Бу юртда мусулмон бўлганларнинг барчаси ЎЗБЕКДИР.

0
1840
Фото: www.livelib.ru

Суҳбатимизни ўзига хос «жосус» Ҳерман Вамберининг «Бухоро ёки Трансаксония тарихи» китобининг таржимаси билан давом эттирамиз… «унинг тадқиқотлари босқинчиларга анча «қўл келган» бўлсада, Ўрта Осиё тарихини ўрганиш омилларидан биридир»**

Вамберининг барча асарлари билан танишиб чиққан киши унинг бир хусусиятига эътибор бермасдан қолмайди: У олдинги асарларида йўл қўйган хатоларини кейинги китобларида эътироф этиб, уларни тўғрилашга ҳаракат қилади.

Бир қанча Ғарб олимлари ўрта аср ўзбек тилини чиғатой тили атамаси билан номлаб келадилар. Вамбери ҳам ўзининг «Чиғатой тили қўлланмаси» китобида худди шу йўлдан борган. «Бухоро ёки Трансаксония тарихи» китобида бу хатосини тузатишга ҳаракат қилиб ёзади:

«Кўпгина Европа олимларининг, уларга мен ҳам ўзимнинг «Чиғатой тилидан қўлланма» асаримда қўшилган эдим, фикрлари икки карра хатодир… Биринчидан, Ўрта Осиё аҳолиси ҳеч вақт ўз юртини ҳам, ўз тилини ҳам чиғатой деб атамаган. Бу ном (сўз) Амударёнинг у томони —Эронда форслар томонидан қўлланилган. Бу ўлканинг аҳолиси ўз юртини Туркистон, ўз тилини туркий тил, ўзларини Ўзбеклар деб атаб келган. Иккинчидан, Чиғатойлар мусулмонлар томонидан нимага эришган бўлса эришган, лекин муҳаббатга, ҳурматга эришмаган» («Бухоро ёки Трансаксония тарихи», 158-бет).

«Ўзбек» деган ном хоҳласангиз сиёсий, истасангиз ижтимоий маънога эгадир, лекин этник маънога эга эмас. Машҳур Абулхайрхоннинг набираси Шайбоний Муҳаммадхон туркий лашкари билан пастки Ёқсартдаги уч хонликни истило қилиб, темурийлар давлатида бошланган парчаланишни тўхтатгандан сўнг, 16-аср бошларида Марказий Осиё ёки, аниқроқ айтганда, шу уч хонликда яшовчи туркий халқларнинг барчаси бу номни қабул қилишган.

Шайбоний лашкарининг энг катта қисми аввало туркий халқлардан иборат бўлган ва улар Орол денгизи билан Ёйиқ дарёси ўртасида кўчманчилик қилиб юришган ҳамда Олтин Ўрда таркибига киришган. Яна шуни айтиб ўтайликки, Олтин Ўрдада «ЎЗБЕК» деган ном анча олдиндан маълум бўлиб, мусулмонча тарбияланган дегандек тушунилган.

Туркий халқларнинг келиб чиқишида қорақалпоқ, қирғиз-қозоқ, қисман Олтин Ўрдадаги турли-туман кўчманчиларга бориб тақалади. Ўзбекхонни ўзига ўзбек номини олиш учун қилган ҳаракатини эсласак, «ЎЗБЕК» номининг негизи бизга анча яхши тушунарли бўлади. У 1340 йилгача Олтин Ўрдада ҳукмронлик қилган ва ислом динини қабул қилишга ғоят кучли иштиёқ кўрсатганлиги билан эътиборни тортган.

Абулғозининг сўзлари билан айтганда, «у фуқароларига ислом динини қабул қилдиришда жуда катта ғайрат кўрсатган ва бунинг натижасида жўжи халқи, яъни Олтин Ўрда турклари ҳам «ЎЗБЕК» деган номни олишган».

Абулғозининг бу сўзлари шу ҳақдаги бошқа хабарлар билан, айниқса Темурнинг маддоҳи Шарафиддин Яздийнинг ўрта осиё шаҳар ва қишлоқлари аҳолисини «ЎЗБЕКЛАР» деб кўрсатганлиги билан тўғри келади.

Лекин бизнинг фикримизча, XIV асрда кўп жойларда кўчманчилар бўлган даврда Ғиёсиддин Ўзбекнинг янги динга ўтказиш иши муваффақият қозонмаган шекилли, улар, масалан қалмоқлар мусулмонликни қабул қилишмаган Ислом динига кирганлар мусулмонлар дейилгани каби чиғатойлар, нўғайлар, салжуқийлар ва усмонлилар ўз номи билан, Ўзбек тарғиб қилган динни қабул қилганлар эса «ўзбек»лар деб аталган. Хулоса қилиб айтганда XIV—XV асрларда «ЎЗБЕК» деганда мусулмон динига ўтган турклар тушунилган ва шу ном билан улар бошқа, эски динга садоқатли бўлиб қолган турклардан фарқ қилганлар.

Ўзбекларнинг эски динга садоқатли турклар билан табиати ва тили бир бўлса-да, лекин улар янги дин билан бирга мусулмон маданиятини ҳам қабул қилишган ва бу қадамлари билан туркликдан, яъни шафқатсиз одатлардан бош тортишиб, Ўзбекхон муқаддаслаштирган мусулмон-осиё маданиятига йўл очишган.

Олтин Ўрдада Ўзбекхоннинг бу фаолияти унинг обрўсини кўтаришда жуда зўр аҳамиятга эга бўлди ва у ўзининг бу ишларини Ўрта Осиёга ўтказишда янада омади юришди. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Ўзбекхон Ўрта Осиёда барча маданий бойликка эга бўлганлиги сабабли Марказий Осиё ва Туркияда Русия томонидан босиб олинган туркларни жамловчи нўғай номи билан аташгани каби, у Шайбонийхондан анча олдин Волга ва Ёйиқ дарёлари бўйлаб яшаб келган юртдошлари ҳамда диндошларини жамловчи бир ном билан «ЎЗБЕК» деб аташган.

Ниҳоят, «ўзбек» деган сўз қайси маънони билдиради деганда, энг аввало шуни айтиб ўтиш керакки, бу сўз «ўз» ва «бек» сўзларидан иборат бўлиб, шулардан биринчиси асл, ажойиб, таги мустаҳкам, иккинчиси эса бек, сардор маъносини билдиради. Демак, бу сўзнинг том маъноси «Асл-бек»дир. Ўзи аслини олганда «ўзбек» деган сўз анча аввал туркийлашган ва мажорлар Оврупога келмасдан олдинроқ ҳам ишлатилган. XI—XII асрларда бу сўз шахсий ва қабила номи сифатида маълум бўлиб, буни учратилган манбалардан кўриш мумкин.

Биз «ўзбек»сўзининг келиб чиқиши ва маъносини маълум даражада текшириб кўрганимиздан сўнг, биринчи навбатда Шайбонийхон бошчилигида XV аср охирларида Шимолий Орол ва Ёқсартдан ёриб ўтган ва Мовароуннаҳрни истило қилишга киришган ўзбеклар қайси туркий халқлар ёки қабилалардан иборат бўлганини ўрганиб чиқишимиз мумкин.

Шу нуқтаи назардан қараганда, биз мутлақо аниқ маълумотга эга бўла олмаймиз, лекин қўлимизда Берёзин томонидан нашр этилган ва ўрис тилига таржима қилинган «Шайбонийнома» ва мен олдин айтиб ўтган «Шайбонийнома» достони бор. Унда ўзбеклар ҳақида бирмунча маълумотлар мавжуд.

Айтиб ўтилган асарларнинг биринчисида дастлабки жангларда ўзини кўрсатган қаҳрамонлар ва шулар ўртасида қуйидаги шахсий исмлар ва қабила номлари эслатиб ўтилган:

Шайх Мурод мажорлар қабиласидан (мажор кўп марта эслатиб ўтилган, бу- мадёрларнинг осиёча номи, бу ерда яна қабила номи — қабилага тааллуқлилик маъносида ишлатилган —Ҳ. Вамбери), Али Мардон уйшун қабиласидан. Мамиш татарлар қабиласидан, Минқай уйғурлар қабиласидан, Мишри (Мисри) Али қўнғирот қабиласидан, Бек Ота салур қозоқ (қочоқ) қабиласидан (эслатмаси билан: узоқ Туркистондан — Ҳ. Вамбери) ва ҳоказолар.

Айни вақтда бошқа жойларда яна дўрмон, ямалиқ, отажи, қиёт, найман каби қабилалар ҳам эслатилади. Буларнинг ҳаммаси Шайбоний Муҳаммадхонга қўшилишган ва «ўзбек» деган номни қабул этишиб, хонликларни истило қилишда қатнашишган.

Ва ниҳоят, Шайбоний қўшинлари қаерданлигини билмоқчи бўлсак, бу асарларда баъзилари чўлнинг узоқ шимолидан эканлиги, иккинчилари Хатайдан (яъни Хитойдан), учинчилари Чимбойдан (яъни Оқсув дарёсининг тармоқланган мансабидан, у ерда ҳозир қорақалпоқлар яшашади) эканлигини кўрамиз. Бундан Шайбоний Муҳаммадхон қўл остида турк элининг хилма-хил вакиллари бирлашган деган хулоса чиқариш мумкин.

Лекин иккинчи манба — «Шайбонийнома»нинг Шайбоний Фарғона шимолида мўғулларга қарши юриши ҳақида гап бораётган жойида қуйидаги қабила номларини кўришимиз мумкин: сийиут, қиёт, қўнғирот, боркут, манғит, найман, дўрмон, ушун, қушчи, жалойир, қорлиқ, сулдуз, нукус, татар — ҳаммаси бир тилда гапиришади, ҳаммасида бир хил исмлар ва бу исмлар бугун қирғиз, қорақалпоқ, туркман ҳамда улар ўзларини бир овоздан ўзбек деб аташган.

Биз бу ерда уларнинг келиб чиқиши турли хил эканлигини кўрсатдик. Шу хабарларга қўшимча тарзда яна алоҳида эслатиб ўтилган тушунчалар ҳам бор, «ЎЗБЕК» деганда – бу ернинг халқлари эркин, ва ҳеч кимнинг ҳукмронлиги билан енгилмаган, шаҳарлар қурган, деҳқончилик қилган, боғ яратган ва чўлларда кезган, масалан, қирғиз халқини, қозоқ элини ҳам тушунса бўлади.

Бундан кўриниб турибдиқи, Шайбонийхон билан Жанубга чиққан турклар Мовароуннаҳрнинг жанубида ва шимолида жойлашган туркий элнинг хилма-хил табақаларидан йиғиб олинган ва уларнинг ҳаммаси жамловчи «ўзбек» деган номни қабул этишган, чунки буларнинг ўртасидаги етакчи кучнинг сиёсий ва оммавий номи «ЎЗБЕК» бўлган.

Бу ўзбеклар XVI асрнинг бошларида ўз сардорлари билан Оқсув дарёси атрофида жойлашган ва уларнинг шу ерда олдиндан яшаган турклар билан аралашиши натижасида Марказий Осиёнинг бугунги ўзбек халқи пайдо бўлган.

Марказий Осиёда қисман бутунлай ўтроқ, қисман ярим ўтроқ бўлиб яшаган турклар эса турк элининг қайси бир вакили эканлигини ҳозир айтиш жудаям қийин, лекин улар у ерда жуда ҳам қадим замонлардан бери яшаб келаётганлигига ҳеч шубҳаланмаса ҳам бўлаверади.

Марказий Осиёнинг туб аҳолиси, туркийлар бўлган ва бу қадимий шаҳарларнинг жуғрофий номларидан кўриниб турибди. Лекин шуниси ҳам тўғрики, айрим турк қабилалари тарихдан илгари даврларданоқ кўчманчилик билан бирга, ўтроқ маҳаллий халқ бўлиб ўрнашиб қолганлар ва бу қадим замондан маълум бўлган аҳоли яшайдиган жой номларининг туркий оҳангдошлигида кўриниб турибди. Жумладан, Бойканд, Талас (Талас деган сўз қора-қирғиз тилида қароқчилик юришини, талашни билдиради — Ҳ. В.). Чоч (соч, яъни бошдаги сочни билдиради — Ҳ. В.), Қўқон хонлигида туркча номланган Оқча шаҳри (сўзнинг биринчи қисми Оқ маъносини билдиради) ва бундай мисоллар кўп.

Албатта, бу ерда турк аҳолиси тасодифан ва кам миқдорда пайдо бўлган деб ўйлаш хато бўлар эди, лекин турк аҳолисининг кўчиб ўтиш йўналишлари шимоли-шарқдан жануби-ғарбгача чўзилиб борган ва улар, биринчи навбатда, пастки ва ўрта Ёқсарт ерларини эгаллашга, шундан кейингина туркий аҳоли Оқсув дарёсининг ўнг қирғоғини топиб яшай бошлаган, деган тахминлар бор. Бу ҳақдаги биринчи тарихий хабарни биз араблар орқали олдик. Улар Оқсувнинг ўнг қирғоғи учун кураш олиб бораётганда у ерда туркларга тўқнашганлар. Лекин қарши ҳаракат қилмай, бу ерларнинг туб аҳолисининг таърифлаб берганлар, холос.

Сомонийлар ҳукмронлиги пайтида бу аҳоли асосан эроний турклардан иборат бўлса, Курхон истилоси ва айниқса Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги даврида бу ер аҳолисининг ҳокимияти асосан туркий қўшинларга суянган. Бу қўшиннинг кўпчилиги ўтроқ ҳаётнинг қулайлигини кўриб, шу ерда қолган ва яшай бошлаган.

Лекин туркий халқнинг Марказий Осиёнинг маданиятига биринчи кучли ва улкан таъсири мўғуллар истилоси пайтида сезила бошлади ва истилодан кейин ҳам сақланиб қолди. Шу даврга келганда, айниқса чиғатойлар ҳукмронлиги пайтида деҳқончилик, саноат ва савдо билан шуғулланиб, шу орқали кун кўриб юрган эроний аҳоли, муболағасиз айтиш мумкинки, қаттиқ зарбага дучор бўлади. Чунки турклар ҳамма жойда устунликка эриша бошлаганлар ва XIV асрнинг иккинчи ярмида Амир Темур чиғатойларнинг охиргисига қарши уруш қилгандаёқ бу кураш Мовароуннаҳрда устун бўлган турк элининг мўғуллар ҳукмронлигига қарши курашига айланган эди. Ўшанда турклар нафақат Ёқсарт, Зарафшон ва Оқсувда, балки Жанубий Кешда ҳам (Шаҳрисабз) ва Хуросонда аксарият кўпчиликни ташкил этардилар.

Энди чиғатойлар деган номга келсак, ҳамма жойда тарқалган турклар бу номни сиёсий ва фахрли ном сифатида қабул қилганлар. Ўзбеклар орасида шу бугунга қадар ўзини чиғатойлар деб атайдиган қабила бор ва уларнинг обрўси шунчалик каттаки, янги хонни тахтга ўтқазганда, шу қабиланинг оқсоқоллари хонни оқ кигизга солиб кўтаришади.

«Ўзбек» деган ном шайбонийлар даврида қандай аҳамиятга эга бўлса, худди шундай мўғуллар даврида «чиғатой» деган сиёсий ном ҳам катта аҳамиятга эга эди. Чиғатойлар даврида Марказий Осиёда турк эли мавжуд бўлиб, туркий тил энг тушунарли тил эди. Бу тил ҳаттоки Оқсув дарёсининг чап кирғоғига ҳам тарқалиб кетган ва Темурнинг катта невараларидан бирининг ҳукмронлиги пайтида Хуросоннинг ўша даврдаги пойтахти — Ҳиротда яшаган туркий гўзаллик шайдоси Алишер Навоий бу ерда гуллаб-яшнаётган форсий маданиятга қарши ўлароқ маънавий кураш бошлашга журъат этган.

Ўзбеклар Марказий Осиёда пайдо бўлишганда бу ерда жуда кўп туркий аҳолини учратганлар. Бу ерлик турклар ҳам худди ўзбеклар каби келиб чиқиши жиҳатидан ҳар хилдир ва биз тасодифан улар керакан, бойқаро, қипчоқ, дўрмон, найман ва ҳоказо қабилалардан эканлигини билдик.

Ўз-ўзидан тушунарлики, улар туб аҳоли билан аралашиб ҳамда турмуш тарзини ўзгартиргани сабабли қурамадирлар. Демак, жисмоний жиҳатдан кучли бўлган халқлардан ташкил топган ўзбеклар десак янглишмаймиз. Лекин асрлар давомида Хуросон ҳамда Мовароуннаҳрда яшаб келиб, форс тили таъсирида бўлган, шунинг учун маънавий жиҳатдан шимолдан ёриб ўтган шафқатсиз қондошларидан устун халқ эса, табиийки, Шайбонийхонни айрим форспарастлар ўша замон маданиятини хароб қилувчи ёвуздек қарши олган.

Албатта, Шайбоний Марказий Осиёдаги ўз ҳукмронлигини темурийларни забт этиб мустаҳкамлади. Лекин бахт унга кулиб боққанда туркий халқлар ўртасидаги обрўси ҳам кўтариларди.

Ҳали Бобур даврида биз уч миллат — мўғуллар, ўзбеклар (хонликлардаги турклар) ва туркийлар (Ёқсарт шимолидаги турклар) ўртасидаги учратган тўсиқлар аста-секин йўқола бошлади ва охирги айтиб ўтилган ном, яъни «ўзбек» деган ном олдин бир қавмнинг сиёсий номи бўлиб келган бўлса-да, бора-бора кўпайиб Шайбоний тарафдорлари томонидан нафақат сиёсий, балки этник номдай қабул қилинди.

Муҳаммад Солиҳ таъкидлаган нарса жуда кўп марта бошқа вилоятларда ҳам такрорланган. Асл ўзбеклар кейин жуда кўп миқдорда Хива, Маймана ва Шаҳрисабзда учрай бошладилар, камроқ миқдорда эса Бухорода ва жуда кам Хўқандда учрайдилар.

Бухоро хонлигида ўзбеклар жанубга қараганда кўпроқ учрайди ва ҳамма жойда улар, шаҳарларда ҳам, аммо тоғдагилардан кўра кўра қишлоқларда кўпроқдир. Оқсув дарёсининг чап қирғоғига ўзбеклар аштархонийлар ҳукмронлиги пайтида келиб қолишган, лекин маҳаллий афғонлар билан бўлган доимий тўқнашувлари туфайли улар бирлашиш имкониятини қўлдан бермаганлар.

Фикримизча, биз ўзбекларнинг этнологик алоқаларини анчагина аниқ баён этдик.

Шу бугунгача ўзбек халқининг шажараси тўғрисида турли фикрлар мавжуддир. Масалан, Бёрнс ўзбекларнинг 32 қабиласи ҳақида маълумот беради. Тахминан шунча қабила борлигини мен ҳам ҳар хил ҳудудларда ўзбекларнинг ўзидан эшитганман. Хаников Шарқий манбалардан бирига асосланиб, 9 асосий шажара ва саноқсиз шохобчаларни эслатиб ўтади.

Айни вақтда Хорошхин 92 қабила борлиги ҳақида гапиради. Лекин у янглишиб, «ўзбек» деган жамловчи ном билан ҳамма туркларни белгилаган, шу жумладан нўғайларни, қирғизларни, туркман ва ҳоказоларни ҳам ҳисобга олган. Лекин маълумотларнинг ҳар хиллиги ўзбекларнинг уруғ-аймоқ муносабатлари нақадар ранг-баранглиги ва бу уруғ-аймоқларда бугунга қадар туркий халқнинг ҳамма қабилавий, қавмий номлари йиғиб олинганлигини кўрсатади.

Энг аввало туркий халқнинг этнологиясидаги чигал масалаларни аниқлашимиз лозим. Лекин биз бундай даргумон масалалардан бош тортиб ва тарихий далилларга асосланиб, туркий халқнинг ичида ҳақиқий ўзбек деб, Шайбоний истилоси давридан бошлаб, охирги уч аср давомида Бухоро, Хива ва Балх хонликларида ўзбеклар сифатида тарихдаги тутган ўрнини ҳам ва ўзбеклар сифатида олдинги сиёсий номни бугун этник номдай қабул қилганларини ҳам ҳисобга олишимиз керак.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, биз ўзбеклар деб қисман бутунлай, қисман ярим ўтроқ бўлган Хива, Бухоро ва Оқсув дарёсининг чап қирғоғининг туркларини тан олсак бўлади.

Шу билан бирга, умуман олганда қуйидаги жуғрофий бўлиниш эслатиб ўтилади:

Хива хонлигида Оқсув дарёсининг чап қирғоғидаги аҳолиси, туркман ва айрим сартларни ҳисобга олмаганда, шаҳарларда бутунлай ҳаммаси ўзбеклар, Бухоро хонлигида Зарафшон дарёсининг икки қирғоғидаям, жанубий ва ғарбий ҳудудларидаям ўзбеклар аксарияти деҳқончилик билан шуғулланаётган аҳоли ҳисобланган.

Шунга ўхшаш аҳволни Бухорога қарашли Шаҳрисабзда ҳамда Афғон ерида ҳам ўзбеклар ҳукмронлиги остида яшайдиган Қундуз, Худм, Оқча, Шибирғон, Андхўйва Майманадаги ўзбекларда ҳам кузатса бўлади.

Айрим қабила-қавмлар гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда кўпроқ, баъзи жойларда камроқ, масалан, қўнғирот, уйғур, қипчоқ, нукус, очамайли ва ҳоказо қабилалар Хивада кўпроқ, кенагас Шаҳрисабзда, минглар Майманада, найманлар Қаршида айниқса жуда кўпдир.

Лекин бу қабилаларнинг барча аждодлари бошқа жойларда учраши эҳтимоли ҳам бор. Бу ҳолда қабилаларнинг бирлиги анчадан бери туркман ва қирғизларникидай аҳамиятга эга эмас ва мен хивалик ўзбек — қўнғирот Ўрта Ёқсартлик ўзбек — қўнғирот билан яқин қариндошлигини лоқайдлик билан муҳокама қилганлигининг гувоҳи бўлганман. Лекин бу ҳам мутлақо ажабланарли эмас.

Иқлим, одат, ерга муносабат ҳар хиллиги ва айниқса ўзбекларда намоён бўлган тожик, сарт, форс, афғон қонлари уларда ўзига хос ҳар хил фазилатлар қолдирган ва бу хусусиятлар фақат ўзбекларга хос эмас.

Агарда хивалик ўзбекни тасвирлай бошласак, энг аввало шуни кўрамизки, Оқсув дарёсининг пастки оқимида яшовчи ўзбеклар маълум даражада ўзининг Зарафшондаги ва Оқсув дарёсининг чап қирғоғидаги юртдошларидан фарқ қилишади. Чунончи, хивалик ўзбекнинг гавдаси ўрта бичимли, лекин қирғизлардан баландроқ, жуссаси эса туркмандан пишиқроқ бўлса-да, қорақалпоқлардай зуваласи пишиқ эмас ҳамда улардай баланд эмас. Хивалик ўзбекларнинг боши чўзиқроқ, кўзлари чўзинчоқ, бурни тўлишган бўлади, оғзи катта, ияги юмалоқ, ёноқлари унчалик туртиб чиқмаган, терисининг ранги тожикларникидан анча оқроқ, тук қопламаси туркманларникидай кучли ва жигарранг.

Аксинча, бухоролик ўзбеклар хивалик ўзбекларга нисбатан маҳаллий эронийлар билан тез-тез ва жадал аралашганлигининг жонли излари яққол кўриниб турибди. Чунки сочида ва териларида қора ранг хивалик ўзбекларникига нисбатан анча кўпроқ учрайди. Шу билан бирга, қўқонлик ўзбеклардан деярли фарқ қилмайди.

Энг янги этнографик тадқиқотларга асосланиб, ўзбекни қуйидагича тасвирласа бўлади:

у «ўрта гавдали, озғин ёки истисно тариқасида жуда семиз, териси силлиқ, буғдой ранг, сочи қора, малла ва камдан-кам қизғиш-қўнғир бўлади, соқоли қора ва баъзида кулранг ҳам бўлади, бурни кичкина ва тўғри, бурун қанотлари кенг, лаблари қалин ва бўртиб чиққан, тишлари оқ ва жуда соғлом, пешонаси тўғри ва дўнг, қош усти кам билинади, бурун ва лунжи ўртасидаги кесим унчалик чуқур бўлмайди, қошлари ёйсимон, лекин жуда қалин эмас, оғзи катта, ияги йирик, ёноғи чиқиб турувчи, юзи кўпроқ серқирра, қулоғи катта ва ажралиб туради, оёқ-қўли бақувват, гавдаси кучли, балки кўпроқ нозикдир».

Бу ўзбекларни илмий нуқтаи назардан тасвирлашдир, лекин қанчалик кўп ўзбеклар табиатини умумлаштирмайлик бу саволни барибир очиқ қолдириш лозим. Шахсан мен бу умумийлаштиришни Марказий Осиёда яшайдиган ўзбекларнинг ҳар хиллиги учун қабул қила олмайман.

Яшаш тарзи бўйича ўзбеклар ўтроқ ва ярим ўтроқ бўлишади. Ўтроқ ўзбекларни кўпроқ хонликларда учратиш мумкин. Улар деярли фақат деҳқончилик ҳисобига яшашади ва жуда камдан-камлари савдо ёки саноат билан шуғулланади.

Деҳқончилик билан шуғулланадиган ўзбеклар айниқса, Зарафшон, Қашқадарё бўйлаб, Оқсувнинг чап қирғоғи, Хивада кўп учрайди. Бу ерларда ўзбеклар қишлоқ одами сифатида ўз ҳолатининг асл намунасини кўрсатади.

У, бу ерда йўқ бўлиб кетган эроний маҳаллий аҳолида, энг муҳими, ерни суғориш санъатини астойдил ўрганиб олган ва ўз касбига ғайрат ва шижоат билан берилиб ишлайди. Ишида талабчанликни қўлласаям, лекин кўп ҳолларда ўзбек ўз ерининг ғамини ўзи ейди ва кимки далада ибтидоий омочни тортиб юрган оддий, ишини ҳалол бажарувчи қишлоқ одамини кўрса, бу деҳқонни Марказий Осиёни забт этувчи ва ҳақиқий хўжайини деб тасаввур қилиши қийин. Ва айнан шу одам бизнинг вақтгача Марказий Осиёнинг хўжайини бўлиб келди. Чунки шу оддий, омоч тортиб юрган ўзбек, керак бўлган пайтда отга ирғиб мина олади ва қўлига қурол олиб ўзини жанг майдонида кўрсатади.

Аслзодалар ўз белгилари бўйича амалдор аслзодалардир, номлари эса сипоҳ аталиб, улар навкар ёллашлари ва хон лашкарига етказиб туришлари лозим. Хусусан айнан ана шу деҳқон аҳолиси асрлар давомида ўтроқлик ҳаётига қарамай олдинги кўчманчилик ҳаётининг айрим ижобий ҳамда салбий томонларини ҳимоя қилишга тайёр туради.

Улар ҳарбий хизматни яхши фойдаланилмаётган ва қолдириб кетилган ерлари учун ижара ҳақи деб тушунадилар. Шунинг учун ҳам аслида ўзбеклар Хива, Бухоро ва Оқсувнинг чап қирғоғида асл ҳарбий миллат бўлганлар, дея оламиз, фақат охирги ҳудудда ўзбекларга, эҳтимол, янада жангари афғонилар билан бўлган кураш жуда машаққатли кечган ва шунинг туфайли уларнинг қаршилигини енгиш учун бирлашганлар.

Савдога келганда, оғир-вазмин, саноатда эса уларнинг ўрни унчалик билинмайди. Бу ўзбекларга ҳаммадан ҳам айрим қишлоқларга ҳар томонлама баланд девор билан қуршаб олинган ҳовлида енгил кигиздан қилинган чодир ёйиб яшаш ёқади ва айнан шу чодирни у қиш пайтида ҳам қишки уйдан афзалроқ кўради.

Албатта, унга ҳаммадан ҳам чексиз эркинлик берадиган кўчманчилик ёқади. Лекин бунинг учун тегишли жой (ҳудуд) қаерда, шу билан бирга унинг ижтимоий аҳволи ҳам бунга йўл қўймайди. Шу сабабдан бутунлай кўчманчи ўзбеклар сон жиҳатидан оздир.

Кўчманчи ўзбек деганда, бир неча юзтаси Хўжанд ва Жиззах ўртасида чодир ёйиб кўчиб юрадиган деҳқонлар тушунилади ва улар ўзини жуда эркин тутадилар, яна бир табақаси Қарши ва Карки ўртасида кўчманчилик қилган.

Кўчманчи ўзбекларнинг энг катта қисмини эса, эҳтимол, Оқсувнинг чап қирғоғида, бугунги Афғони Туркистонида учратса бўлар, балким. Ярим кўчманчилар бундан анча кўпроқдир, чунки, ҳамма ўзбекларда шундай ҳаёт тарзига мойиллик бўлиб, уларнинг ҳар қайсиси бутун оиласи билан очиқ ҳавода яшашга тайёр. Уларнинг етарли ер-жойи, яйловлари бўлса-да, ва агар ҳосил ўриш ёки бошқа бирорта даладаги иш ушлаб қолишини айтмаса, хонликларда ҳам (вақтинча яшаб туришибди) десаям бўлаверади.

Албатта, шубҳасиз, бу аҳвол янги даврдаги сиёсий ўзгаришларни кўзда тутганда узоқ вақт сақланиши мумкин эмас ва ўзбеклар ўрислар истилоси натижасида ўз қудрати ва ижтимоий обрўсини йўқотгач, тинчгина фуқарога айланадилар ва худди Қозон ва Астрахан татарлари деб ном олган халқлардай батамом деҳқончиликка ёки бошқа тинчгина касбларга берилиб кетади, деб эҳтимол қилиб ҳам бўлмайди.

Бундай тахмин қилишимизга барча ўзбекларда учрайдиган феъл-атвор хусусиятининг анчагина бир хиллиги асос беради ва шуниси таажжублики, бу хусусият сиёсий воқеаларнинг ҳар хиллигига ва ўзбекларнинг келиб чиқишлари турлича бўлишига қарамай ҳар доим уларнинг ўзбеклиги билиниб туради.

Бу халқнинг ижобий, маънавий томонлари энг аввало уларнинг очиқ кўнгиллиги, мардлиги, жиддийлиги, ҳақиқий туркий ҳимматга эгалигида яққол кўзга ташланиб турибди. Бу нарса улар билан бир хил шароитларда ёнма-ён яшаётган бошқа халқларда ҳам кўринади.

Кўпинча маъюсликкача камгап, оғир-вазмин ўзбеклар ўзларининг тожик ва сарт қўшниларидан худди кекса эркак беғам-беташвиш ёш йигитдан фарқ қилгандай ажралиб туради.

Юзидаги мармардай совуққонлик белгилари уларнинг тушунчаси бўйича одоб-ахлоқ намунаси ҳисобланади. Бесўнақайлиги билан руҳий ҳолати мувофиқдир: бир гапни ўйлаб оғзидан чиқаргунча бир қанча дақиқалар ўтади, ўзбек бир сўзни айтгунча тожик қанча гапни қалаштириб ташлайди.

Ўзбек ўйлаброқ гапиришга мойил. У буни табиий деб билади. Жасур сипоҳ садоқатли ва довюрак бўлиб, тўғри гапирадиган, тўғри ҳаракат қиладиган, кўзга тик қарайдиган эркакни мукаммаллик намунаси деб билади…

У биз ҳамма жойда бошқа туркларда кўргандек, давлат ҳимоясини ўз зиммасига олган (орий маҳаллий аҳоли ҳам бунга ҳеч қачон унчалик истак билдирмаган ва бу ишда маҳорат кўрсатмаган), шунинг учун у доим сипоҳлик қилиб юрган ва санъат, масқара хулқидан қадимдан бош тортган, илм ғамини ислом дини билан боғлаган. Бошқа томондан қарасак, ўзбеклар бунинг эвазига айрим ажойиб қадимий одатларни сақлаб қолишган. Масалан, ўзбекларнинг оилавий муносабатларини асл намуна деб ҳисобласа бўлади.

Кўп хотинлилик фақат ҳукмронларга хос ва Хивада Бухоро ва Қўқонга нисбатан анча камроқ учрайди. Ўзбекларнинг ўз хотинига муносабати тожик ва сартларга нисбатан анча яхшироқ, шуниси жуда таъсирлики, ўрта ёшларга бориб қолган фарзандлар ўз ота-оналарига жуда ҳурмат ва эҳтиромли бўлишади.

Ўзи 30 ёки 40 ёшларга бориб қолган ўғил отасининг бир қарашидаёқ чўчиб кетади ва ҳеч қачон отаси бор пайтда чилим чекмайди, биринчи ўтирмайди ва биринчи гапирмайди. Аёллар билан бўлган муносабатларга келсак, ислом ташқи муносабат қоидаларида ғайритабиий қонунларнинг айрим томонларини жорий қилиб қўйган, лекин шахсий ҳаётда эмас, бу эса шуни билдирадики, шахсий ҳаётда ҳамиша қадимий кўчманчилик ҳаёт тарзи ҳукм суриб келади ва бека ўз билганича эркин ва чўлда яшагандай чексиз ва Константинополдаги хонимдай хўжайинлик қилади.

Ўзбеклар эрон-мусулмон маорифи орқали ўтроқлик ҳаёт тарзига кўчганига асрлар ўтган бўлса-да, лекин маориф унинг ижтимоий ҳаётининг ички қисмига озгина таъсир қила олган. Этнологик масалада анча аҳамиятли томони шундаки, улар бугун асосан туркий шевада гаплашадилар. Одатда биз бу шевани чиғатой ёки ўзбекча шева деб белгилаймиз.

Чиғатой номи мўғуллар ҳўкмронлигидан қолган. Умуман олганда, ўзбек тили анча қадимий бўлса ҳам чиғатой тилига пайванд қилингандек таассурот қолдиради. Чунки шимолдан ўтиб келган янги туркий қабилалар хонликларда бўлган туркий халқларга янги тил маълумоти олиб келишган.

Бу текширишларга асосланиб биз буни бир неча аср олдин бўлган шева аралашиш такрори деб кўрсак бўлади, чунки биз олдин эслатиб ўтганимиздай, турк тили жуда қадимда, тарихни вақт забт этмаган даврларда Ўрта Осиё шаҳарларида таниш бўлиб, унинг негизи шимолдан эмас, шарқдан чиққан ҳамда бу турк тилига энг яқин бўлган тил — қирғиз тили эмас, балки қадимий уйғур тили бўлганлигини билдиради.

Шундан кейин қадимда ўтроқ бўлган Марказий Осиё туркларини шарқдан келган деб қўрқмасдан тахмин қилиш мумкин ва кейинчалик шимоли-шарқдан ва шимолдан кўчиб келган турклар тил ва одатларни шу ерда яшаган туркий қондошларидан ўрганиб олганлар ва аста-секин бугунги туркий халқни ташкил этганлар. Марказий Осиёнинг бугунги ўрта турк тили бунга энг муҳим далилдир…

Ўзбек тилининг адабий бойлиги ҳақида гапирганда, шу нарсани тушуниш керакки, уни гуллаб турган форсий адабиёт бўстонида улғайган Навоий, Бобур ва бошқа чиғатой адабиёти билан тенглаштириб бўлмайди. Мен бу ҳақда асарларимда тўлиқ тўхталганим учун бу ерда фақат қисман ўзбек, яъни Ўрта Осиёнинг замонавий турк адабиёти асосини халқ оғзаки ижоди ташкил этишини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бу ижод Марказий Осиёнинг форс адабиёти билан куч синашишни ният қилмаган, у фақат маълум энг зарур талабларга мувофиққина вужудга келган. Бу адабиётнинг катта қисмини диний ҳикоялар ва ҳарбий юришлар тўғрисидаги ҳикоялар ташкил этади. Буларнинг мазмуни қисман мусулмон афсоналаридан, қисман кўчманчилар, айниқса қирғизлар халқ оғзаки ижодидан олинган ва XV асрда хонликлар даврида бироз такомиллаштирилган.

Хивада сарой топшириғига биноан туркийда ёзилган солномалардан ташқари форс ёки арабчадан таржима бўлган тарихий асарлар фақат кам миқдордаги ўқимишли ўзбеклар хонадонларида учрайди. Бошқа ахлоқий-диний асарларда ҳам шунга ўхшаш мавзу такрорланади. Ҳамма жойда бўлгани каби бу ерда ҳам маънавий ҳаётнинг равнақи иқтисодий юксалишга боғлиқ ва буни шу асрдаги мумтоз ўзбек адабиётнинг аҳамияти ҳамда бугунги ўзбек адабиётининг сусайиб кетганлигида яққол кўриш мумкин.

Энди миқдорий маълумотлар йўқлиги сабабли, биз ўзбекларнинг қанчалигини аниқлаб олишимиз керак. Яккаю ягона ишончли маълумотни биз ўрислар ҳукмронлиги остидаги ўзбеклар яшайдиган Марказий Осиёдан олдик ва бу хусусан олдинги Қўқон, Сирдарё вилояти, Зарафшон ва Амударё ҳудудларидир ва бу ерда Костенконинг энг янги маълумотларича 201.972 киши яшаши керак.

Миқдорий маълумотларга кўра, Зарафшон вилоятига (ҳудудига) 140.154 ўзбек тўғри келганини назарда тутсак; бизнинг тахминимизча, бугунгача бўлган 2 миллиондан кўпроқ деб баҳоланган сон жудаям кўп деб бўлмайди. Чунки ўзбеклар сонига форсий тилда гапирадиган Қоратегин, Рошан, Вохан ва Шуғнон каби тоғда яшайдиган аҳоли қўшилгани учун хато қилмасдан Бухоро ҳукмронлигида яшайдиган ўзбеклар сонини 1.000.000 киши деб баҳолашимиз мумкин. Бу сонга яна Хива ҳукмронлиги остида яшайдиган 700.000 ўзбекни, Афғони ҳукмронлигидаги яна 200.000 ўзбекни қўшиб, қўрқмасдан бу халқнинг умумий сони тахминан 2 млн. ҳам ошиқ кишидир дея оламиз.

Ўзбекларнинг одатларига келсак, энг аввало шуни айтиб ўтиш керакки, бунинг ягона шакли ҳақида сўз юритиб бўлмайди. Чунки одамларда уч хонликдаги ҳар хил маданият таъсири бор ва шу билан бир вақтда чўлдан олиб келинган урф-одатлар ўтроқлик ҳаётига сингиши билан озми-кўпми ўзгарган.

Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Оқсувнинг пастки қирғоғида, Шаҳрисабзда ва Оқсувнинг чап қирғоғида яшовчи ўзбеклар Бухоро, Қўқон ва Шарқий Туркистонда яшайдиган қондошларига нисбатан эски турк дунёсининг кўпроқ одатларини сақлаб қолишган.

Ўзбеклар у урф-одат бўйича яшашига қарамасдан, бу одатлар бировнинг кучли таъсири остида бўлмаган. Аслида хивалик ўзбеклар ўз миллатининг энг асл вакилларидир. Буни инкор қилиб бўлмайди. Қадимий Хоразмда ўтмиш маданиятидан келиб чиқадиган айрим удумларни ҳам қадрлайдилар. Бу одамларга тааллуқли бўлган кузатишлар этнографияда жуда катта қизиқиш уйғотади ва биз олдинроқ айтиб ўтганимиздек, энг аввало шуни кўрсатадики, Оқсувнинг пастида, масалан, турклар мусулмон динини қабул қилишдан олдин ўтроқ бўлишган ва қадимий орий дунёқараши турклар томонидан ўзлаштирилган.

Бунга мисол қилиб, Наврўз байрамини, яъни баҳорги тенг кунлик байрами нишонланишини айтиш мумкин. Бу байрам Хива ўзбекларида, форсларида қандай аҳамиятга эга бўлса, худди шундай аҳамиятга эга. Лекин Бухоро ва Қўқонда диний мутаассиблик кучли бўлгани учун аллақачон ўз аҳамиятини йўқотган.

Хивалик ўзбеклар олов устидан ва унинг атрофида худди Ёзд ва Карманадаги гебрлардай сакрашади, агар ёш қиз биринчи марта ўз рафиқининг уйига кирадиган бўлса, уйнинг олдида жинларни ҳайдаш учун олов ёқилади ва бу гулханга ёш қиз орқасини кўрсатиши мумкин эмас, аксинча гулхан олдидан эҳтиром билан ўтиб, янги уйга киради. Яна гулханга тупуриш, ахлат ташлаш ва ҳоказолар худди кўчманчиларникидай ман этилади. Лекин ёруғлик берадиган гулханга, яъни қуёшга бугунги кунларда фақат Хива ўзбеклари сиғинишади, чунки эски одат бўйича қуёш ботганда жуда оғир касаллар ҳам туриб кетади дейишади ва одамлар қуёш нурлари муқаддас руҳий кучга эга деб ишонч ҳосил қилганлар.

Одамлар оловда ҳам шундай шифобахш куч бор деб ҳисоблашади ва оғир касалларни гулхан атрофида олиб юрганларини кўриш ажабланарли эмас. Умуман олганда, нафақат эски оловга сиғиниш одатининг излари, балки бошқа қадимий эрон афсоналари ҳам Оқсув дарёсининг пастидаги туркларда сақланиб қолган. Масалан, Рудапо исмлик сув париси, яъни оқсувлик Лорелея жуда кўп ичакдай бир-бири билан чалкашиб кетган оёқлари бўлган жуда чиройли аёл, Эрон қайиқчиларини минг йиллар олдин қандай қийнаган бўлса, бугун худди шундай Оқсув кема ва қайиқ эгаларига жодугарлик қилади ва даҳшат солади.

Чўлу биёбон, яъни чўл ажинаси Уст-Юрт чўлидаги ўзбеклар ичида қиладиган жодугарликлари ва бебошликларни у Дашти қувирда ҳам, яъни Исфахон ва Язд ўртасида ҳам қилади. Шунингдек, форсий девнинг ёвуз ҳаракати Оқсувнинг бугунги одамларига энг камида қадимий хоразмликларга қандай маълум кўринган бўлса, шундай кўринади.

Бу ва яна бошқа Марказий Осиёдаги исломгача бўлган дунёқарашни XVI аср бошларида Шайбоний орқасидан келганлар ўзларидан анча олдин пастки Оқсувда ўтроқ бўлган турклардан ўзлаштириб олган. Демак, Хоразмда жуда қадим замонда туркий аҳоли бўлган деган тахминимиз анча асослидир.

Кўчманчилик ҳаётидан қолган одамлар ҳақида гапирсак, шуни кўрамизки, улар қайси нуқтаи назардан қарамайлик, ўзгариб ва ўтроқлик ҳаёт тарзига мослашишган.

Ўзбекларнинг кийимлари тожикларникидан газламасининг қалин-қаттиқлиги билан, тузилиши эса унча кенг бўлмаганлиги билан фарқ қилади. Ўзбекка кўпроқ баланд ва қаттиқроқ мўйна телпак ёқади. Бу телпакнинг кўриниши туркманларнинг телпагидан каттароқ. Ўзбек аёлларининг кийиниши тахминан туркман аёлларининг кийинишига ўхшайди, фақат одат бўйича ёш аёлнинг бошига ҳурмат юзасидан бош кийими кийгизилади, лекин шаҳарликлар бу одатга риоя қилишмайдиган бўлишган.

Ўзбекларнинг овқати қўчманчи қондошлариникидан фарқ қилмайди, фақат деҳқон бўлгани учун етарли миқдорда нон ва хамир овқат ейди, таомларига чўл одамларнинг гўштли ва сутли таомларини қўшганда, қирғизлар билан тенглаштирса бўлади. Ичимликлардан чой, бўза, қуртоба (яъни сувда эритилган пишлоқ) ва айрон истеъмол қилади. Унга, айниқса айрон ёқади. Қимиз умуман учрамайди десаям бўлаверади.

Оилавий ҳаётнинг айрим тарзларида кўчманчилик ҳаётининг кўп хусусиятлари сақланиб қолган. Асрлар давомида етиб келган мусулмон динининг риояларига қарамасдан уйланишни ота-оналар ташкил этмайди. Чунки олдин ёшлар бир-бири билан танишишади ва ўзаро муносабат боғлаши мумкин. Совчи хотин эса фақат одоб юзасидан қатнашади. Ота-оналар қалин пулини ёки қалин ўрнига 9 от, мол, қўй, туя ва ҳоказоларни келишиб олгандан сўнг унаштириш учун келин уйида фотиҳа базми бўлади.

Тўй маросимлари бундан кейин тез кунларда ўтади. Тўйнинг биринчи кунини куёв йигит ўн дўсти, келин бўлса, ўн дугонаси ўртасида ўтказади ва ўша куннинг ўзида кечқурун иложи бўлса очиқ ҳавода уларни никоҳлашади. Иккинчи куни бўлса, келинни тушуриш олдидан базмлар давом этади. Ёшларни олиб кетаётганда эркаклар отларда, аёллар араваларда кузатиб келишади ва улар олқишлаб қўшиқлар айтишади ва ҳоказолар.

Тўй мўносабати билан кураш бўйича мусобақалар ўтказилади, от чоптириш ва кўпкарилар бўлади, лекин унда фақат ёш йигитлар қатнашиши мумкин. Аёллар эса, кўчманчилар одати бўйича олдин иштирок этган бўлса-да, ҳозир бу мусобақаларда қатнашмайди.

Бола туғилгандан 40 кун ўтгандан кейин уни йўргакдан (қўндоқдан) бешикка ўтказишади, бир ёшга кирганида у кичкина ғилдиракли аравачага (адак-арава, оёқ учун арава — Ҳ. Вамбери) тушади ва қисқа муддатда ўзи юришки ўрганади. Ўз-ўзидан тушунарлики, ёшлар чўлдаги ҳаётига нисбатан мактабларда қунт билан ўқишади. Чунки ўзбеклар художўйдир ва болаларидан қунт талаб қилишади.

Лекин ўзбеклар ўзларининг диндош биродарларидай мутаассиб эмас ва айниқса уларнинг ўртасида муғомбирлик (мунофиқлик) бўлмайди. Авлиёларга сиғиниш Хива ўзбекларида Бухоро ва Қўқон ўзбекларига нисбатан унча кучли эмас. Маккага борувчилар сони кам эмас, лекин ўзбек ҳожиларига Ўрта Осиёнинг бошқа қисмларига нисбатан унча эътибор беришмайди. Бир сўз билан айтганда, ўзбеклар яхши мусулмондирлар, лекин динга берилишлари бўйича бухороликларга эмас, кўпроқ анатолиялик туркларга ўхшайдилар.

Марказий Осиё ўзбекларининг ҳаётидаги қизиқ нарса, яъни туркий тилда гапирадиган орий маҳаллий аҳолига муносабатидир. Улардан ўзбеклар, тили бир хиллигига қарамасдан, ажралиб туришни афзал кўришади ва ўзбек деганда ҳурматга сазовор бўлган одамни тасаввур қилиб, сарт деганда айёр, ишончсиз одамни тушунгандай, уларга паст назар билан қарашади. Ўзбеклар сартлар билан камдан-кам қариндош бўлади. Агарда сарт ўзбек оиласидан хотин олишга муваффақ бўлса, унинг кейинги авлоди ўзбек деб ҳисобланади…

Сарт деган ном 800 йилдан бери мавжуд. Сартлар бошқа миллат сифатида тожиклардан фарқ қилади, шунинг учун ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, сартлар ўтган минг йиллардаёқ туркий тилда гапираётган ва турклар билан жуда аралашган ҳолда мавжуд бўлишган. Айнан сартлар бошқа орий маҳаллий аҳолиси, яъни тожиклар эмас, турклар билан жуда аралашиб кетишган ва нега турклашиш билан бир маҳалда тили узоқ вақт турклашмаганлиги диққатга сазовор масала бўлиб қолди.

Тарихда бу саволга ҳеч қандай жавоб йўқ, лекин сартларнинг жуғрофий тарқалиши қадимий Фарғона ва Ўрта Ёқсартда зич бўлиб яшаганидан шундай тахмин қилиш мумкинки, улар, яъни сартлар, тарих вақтни забт этмаган бир даврда орий халқининг чегарасини ташкил этишган ва туркларнинг келиш тўлқинлари доимий бўлганлиги сабабли тиллари аста-секин турклашган, лекин уларнинг табиатида, шубҳасиз, орий келиб чиқишларининг излари сақланиб қолган.

Ва, ниҳоят, Марказий Осиё ўтроқ туркий халқлари ўртасида яна қурама халқини ҳам эслатиб ўтиш керак. Улар Чирчиқ, Ангрен соҳилларида (бу дарёлар Ёқсарт ирмоқларидир) яшашади ва кўпинча қирғизларнинг чўлдан сиқиб чиқарилган ва ўтроқлик ҳаётига ўтишга мажбур бўлган қавмидан келиб чиққандирлар.

Кейинчалик улар бошқа турклар ва сартлар билан аралашиб кетганлар, шу бугунга қадар уларнинг сони 50.000 га етади. Чала қозоқларнинг келиб чиқиши ҳам тахминан худди шундайдир. Улар Тошкент округида яшашади. Ижтимоий келиб чиқиши қурамаларникидай, сон жиҳатидан камроқ, лекин аниқ сонини билмайман.

 

Немис тилидан Т. Шодмонов таржимаси.
“Ўзбегим” тўпламидан (1992) чоп этилган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг