Герман Гессенинг «Сиддхартха» романи ўзбек жамиятига нима учун керак? Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам билан суҳбат.

0
1477

Бу суҳбат Герман Гессе қаламига мансуб “Сиддхартха” романининг ўзбек тилига ўгирилиши бугунги кунда нима учун керак, деган саволга ўзбек ёзувчиси, филология фанлари доктори, ЎзФА ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг кафедра мудири Улуғбек Ҳамдам жавоб беради.

Улуғбек Ҳамдам “Мувозанат”, “Ота”, “Сабо ва Самандар” каби романлар муаллифи, машҳур публицист ва олимдир.

Лойиҳа муаллифи ва суҳбатдош –  журналист Мавлуда Тошпўлатова.

 

Мавлуда Тошпўлатова:

–Дунёда шундай китоблар яратилган-ки, улар ўз даврининг рамзи, мадҳияси, руҳий етакчисига айланган. Шундай китоблар бор-ки, улар билан бир неча авлодлар катта бўлган, ҳаётига ўзгаришлар кирган.

Бу асарлар сирасига Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”, Фридрих Ницшенинг “Заратуштра шундай деганди”, Карлос Кастанеданинг “Дон Хуан таълимоти”, Хулио Кортасарнинг “Катак чизиқ ўйинлари”, Айн Ренднинг “Атлант елкаларини керди” ва бугун Сиз билан суҳбатлашадиган Герман Гессенинг “Сиддхартха” романи мансубдир.

          Улуғбек ака, Сизнинг шу “Сиддхартха” романи ҳақидаги ёзган мақолангиз – яъни романнинг ўзбек тилига таржимасига берган тақризингизни ўқидим. Тақриз шундай бўлса, романнинг ўзи қандай экан, деган ҳаяжонга тушдим. Тақризингиз таъсирли, бугунги кун ўзбек жамияти, муҳити учун тепалик, айнан тепаликка етаклаб олиб чиқади-ки, бу ердан дунё яхшироқ кўринар экан. Келинг, ўқувчиларни ҳам ана шу тепаликка етакласак. Жаҳоннинг культ асарларидан бири, ёзувчи Герман Гессенинг “Сиддхартха” романини ўзбек тилига ўгириш нимаси билан ҳодиса бўлиши мумкин?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Герман Гессе жаҳоннинг энг йирик ёзувчиларидан бири. Фикрлашга ундайдиган олмон адиби. “Шарқ юлдузи” журналида ишлаган пайтларим Ойгул Асилбек қизининг таржимаси келиб қолди. Ўқиб кўрибоқ, асарга меҳрим тушди. Дарҳол шу асарни журналнинг кейинги сонига тайёрлашни айтдим. Сўзбоши ёзиб беришга ҳам тайёргарлик кўрдим.

Шу орада ўзгаришлар бўлиб мен “Шарқ юлдузи” дан кетдим. Сўзбоши ҳам қолиб кетди. Роман ҳам журналда чоп этилмади. Вақтлар ўтиб, “Янги аср авлоди” нашриётига эксперт сифатида қатнашиб туришим сабабли, Иброҳим Ғафуров, Хуршид Дўстмуҳаммадлар билан маслаҳатлашиб, мен шу асарни чиқаришга тавсия қилдим. Нашриёт буни ўз рўйхатига қўшди, мана, асар китоб бўлиб чиқиш арафасида. Ўзим сўзбоши ёзиб бердим. Чунки, жамиятимизда шу асарни тушунишга қийинчилик бор. Сабаби, бизда шундай вазият етилиб келдики, баъзиларда диний радикализм кайфияти пайдо бўлди.

Бу асар эса бутунлай бошқа миллатга, бошқа ирққа, бошқа динга мансуб инсонларнинг тақдири, эътиқоди масалалари, ҳаётдан маъно қидириш мавзуси қўйилган. Сўзбоши буни етказишда кўприк вазифасини ўташ керак эди. Биласизми, сўзбошилар бўлмаса, асарни қабул қилиш қийин кечади. Айниқса, бошқа динга мансублик ҳақидаги асарларни қабул қилиш мураккабдир.

Дарҳақиқат, мен қўрққан нарса бўлди. Нашриётда ишлаётган, ўзимнинг аълочи шогирдларимдан бири менга телефон қилиб, ана шу асарни бекор тавсия қилибсиз, асардаги Сиддхартха буддавийлик дини йўлидан кетади. Бу билан буддавийликни тарғиб қилиб қўймаймизми? Бундай асар ислом руҳида тарбия топган ўзбек ўқувчиларининг тафаккурига зид асар эмасми”, дея ўз хавотирларини баён қилди.  Демак, деб ўйладим мен, сўзбошида мана шу томонга ҳам урғу беришим керак экан.

 Эътибор бериш керакки, ислом дини вакиллари сифатида, ватандошларимизнинг дунёқарашлари кенг бўлишига эътибор беришимиз керак экан. Яратган ҳам бу 7-8 миллиард инсонни ўзигагина аён бир ғояси билан яратган. Мусулмонлар одам-у, бошқалар одам эмасми? Бошқа дин вакилларининг ҳам юрагига чуқурроқ кириб, уларни ҳам тушунишимиз керак эмасми? Ҳар бир диндан, ҳар бир ирқдан, ҳар бир миллат вакилидан уларнинг қаҳрамонлари ҳақида ўқисак, бизнинг дунёқарашимиз кенг бўлади-ку!

Ахир Жалолиддин Румийда бор эди-ку, ўша ислом дини  фалсафасига суянган тасаввуф оқимида бу нарса бор эди-ку. Навоий ҳазратлариям, Румий, Аттор айнан, инсоннинг бағри кенг бўлиши кераклиги ҳақида ёзиб кетганлар-ку!

Румий нима дейди? “Фақат жума куни эмас, қайси кун бўлса бўлсин, кел, суҳбат қурамиз, дейди. Сен ким бўлсанг ҳам, буддавиймисан, мусулмонмисан, христианмисан, кел, суҳбат қурамиз”, дейди. Демак, аввало – инсонлик, ана ундан кейин – дин, миллат ва ғоялар масаласи келади. Шунинг учун ҳам мен ўзбек ўқувчилари га кўприк бўладиган сўзбоши ёзиш керак, деган хулосага келдим.

Толерантлик масаласи дунё олдига бежиз қўйилаётгани йўқ. Глобализм даврида яшаяпмиз. Миллатлар, урф-одатлар бир-бирига қоришиб кетаётган даврда, турли дин вакиллари бир-бири билан ҳар соҳада кўпроқ мулоқотга киришаётган давр бу. Ҳа, мулоқот қилаётган эканмиз, уларнинг руҳий дунёсига, ботиний оламига ҳам шўнғишимиз керак эмасми? Сиддхартха ана шундай қаҳрамон.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Сиз Румий ва Абдулла Орипов ўз асарларида акс эттирган шўрлик тилла балиқча қисматини назарда тутиб: “Тилла балиқча бўлиш бугунги кунда хавфли ва зарарли” деб ёзгансиз. Бир пайтлар А.Ориповнинг “бир кўлмак ҳовузчани бутун дунё деб биладиган тилла балиқча” си бизда фақат ачиниш ва армон туйғуларини уйғотган. Мана энди глобаллашган, бутун дунё бир-бирига интеграциялашган даврга келиб, “тилла балиқча бўлиш зарарли ва хавфли” га айланган, деяпсиз?

Улуғбек Ҳамдам:

Тўғри талқин қилдингиз, ҳа, авваллари ачиниш туйғусини уйғотарди. “Менга алам қилар тилла балиқча, шу кўлмак ҳовуз деб билар дунёни”, дейди шоир. Ана шу ракурсдан туриб қарайдиган бўлсак, ундай тилла балиқчалар бугун кўпайди. “Хас-хашак ёпинган ҳовузда хўрак еб юрган балиқчалар” кўпайиб кетди. Булар, яъни тафаккури, дунёқараши тор, юраги тор одамлар энди жамиятга хавф соляпти.

Бугун экопсихологик жиҳатдан дунё яхлит бир уйга айланди. “Ер шари – бизнинг умумий уйимиз” деган шиорлар қоғозлардан ҳаётга кўчадиган пайт келди. 800 йил олдин Румийда ҳам шундай масала қўйилганини учратдим. Демак, ўша пайтларда ҳам “тилла балиқчалик” масаласи бўлган экан жамиятда. Башариятнинг илғор инсонлари бу ҳақда ўйлаган экан, бош қотирган экан.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • “Айнан ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ва хўпроқ ўзга ирқ, дин ва маданият вакилларини тушунишимиз, уларнинг эътиқодий масалаларига эҳтиром билан муносабат қилишимиз керак бўлмоқда”, дегансиз. Чунки дунё деганимиз, ҳамма ўзаро қайнашиб яшайдиган яхлит каттакон уйга айланиб бормоқда”.

Ўша тақризингизга ҳаволани албатта келтириб қўямиз, уни ҳамма ўқишини истардим.

https://www.facebook.com/1394263376/posts/10220268500328042/

Улуғбек ака, ҳақиқатга олиб борувчи йўлларнинг турфалиги, ҳамда уларнинг ҳам яшашга ҳақли эканини бадиий асарда акс эттириш бу албатта яхши. Шу маънода “Сиддхартха” романининг ўзбек тилига таржимасига қайтсак. Бу китоб бизнинг ўзбек жамиятига нима бера олади?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Бундай китоблар жудаям керак, ниҳоятда керак. Адабиёт инсонга ҳиссий таъсир қилади. Масалан, тарих информация беради. Жамиятшунослик ҳам маълумот беради. Адабиёт эса ҳамма информацияларни ўз бағрига олгани ҳолда, барча соҳалардаги элемент унсурларни ўзига сингдиргани ҳолда, одамларга катта ҳиссий таъсир кўрсатади.

Образлар орқали, қаҳрамонларнинг қисмати орқали, ўқувчи уларнинг оламига шўнғийдиган бўлса, ҳиссий, бадиий маълумот олади. Ўша одамлар ҳам гарчанд бошқа ирққа, бошқа динга, бошқа миллат, ўзга урф-одатга оид бўлса ҳам, ўзимизга ўхшаган одамлар экан-ку, дейди.

Биласизми, мен бир пайтлар ўз бошимдан, таниш тенгдошларим ўзи кечирганлари билан адабиётдаги сюжетларни солиштириб юраман.

18 ёшимда ҳарбийга борганман. Украинанинг Оқ черков (Белая церковь) шаҳрида бўлганман. Танкчи бўлиб хизмат қилган қисмимизда 129 та миллат бир полкда, бир батальонда бўлганмиз. Ёнимдаги койкада Петухов деган рус йигит ётарди, бу ёнимда армани Балаян, яна грузин, юнон сафдошлар қатор жойлашган эдик.

Мен бундоқ уларни кузатсам, мени хурсанд қилгандек нарса уларниям хурсанд қиларкан. Мени қайғуга чўмдирган, ўйлатган, ташвишга солгандек нарса уларни ҳам ташвишга солар экан. Улар ҳам бошига иш тушадиган бўлса, Худо, деб илтижо қилар экан. Бирор яқинидан хат оладиган бўлса, ҳамма каби қувониб, ёнидагини қучоқлаб олишади.

Инсон қаерда бўлмасин, барибир инсон экан! Одам мана шундай даражага чиқа олиши керак!

Бекорга Румийни таржима қилмаганман. Ичимдаги туйғуларга, ўйларга мос келгани учун Румий ҳазратларининг ўгитлари, ўйларини таржима қилганман. Ниманики таржима қилган бўлсам, мендан 100 йил, 800 йил, минг йил олдин айтилган бўлса ҳам, қалбимга ҳамоҳанглиги учун таржима қилганман.

Румий айтади-ки, Маккага ҳамма ҳар томондан боради. Биров отда, биров пиёда. Биров Машриқдан, биров Мағрибдан йўлда бораркан,  боргунча бири бошқасини инкор этади. “Сенинг йўлинг –  ботил, меники – тўғри”, дея.

Етгандан кейин, Макканинг атрофида ҳаммаси тўплангач, Худонинг уйи атрофида ҳамма йиғилгандан кейин, мақсадлари бир эканини, ягона Оллоҳнинг розилиги эканлигини тушуниб етишади. Қаранг, ўша турли йўллар – турли хил динлар, турли ирқлар эмасми?

Тафаккуримизни кенгроқ қилайлик. Бизнинг уламоларимиз юраклари кенг ҳолда бу масалага эътибор беришлари керак. Айнан Қуръони Каримдан келиб чиқиб, бошқа диндаги инсонларга бағрикенглик билан қараш масалаларига урғу бериш керак.

 Бир-бировига нафратланиб қарамаслик учун ҳам Сиддхартхага ўхшаган асарларнинг бугунги инсон учун аҳамияти катта.

Ҳозир ҳар битта дин атрофида секталар, мазҳаблар маълум бўлган. Бошқа эътиқод вакилларига нафрат руҳида тарбияловчи оқимларни ҳам кўряпмиз. Бу нарса, дунё умумий уйимиз бўлгани ҳолда, замон нуқтаи назаридан, бир-биримиз билан мулоқот қилишга мажбур ва маҳкум бўлиб турган шароитда уруш оловини ёқмайдими?

Илгари биров Африкада яшаса, бошқа қитъадагилар уни билмаган. Европалик Осиёликни танимаган. Ҳа-ар замонда, Марко Полога ўхшаган, Колумбга ўхшаган жаҳонгашталар 100 йилда бир йўлга чиқиб, озгина бир хабар бериб қолган холос. Бирор жойда эпидемия тарқасаям, ўша шаҳардан ташқарига чиқмаган.

Ҳозир-чи, короновирус нима учун бутун дунёни ишғол қилиб олди? Чунки, алоқа бор! Яхши нарсаям, ёмон нарсаям тез тарқайди. Герман Гессенинг “Сиддахртха” си бизга шунинг учун ҳам керак.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Адабиёт, китоблар деяпсиз. Диний уламоларни ҳам эсладик.

Бизнинг китоб дўконларимизда шу йили бўлиб ўтган бир воқеа кўпчиликда нохуш таассурот уйғотди. Китоб расталарини айлана туриб, қайсидир китобларни йўққа чиқаришга даъват, қайсидир китобларни эса харомга чиқариш ҳолати бўлди.

Сиз нима деб ўйлайсиз, уламоларнинг – одамларга яхшиликни, бағрикенгликни ўргатадиган инсонларнинг бундай чақириғига сабаб нима бўлиши мумкин ва бу нарса такрорланмасмикин? Чунки, мана “Сиддхартха” романи таржима қилинганидек, дунё адабиётига мансуб бошқа кўплаб китоблар кириб келиши мумкин. Уларнинг тақдири нима бўлади…

Улуғбек Ҳамдам:

  • Бу воқеани мен ҳам билдим ва жуда изтиробга тушдим. Агар одамларга таъсири кучли уламоларнинг даражаси, тааккури шундай бўладиган бўлса, чегараланган бўлса, ўзининг маданияти ва динидан ташқари нарсага чизиқ тортадиган бўлса, маҳдудлик бўлади бу. Ўша тилла балиқчанинг ҳолатига тушамиз яна. Бутун миллатниям, умматниям ўша ҳовузчага тиқиш дегани бу.

Биласиз, цензурадан энди қутулдик. Лекин ёмон, нотўғри нарсани тарғиб қилиш йўлларини тўсиш керак барибир. Эски цензура тарафдори эмасман мен. Лекин, ўзлари тушуниб-тушунмасдан бундай ўзига ёқмаган нарсани инкор этиш усулини тарғиб қилиш ҳам тўғри  эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жуда кўп масалаларда қанчалик бағри кенг бўлганлар-а! Шахсан ўзи билан ҳам суҳбатлашганман. Баъзи бир иштибоҳларим борасида гаплашган, маслаҳат олганман.

Жуда хотиржам тарзда, кенглик билан жавоб берганлар. “Сен ёмон иш қилибсан, алал оқибат бундай ишнинг оқибати дўзах бўлади!” деган позиициядан турмайди у киши. Инсонни тушунолган инсон, баланд инсон. Одамнинг биологик фактори борлигини, ижтимоий омили борлигини, руҳий омили, илдизлари борлигини тушунган одам! Инсон ҳар доим турли хил кайфиятларга тушиб туриши мумкинлигини, турли хил ғояларга берилиши мумкинлигини тушунган, баланд савияли уламо бўлганлиги учун ҳам тўғри йўлни кўрсата олган у киши.

Фақат таҳдид, қўрқитиш, у дунё, дўзах билан чўчитиш… уламонинг, олимнинг иши бундай бўлмайди. Китобларни таъқиқлаш билан иш битмайди.

Европа, Ғарб бир пайтлар эрамизнинг IV-IVX асрларида зулматга ботган. Сабаби нима эди?

Фақат черковнинг, ўша пайтдаги христиан динининг “бу дунёда қанча қийналсанг, у дунёда яхши бўласан”, деган ғоясини бутун жамиятга сингдирган. Аристотелнинг китобларини таржима қилганларни Францияда майдонга чиқариб оловда ёққанлар. Шу даражада бўлган. Бор-йўғи китобни таржима қилгани учун!

Галилео Галилей “Ер Қуёшнинг атрофида айланади”, деган фикри учун жуда қаттиқ жазоланади. У пайтлар черков “ҳамма сайёралар Ернинг атрофида айланади” деган тушунчада бўлган. Галилео эса диннинг асосига тескари фикрни айтиб қўйган.

Хўш, илм нимани кўрсатди? Ер ҳам ўз ўқининг атрофида,  ҳам Қуёшнинг атрофида айланишини исботлади. Гелиоцентризм ҳақидаги билими учун олимларни оловда ёқишди!

Юзта, мингта, миллионта одамга ваъз ўқийдиган уламоларимиз айтаётган гапини ўйлаб олиши керак. Сарҳисоб қилиши керак – бу айтаётган гапим кимгадир тегиб кетмайдими, тараққиётни тўсиб қўйган бўлмайдими, деган фикрлардан келиб чиқиб, баҳс қилишлари керак.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Мана, глобаллашув сабаб, қитъалар бир-бирига яқинлашгандек. Шундай бўлгани сайин баъзи инсонларда қўрқув пайдо бўлиши табиий. Худди-ки, одамлар, миллатлар аралашиб кетиб қолади, динлар аралашиб кетади.

Бу қўрқув бўлган нима натижаларга сабаб бўлиши мумкин? Инсоният ростдан ҳам аралашиб кетармикин ёки турфа хиллигини, ўзлигини сақлаб қолармикин?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Бу – жиддий масала. 30-50 йил олдин дунёда 7-8 минг тил бор дейиларди. Ҳозир 3 мингта, улар ҳам ҳар 2 ҳафтада биттаси ўлади, дейиляпти. Бу ўша сиз айтаётган қўрқувнинг меваси бу.

Миллатлар ҳам йўқолиб, ассимиляция бўляпти. “Тобора қисқариб бориб, дунёда 2-3 та тил қолади”, деган ғоялар ҳам айтиляпти. Йўқолиб кетиши мумкин, деган тиллар ичида не-не тиллар бор!

Лекин жуда узоқни хатто илмий тахмин қилиш ҳам қийин. Инсонга жуда кўп имконият берилмаган.

 Лекин ўша ҳавфга қарши курашавериш керак. Яратган бизни шундай шаклда яратибди, шундай тилни берибди, ўз маданиятимиз бор. Имкон қадар буни қўриш керак. У ёғига элимиз айтганидек:  “Худо пошшо”. Яхши, эзгу нарсаларимизни қўришда давом этишимиз керак. Юз йил, минг йил кейин нима бўлишини айтган одам башоратгўй бўлиб қолади.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Демак, тақризингизда айтганингиздек: “Бағрикенг бўлайлик, айрим тушунмовчиликларни кейинга қолдирайлик-ки, ўз устимизда ишлашимиз, ўсиб-ўрганишимиз натижасида улар ҳам ўз-ўзидан ечилиб, ҳал бўлиб боради”.

Улуғбек Ҳамдам:

  • Ҳозир хал қиладиган масалаларимиз кўп. Ҳар битта соҳада бор. Ҳозирнинг ўзида оптимал ечимини тополмайсиз.

Диний масалаларнинг ҳам ўткир томонлари бор. Ҳозир тополмаяпсанми, тўхтаб тур, шарҳлашга кучинг етмаяпти демак. Бошқа сир бордир. Уни инсоният қачон тайёр бўлгунгача кутиш керак. Худди шундай масалалар ниҳоятда кўп. Бугун тўғри деганимизни, ёруғ масалаларни ҳимоя қилиб, эртанги кунни кутиш керак.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Ўзига хосликни, ўз қадриятлари, миллийлигини сақлаб қолиш-чи? Айнан низолар шу хусусиятларни улуғлаш асносида пайдо бўлмаяптими? Масалан, миллийликни асраш ҳақида гапирсак, ёнма-ён яшаб турган “баъзи қўшниларимиз” нинг ғаши келаётгандек. Турли тоифа, қатламдаги одамлар, зиёлиларгача шу масала устида, тало-тўп тортишувлар тинмаяпти.

Улуғбек Ҳамдам:

  • Тўғри. Ўзлигингни сақлаб қолиш, қадриятларингни, ота-бобонгдан келаётган илдизни ҳимоя қилиш сари отланар экансан, сиз айтаётгандек, бошқаларнинг ғаши келади, “биз-чи?” дейди. Бошқалар ҳам ўз ўрнида ҳақли.

Дунёда 200 дан ортиқ мамлакат бор. Бирдан тўрттагача тил расмий ҳисобланадиган давлатлар бор.

Ечим йўқ эмас. Оддий мисол келтирсак. Агар аралаш миллатли оила бўлса, Ҳар бири фарзандларига исм қўйиш билан ўзлигини сақлашга ҳаракат қилиши мумкин.

Марказий Осиёда бешта республика бор. Тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, ўзбек ҳар бири ўз урф-одати, тилини ҳимоя қилади. Шу мамлакатларда яшаб турган одам буни ҳурмат қилиши керак.

Агар мен Францияга, Япония ёки Америкага кўчиб борадиган бўлсам, зиёли сифатида биламан-ки, ўша яшаётган жойимнинг тилини ўрганишим шарт. Нега мен шарт деб биламан-у, бошқалар Ўзбекистонда яшаб туриб, шарт деб билмайди? Ҳамма учун умумий қонун-қоида ишлаб чиқилган. Россияда яшаяпсанми, рус тили, маданияти, одатларини билишинг керак. Амал қилмасанг ҳам, ҳурмат кўрсатишинг керак. Бўлди! Уйингда қайси тилда гаплашсанг, гаплашавер. Лекин, кўчага чиқиб бошқалар билан мулоқот қилганда рус тилида гаплашасан.

Худди шундай қоидани Ўзбекистонда ҳам тадбиқ қилиш керак. Бунинг ечими бор. Ечилса бўладиган масала. Фақат биз хавф остида қолган ўзбек тилини ҳимоя қилсак, улар Ўзбекистонда туриб, қарши жар солиши тўғри эмас. Мутлақо тўғри эмас. Айтганимдек, мен қаерга яшашга борсам, ўша ернинг тилиини ўрганаман. Борган йилимдан бошлаб ўрганаман.

Туркияда ўқишга борган кунимдан бошлаб ўрганганман турк тилини. Россияда рус тилида гаплашганман. Ечими бор -ку! Бағирни кенг қилиш керак холос!

Бу тиллар, урф-одатлар ўз-ўзича пайдо бўлгани йўқ. Бутун бошли миллатнинг вакили турибди қаршингда! Унинг тарихи турибди. Ҳурматини кўрсатиш керак. Миллатнинг яхши ёмони бўлмайди. Одамнинг яхшиси, ёмони бўлади. Ёмонлик кузатилса, унга қарши индивидуал ёндошиш, ўша иллатнинг эгасига диққат қаратиш керак. Бутун бир халқни, миллатни қоралаб бўлмайди.

Савия қанча паст бўлса, муаммо шунча кўп бўлади. Турли хил миллат вакиллари битта ғояга сафарбарлиги, бир иш билан банд бўлиши ҳақида, насиб бўлса, роман ҳам ёзаман. Турли ирқ, миллат, дин вакиллари, атеисти ҳам бор майли, лекин савия баланд бўлмоғи керак. Шунда бирортасининг бошқасига зарари тегмайди. Бири бирининг туйғуларига, эътиқодларига ҳурмат кўрсатади.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Ҳозирги кунда баъзи тушунчалар нотўғри ўзанда оқяпти, қоришиб, чалкашиб, қўпол қилиб айтганда тасқара бир аҳволга тушган. Масалан, атеистман, деганлар диндорларни ҳақорат қилиш билан овора, бошқа дин вакили мсусулмоннинг муқаддасотларини мазах қиляпти. Ёки мусулмон бўлмишлар ҳатто ўз диндошларини кофирга чиқаришлар авж олган. Бу ҳам савиясизлик, билимсизликдан, шундайми?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Ҳа, шундай! Тўпиққаям чиқмайдиган савия бўлса, шундай аҳвол бўлади. Ҳар битта қўй ўз оёғидан осилади, дейди халқимиз. Бировга ҳукм чиқарма! Ўз ҳолига қўй! Дўзах билан қўрқитиб, бу дунёсини дўзах қилиб бўлдинг-ку! Бу нотўғри нарса ахир.

Бағрикенглик билан жуда кўп ишларни амалга оширса бўлади. Одамларнинг ҳатти-ҳаракати динидан қатъий назар, фақат иккига бўлинади. Яхши ва ёмонга!

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Мана шу вазият жамият аъзолари, унинг онгли вакиллари олдига қандайдир вазифаларни қўядими? Ёки ҳаммаси ўз-ўзидан ўтиб кетадиган долғами?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Ҳар ким ўзини тарбиялаш, билим ва савиясини ошириши орқали эзгуликка катта ҳисса қўшиши мумкин. Бошқа дин вакилини, бошқа маданиятни тушуниш учун “Сиддхартха” романига ўхшаган асарлар керак. Ўқиш, адабиётга юзланиш билан билан бўлади савия.

Қачон биз бошқа одамларнинг ботинини таниймиз? Қачонки унинг адабиёти, санъати билан танишсак, уларнинг сийратига назар сола биламиз. Шундагина бошқаларга душман кўзи билан эмас, дўст кўзи билан қарай бошлаймиз. Бу жуда ҳам муҳим.

Шунинг учун дунё миқёсида юз бераётган ижтимоий гуманитар фанларни кераксиз фанлар сифатида таълимдан қисқартириб борилишига бутунлай қаршиман. Фақат тез фойда келтирадиган нарсаларнинг ортидан қуваверсак, нима бўлади? Ер юзида одам кўпайиб боряпти. Юз йил олдин 2 миллиард эди, ҳозир 8 миллиард нафар ҳақида гап кетяпти. Ҳа бу одамларни нима йўлга солади?! Ижтимоий гуманитар фанлардан олган даража, савияси йўлга солади. Дин ҳам насиҳат. Таълим-тарбия йўлга солади! Агар буни эплай олмас эканмиз, доимий равишда урушлар хавфи, жарликлар хавфи инсониятнинг олдида тураверади.

Мавлуда тошпўлатова:

  • Ҳозирги Ўзбекистоннинг сиёсатида, ижтимоий ҳаётида диний бағрикенглик қанчалик таъминланган, деб ҳисоблайсиз?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Мен бошқа жамият тузилмасини ҳам кўрган одамман. Совет даврини кўрган авлод вакилиман. Мустақиллик билан ўз-ўзидан қиёслаш ҳолати бўлади.

Қиёсан оладиган бўлсак, ҳозир диний масалаларда эркинлик жудаям катта. Масжидлар ҳамма жойда ишлаб турибди. Ибодат қилиш эркинлиги бор. Диний адабиётлар ҳозир бадиий адабиётдан ҳам кўп сонда чиқяпти. Илгари диний туйғуни ҳам бадиий адабиётдан олинарди. Қисман бўлса ҳам шу туйғуни қондириш учун китоб ўқиларди. Ҳозир диний тушунчалар, ҳислар тўғридан-тўғри акс этган китоблар 100 минглаб нусхада чиқяпти. Бу маънода эркинликлар катта.

Лекин агар тарбия кўрмаган, савияси паст бўлса, одамни эркинлик бузади. Бу томонга ҳам аҳамият бериш керак. Биров бировни қайсидир амални қилган ё қилмагани учун шартта ёқасидан олса, бу эркинликни суистеъмол қилиш бўлади. Бу диний эркинликнинг тазйиққа ўтиб кетиши бўлади.

Шунинг учун савия, савия ва яна савия керак! Ахир ислом динининг бутун таълимоти ҳам шунга қаратилган эмасми?  “Ўзинггга раво кўрганингни бошқаларга ҳам раво кўришинг, раво кўрмаганни бошқаларга ҳам раво кўрмаслигинг керак”. Ким хоҳлайди, кўчада кетаётиб, кийими ё соқоли туфайли шартта бўғзидан олинишини? Ё таҳдид этилишини, ё танбеҳ этилишини? Масалан мен истамаган бўлардим! Ўзим ҳам шундай қилмаслигимни биламан. Мен қилмайдиган ишни бошқалар ҳам менга нисбатан қилишини хоҳламайман. Низолар мана қаердан чиқади!

Марказда Инсон туриши керак! Ғоя ҳам эмас! Бутун ғоялар Инсонга хизмат қилиши керак. Дин ҳам Инсонга хизмат қилиши керак. Инсоннинг равнақи учун,  инсондек яшаб ўтиши учун, бу дунё ва у дунёси учун хизмат қилиши керак.

Биз йўлларга ва ғояларга инсонларни қурбон қилаётган ҳолатдамиз. Бутун дунё миқёсида бу нарсага чек қўйиш керак. Яна айтаман: савия керак. Бунинг устида ишлаш керак. Акс ҳолда инсоният олдидаги жарликлар турибди, деган хавотирлар ўринли бўлиб қолади. Ўзи асрасин бундай жарликлардан! Бу тор кўнгиллик ҳолати яхши оқибатларга олиб келмайди, бу кундек аён.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Савияни ошириш йўлида шубҳасиз, адабиётнинг ўрни жуда юксак. Айнан Сиз билан ва айнан шу ҳақда бежиз суҳбат қилмаяпмиз. “Сиддхартха” романига қайтадиган бўлсак, Герман Гессе бу асарни яратишига нима сабаб бўлган?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Герман Гессенинг “Чўл бўриси” деган асарини ҳам ўқиганман. Адибнинг биографиясини қарасак, Герман Гессенинг ота-онаси бир муддат Ҳиндистонда яшаган. Ёзувчи болалигидан ҳиндистонликлар дунёси, маданияти, хусусан, буддавийлик билан таниш бўлган. Яқин юрган, шахсан ўзи кўрган. Кўргани учун ҳам у маданиятга душман бўлиб эмас, дўст назари билан қарай оляпти. Мана, кўряпсизми нима муҳим! Агар Герман Гессе ўзининг Олмониясидан чиқмаганда эди, Европадан бошқасини кўрмаганда эди, ҳеч қачон “Сиддхартха”дек роман ёзолмасди!

Сиддхартха ҳам диннинг йўлини тутиб, буддавийликка эргашиб баланд мақомларга етаман, дейди-да, алалоқибатда энг юксак даражаларга етиб борганидан кейин… қайтади!

 Нима йўлни танлайди, биласизми? Бир қайиқчига шогирд тушиб, роман охирида одамларнинг оғирини енгил қилиб, уларни бир қирғоқдан бошқа қирғоққа олиб ўтишдек реал ҳаётда фойда берадиган йўлни танлайди!

Кўряпсизми? Яссавийларнинг қилган ишидек эмасми бу!  Яссавий деҳқон бўлган. “Дил ба ёр-у, даст ба кор” деган Нақшбандий! Кўнглинг Оллоҳ билан, қўлинг иш билан банд бўлсин. Бу фикр ўша романда ҳам ётибди!

Фақат кўзни очиш керак. Асл ғояларга қараш керак! Румий айтганидек шакллардагина фарқ бор. Фақат шаклларда!

Ҳой инсон! Ҳой мусулмон! Ҳой насроний! Ҳой буддавий! Ҳой атеист! Сен ёмон кўраётган одам худди сендек одам! Балки сендан яхшироқ одамдир?

Адабиёт ана шу шаклларни ичидан парчалаб, моҳиятга киришга ёрдам беради. Жумладан, ўша Геман Гессенинг Сиддхартхаси ҳам. Одамларга реал ёрдам берадиган, оғирини енгил қиладиган ишни танлайди у. Мана, “Сиддхартха” нинг моҳияти!

Толстойни эсланг. “Иқрорнома”да худди шу нарса бор-ку. Ҳамма йўллар, яхшиларнинг йўли бир манзилга олиб боряпти.

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Энди “Сиддхартха” романининг ўзбек тилига таржимони ҳақида ҳам гапирсангиз. Ким таржима қиляпти? Ўгириш Сизда қандай таассурот қолдирди? Қониқтирдими?

Улуғбек Ҳамдам:

  • Ойгул Асилбек қизи таржима қилди. У– олима қиз. Ҳозирда фалсафа бўйича илмий иш билан машғул экан.

Таржима тили яхши. Силлиқ. Изоҳлар киритилишини таклиф қилгандим. Китобда бу изоҳлар берилди. Ўзбек тилига яхши таржима қилинган китоб бўлди.

Бемалол ўзбек ўқувчилари китобни топиб ўқиб, ўзларига керак бўлган мессажни – бадиий хабарни олиб, дунёлари, дунёқарашлари, кўнгиллари кенгроқ бўлишини тилаб қоламан. Танлаган йўлларинг одамлар учун хайрли бўлсин!

Мавлуда Тошпўлатова:

  • Раҳмат, Улуғбек ака! Ажойиб, мазмунли, кўнгил сув ичадиган, руҳиятга таскин берадиган суҳбат учун ташаккур!

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг