Аёл ва армия

0
2389
Фото: www.znak.com

Ҳарбий хизмат ўтаб юрган кезларимда ҳам, пенсияга чиққанимдан кейин ҳам турли учрашув ва форумларда ўтган суҳбатлар давомида ёки фейсбукдаги «личка» орқали, кўпчилик менга мурожаат қилиб, армия билан боғлиқ дардини тўкиб сочган, эътирозли фикр-мулоҳазасини билдирган, ҳозир ҳам билдириб келмоқда. Уларга қўлдан келганча жавоб бериб келганман, бундай буён ҳам шундай иш тутиш ниятидаман.

Берилган савол ва билдирилган эътирозлар орасида аёл кишининг армиядаги ўрни масаласи ҳам бор.

Ижозатингиз билан, савол эгаларининг исмларини ошкор этмаган ҳолда айнан ҳарбий хизматчи аёлларга доир айрим савол ва эътирозларни баён этиб, уларга қисқача жавоб берсам.

Мана ўша савол ва эътирозларнинг айримлари:

Шокир ака, бизда қизларни ҳам ҳарбий хизматга қабул қилишади. Аёл киши ўз табиатига зид келадиган ишларни бажаришини ҳеч тушуна олмайман. Аёл киши эркак киши билан теппа-тенг ҳарбий бўлишга уринмоқда. Қанақасига у ҳарбий бўлиши мумкин?! Ахир аёл киши нозик хилқат эгаси-ку? У эса аёл боши билан эркак ҳарбий бажариши лозим бўлган ишни бажармоқчи бўлади.

Таажжуб, ҳарбий аёллар сочини эркак кишининг сочига ўхшатиб олдириб, эркак ҳарбийлар билан бирга машқ қилишади. Эркак либосида ўзини эркакдай тутишига на ҳожат?! Армияда аёл кишига ўзингни эркак каби тутасан, сочингни эркакнинг сочига ўхшатиб олдир демаса керак?!

Соч турмаги ҳақида сал кечроқ тўхталиб ўтаман, лекин ҳарбий кийим ҳақида шуни айтишим мумкинки, агар мен саф майдонидаги шахсий таркиб олдига ҳарбий хизматчи аёл учун мўлжалланган ҳарбий кийимни кийиб чиқадиган бўлсам, менинг устимдан бугун ўша саф майдонидаги бригада, эртаси куни эса бутун армия ётиб олиб кулади.
Айтмоқчиман-ки, эркак ва аёл ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган ҳарбий кийимнинг бичилиши-ю, тикилиши, айрим элементлари орасида фарқ бўлади. Эҳтимол, савол эгалари ушбу масалада тажрибаси, билими етарли бўлмагани боис, эътибор қаратишмагандир.

Аёлсиз армия – армия эмас!

Буни мен илгари ҳам айтганман, ҳозир ҳам таъкидлаб ўтаман. Қуролли Кучларнинг метиндек сафларида аёл кишининг ўз ўрни бор, Зеро:

– иш юритувчи ҳарбий аёлнинг чиройли дастхати ила юртимиз мудофааси ва хавфсизлигига оид муҳим ҳужжатлар расмийлаштирилади;

– телефон коммутатори ортида ёки радиоэфир шовқини таъсири остида йилдан-йилга, деярли қилт этмай эрта-ю кеч ўтиришга ҳар қандай эркак ҳам дош бера олмаслиги аниқ;

– фронт орти таъминотининг турли соҳалари, моддий-техник воситалар захираларини яратиш, сақлаш, асраб-авайлаш ишларини ҳарбий аёллар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди;

– қудратли ўқ-дори, қурол-аслаҳа тизимлари, турли-туман ҳарбий ва махсус техника тайёрлаш, уларни капитал таъмирдан чиқариш, техник хизмат кўрсатиш жараёнларида ниҳоятда қалтис, юқори аниқлик талаб этиладиган махсус ишлар ва етарлича хавфли амалларни айнан ҳарбий хизматчи аёлнинг нозик қўллари бажаради;

– жанговар таъминот бўлинмаларида ҳақиқий ҳарбий хизмат ўтаётган аёллар ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нима боса олмайди;

– аксарият ҳолларда таъсири ҳар қандай дори-дармон ва тиббий муолажадан ортиқ бўлса, бордир-у, кам бўлмаган – шифокор ҳарбий аёл табассуми, меҳри ва ғамхўрлиги, бир оғиз ширин сўзи яшашдан умидини деярли узиб қўйган ярадор жангчини яна ҳаётга, сафга, юрт ҳимоясига қайтаради.

Шундай аёлларимиз бор экан, ҳар қандай душман бизга чўт эмас.

Ҳарбий хизматчи аёллар деярли барча армияларда, шу жумладан Ислом дунёсига мансуб давлатлар тасарруфидаги қуролли кучларда ҳам ҳақиқий ҳарбий хизмат ўташади. Бироқ бу, ҳарбий хизматчи аёлни эркаклар казармасида ётиб, улар билан тенг окоп, траншея қазийдиган аскар сифатида кўриш лозим дегани эмас.

Шу билан бирга, бир нарсани аниқ тушуниб етмоқ, тасаввур қилмоқ лозим: жанговар ҳаракатлар вақтида душманнинг тайёргарлик кўрган махсус гуруҳлари рақибнинг махфий ҳужжатлари, шифр органи каби объектларини қўлга киритишга ҳаракат қилади. Ушбу органларда эса ҳарбий хизматчи аёллар ҳам фаолият юритади. Демакки, ушбу аёл, аёл боши билан ахборотни шифрлаш органи, аппаратлари ва ҳужжатларини шахсан ўзи (бошқа эркаклар билан бирга, албатта) қурол ва махсус воситалар қўллаб, ҳимоя қила билиши керак. Бу эса, ўз навбатида, аёл кишидан яхшигина жанговар тажрибага эга бўлишни тақозо этади.

Шундай экан, унинг эркаклар билан баб-борабар машқ қилиши жуда тўғри, давлат хавфсизлиги, миллий хавфсизлик ва мудофаа манфаатларида, қолаверса, ўз ҳаётини асраб қолиш манфаатида зарур бўлган ишдир.

Эркак киши довюрак, мард жангчи бўлиши, Ватанини душмандан кўз қорачиғидай ҳимоя қилиши лозимлиги, аёл киши эса рўзғор ишларини юритиб, бола тарбиялаши лозимлигини онгимизга ёшлигимиздан қуйиб келишади. Аммо дунё бир тўнтарилиб олганми, билмайман, аёллар жангчилик касбини ўзи танлаб, ҳарбий санъат масаласида арим эркаклардан устун келадиган замонлар келди.

Ўзимизнинг армиямизни қўйиб, айрим хорижий армияларга назар солайлик.

1. Курд мудофаасининг аёллар батальонини олайлик. Курд милиция отрядлари 2012 йили ИШИД кучларига қарши ҳарбий қисм сифатида тузилган. Ушбу отрядлар, бошқа армияларнинг жангчилари тасаввур эта олмайдиган кўплаб шафқатсиз синовлардан ўтишга улгурди. Аёл киши томонидан ўлдирилган аскарга жаннат дарвозалари ёпиқлиги эса рақибга қаттиқ психологик таъсир ўтказади.

2. Хитой. Махсус бўлинма. Буюк Аждар тасарруфида фақат битта махсус отряд бўлиб, таркибида бирорта бўлсин, эркак йўқ. Ушбу бўлинма қароргоҳи Гонконда бўлиб, шахсий таркиби икк юз кишини ташкил этади.

3. Шведларнинг Лотта корпуси. Мазкур корпус кўнгиллилар қуролли кучлари таркибига киради. Мазкур бўлинма шахсий таркиби давлат ҳудудига сингиб кирган тажовузкорларни йўқ қилиш учун мўлжалланган.

4. Ливия роҳиба-инқилобчилари. Ливия фуқаролар урушидан сўнг, Муаммар Каддафининг сараланган тан соқчилари корпуси тарқатилди. Ушбу аёллар ўзларининг пухта тайёргарлик кўрган, ниҳоятда хавфли мутахассислардан иборат жанговар батальонини тузиб олишган.

Энди ҳарбий аёлларнинг соч турмаги тўғрисида.

Сўнгги ўн йиллик ҳарбий хизматим мудофаа ва хавфсизликка доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тилидаги таҳририни тайёрлаш билан боғлиқ бўлгани боис ҳам, ишонч-ла таъкидлаб ўта оламан-ки, сочни эркакнинг сочига ўхшатиб калта олишга доир талаб армияда, ҳар қалай, ўзбек армиясида қатъий қўйилмаган.
Фикримча, бу аёлнинг шахсий иши. Қолаверса, ўша аёлнинг отаси, акаси, эри бўлиб, улар ижозат беришса керак. Валлаҳу аълам.

Шуни ҳам унутмайлик-ки: Армия – жамият кўзгусидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсам, халқ, миллат ҳаётида қандай жараёнлар рўй бераётган бўлса, армия ҳам ўша жараёнлардан (мафкура, миллий ғоя, урф-одат, расм-русмдан) қуруқ қолмайди. Шундай экан, аёлнинг сочи аёл сочига ўхшаши учун армия миқёсида эмас миллат миқёсида тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Яъни сочи калта аёлларни ФАҚАТ АРМИЯДА кўриш адолатдан эмас.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Ҳарбий пенсионер подполковник Шокир Зокирович Долимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг