23 декабрь куни эълон қилинган расмий статистикага кўра, бугунги кунга келиб Хитойдаги катталарнинг ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга. Бунга Xитой аҳолиси ўртасида жисмоний жиҳатдан фаол бўлмаган ҳаёт тарзига ўрганиб қолиш сабаб бўлмоқда.
Сўнгги ўн йилликлар ичида Хитой иқтисоди жуда тезкорлик билан ўсиб борди. Бу ҳолат одамларнинг овқатланиш одатларини тубдан ўзгартирди-оммабоп онлайн етказиб бериш хизматлари шаҳар аҳолисига арзон ва калория бой овқатларни ҳар қайси вақтда тақдим этади.
Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссиясининг 23 декабрь чоршанба куни эълон қилган ҳисоботига кўра, ҳозирги кунда одамларнинг 50 фоизидан кўпроғи ортиқча вазнга эга ва бундай ҳолат Хитойда илк марта кузатилмоқда. Ортиқча вазнга эга бўлганларнинг 16, 4 фоизи ҳаётга хавф соладиган даражада семириб кетган.
Хитойда 2002 йилда аҳолининг 29 фоизигина ортиқча вазнга эга эди. Бу 2020 йилдаги рақамлардан деярли икки бараварга камроқдир. Ҳисоботда айтилишича, хитойлик болаларнинг вазни ҳам тобора ортиб бормоқда. Мисол учун, ҳозирги кунда Хитойдаги 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларнинг 20 фоизи ортиқча вазндан азият чекади. Бу кўрсаткич 2012 йилда 16 фоизни ташкил қилганди.
“Ҳозирда Хитойда катта ёшдагиларнинг жуда кўп қисми жуда кам жисмоний машқлар билан шуғулланади. Шунингдек, улар носоғлом иш жадвали бўйича ишлашади» дейди овқатланиш бўйича мутахассис Ванг Дан. Ортиқча вазн юрак-қон томир касалликлари, диабет ва саратон касалликларига чалинишнинг асосий сабаби ҳисобланади.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 2019 йилги маълумотларига кўра, айни пайтда Осиёда семизликдан энг катта зарар кўрган мамлакат Малайзия бўлиб, бу ерда аҳолининг 65 фоизи ортиқча вазн орттириб олган.
Бугунги кунда дунё бўйлаб катталарнинг керагидан кўп вазн йиғиши тобора кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолат иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ҳам, шунингдек, аҳолиси мева, сабзавот ва оқсилга бой озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолидан маҳрум бўлган камбағал мамлакатларда ҳам кузатилмоқда.