Хитойда уйғур тилидаги таълим китоби муаллифларини ёмонотлиқ қилувчи ҳужжатли фильм эълон қилиниши ортидан бу муаллифларнинг хорижда яшовчи оила аъзолари ўз эътирозларини билдирди.
Ўтган ой давлатга қарашли Хитой глобал телетармоғида “Шинжонда терроризмга қарши кураш муаммолари: таълим китоблари” деб номланган 10 дақиқалик ҳужжатли фильм намойиш этди. Унда китобни чоп этган уйғур нашриёт уйи етакчилари ҳамда Ёлқин Рўзи каби муҳаррирлар 2003-йилдан бошлаб болаларнинг таълим материалларига “экстремистик ғоялар”ни сингдиришга уринганликда айбланади.
“Заҳарли” китоблар
2 апрель куни эфирга узатилган 10 дақиқали фильмда даъво қилинишича, Шинжон Таълим бошқармасининг собиқ раҳбари Саттор Савут ўринбосари Олимжон Мемтимин, Шинжон таълим нашриётининг икки собиқ раҳбари Aбдуразоқ Сайим ва Тоҳир Носим ҳамда икки етакчи муҳаррир Ёлқин Рўзи ва Воҳиджон Усмон билан “жиноий тўда” тузиб, “муаммоли” китоблар орқали 2,3 миллион уйғур ўқувчининг онгини экстремистлик ғоялар билан заҳарлашга уринган.
Хитой матбуотига кўра, бу олти уйғур расмийси 2017 йилда “мамлакатни бўлишга уриниш”да айбланган. Савутга икки йиллик кечиктирилган муддат билан ўлим жазоси, қолган уч расмийга умрбод қамоқ ҳамда икки муҳаррирга 15 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган.
Норвегияга жойлашган уйғур тилшуноси ва ҳуқуқ фаоли Aбдували Aюпнинг айтишича, бу китоблар аслида Пекиннинг “шахсий сифатларни тарбиялаш” кампанияси асосида ишлаб чиқилган.
“Бу китоблар устида ишлаган баъзи етакчи хитой расмийлари фильмда умуман тилга олинмаган. Олтита уйғур ҳамкасблар эса айирмачи жиноятчи сифатида кўрсатилган. Шунинг ўзи суднинг қалбаки эканига далилдир”, – дейди у.
“Заҳарли” экани даъво қилинган 22 та уйғур таълим китобларининг “Aмерика Овози” кўриб чиққан олтитасида материални кўрикдан ўтказган расмийлар рўйхатида нафақат уйғур, балки хитойлар ҳам борлиги кўринади.Китоблар Хитойни барча 56 этник гуруҳларнинг, хусусан, уйғур ва хитойликларнинг ватани сифатида тасвирлайди. Уларда Лу Хун каби замонавий етакчи хитой ёзувчиларининг ҳикоялари, шунингдек, машҳур хитой намояндаларининг биографиялари ҳам ўрин олган.
Олтинчи синфлар учун мўлжалланган адабиёт дарслигида “Менинг отам Ли Дачжаони эслаб”, “Тунги иш” каби Хитой коммунистик етакчилари ҳаётига бағишланган асарлар чоп этилган.Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Чжао Лижианнинг ўтган ой айтишича, бу фильм Пекиннинг Шинжондаги кампанияси “радикализм ва терроризмга қарши қаратилган”ини яна бир бор исботлайди.
Ҳибсга олинганларниг хориждаги оила аъзоларига кўра, Хитой расмийлари бу китоб муаллифларини ўз даврида тақдирлаган эди.Фильмда айбланган муҳаррирлардан бири Воҳиджон Усмоннинг қизи Ойқанот Воҳиджоннинг айтишича, унинг отаси тақдирланганда давлат телевидениеси бу маросимни эфирга узатиб, унинг китобини “жуда яхши адабий асар” деб баҳолаган.
Джорджтаун университети профессори Джеймс Милворднинг айтишича, Хитой дарсликларни тақиқлаш орқали уйғур етакчилари томонидан тасвирланган воқеа ва тарихий ҳодисаларни ўзгартиришга уринмоқда.Китобда ХХ асрда яшаб ўтган уйғур етакчиси Aҳмаджон Қосимийнинг сурати ҳам бор. Унинг кийимида Шарқий Туркистон республикаси рамзи бўлган юлдуз ва яримой тасвири акс этган. Бу эса Хитой расмийлари томонидан дарсликнинг сепаратизмга ундаётганига далил сифатида кўрсатилган.
“Инглиз забон томошабинлар учун нега Aҳмаджон Қосимийнинг сурати ва унинг медали хавфли экани тушунарсиз, чунки аслида у хавфли эмас. У шунчаки тарихий сурат”, – дейди Милворд.
Қосимий Шарқий Туркистон республикаси етакчиси бўлган ва 1940 йилларда ҳозирги Шинжон вилоятининг шимолини бошқарган. 1945 йилги Хитой-Россия дўстлик келишуви имзоланиши ортидан Қосимий Шарқий Туркистонни Хитой билан бирга бошқаришга келишиб олган. 1949 йил у авиаҳалокатда шубҳали тарзда вафот этгач, Хитойнинг ўша пайтдаги йетакчиси Мао Тзедун Қосимийни “бутун Хитой халқининг хотирасида абадий яшашга лойиқ” инсон деб мақтаган эди.Милвордга кўра, Қосимий номи Хитойнинг расмий тарих китобларида қарийб 70 йил давомида тилга олинган ва фақат Президент Си Зинпин даврига келибгина у ҳақда гапириш тақиқланган.
Хитойнинг уйғурларга қарши репрессив сиёсати 2016 йил августда Коммунистик партиянинг Тибетдаги собиқ раҳбари Чен Куангуо партиянинг минтақадаги янги бош котиби этиб тайинланиши ортидан кучайди. Чен маъмурияти миллиондан ортиқ уйғурнинг мажбурий лагерларга ташланиши учун асосий жавобгар экани айтилади.
Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ижрочи директори Умар Қанотнинг айтишича, бу фильм уйғур маданияти ва тарихини йўқ қилишга қаратилган кампания мавжудлигига “сўнгги далил”дир.
“Таълим вазирлиги томонидан ўн йилдан зиёд тасдиқлаб ва назорат қилиб келинган бу болалар дарсликларининг бугун қандайдир “зўравон” адабиётга айланиб қолишининг ўзи мантиқсизлик”, – дейди Қанот.