Хориждаги фуқаролар диний ибодатларни бажаришда муаммоларга дуч келадими?

0
840
Фото: "Анадолу" АА

Дунёнинг баъзи давлатларида кишининг миллати ёки диний эътиқоди ҳақида сўраш бироз маданиятсизлик ҳисобланади.

Ҳатто, паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларда миллатини кўрсатиш ёки кўрсатмаслик фуқаро ихтиёрига берилади. Бундан мақсад қайси миллат вакили эканини ва қайси диний эътиқодга мансублигини ошкор қилишдан қўрқиш ёки уялиш эмас, балки бошқаларнинг миллий ва диний қадриятларига толерант муносабатда бўлишдир.

Шу билан бирга, кўпроқ ривожланган давлатларга хос бўлган бу анъана одамларнинг миллий қадриятларини сақлаш ва диний ибодатларини бажаришга тўсқинлик қилмайди.

Тақдир тақазоси билан, бугунги кунда икки миллионга яқин юртдошларимиз хорижий мамлакатларда истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги Роcсия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея каби давлатлар улушига тўғри келади. Хорижий мамлакатларда яшаш, ўқиш ёки ишлаш давомида табиийки, диний ибодатларни бажариш масаласига ҳам дуч келинади.

Биз ушбу материал орқали меҳнат мигрантларини қабул қилувчи давлатларда чет эл фуқаролари учун диний ибодатларни бажаришдаги эркинлик ҳамда уларнинг маҳаллий аҳоли этник ёки диний қадриятларига нисбатан муносабати масаласини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Биринчи ҳолат

2021 йил ноябрь ойи бошларида меҳнат мигрантининг Москва шаҳри метро бекатларидан бирида номоз ўқигани акс этган видеохабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Унда икки меҳнат мигрантининг бири полиция ходимлари ёнида номоз ўқийди. Маҳаллий аҳоли вакили бўлган йўловчилардан бири полиция ходимидан бу ҳолатни изоҳлашни сўрайди ва бу қонунги зид эканини ўқтиришга уринади. Аммо полиция ходими метродан фойдаланиш қоидаларида ибодат қилиш тақиқланмаганини айтиб, меҳнат мигрантини ҳимоя қилади.

Иккинчи ҳолат

Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли этник ёки диний қадриятларига нисбатан салбий муносабат ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаришини ҳам унутмаслик керак. 2021 йилнинг сентябрь ойида Тожикистон Республикаси фуқароси бўлган Руслан Бобиев ўзининг қиз дўсти Анастасия Чистова билан Москва шаҳридаги Василий Блаженный ибодатхонаси фонида “очиқ” расмларга тушиб, ижтимоий тармоқларга жойлайди.

Ушбу суратлар маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлади ва суд томонидан жамиятга ҳурматсизлик ҳамда диний эътиқод туйғуларини ҳақоратлашда айбланиб, ўн ойга озодликдан маҳрум этилади.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияда диний эркинлиги қанчалик таъминланган?

Ушбу савол билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдиновга мурожаат қилинди.

– Борган жойларида [Россияда] агар ҳақиқатдан шу фуқароларимиз беш маҳал номоз ўқишга ният билдирган ҳолда, иш берувчилар [томонидан] шароит қилиб бериляпти. Ҳали бирон ҳолатда бунга тўсқинлик қилган иш берувчи кўрмадим, яъни номозхона қилиб берган иш жойларида, жума кунлари қўшимча вақт берилаётган ҳолатларини ҳам кўрганман.

Ҳозир ҳам [Ўзбекистонда иш берувчи ташкилот вакиллари иштирокида ташкил этилаётган] танлов пайтида фуқаро ўзлари шунақа фикр билдириб, [номоз ўқиш учун] шароит борми, йўқми деган жойда, албатта иш берувчига дарҳол чиқиб, шунақа шароит қилиб бериш экан, деяпмиз ва бирон ҳолда ҳали иш берувчидан йўқ деган жавобни эшитганим йўқ.

Яна метро мавзуси

Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармасининг Москва муфтийси Илдар Аляутдиновнинг маълум қилишича, мусулмонлар учун метрода, шунингдек, савдо марказларида кичик намозхоналар ташкил қилиниши мумкин.

Аммо Москва транспорт маъмурияти ҳозирча пойтахт жамоат транспортида барча диний эътиқоддаги инсонларнинг ибодат қилишлари учун хавфсиз шароит яратиш имконсизлигини айтган.

Сўровнома

Шу ўринда, хорижда вақтинчалик меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўртасида уларнинг диний ибодатларни амалга ошириш жараёнида қанчалик эркинлигини аниқлаш мақсадида кичик онлайн сўровномалар ўтказилди.

Биринчи сўровномада иштирок этган респондентларнинг 83 фоизи, иккинчи сўровномада эса 72 фоизи диний ибодатларни бажариш жараёнида ҳеч қандай муаммога дуч келмаганини билдириган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, меҳнат мигрантларини қабул қилувчи йирик давлатларда чет эл фуқаролари диний ибодатларни бажаришда эркин, шу билан бирга, маҳаллий аҳоли этник ёки диний қадриятларига нисбатан ҳурматда бўлиш мажбуриятига эга.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг