Ўзбекистонда диний таълим: муаммо ва истиқболлар

0
240
Тошкент Ислом институтининг собиқ биноси/ Фото очиқ манбалардан олинди

Ўзбекистонда диний таълимнинг тарихий илдизларига қарайдиган бўлсак, у ХХ аср бошларига қадар (1929 йил қозилик судлари тугатилгунга қадар) асосий таълим олиш шаклларидан ҳисобланган.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, диний ва дунёвий фанлар мадраса таълимида мужассам бўлган. Лекин ХХ аср 30 йилларига келиб, вазият ўзгариб диний ташкилот ва диний таълим масаласи таъқиб остига олиниши натижасида, диний таълим муассасалари сони кескин камайган ёки баъзи конфессияларда бу жараён фақат хорижда таълим олиш асносида ўқитилган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин вазият ўзгариб, дастлаб 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил этилиб, кейинчалик, Тошкентда Совет иттифоқидаги ягона бўлган Имом Бухорий номидаги ислом олийгоҳи (МАҲАД) 1971 йилда ташкил этилган.

Шу билан бирга, Бухородаги Мир Араб мадрасаси ҳам фаолият юритган. Лекин бу албатта, жамиятдаги диндорлар учун тўлиқ равишда диний билим олиш эҳтиёжини қамрай олмаган.

Мустақиллик йилларидаги диний муассаcалар фаолиятини икки даврга бўлиб таҳлил этиш мақсадга мувофиқ:

  1. 1991-2016 йй;
  2. 2016 – бугунги кунга қадар.

Шу билан бирга, диний таълим турлари ҳам бир неча гуруҳларга таснифланади:

– илоҳиёт йўналишидаги профессионал диний таълим;

– дунёвий таълим муассасаларидаги динга оид академик таълим;

– аҳоли томонидан қизиқиш билдирилаётган, кундалик ҳаёти учун зарур деб ҳисобланадиган диний амалиёт қоидаларини ўрганиш ҳамда одоб-аҳлоқ билан боғлиқ масалаларда диний нуқтаи назарга асосланган билимларни олиш (“маиший” диний таълим).

  1. Илоҳиёт йўналишидаги профессионал диний таълим

Ушбу йўналишдаги диний таълим олиш имкониятлари махсус диний таълим муассасалари орқали амалга оширилади ва биринчи навбатда профессионал диний соҳа хизматчиларини тайёрлаш учун мўлжалланган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 15 та диний таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан 13 таси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари. Жумладан, 3 таси олий Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари ҳисобланади, шундан 2 таси аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларидир. Булар қуйидагилар:

1.Тошкент ислом институти

2.“Мир Араб” Олий мадрасаси

  1. Ҳадис илми мактаби

4.“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

5.“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти

6.“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти

7.“Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти

8.“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти

9.“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

10.“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти

11. “Имом Термизи” ўрта махсус ислом билим юрти

12.“Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти

13.“Жўйбори Калон” ўрта махсус ислом билим юрти.

Профессионал диний таълим тизимида бошланғич даража мадраса ҳисобланади ҳамда юқорида кўрсатиб ўтилган 10 нафар ўрта махсус ислом билим юртларига кириш учун махсус диний билим талаб этилмайди.

Ушбу таълим даргоҳларида кириш имтиҳонлари мактаб дастури доирасида ўқитиладиган фанлар, яъни хорижий тил ва тарих фанларидан Давлат тест маркази томонидан тест шаклида ўтказилади.

2019 йилга қадар Маънавият асослари фанидан ижодий имтиҳон ҳам ўтказилган бўлиб, 2020 йилда пандемия сабабли фақат тест шаклидаги имтиҳонлар ташкил этиш билан чекланган.

Ўз навбатида, олий диний таълим муассасаларига кириш учун дунёвий фанлар билан бир қаторда соф диний фанлардан ҳам имтиҳонлар ўтказилади, мазкур билимларни фуқаролар мадрасаларда олиш имкониятига эга бўлади.

Ўзга конфессиялар профессионал таълим муассасаларидан Тошкент православ ва Тошкент протестант семинариялари фаолият кўрсатаётганини таъкидлаш ўринли.

Тошкент православ семинарияси 1990 йил 1 октябрда ўрта махсус билим юрти сифатида ташкил этилган. 1998 йил 9 апрелдан ўқув юрти семинарияга айлантирилган.

Рус православ черкови қоидаларига асосан семинарияга епархия раҳбари раҳбарлик қилади. Семинарияда Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ташқари Россия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган талабалар ҳам таълим олмоқда.

Тошкент протестант семинарияси 1992 йилдан эътиборан Самарқанд шаҳрида “Самарқанд протестант семинарияси” сифатида фаолият олиб борган. 2004 йилда семинария Тошкент шаҳрига кўчирилиб, Тошкент протестант семинарияси номи билан қайта рўйхатдан ўтказилган.

Юқорида номи кўрсатилган конфессиялар (диний озчилик вакиллари) профессионал таълим ва олий таълим олиш мақсадида (аксари) хорижий ўқув юртларига бориб таълим олишади. Мисол учун, католикларнинг аксари Қозоғистон ёки Польшада, православ оқими вакиллари эса Россияда ва бошқа давлатларда таҳсил олиб билимларини оширишлари мумкин. Бу борадаги харажатлар кўпинча черков тушумлари (жамоа томонидан) ва шахсий маблағлар асосида амалга оширилади.

Сўнгги йилларда олий диний таълим муассасалари сони 1 тадан 3 тагача кўпайди (барчаси ислом дини асослари ўқитиладиган ОТМлар).

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган Ҳадис илми мактаби энг илғор диний таълим муассасасидир. Марказий Осиёда ноёб ҳисобланган бу таълим муассасасида таълим жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, таълим жараёнларига хорижий ноёб мутахассислар ҳам жалб қилинмоқда.

Ўрта махсус маълумотли имом-хатиблар малакасини ошириш ва уларни олий маълумотли қилиш мақсадида Тошкент ислом институтида 3 йиллик модуль таълим тизими жорий этилди. Мазкур талим тизимига 2019-2020 ўқув йилидан асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда имом-хатиблар ўқишга қабул қилинди.

Шу билан биргаликда, бу борадаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 январдаги 25-сонли қарори асосида Халқаро ислом академиясининг малака ошириш маркази ҳам фаолият олиб бормоқда.

Унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиаллари мавжуд эканлиги диний билимлар билан биргаликда, бу борадаги қонунчиликдаги янгиликлар доимий равишда тингловчиларга етказиб борилади.

Диний таълим масаласидаги муаммолар масаласига тўхталиб ўтадиган бўлсак, сўнгги вақтларда диний муассаса ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси масаласида баъзи мулоҳазали вазиятлар юзага келаётганлиги уларнинг дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар масаласида малака оширишларини мунтазам олиб боришга эҳтиёж мавжудлигидан далолат беради.

Шу билан бирга, кўпинча ижтимоий тармоқларда мактаб босқичида таълим олиш жараёнида диний фанлар ўқитилиши масаласи тез-тез учраб туради. Лекин мазкур масалада давлат позицияси кўп миллатли ва кўп диний эътиқодчилар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, умумлашган ҳолатда 10-11 синфларда “Тарбия” дарси давомида дини мавзудаги баъзи мавзулар ўқитилиши белгиланган.

Диний таълим муассасалари сони аҳоли эҳтиёжига пропорционал равишда тузилганлиги ва олий маълумотли етук кадрлар барча диний муассасаларда мавжудлиги масаласи алоҳида социологик тадқиқотни талаб этганлиги боис бу масалада аниқ бир хулоса бериш қийин саналади. Аммо 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш жараёни амалга оширилиши билан бу борада бирламчи хулосаларни аниқлаш мумкин бўлади.

 

Жаҳонгир Остонов 

Ёш тадқиқотчи

 

 

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг