Хитой ҳукуматининг маълум қилишича, мамлакатнинг шарқидаги шаҳарда ишлаб чиқарилган музқаймоқдан коронавирус аниқланди.
“Шунинг учун Тянцзин шаҳридаги “Daqiaodao Food Co., Ltd” компанияси фаолияти тўхтатилди ва унинг ходимлари коронавирус тестини топширмоқда” дейилади шаҳар ҳукуматининг баёнотида. Аммо, ҳозиргача ҳеч ким музқаймоқдан вирус юқтиргани исботланмаган.
Коронавирус аниқланган музқаймоқ партияси 29 мингтани ташкил қилиб, уларнинг асосий қисми ҳали сотувга чиқарилмаган. Ҳозирда Тянцзинда сотилган 390 та музқаймоқни олганлар қидирилмоқда ва бошқа ҳудудлардаги ҳукуматларга ҳам ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқларни назорат қилиш ҳақида хабар берилган.
Коронавирус аниқланган музқаймоқ таркибида Украинадан олиб келинган қуруқ сут ва Янги Зеландиядан импорт қилинган зардоб бўлган.
Коронавирус илк бор 2019 йилнинг охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилганди. Аммо, Хитой ҳукумати коронавируснинг аслида хориждан келиб чиққанини таъкидлаб келмоқда. Улар бундан олдин четдан мамлакатга кириб келган балиқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам коронавирус аниқланганини айтганди. Бироқ, хорижлик олимлар Хитой ҳукуматининг бу гапларига шубҳа билан қарашмоқда.