АҚШ – Россия- Саудия Арабистони: Ким-кимнинг бурнини ерга ишқаяпти?

0
1999
Фото: РИА Новости, Максим Богодвид

Учбурчак ҳақида машҳур бир теорема бор. Пифагорники. Кўпчилик буни ёддан билса керак: “Катетлар квадратининг йиғиндиси гипотенуза квадратига тенг“. Эсладингизми?

Ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлган сюжетимиз бу қоидага қанчалик тўғри келишини билмадигу, аммо пандемия дунёдаги кўплаб анъанавий теоремаларни ўзгартириб юбормоқда. Бу нефть бозорига ҳам бевосита тааллуқлидир.

Табиийки, бундай ўзгаришларнинг уч бурчагида «қора олтин казиноси»нинг асосий ўйинчилари — АҚШ, Россия ва Саудия Арабистони турибди. Кимнинг “қартаси“ паст келаётгани ҳақида ҳар ким турлича фикрда бўлиши мумкин. Келинг, шулардан бирига, тўғрироғи океан ортидан янграганига эътибор қаратамиз. Шундан сўнг балки кимлардадир қарашлар мутлақо ўзгача маъно касб этиб кетиши ҳам мумкин.

Бундан олдин бир нарсани таъкидлаб олайлик: тождор вирус ўпкаларни зарарлашни ҳамон тўхтатгани йўқ. Аммо шундай пайтда ҳам дунёнинг энг йирик икки иқтисодиёти — АҚШ ва Хитой ўзаро даҳанаки жангга тобора жадал киришиб кетмоқда. «Нефть корчалонлари» эса ҳамон келишолмай ҳалак. «Бу кетишда яқин минг йилликда муросаи мадора бўлиши ҳам амримаҳол. Чунки бир қозонда икки қўчқорнинг калласи қайнамайди» дейдиган одам йўқ.

Биз эса юқорида ваъда қилганимиздек, Атлантиканинг нариги соҳилида айтилган ёндашувни шарҳлаб берамиз.

“Россия нархлар урушида барибир Саудия Арабистонига ён берди. Энди эса тарвузи қўлтиғидан тушиб, йўқотганларини тиклашга бекорга уриниб ётибди“, — деб ёзади The Washington Times.

Қайд этилишича, бунинг оқибатида Кремль ҳатто Беларусь билан ҳам ҳисоб-китоблар масаласида келишолмай қолди. Бундан фойдаланган АҚШ эса Лукашенко томонларга нефть етказиб беришни бошлаб юборди. Албатта, жуда кўп эмас. Аммо Вашингтон шу ишни бошлаганинг ўзиёқ манфаатлар посангисида маълум оғишлар бўлаётганини кўрсатади.

Энди энг қизиқ жойига келяпмиз: Вашингтондаги газетада чиққан мақола муаллифи журналист эмас, ҳатто иқтисод ёки молия соҳасидаги эксперт ҳам эмас. У МРБнинг собиқ тезкор ходими, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Европадаги разведка операциялари ўтказиш бўйича катта тажриба тўплаган Сэм Фэддисдир. Нега айнан айғоқчи ушбу мавзу учун қўлига қалам олгани эса сизу бизга қоронғу.

Faddis: The main issue in the intelligence community is that we ...

Бироқ Россия-Саудия ўртасидаги нефть урушини ёритишга киришган кўплаб русийзабон ёки россияпараст оммавий ахборот воситалари бундан аввал арабларнинг меросхўр шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон гўёки дунё бўйича нефть етказиб беришни тўлиғича ўз назоратига олишга уринаётгани ҳақида кўп ёзишди. Бундан кўзланган мақсад АҚШнинг сланец қазиб чиқариш салоҳиятини йўққа чиқариш экан.

Фэддисни эса айнан шу аргумент мақола ёзишга мажбур қилган кўринади. Боиси, у юқоридаги қарашни «Путинча пропаганда ва дезинформация» деб атар экан, аслида ҳаммаси бошқача эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилади.

«ОПЕКнинг март ойидаги йиғилишидан олдин саудияликлар коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётини қандай аҳволга солаётганини кўриб, нефть қазиб чиқарувчи мамлакатлар, жумладан, Россияга ҳам “қора олтин» қазиб чиқариш ҳажмларини сезиларли даражада камайтиришни таклиф этди.

Аммо руслар ОПЕК давлатлари ўртасида қазиб чиқаришни кунига бир ярим миллион тоннагача қисқартириш бўйича келишув мавжуд бўлишига қарамай, бу таклифни рад этишди. Улар нафақат қазиб чиқаришни қисқартиришдан бош тортишди, балки бу ҳажмларни оширишларини эълон қилишди. Бу Америка сланец тармоғининг бозордаги улушини тортиб олишга бўлган яққол уриниш эди», — дея мулоҳаза юритади муаллиф.

Фэддис ҳатто Москванинг ўзи нархлар урушини бошлагани ва қаттиқ қоқилганини қатъий тасдиқлайди. Сабаби саудияликлар ҳам уларга ўзлари каби нефть қазиш ва бозорга чиқариш ҳажмларини ошириш йўли билан жавоб қайтаришди.

“Саудияликлар Путиннинг провокациясига учишмади ва оқибатда Россия катта йўқотишларга учради“, — давом этади собиқ разведкачи.

Унинг сўзларига кўра, бунга бозор методлари асосида жавоб беришга қодир бўлмагани учун Москва яна эски усулига мурожаат этди — пропаганда.

Собиқ МРБчининг фикрича, бу ҳам русларга фойда келтирмайди. У ҳатто бу борада прогнозларини ҳам билдириб ўтади. У Россиянинг бундай «ташвиқот-тарғибот машинаси» унинг Яқин Шарқдаги сиёсатига таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди.

“Пул маблағлари тақчиллигини ўзида ҳис этаётган Москва Сурия ва бошқа жойлардаги қўшинларини таъминлай олмайди. У Суриядаги ўз базаларини сақлаб қолишга бекорга уринишни бошлайди, чунки бунинг учун қилинадиган харажатларни борган сари унинг чўнтаги кўтармай қолади», — деб ёзади Фэддис.

Муаллиф, саудияликларнинг нефть қазиб чиқаришни камайтиришга оид таклифини бошида рад этган Кремль кейинчалик бунга рози бўлгани, ҳатто қазиб чиқаришни жиддий камайтиришни бўйнига олгани ҳақида яна бир бор тўхталар, булар энди бефойда эканлигини қайд этади. Чунки унинг фикрича, поезд ўтиб кетган, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказиб бўлинган эди.

“Бутун Россия бўйлаб нефть қудуқлари нафақат ёпиляпти, балки муҳрланмоқда. Эҳтимоли билан, абадийга», — дейилади мақолада.

Ўз навбатида Фэддис АҚШнинг Беларусга нефть етказиб беришини ғурур билан тарихий воқеа деб атайди.

Унинг айтишича, бу собиқ иттифоқ сателлити устидан ўз ҳукмронлигини сақлаб қолишга уринаётган Путинга нисбатан тўғридан-тўғри чақириқдир.
Фэддис бутун олам Россия келтириб чиқарган жуда қисқа ва шиддатли иқтисодий урушга гувоҳ бўлгани, лекин бу уруш Россиянинг ўзига чоҳ қазигани, нефть стратегиясини боши берк кўчага киритиб қўйганини таъкидлаб ўтган.

“Бизнинг саудиялик иттифоқчиларимиз шунчаки улардан қўлини ювиб қўлтиғига уришди. Американинг нефть қазиб чиқариш тармоғи эса ҳамон кучли. Биз энергетика мустақиллигига эгамиз. Шунга яраша энди Россиянинг остонасида Россиянинг нефть экспортига зарба беряпмиз“, — деб ёзади у.

Бу билан у қандай яхши разведкачи бўлган бўлса, шундай яхши «журналист» эканлигини ҳам кўрсатиб қўйгандек. Чунки унинг мақоласидаги ўткирлик ва пропаганда Кремлнинг ташвиқот сиёсатидан асло қолишмайди. Бу шубҳасиз.

Сиз-чи, муаллиф фикрига қўшиласизми ёки уни юқори эшелон ҳокимият вакилларининг адоқсиз ўйинидаги бир ўйинчоқ деб ҳисоблайсизми? (У деганда муаллиф ҳам, мақолани ҳам тушуниш мумкин, танлов ихтиёрий, албатта).

Манба

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг