platforma.uz: Жаноб Қирғизбоев, сизга савол бор!

0
2239
Фото: Кun.uz

Бонапарт Наполеоннинг латифанaмo бир гапи бор: қонунлар қисқа, лўнда ва тушунарсиз бўлиши керак…

Албатта, бугун XVIII аср эмас. Лекин шунга қарамай, инсониятнинг қонунлар яратишга бўлган шавқи сўнган эмас…

Мана, бир неча кун аввал Ички ишлар вазирлиги “Жамоат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйибди.

Бизни ажаблантирган жиҳат эса бошқа. Ушбу лойиҳа рус тилида жойлаштирилган. Бундан кўринадики, қонунларимиз ҳалиям рус тилида тайёрланяпти.

Парадоксал ҳолат эса қуйидагича: лойиҳа рус тилида экан, демак, у кўп ҳолларда шу тилда муҳокама қилинади. Рус тилини яхши тушунишдан ва фикрини русча ифодалашдан мосуво одамларимиз эса табиийки бу жараёнда қатнаша олмайди. Ниҳоят муҳокамалар якунига етгач, ҳужжат давлат тилига ўгирилади.

Хуллас, одатдагидек чала-чулпа таржима қилинган, мазмуни моҳиятидан узоқлашган жумлалардан иборат навбатдаги қонун матнини ўқишга маҳкум бўламиз. Ва яна худди аввалгидек одамларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги паст, дея аҳолини айблашга тушамиз.

Чунки аксарият қонунларимизнинг аҳвол-руҳияси шундай. Уларнинг олдида дунёда жуда кам одам англай оладиган постмодерн матнлар ҳам ип эшолмай қолади.

Шундай пайтда ўйлаб қоласан киши: Президент давлат тилини ривожлантириш ҳақида гапиряпти, ҳукуматда давлат тилини ривожлантириш бўйича департамент тузилган, яқинда Ўзбек тили байрами куни белгиланди… Бу ёқда эса ҳаммаси эски ҳаммом, эски тос! Нега шундай?

Буни Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти изоҳлаб бера олармикан?

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг