Сўз аввалида меценатлик ҳақида қисақача маълумот:
Меценатлик—илм-фан, таълим, адабиёт ва санъатни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа фаолият соҳасида жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган ҳомийлик фаолиятидир.
Меценатлик фақат хусусий юридик шахс ёки жисмоний шахслар томонидан беғараз ва беминнат амалга оширилади. Давлат меценат бўла олмайди. Аммо раҳабарлар ўз пулларидан меценатлик кўмагини амалга ошириши мумкин.
“Меценатлик” сўзи милоддан аввалги I асрда Римда яшаб ўтган, фан ва маданият ривожига ўз маблағларидан беминнат ёрдамлар кўрсатган Гай Цильний Меценат номидан олинган бўлиб, истилоҳда фан, адабиёт ва санъатга беғараз ҳомийлик қилиш маъносида қўлланилади.
Гарчи Гай Цильний Меценат бу борада машҳур бўлса-да, у меценатликда энг олдинги ўринларда турмайди. Тарихда ва бугун Гай Цильнийдан кўра машҳурроқ ва саховатлироқ меценатлар яшаб ўтган ва яшаб келмоқда.
ТАРИХГА БИР НАЗАР
Менинг фикримча, жамият тараққиёти учун сарфланадиган маблағлар орасида меценатларнинг сарфлаган маблағларичалик савоблиси бўлмаса керак. Биз кўпинча бойларимизнинг етимлар, бева-бечораларга ҳиммат кўрсатаётганининг гувоҳи бўламиз. Бу албатта яхши амал. Аммо бу ёрдамлар бир марталик ёки мунтазам берилса ҳам дарров сарфланиб кетадиган маблағлар сирасига киради.
Айрим ҳолларда эса бу маблағлар суъистемол қилиниб, кимларнингдир боқимандага айланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аслида ғарбда меценатликнинг юзага келиши ҳам айнан шу сабаб билан пайдо бўлган. Яъни ғарб тафаккур эгалари жамиятни таназзулдан олиб чиқиш учун маблағни айнан фан, таълим, адабиёт ва санъатга сарфлаш самаралироқ бўлишини англаб уни амалда исботлай олишган.
Меценатлик ҳақида илк маълумотлар шарқда яъни Ҳиндистон, Хитой ва Миср манбаларида учраса-да, тарихчилар чин маънодаги меценатликнинг келиб чиқишини Рим билан боғлашади. Чунки меценатликнинг ўзга ҳомийликлардан фарқли жиҳати шундаки, меценат маълум бир шахс бўлиши керак.
Подшолик ёки давлат мулкидан фан, адабиёт ва санъатга ажратиладиган ҳомийликлар меценатлик фаолияти ҳисобланмайди. Акс ҳолда биз тарихимизда ўтган салжуқийлар, сомонийлар, темурийлар, шайбонийлар давридаги илм-фанга қилинган ҳомийликлари билан мақтана олган бўлар эдик.
Меценатлик холислик билан амалга оширилгани учун ҳам ҳамма даврларда тараққиёт учун жула катта туртки берган. Жумладан, янги даврда Европада рўй берган саноат ва фан-техника инқилобида ҳам меценатлик жуда катта рол ўйнаган. Бу даврда бойлар ўз пулларини одамларга садақа қилгандан кўра уларга ҳунар ва илм ўргатишга сарф қилишни афзал билишган.
Шунинг учун улар пулларини илмий лойиҳалар, эҳтиёжманд олимлар ва талабаларнинг моддий таъминотига тика бошлашган. Йирик капиталистлар эса турли фан клублари, илмий-тадқиқот билан шуғулланувчи жамиятларга ҳомийлик қила бошлашган. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, меценатлик ғарбда юзага келган барча цивилизациялар, жумладан ғарб ренессансининг ҳам муҳим омили саналади.
Шарқда эса меценатлик тушунчаси бир мунча соддароқ англашилади. Аммо шарқдаги илм фанга ҳомийлик токи 15 асрга қадар ғарб меценатлигидан бир неча баробар устун бўлган. Шунинг учун ҳам ўша даврларда шарқ илм-фан, ишлаб чиқариш, адабиёт ва санъат соҳаларида бутун дунёга етакчилик қилган.
Шарқ меценатлиги ривожида ислом маданияти энг катта ўринни эгаллайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошлаб берган суннатга кўра аҳли мўъмин пулларини дин ва илм йўлида сарфлашга ўрганди. Ислом дунёсида мадрасалар, масжидлар қуриш, китоблар чоп этиш, талабаларга нафақалар ажратиш каби ҳомийлик ишлари кўпайиб, тарихда мисли кўрилмаган даражада юксак чўққиларга кўтарилди. Саҳобийлар, тобеинлар даврида мусулмонлар ўз мулкларини илм йўлига сарфлашни энг катта савобли иш, деб билганлар.
Мазҳабимиз эгаси Имом Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон розиаллоҳу анҳу ҳам бу борада энг пешқадам ҳомийлардан бўлган. У ўз маблағи ҳисобидан мадрасалар очган, китоблар чоп этдирган, ўз талабаларига ўзи нафақа(стипендия)лар тайинлаган. Бундан кейин ҳам турли даврларда Алишер Навоий, Ҳожа Аҳрор валий, Абулқосим шайх каби ўнлаб инсонлар илму-фанга ҳомийлик қилишгани ҳақида маълумотлар бор.
ХХ асрга келиб меценатлик фаолияти жуда катта таназзулга юз тутди. Ер юзининг катта қисмида социалистик давлатларнинг пайдо бўлиши билан бу ҳудудларда эксплуатацион синф вакили сифатида бойлар бутунлай тугатилди. Ва оқибатда ҳомийлик қиладиган инсонларнинг ўзи қолмади. Меценатлик фаолияти фақат капиталистик дунёдагина давом эта бошлади.
1991 йилга келиб социалистик система пораканда бўлиб кетди ва бу ҳудудларда ҳам янги бойлар, олигархлар пайдо бўла бошлади. Социализмдан халос бўлган Европанинг қатор мамлакатлари, Хитой, Россия, Украина, Белоруссия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Арманистон Республикаларида меценатлик яна қайтадан шаклланиб улгурди. Аммо сайтининг (Категория: Меценаты_по_странам) саҳифасида келтирилишича Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистонда меценатлик йўлга қўйилмаган ва уларнинг фаолияти кўзга ташланмайди.
Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Шу ўринда, Ўзбекистонда меценатликнинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида тўхталамиз.
1991 йилдан кейин Ўзбекистонда ҳам меценатлик фаолияти жонланди. Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан таълим муассасаларига, олимлар, шоир ва ёзувчиларга беғараз ёрдамлар берилгани сир эмас. Шунингдек янги масжидлар қуриш, ёпилиб кетган мадрасаларни реконструкция қилиб ишга туширишда ҳам кўплаб бойларимиз ҳомийлик қилишди.
Аммо, лекин ва бироқ…
Бировнинг саховатини ҳам кўролмайдиган айрим кимсалар, ўша ҳомийлар устидан “Бу одам пулларни қаердан олди?” деган мазмунда юмалоқ хатлар ёзишди. Уларни текширтириб, банкрот қилишди. Биров ўз чўнтагидан мактаб қурса, солиқчилар уни ноқонуний фаолият, деб жаримага тортди. Прокурорлар устидан жиноий иш очди. Масжид қурганларга диний айбловлар қўйилди. Жамиятда саховатнинг йўли тўсилди. Энди ўзингиз тасаввур қилаверинг, нега бизда меценатлик шаклланмаган?!
Аслини олганда меценатликни ўлдириб бўлмайди. Шунча қаршиликлар, фитналар бўлса ҳам саховатли ўзбек халқи илм-фан ва таълимга ҳомийликни тўхтатган эмас. Фақат ҳаммаси ими-жимида, биров билсин-биров билмасин қилиб бажариб келинди. Қуръон ёдлаётган қорилар, дини илмини ўрганаётган талабалар, мадраса ва масжидларга қилинган эҳсонларнинг ҳисобини фақат яратганнинг ўзи билади.
Адабиёт ва санъат соҳасига қилинган меценатлик кўмаклари ҳам кам эмас. Кўплаб шоирлар, ёзувчилар ва санаткорлар буни тасдиқлашади албатта. Аммо минг афсуски, фундаментал йўналишларга жумладан ижтимоий, табиий ва аниқ фанлар йўналишларига ҳомийликлар бўлгани ҳақида кам эшитамиз.
Ўзбекистонда меценатликнинг янги даври
2019 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Меценатлик тўғрисидаги Қонуни қабул қилинди. Аммо негадир ҳамон меценатларнинг легал фаолияти кузатилмаяпти. Жамиятда меценатлик фаолиятининг субъектлари саналган меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчиларнинг жонли фаолияти сезилмайди. Оммавий ахборот воситаларида ҳам бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари кўзга ташланмайди.
Нега?
Бизда меценатлар йўқми? Ёки ҳамон улар ўзларини кўрсатишдан қўрқадими? Ахир меценатлар учун қонун қабул қилинди-ку?
Бугунги кунда ўзбек меценати сифатида жамотчилик кўз ўнгида фақат Алишер Усмонов гавдаланади. Бироқ айтиб ўтиш керак, Алишер Усмонов Россия меценати саналади.
Ўзбек тадбиркорлари орасида битта Қобул Дўсовнинг меценатлик фаолияти ҳақида гапириш мумкин. Қобул Дўсов кейинги йилларда ўнлаб илмий ва бадиий китоблар, лойиҳаларга ҳомийлик қилган. Қалам аҳлига тўғридан-тўғри беминнат ёрдамлар кўрсатган.
Биламиз, юртимизда Қобул Дўсов каби саховатли тадбиркорлар жуда кўп. Аммо нега улар кўринмайди.
Нега биз уларнинг фаолиятини тарғиб қилмаймиз?
Нега давлат уларни рағбатлантирмайди?
Меценатлик тўғрисидаги Қонуннинг 12-моддасида меценатлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг давлат кафолатлари ва меценатлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Унга кўра меценатлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат томонидан кафолатланиши, қўллаб-қувватланиши, меценатларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда таърифлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар бериш, уларни давлат мукофотлари ёки бошқа мукофотлар билан тақдирлаш, номларини абадийлаштириш ҳам назарда тутилган.
Аммо қайси бири мукофотланди?
Қайси бирига солиқ имтиёзи берилди?
Ҳурматли ватандошлар!
Юқорида айтганимдай, меценатлик холис ҳомийликдир. Холис бўлгани учун ҳам у жамият ривожида муҳим ўрин тутади. Меценатлик тўғрисидаги Қонуннинг қабул қилинганига яқинда бир йил тўлади. Аммо биз ҳамон меценатларимизни танимаймиз!
Агар сиз Қобул Дўсов каби бошқа меценатларни танисангиз улар ҳақида билганларингизни ёзинг. Халқимиз уларни таниб қўйсин!