Янги йил байрами қандай байрам?

0
8873

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ!

Ҳар бир байрамнинг ўз тарихи бор. Ҳар бир воқъелик инсонлар эътиборига кўра шарҳ талаб этади. Бундай шарҳлар ишонарли бўлиши учун воқъеликни аниқ далиллар(факт ва аргументлар) орқали ёритишни талаб этади. Агар шундай қилинса нега? Қандай қилиб? Наҳотки?, деган саволларга ўрин қолмайди.

Аммо воқъеликнинг аслиятини англаш учун ҳамма ҳам ботина олмайди. Чунки айтилган фикрга доим қарши чиқадиган, ғайрлик билан муносабатда бўладиган, фитналар чиқаришга уринадиган кимсалар доим топилади. 

Айрим инсонлар эса ўз тийнатига кўра, ўзи бажараётган ишнинг маъно мазмунига чуқурроқ кириб кўришни ҳам хоҳламайди. Бу тоифа кишилар воқъелик мазмунини англаб етмаган ҳолда турли урфларни хурсанд бўлиб бажариб юради. Уларга бажараётган ишларининг мазмунини тушунтираман десанг, тўмтоқ онги билан фикрингни ножўяга чиқаради.

Аммо яна бир тоифа одамлар борки, ҳар бир ишнинг, воқеанинг мазмунига эътибор беради. Фасоҳат ва фаросат билан ёндошиб, сабаб ахтаради. Бажараётган иши хайрли бўлса бажаради. Акс ҳолда ундан тийилади. Шундай инсонларга кўмак бўлсин учун ушбу “янги йил” ҳақидаги мақолани ёздик, Аллоҳ хайрли қилсин!.

Янги йил байрами қандай пайдо бўлган?

Янги йил илк бора Римда Юлий Цезарь томонидан жорий этилган. Цезарь милоддан аввалги 46 йилда янги Юлий тақвимини қабул қилди. Янги тақвим бўйича биринчи ой римликлар худоси ЯНУС номи билан “январь” деб аталди. Ва Янус шарафига илк янги йил байрами ўтказилди. 

Янус – римликларнинг кўплаб худоларидан бири бўлиб, римликлар уни қўшюзли қилиб тасвирлашган. Бу илоҳнинг бошида иккита юз бўлиб, биринчи юзи олдига, иккинчиси орқага қараб турган. 

Шу сабабли насронийлик дини илк тарқалган даврда Исо алайҳиссалом қавми бу байрамни нишонлашмаган, аксинча кўпхудолик дини асорати сифатида унга қарши бўлишган. 

Сўнгра бу байрам аста-cекин Римга тобе халқлар орасида тарқалиб, қадрият сифатида шакллана борган. Сўнгра Юнонистон, Миср, яқин шарқ мамлакатлари ва Европанинг жанубий ҳудудларида кенг ёйила борган.

Россияга янги йилни Европадан Петр I олиб келган. Айнан унинг фармони билан 1700 йилдан бошлаб янги йил расман нишонлана бошлаган. Унгача Руслар ҳам янги йилни 21 мартда нишонлашган. Энг қизиғи шуки, унда Руслар янги йилни кундузи нишонлашган.

Ичкиликбозлик, айш-у ишрат қилишмаган. Аксинча сайллар ташкил этилган. Турли мусобақалар ўтказишган. Кўчатлар экишган. Одамлар янги йилда ерларни ўзлаштириш, деҳқончиликни йўлга қўйиш бўйича маслаҳатлар қилишган. (М. Задорновдан олинди)

Янги йил байрами Совет даврида ҳам анча баҳсларга сабаб бўлди. Маълумки 1919 йилдан Советлар григориан тақвимига ўтишди. Аммо янги йил байрами таъқиқланмади, аксинча григориан тақвими асосида нишонлана бошланди.

Бироқ Совет ҳукумати томонидан янги йил расман тан олинмаган. 1930 йилдан то 1947 йилгача 1 январь оддий иш куни ҳисобланган. Фақат 1947 йилга келиб СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан 1 январь байрам куни, деб эълон қилинган. 

Янги йил тимсоллари

Янги йил байрами тимсолига айланган Арча шимол халқлари учун муқаддас саналгани учун байрам таркибига киритилди. Аслида эса қадимдан шимол халқларида арча культига сиғиниш, байрамларда унинг атрофида айланиб тилакларини айтиш одати мавжуд бўлган. Шимолликларда қиш даврида мева ва бошқа маҳсулотлар тақчил бўлгани учун Арчани турли мевалар, ўйинчоқлар билан безатиш ҳам урфга айланган. 

Қорбобо ва Қорқиз образлари ҳам қадимги славян афсоналари қаҳрамонлари саналади. 

Қорбобо ёки Аёзбобонинг илк образи славянларнинг миллий динлари таъсирида шаклланган. Қорбобо қадимда қиш ва аёз илоҳи саналган. Руслар Насронийликни қабул қилгач, кўпхудолик элементи сифатида таъқиқланиб ундан воз кечилган. Аммо 18 -асрга келиб славянлар онгида муҳрланиб қолган илоҳ, янги йил байрами баҳонасида мўжизавий ишларга қодир, меҳрибон ва сахий қаҳрамон сифатида қайтиб келган.

Ўзбекистонда янги йил қачондан нишонланади?

Манбаларга кўра ўзбеклар орасида бу байрам 19 асрдан бошлаб нишонлана бошланган. Ўзбекистонда “янги йил байрамининг Рус варианти” нишонланади. Истилочи руслар билан янги йил кириб келган илк даврда маҳаллий аҳолида янги йил байрамини ўтказишга нисбатан нафрат кучли бўлган. Шу сабабли янги йил байрами Чор Россиясининг хос табаалари, русофиллар ва русларнинг хизматида бўлганлар орасида яширинча нишонланган. 

Йиллар ўтиб Россия билан алоқалар мустаҳкамланиб, аҳоли интеграцияси ривожланиб, маданиятлар уйғунлашиб боргани сари янги йилни нишонловчилар сони ҳам ошиб борган. Айниқса Совет даврида маҳаллий аҳолининг Россия ўқув юртларида таълим олиб қайтган вакиллари орасида бу байрамни ошкора нишонлаш холатлари байрамнинг кенг оммалашувига олиб келган. 

1947 йилда СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан 1 январь куни байрам куни деб эълон қилингач эса, Ўзбекистонда янги йил расман нишонлана бошланган.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида эса, янги йил деярли ҳар бир хонадонда, ташкилотларда кенг нишонланиши кузатилади.

1991 йилда Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилингач ҳам янги йил байрами расмий байрам сифатида сақлаб қолинди. 

Янги йил ва Рождество байрамларининг фарқи нимада?

Ҳозирги кунда ўзбеклар орасида янги йилнинг Римликлар илоҳи ЯНУС шарафига жорий этилганлигини биладиганлар жуда кам. Аксинча мутлақ кўпчилик бу байрамни насронийлар байрами, деб биладилар. Соф эътиқодли насронийлар бу байрамни расман нишонламаслиги, аксинча қарши эканлигини эса билишмайди.

Насронийлар нишонлайдиган байрам эса “Рождество” бўлиб, бу байрам ўзбек тилида “мавлуд куни” деб аталади. Унда Исо алайҳиссалом туғилган кун байрам қилинади. Рождество янги тақвим бўйича католиклар ва протестантларда 25 декабрда, Рус, Серб, Арман-григорян, шарқий католик черковларида эса юлиан тақвими бўйича 25 декабрь – янги григориан тақвими бўйича 7 январда нишонлашади. 

Аслида Исо алайҳиссаломнинг мавлуд кунини нишонлаш ҳам жоиз иш эмас. Чунки Исо алайҳиссаломнинг ўзи ҳеч кимни бу ишга буюрмаган. Балки мавлуд кунини нишонлаш ўша давр насронийлари томонидан Римликларнинг 25 декабрда нишонлайдиган Қуёш худоси кунини омма онгидан фориғ қилиш учун таъсис этилган.

Хулоса ўрнида

Янги йил байрамини нишонлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Кимдир уни нишонласа қаршилик қилинмайди. Ушбу билдирилган фикрлар холислик билан “тафаккур қилувчилар” учун ёзилди. Эътиқод мусаффолигини ҳис қилмайдиган фосиқ кимсалар буни англамасалар балки танқид қилар. Тортиниб ёки кимдандир чўчиб фикримизни билдирмаслик бизнинг тийнатимизда йўқ. 

Қолаверса бу ерда келтирилган ҳеч бир фикр янгилик эмас. Барча аргументлар аниқ тарихий манбалар асосида йиғноқланди ва ўқувчи учун ихчам холда берилди.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Муаллиф: АНВАР БЎРОНОВ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг