Ўзбекистонда диний вазият қандай?

0
1165
Фото: Ўзбекистон Халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Байрам арафасида оммавий-ахборот воситалари учун ўтказилган матбуот анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Дастури ижроси бўйича»  ҳисоботи тингланди. Ўзбекистондаги умумий вазият қандай эканлигини билмоқчи бўлганлар учун, қуйида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Махсудов Давронбек Рустамович томонидан ўқиб эшиттирилган ҳисобот матни омма эътиборига ҳавол этилмоқда.

Бугун юртимизда аҳиллик, эзгулик, бирдамлик ва маънавий поклик фазилатлари улуғланадиган қутлуғ Рамазон ойи ва мусулмонларнинг мўътабар байрами Ийд ал-Фитр шукуҳи кезмоқда. Халқимиз азалдан Рамазон ойи ва ҳайитини инсонийлик, шукроналик, сабр-қаноат, саховат, меҳр-оқибат байрамлари сифатида кенг нишонлаб келган.

Рамазон ойининг ўтган даври мобайнида диний-маърифий соҳа ходимлари томонидан 23124 та кам таъминланган оилаларга, 8565 нафар етим болалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, 6596 нафар моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга ҳомийларни жалб этган ҳолда 725 млн дан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ушбу мақсадларда жами 1.896 млн сўмдан зиёд моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Соҳа вакиллари томонидан оммавий ахборот воситаларида 26425 та (753 та телекўрсатув, 496 та радиоэшиттириш, 448 та мақола ва интернет орқали 24728 та материал) диний-маърифий мавзуларда чиқишлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Колл-марказига ой давомида 36 509 та саволга тезкор жавоблар берилди. 10702 та диний-маърифий тадбирлар ўтказилди. Республикадаги жами 2112 та масжиддан 2081 тасида белгиланган санитария-гигиена талаблари асосида таровеҳ намози адо этилмоқда. Улардан 1524 тасида хатми Қуръон ўтказилди.

Юртимизда бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳам туб мазмун-моҳияти инсон қадри, унга меҳр кўрсатишга қаратилган.

Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини жадал тараққий эттириш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш сари катта ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ушбу мақсадда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Дастури қабул қилинган.

Дастурнинг “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” номли бешинчи йўналиши 73-мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академиясига бир қатор вазифалар юклатилган.

Ҳозирда Дин ишлари бўйича қўмита ва унинг тузилмаларида амалга ошириладиган аниқ ишлар белгилаб олинган.

Шу ўринда эътиборингизни айрим рақамларга қаратмоқчиман. Жумладан, бугунги кунда республикамизнинг турли ҳудудларида жами 2 331 та диний ташкилот адлия идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 2 140 таси исломий, 174 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамиятидир.

2017 йилдан бошлаб республика бўйича жами 92 та диний ташкилот, шу жумладан 2 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 72 та масжид ҳамда 17 та тўрт хил турли конфессияга тааллуқли бўлган ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ўзбекистонда 16 та диний конфессияларнинг барчаси ўз ибодатларини эмин-эркин адо этадилар, диний маросимларини бажарадилар.

Диний байрамлардан Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Пасха ва Рождество ҳамда бошқа байрамлар кенг нишонлаб келинмоқда.

2020 ва 2021 йиллар давомида коронавирус касаллиги туфайли тўхтаб қолган Умра зиёрати 2022 йилнинг 22 январь кунидан қайта тикланиб, бугунги кунга қадар жами 33 мингдан зиёд юртдошларимизнинг Саудия Арабистонига зиёратларини ташкил этишга имкон яратилди.

Ҳозирга келиб умра учун квоталар олиб ташланди, бу йилги Ҳаж амалларини ташкил этиш бўйича Саудия томони билан келишувлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш керакки, юртимизда динлараро бағрикенглик муҳити тўла шаклланган бўлиб, ёшларимиз турли динларга эҳтиром руҳида тарбияланмоқда. Бу бевосита Давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг амалий натижасидир.

2017-2022 йилларда диний таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди, янгидан-янги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Мисол учун, 2017 йилга қадар 3 та олий ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунда республикамизда 5 та олий ҳамда 10 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда.

Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари ҳамда дунёвий ва диний билмларни берадиган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мутахассислар тайёрланмоқда.

Бугунги кунда мазкур таълим муассасаларида ислом маърифатини тарқатиш, ўтмиш аждодларнинг бой маънавий меросини янада чуқур ўрганиш борасида кенг кўламли илмий-тадқиқот фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида сўнгги беш йилда маънавий меросимизни чуқур ўрганишга оид 41 та фалсафа доктори (PhD) ва 8 та фан доктори (DSc) илмий диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди.

Бундан беш йил олдин янги очилган исломшунослик ихтисослиги бўйича ўндан ортиқ илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Булар орасида олий диний таълим муассасалари докторантларининг ҳам борлигини таъкидлаш керак. Ҳозирда юртимизда замонавий исломшунослик илмий тадқиқотлари йўналишида алоҳида тизим яратилди, деб айтиш мумкин.

Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳам белгиланган вазифалардан келиб чиқиб самарали фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда марказлар томонидан буюк аждодларимиз илмий меросига оид 100 дан зиёд асарлар таржима қилиниб, нашр этилди.

Бундан ташқари, республикамиз бўйлаб диний таълим муассасалари қошида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолияти мунтазамлик касб этган. Шу кунга қадар, ушбу курсларни 30 мингга яқин фуқаро битирдилар.

Юқоридагилар билан биргаликда Тараққиёт стратегияси Дастури асосида “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” мавзусида хорижий мамлакатларда илмий-амалий анжуманлар ўтказиш йўлга қўйилди.

Юртимизда бағрикенглик маданиятини янада кенг тараннум қилиш мақсадида ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни арафасида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида халқаро ва республика конференциялари ташкиллаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 19 май куни “Шарқ алломаларининг ислом цивлизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” номли халқаро онлайн конференция ўтказилмоқда. Унда юздан зиёд халқаро ва маҳаллий олимларнинг иштироки кўзда тутилган.

Шунингдек Дастур доирасидаги юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларини халқчил таржимасини амалга ошириш, улар асосида илмий ва оммабоп рисолалар яратиш йўлга қўйилди. Жумладан сўнгги бир йилда:

– Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” 1, 2, 3-жилдлари таржимаси;

– Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳлис сунна”;

– Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”;

– Имом Мотуридий “Китоб ат-тавҳид” асарининг 1-қисми;

– “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 25-26-27-28-29-30-жузларининг изоҳли таржимаси ҳамда “Таъвилотдан дурдоналар” номли халқчил рисола;

– Алоуддин Косонийнинг “Эътиқоди Косоний” асари;

– Имом Мотуридий, Абу Ҳафс Насафий, Сирожиддин Ўший, Имом Зандавистий, Алоуддин Самарқандий, Абулмуин Насафий каби 10 нафар алломанинг ҳаёти ва ижодига бағишланган халқчил рисолалар;

– “Мовароуннаҳрлик ўн мутакаллим”, “Ўн муҳаддис”, “Ўн фақиҳ” рукнлари остида юртимиздан етишиб чиққан олимларнинг ҳаёти ҳақида рисолалар нашрга тайёрланди.

Бир сўз билан айтганда, Тараққиёт стратегияси Дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш билан хали номлари номаълум бўлган бир қатор алломаларимиз халқимизга тақдим этилади, асрлар оша ўтиб келаётган улкан илмий мерос қайта тикланишига хизмат қилади.

Амалга оширилаётган ишларнинг асосий моҳияти ҳам халқимизнинг маърифатини ошириш, аҳоли ўртасида бағрикенглик, ўзаро ҳурмат туйғуларини янада кенг ёйишдан иборат саналади.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати томонидан тақдим этилди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг