8 июнь куни Янги Зеландияда коронавирусга чалинган сўнгги одам тузалди ва мамлакатда бирорта ҳам бемор қолмади.
“Ушбу муҳим ҳодиса ҳақиқатда жуда яхши янгилик бўлди ва бу бутун Янги Зеландияликларнинг ютуғидир. Мамлакатимизда 28 февралдан бери илк бор коронавирусга чалинган бирорта ҳам бемор қолмагани бизнинг бу касаллик билан курашдаги муваффақиятимизни кўрсатади. Аммо, COVID-19 га қарши ҳушёрликни сақлаб қолишимиз муҳимдир”, дейди Соғлиқни сақлаш департаменти бош директори Ашли Блумфилд.
Янги Зелндиянинг коронавирус пандемияси давридаги ҳаракатлари халқаро миқёсда мақтовларга сазовор бўлди. Бу ерда етти ҳафталик қатъий карантин чоралари бўлиб ўтди.
Янги Зеландияда умумий ҳисобда 1154 киши коронавирусни юқтириб олди ва уларнинг 22 таси вафот этди.Мамлакатда 17 кундан бери янги касалланиш ҳолатлари кузатилмаяпти.
Соғайиб чиққан охирги бемор ҳақида маълумотлар ошкор қилинмади. Аммо, тахминларга кўра, у Окланддаги қариялар уйида яшовчи эллик ёшлар атрофидаги аёлдир.
“Беморда сўнгги 48 соат ичида касаллик аломатлари аниқланмади ва у тузалди,деган хулосага келинди. У ҳозирда изоляциядан чиқарилди”, дея хабар берган Соғлиқни сақлаш департаменти.
Энди Бош вазир Якинда Ардерн Янги Зеландияни вирус хавфлилиги бўйича биринчи босқичга ўтганини эълон қилиши кутилмоқда.Бу босқич вирусга қарши курашда ишлаб чиқилган тўрт босқичли тизимнинг энг паст кўриниши ҳисобланади. Ушбу ўзгаришларга биноан,мамлакат чегаралари ёпиқлигича қолади. Аммо,оммавий йиғилишларга қўйилган таъқиқ ва ижтимоий масофани сақлаш мажбурияти бекор қилинади.