2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистон ҳудудида 14 минг 794 нафар чет эл фуқароси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг рухсати билан меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Azattyq Rýhy янгиликлар сайти ахборот берди.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, мамлакатга хорижий ишчи кучини (ИРС) жалб қилиш учун берилган рухсатномалар турли соҳадаги тоифаларга ажралади.
Яъни менежерлар ва уларнинг ўринбосарлари учун 648 та ҳамда таркибий бўлинмалар раҳбарларига 3 минг 240 та иш ўрни яратилган. Меҳнатга жалб қилинган ишчи кучининг асосий қисми эса 7 минг 397 та рухсатнома билан мутахассислар соҳасини қамраб олади. Яна 491 киши малакали ишчилар тоифаласига тўғри келади.
Шунингдек, 1 минг 329 нафар фуқаро мавсумий ишларга, 1 минг 689 киши эса корпоратив трансферга жалб қилинган.
Таъкидлаш керак, айни пайтда Қозоғистонда ИРСдан фойдаланадиган 1 минг 641 иш берувчи мавжуд. Уларда 489 мингдан ортиқ Қозоғистон фуқароси ишлайди, бу умумий ишчиларнинг 97 фоизига тенг.
Меҳнат муҳожирлари асосан Хитой (3 минг 617 киши), Туркия (1 минг 490 киши), Ҳиндистон (1 минг 98 киши, Буюк Британия (947 киши) ва Ўзбекистон (1 минг 369 киши) мамлакатлари фуқароси экани маълум бўлди.
Дарвоқе, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳар йили республикага хорижий мутахассисларни жалб қилиш квотасини белгилаб боради. 2021 йилда квота ҳажми ишчи кучининг 0,31 фоизини ёки 29,3 минг бирликни ташкил этди.