Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу ҳафта сешанба куни имзолаган фармонига биноан, 2020-йил 1 январдан эътиборан, Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантириш мақсадида дунёнинг яна 20 мамлакати, асосан Марказий Америкадан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун 30 кунлик визасиз режимни жорий этади.
Бир йил ичида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 30 кунлик визасиз режимга руҳсат этилган давлатлар сони 85 тага этди ва расмий Тошкент бу жараённинг давом этишини таъкидламоқда.
«Айтишим керакки, мамлакат раҳбари бир қатор йирик давлатлар билан визасиз режимни жорий этиш бўйича жуда жиддий кўрсатмалар берган. Бир ой ичида ушбу қарорлар сизнинг эътиборингизга ҳавола этилади», дейди Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари вазир Азиз Абдухакимов журналистларга қарата.
Ўзбекистон ҳукумати туризмни ривожлантириш бўйича қатор чора тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳукуматнинг мақсади 2025-йилга келиб 9 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳларни жалб қилиш ва ялпи ички маҳсулотдаги туризм саноатининг улушини 2017 йилдаги 2,3 фоиздан 2025 йилгача 5 фоизга оширишдан иборат.