Фаластиннинг азалий душмани бўлган Исроил бу давлат иқтисодининг ривожига катта тўсиқ бўлиб келган. Айниқса, Исроилнинг сув чекловлари Фаластин қишлоқ хўжалигидаги фермерларга жиддий таъсир кўрсатди. Наблус шаҳрида истиқомат қилувчи Маъруф Рабба кўплаб Фаластин фермаларининг аҳволи яхши эмаслигини кўриб, деҳқончиликда кам ресурс талаб қилувчи усулни ўргана бошлади. Бу усул аквапоника деб аталиб, у орқали сувда ҳам ўсимликлар ўстирилади, ҳам балиқ етиштирилади. Ҳозирда унинг «Petrichor Aquaponics» компанияси 80 квадрат метрли иссиқхонага эга. Бу лойиҳа маҳаллий ва халқаро миқёсда фермерлар ва потенциал инвесторларнинг эътиборини тортмоқда. “Одамлар энди аквапоника ҳақида кўпроқ маълумотга эгалар. Фаластинда сиёсий, экологик ва атроф-муҳит муаммолари, айниқса сув етишмаслиги туфайли қишлоқ хўжалигимизда кўплаб қийинчиликларлар мавжуд», дейди асли касби ҳисобчи бўлган Рабба. Аквапоникада оддий қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган сувнинг атиги 10 фоизи талаб этилади. Иссиқхоналар улкан балиқ кўлларига айлантирилади, у ерда балиқ ва ўсимликлар ўзаро боғлиқ равишда яшайди. Балиқ чиқиндиси ўсимликларга ўғит сифатида ишлатилади. Ўз навбатида, ўсимликлар сувни тозалайди ва уни қайта ишлатиш мумкин бўлади.
«Биз ҳеч қандай кимёвий воситалардан фойдаланмаймиз», дейди Рабба. Исроил чекловлари туфайли ушбу тизим учун четдан ускуналар олиб кела олмаган Рабба, уларни ўзи лойиҳалаштириш ва ясашни ўрганди. «Менинг бошқа севимли машғулотларим электроника ва дастурлашдир», деди у. Масалан, помидорга кунига саккиз соат қуёш нури керак, шунинг учун, асосан қишда, экинлар етарли ёруғлик олишини таъминлаш учун LED ёруғлик тизими зарур. 2019 йил охирига келиб, унинг компанияси ҳозирги фермасидан уч баравар катта бўлган жойга кўчиб ўтади. «Мен кам учрайдиган маҳсулотлар, масалан, табиий доривор ўсимликлар ва сафрон етиштирмоқчиман. Агар сиз ушбу ўтларни анъанавий деҳқончилик орқали етиштирсангиз, бу қимматга тушади, аммо менинг усулимда ҳам арзон, ҳам табиий маҳсулот етиштириш мумкин», дея аквапониканинг афзалликларини таъкидлади кашфиётчи.
У, шунингдек, Наблус ғарбидаги сув ва электр мавжуд бўлмаган олис қишлоқларда ферма қуришни режалаштирмоқда. “У ерда жуда яхши иқлим бор. Мен сув олиб келаман ва электр энергияси учун қуёш батареяларидан фойдаланаман. Фермер хўжалигида мустақил ишлашга имкон берадиган ақлли тизим бўлади. Экинларни етиштириш билан бир қаторда, у янги аквапоник тизимларни синаб кўриш учун тажриба майдони бўлади”. Бу кашфиётчининг ишини ҳақиқий тадбиркорлик ва оз имкониятдан максимум фойдаланиш деса бўлади.