Яхшилик қилиш қўлингиздан келмаса, ёмонлик қилишдан тийилинг!

0
1105
Фото: stihi.ru

Ёхуд «Бизникилар ўзбек ота ва болага яҳудийча дўппи кийдириб қўйишганми?» сарлавҳаси остидаги постга раддия

Дунё бўйича санъат соҳасида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам анимацион фильмлар ишлаб чиқариш долзарб масала саналади. Чунки, мультипликацион фильмларни ишлаб чиқариш кўп вақт ва маблағ билан бирга, малакали мутахасссисларни, аниқроғи қобилиятли, иқтидорли ва умуман талантли ижодкорларни талаб этади. Агар шу учала ресурс бўлмаса, амалда ҳеч қандай анимацион фильм тайёрлаб бўлмайди. Албатта, жараёнлар давомида анимацион фильмнинг жозибордорлиги учун яхши сценарий, актёрлар, яхши бастакорлар ва ҳ.к. мутахассислар ҳам керак.

Гарчи бугун Ўзбекистонда миллий анимацион фильмлар архивини тўлдириш, айниқса, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган мазмунли, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган контентлар билан бойитиш долзарб муаммо бўлиб қолаётган экан, буни ҳал этиш учун хизмат қилаётганларни ҳар томонлаб қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳам шарт бўлади.

Афсуски, бир тарафдан қўллаб-қувватлаш учун маблағ ва техник имкониятлар билан таъминлаш сингари масалалар доим кўндаланг турса, иккинчи тарафдан, анимацион фильмлар тайёрловчи малакали, қобилиятли мутахассис кадрлар етишмаслиги ҳам энг асосий масалалардан бўлиб турибди. Очиғи, Ўзбекистон шароитида бугун анимацион фильмларни ишлаб чиқариш иқтисодий жиҳатдан кўп харжли, машаққат билан даромад олиш мумкин бўлган соҳалардан бири. Аммо шунга қарамай жамият учун турли ижтимоий мавзулардаги миллий анимацион лойиҳалар сув ва ҳаводек зарур.

Шундай шарт-шароитларга қарамай Давлатга тегишли корхоналар билан бир қаторда, хусусий секторда ҳам ушбу соҳани ривожлантириш, жамият ва келажак авлод учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган анимацион фильмларни ишлаб чиқариш борасида амалий қадамлар ташланган. Жумладан, 2020 йилнинг январида “AzonTV” жамоаси томонидан «Алининг саргузаштлари» мультфильмининг 1-қисми намойиш этилди. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, мазкур мультфильмнинг 2-қисмини тайёрлаш учун маблағ талаб этилди. У пайтга келиб “AzonTV” жамоасининг эса, молиявий имкониятлари чекланиб қолган эди ва шундан сўнг ҳомийлар излашга киришилди.

Ўзбекистонда меценатлик ҳали ривожланмагани, ҳомийлар эса кўп вақт ва маблағ талаб этадиган лойиҳалардан манфаатдор бўлмагани учун мультипликацион фильмларга умуман қизиқиш билдиришмади. Шунинг учун ижтимоий йўналишни қўллаб-қувватлаб келаётган халқаро ташкилотларга мурожаат қилинди ва лойиҳа фуқаролик жамиятини қуришда шубҳасиз самарали бўлишига ишонтирилди ҳамда мультфильмни 2-қисмини молиявий жиҳатдан қўллаб-қуватланишига эришилди.

Мультфильмнинг 1-қисмида кўпроқ диндор оила мисол қилиб кўрсатиб берилган бўлса, 2-қисмида миллий экспертлар диндор оилага хос бўлмаган иборалар ва элементлардан қисман воз кечишни, миллий либос ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида тавсиялар беришди. Дарҳақиқат, мультфильмнинг 2-қисмига бир қанча ўзгартиришлар киритилиб, қўшимча персонажлар ясалди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, турли кичик деталлар, элементлар борасида, хусусан, қахрамонларнинг кийим-боши каби жиҳатларига халқаро экспертлар умуман аралашмади. Бу тарафи тўлиқ миллий экспертлар томонидан кўриб чиқилди ва тавсиялар берилди. Жумладан, қахрамонларнинг соқол ва рўмоллари юзасидан эътироз билдирилди. Қахрамонларга бугунги мусулмон ўзбек оиласи кундалик уй шароитида киядиган оддий дўппи билан қалампир баргли дўппилар, аёлларга эса, адрас-атласлар кийдирилди.

Бу мультфильмни 2-қисми Tarjumon.uz томонидан тайёрланиб, Интернет орқали кенг оммага эълон қилинганлигига анча вақт ўтган бўлсада, яқинда 1-июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги “Болажон” телеканалида илк бора “Алининг ҳикояси” номи билан намойиш этилди. Шу куннинг ўзидаёқ айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан эътирозлар юзага келиб, асл мақсад-мазмуни қолиб, лойиҳа ижодкорларини яҳудийлар дўпписини тарғиб қилиш шубҳаси билан айблашга ҳаракат қилинди. Буни телеграмдаги каналлардан бири алоҳида мавзу қилиб кўтариб ҳам чиқди. Жумладан, ўша телегарам каналда “Нима, бизда миллий дўппимиз қуриб қолганмиди?” деган риторик саволидан англаш мумкинки, бу канал ортида турганлар ёки шу постни тайёрлаган муаллиф томонидан мультфильм тўлиқ томоша қилинмай туриб, фикр билдирилгани англашилади. Бу ўринда оддий бир фойдаланувчининг конспирологик қарашидан келиб чиққан изоҳидан журналистика тамойилларига зид равишда фойдаланилганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, мультфильмда яҳудийлар дўпписи эмас, оддий мусулмон ўзбеклар оиласи кундалик хаётида, хонадонда кийиладиган юмшоқ матоли дўппи тасвирланган. Қолаверса, қаҳрамонларнинг иккинчисида миллий дўппи ҳам кийидирилган тасвирлар ҳам бор эди.

Қахрамоннинг 3D қилинмаган, моделлаштирилмаган, хомаки қисмидаги миллий дўппини кўриниши.
Худди шу қахрамоннинг 3D форматига ўгирилиб, моделлаштирилиб, визуализация қилинганидан кейин миллий дўппини бошида кўриниши

Анимацион фильмни асосий қисми 3D форматида тайёрланганлиги боис, персонажларни моделлаштириш, визуализациялаш жараёни давомида бош кийимлар кичрайиб кетиб, оддий мусулмон ўзбеклар кундалик хаёти давомида киядиган бош кийими, ҳудди “яҳудийлар киядиган” хажмдаги бош кийимига ўхшаб қолган. Юқоридаги скринларда солиштириш учун ҳатто қахрамонларга кийидирилган миллий дўппиларни хажмига ҳам аҳамият берилса, улар ҳам кичрайиб кетганлигини кўриш мумкин. Бунга, агар камчилик ёки хатолик деб қараладиган бўлса, фақатгина техник тарафдан қараш керак бўлади. Ваҳоланки, аввалги ижодлари орқали исломий қадриятларни кўтариб чиққан, фитратан ва амалида мусулмон бўлган рассом-аниматорларни, бутун бир ижодий гуруҳни “яҳудийлар дўпписи”ни тарғиб қилишда айблаш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳисобланади. Умуман, олганда эса, мультипликацион фильмлар тайёрлашда элементларнинг айни ўзидай тасвирлаб берилиши бўйича қатъий талаб қўйилмайди. Яъни, мультфильмларда персонажлар, деталлар, элементлар шаклида тўлиқ истиснолар мавжуд.

Бизни ажаблантиргани эса, мазкур анимацион фильмни илк «демо версияси» 2021 йилда Интернетда намойиш этилган бўлиб, нима учун ўша пайтда шундай эътирозлар билдирилмай, телевидение орқали намойиш қилингандан кейин, йўқ жойдан айб излаш керак бўлиб қолди?.. Ахир шундоқ ҳам ривожланиши оқсаётган соҳани барча бирдек қўллаб-қувватлаш шарт бўлиб турган даврда, бу борада сал кам фидойилик кўрсатаётган миллий кадрларни шижоатини синдиришни нима кераги бор?! Агар “рақобатчилар фитнаси бу”, дейдиган бўлсак, Ўзбекистонда бу соҳада рақобат қиладиган даражадаги компанияларни ҳали кўраётганимиз йўқ-ку! Балки бу мультфильм кимларнингдир ўртасидаги мавжуд ўзаро адовати ва шахсий ғарази учун бир сабаб бўлиб “хизмат” қилиб қолгандир? Буёғи Аллоҳга аён. Буни қарангки, агар бир-биримиздан ёмон гумон қилиб, ёмон шубҳада бўлмоқчи бўлсак, барчамиздан иллат топиш мумкин экан.

Мухтасар қилиб шуни алоҳида таъкидлаб ўтамизки, мазкур анимацион фильмдан ҳеч қандай ғаразли, яширин мақсадлар кўзланмаган. Аксинча, миллий маданиятмизга хос бўлган тарбиявий аҳамиятдаги ғоялар илгари сурилган. Тамошабинларга деталлардан кўра, кўпроқ мультфильм ғоясига, мазмунига эътибор қаратишни тавсия этиб қоламиз. Чунки, у ерда кўрсатилган иллат афсуски бугунги оилаларимизда мавжуд.

Ўзлари мультфильмни ҳали кўрмай туриб, бошқаларга кўр-кўрона эргашиб шарх қолдираётганларга қарата эса шундай деб қоламиз:

-Агар қўлингиздан келса яхшилик қилинг! Гарчи яхшилик қилиш, жамият учун бирор бир ҳайирли ишни амалга ошириш қўлингиздан келмас экан, шундай ишлар қилаётганларга нисбатан ёмонлигингиз ҳам тегмасин. Ғаламислардан бўлиб қолманг.

 

Илҳомиддин Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг