам, бизнинг қишлоқда биттаям ўрис йўқ эди, аммо қулоқ қилинганлар сони йигирмадан ошди”, деган эди.

Чолнинг айтишича ўша пайт у ёш бўлган. Аммо, англаган эканки, бировга айб қўйилса, ҳеч ким унинг тарафини олмас, ўзини олиб қочар, гувоҳлик сўралса сукут қилар экан. Устоз Нурали Қобул ўша сукутни айтган.

Сукут суиқасди бугун ҳам бизни таъқиб қилиб турибди. Кўз олдимизда қанча одамлар ноҳақ қамалди. Биз қамалган одамнинг яхши одам эканини билиб туриб сукут қилдик.

2000-йилларнинг нари-бериси қама-қамалар кўпайган пайтлар. Яхши хулқли, эл хизматида камарбаста юрган бир муллани қамашган экан. Қишлоқ аҳолиси уни ҳимоя қилиб, борибди. Бир одам терговчининг таниши экан, кириб чиқса терговчи “отагап”ни айтибди.

-Мени тўғри тушунинглар, чақув ўзларингдан чиққан. Бир одам уни “ваҳҳобий”, деб кўрсатма берган. Уйидан четда элда чоп этилган Қуръон ва яна бир нечта арабча ёзилган қоғозлар чиққан. Ҳозир давр шундай. Менку аканинг яхши одамлигини биламан, аммо қолганлар билмайди-да. Агар мен уни оқласам, мени дарров “ваҳҳобий”га ён босди, деб айблашади. Яхшиси судни кутинг!-дебди.

Шу билан норозилик сукутга айланган қўйган. Кўпчилик мулла қолиб терговчига ачинган, “нима қилсин бечора, уям муллага қўшилиб қамалиб кетса яхши бўлмайди-да, ахир униям бола-чақаси бор” дейишган экан.

Кейин судда ҳам сукут қилинган. Судяга ачинишганда, униям “ваҳҳобий”га шериксан, дейишади деб. Натижада ҳамма яхши билган, яхши кўрган, эл хизматидаги мулла яхшигина муддат олиб ўтириб чиққан.

Баъзан ишхонамизда раҳбар бирон ходимни ноҳақ айблаётганини кўрамиз. Аммо сукут сақлаймиз. “Айбдор” одамдан ўзимизни олиб қочамиз. Менга ҳам гап тегиб қолмасин, деб ёнига йўламаймиз. Тўғриси ҚЎРҚАМИЗ!

Асарда дунё саҳнасидаги сиёсий ўйинлар кенг ёритилган. Дунё сиёсий саҳнасининг буюк “актёр”лари танқид тиғи остига олинган. Лениндан тортиб Горбачевгача, Чингизхондан султон Абдулҳамидгача, Амир Темурдан сўнгги хонларгача, Сталиндан Саддамгача тилга олиниб сиёсий ва қиёсий таҳлил қилинган. Элга зулм қилган подшоларнинг тахтадаги даври ва тахтдан кетгандан сўнг тортган азоблари, оиласи ва яқинларининг аянчли тақдири кенг ёритиб берилган.

Асарни ўқир экансиз жасади мавзолейдан чиқариб ташланган Сталин, ўз бункерида ёқилган Гитлер, дор остида турган Саддам Ҳусайн, оломон таҳқирлаб калтаклаётганда “Мени ўлдирманглар! Ахир сизнинг отангизман!” дея зорланаётган Муаммар Каддафи, қарздорлардан қочиб маййити яширинча кўмилган султон Абдулҳамид кўз олдингизга келади. Англайсизки, салтанат бахт келтирмайди!

90-йилларнинг охирида бўлса керак, Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновнинг суҳбатларидан иборат “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” (Аср адоғида айтилган истиғфор) номли китобни ўқиган эдим. Таржимонларга раҳмат, шунчалар равон таржима қилинганки, ўқиб маза қиласиз. “Сукут суиқасди” менга қайсидир жиҳатдан ўша асарни эслатди.

Китобдан айрим иқтибослар келтирамиз:

“..бурнидан нарини кўрмайдиган жамоаларда ўзгача фикрлаш ва ақллиликдан Азроилдан қўрққандай чўчийдилар. Ақл ақлдан устун эканлигини мушоҳада этиб, ҳазм қилгилари келмайди. Ваҳоланки, ҳар бир ўлкада барча қатламлари ҳис-туйғуларини ҳисобга олган, ақл ва мантиқ асосига қурилган адолатли маънавий-маърифий, ахлоқий-ҳуқуқий, бир сўз билан айтганда, инсоний иқлим бўлмоғи керакдир”. 154-бет

“Зотан, тафаккур этувчилар китоб ўқийдилар.Фикрлашдан узоқлари эса солинларни тўлдириб, эртаю кеч ашула эшитадилар, футбол, деса ўзини томдан ташлайдилар” 162-бет.

“Нафрат-қўрқувнинг чала туғилган боласидир. Элатлар тепаларида турган кишидан шайтонлагудек даражада қўрқиб яшар эканлар, бу восвос ва ваҳима ўз-ўзидан қаҳру ғазаб, нафратга айланади. Одамлар бу ҳукмдорнинг яхши ишига ҳам шубҳа ва ишончсизлик билан боқадилар. Унинг хайрли иши ҳам мунофиқлик, сиёсий масхарабозлик, кўзбўямачиликка ўхшаб туюлади” 162-163 бет.

Китобдаги ҳар бир фикр одамни мушоҳадага чорлайди, ўйга толдиралди. Муаллиф томонидан таниқли шахслар ҳаётига оид келтирилган аргументлар, тақдиру азалнинг илоҳий ўйинларига ўхшайди.

Банданинг тақрири ҳеч маҳал тақдир бўла олмайди. Инсон бу дунёда уриниб-туртиниб, йиқилиб-туриб, йиғлаб-кулиб, ишлаб-чарчаб, ҳаётдан мамнун бўлиб ёки тақдиридан нолиб, охир-оқибатда бир нарсани англайди: Иймоннинг етти шартидан бири- ҚАДАРни ўзгартириб бўлмайди. Магарки, яхши амаллари ва дуолар яхши томонга ўзгартирмаса. Магарки, ширк, кибр ва қарғишлар ёмон томонга ўзгартирмаса…

Инсон дунёга келар экан, унинг манзили аниқ бўлади: КЕТИШ.. Буни англаган киши мол дунёга, мансабга, машҳурликка интилмайди. Кетишга тайёргарлик кўради. Кетишга тайёргарлик эса, Ҳақни англаш, унга бандаликни тан олиш, Ватанга, элга хизмат қилиш, ота-онанинг ҳаққини адо этиш, солиҳ фарзандлар тарбиялаш билан бўлади. Китобни ўқиб шуни англагандай бўлдим.

ТАМОМ

 

Муаллиф: Анвар Буранов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг