Ўзбекистон — Туркия: Буюк тарих бунёд этган икки улуғ халқ

0
1009
Фото:yandex.ru

2016 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 1,5 миллиард доллардан ошди.

Ўтган йилнинг ўзида юртимизда турк ишбилармонлари инвестицияси иштирокида 20 дан ортиқ корхоналар ташкил этилди, 53 компания ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Туркия капитали иштирокидаги 550 дан зиёд фирма ва компаниялар фаолият юритмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғоннинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлди. Яъни икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда.

Жумладан, 2016 йил ноябрь ойида Режеп Таййип Эрдўғоннинг Самарқандга ташрифи, 2017 йил май ойида Пекинда ўтказилган “Бир макон, бир йўл” форумида, сентябрь ойида Остона шаҳри мезбонлик қилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити ҳамда 20 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари икки томонлама алоқалар истиқболлари тўғрисида фикрлашдилар.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи ана шу мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ташриф асносида ўтказилган музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Яқин кунларда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Шубҳасиз, бу дўстлик ришталарини яна бир поғона юқорига олиб чиқади.

Кўнгиллар яқин, ниятлар муштарак

Туркия деганда, юртдошларимизнинг аксарияти мазкур давлатни Истанбул, Анқара, Анталия каби машҳур шаҳарлари, бетакрор тарихий обидалари, туризм салоҳияти, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари, таниқли санъаткорлари, оммабоп фильм ва сериаллари орқали билади. Иш юзасидан, сайёҳ сифатида ушбу мамлакатда бўлганлар, табиийки, бу борада кўпроқ тасаввурга эга. Ҳатто бундай имкониятдан фойдаланмаганлар ҳам, ҳеч бўлмаганда, юқорида санаб ўтилган жиҳатлардан қисман хабардор.

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти ташаббуси билан Туркияга қилган ижодий сафаримиз давомида расмий идоралар, бизнес вакилларини қўя туринг, оддий одамлар, хоҳ у такси ёки автобус ҳайдовчиси, хоҳ меҳмонхона хизматчиси ёхуд ишчи бўлсин, суҳбатлашиб, илк хулосамиз шундай бўлдики, мазкур мамлакат аҳолиси ҳам Ўзбекистонни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби афсонавий шаҳарлари, ноёб ёдгорликлари орқали яхши танийди ёки улар тўғрисида етарли маълумотга эга.

Сайёҳ сифатида ана шу кентларимизни томоша қилиб, миллий таомларимиздан татиб, халқимизнинг меҳмондўстлик фазилатидан ҳайратга тушганлари, ҳали-ҳануз ўша таассуротларини ёдга олганда, мароқ билан гапириб берадиганлари ҳам кўп.

Ўзбекистон тўғрисида “ота юртимиз” деган ибора бот-бот қўлланилади. Бундай меҳрга йўғрилган изҳорларни тинглаганда, Анқарада Амир Темур боғи, “Тошкент” кўчаси, Коньяда Тошкент тумани, Истанбулда ўзбек маҳалласи, Самарқанд маданият маркази, қолаверса, ушбу гўзал шаҳримиз номи билан юритилувчи телерадиоканал борлиги, қатор ҳудудларда ўзбек ошхоналари фаолият юритаётганини кўрганда қалбда ўзгача ҳис-туйғулар жўш уради. Дарҳақиқат, бу икки халқ бир-бирига ҳар жиҳатдан яқин, шунинг учун ҳам бир-бирига “дўстим, қардошим” дея ҳурматини билдиради.

Шу ўринда Туркияга оид айрим факт ва рақамларни ҳам келтириб ўтсак. Мамлакатда 81 провинция мавжуд. Аҳоли сони айни пайтда 81 миллион нафар. Нуфуси кўплиги бўйича Истанбул (16 миллионга яқин), Анқара (5 миллион 445 мингдан зиёд), Измир (қарийб 4 миллион 300 минг), Бурса (3 миллион атрофида), Анталия (2 миллион 400 минг нафардан ортиқ) шаҳарлари олдинги ўринларда туради.

Иқтисодий салоҳиятига кўра, Туркия дунёдаги катта йигирматаликка кирувчи давлатлардан бири саналади. Жаҳон банки прогнозига қараганда, мамлакат иқтисодиёти жорий йилда 6,2 фоиз ўсади.

Бу Европадаги энг юқори кўрсаткичдир. 2017 йилда мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 345 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, хусусан, экспорт ҳажми 154 миллиард долларга тенг бўлди.

Туркиянинг турли соҳалардаги ютуқларини ўрганиш, илғор тажрибаларидан фойдаланиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларга турк тадбиркорлари ва компаниялари сармояларини жалб қилиш мамлакатимиз манфаатларига тўла мос келади.

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг улкан бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари ва муқаддас қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Яъни ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор.

Сафаримиз мобайнида Анқара, Конья, Истанбул шаҳарларида бўлиб, турли соҳа вакиллари, аҳолининг мамлакатимиздаги ислоҳотлар, ташқи сиёсатимиздаги ёндашув ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Диққатга сазовор жойларини бориб кўрдик. Бу жараёнларни ташкиллаштиришда Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси яқиндан кўмаклашди.

«Икки денгиз учрашуви» — қалб оламига йўл

Ушбу давлатни тарихий жиҳатдан юртимиз билан боғлаб турадиган шаҳарларидан бири, бу — Коньядир. Сабаби, мазкур ҳудудда жаҳон адабиётининг бетакрор сиймоларидан бири, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз санъаткорлари ўзларига устоз деб билган улуғ инсон — Мавлоно Жалолиддин Румий мангу қўним топган.

Анқарадан Истанбул томон йўл олишдан аввал ана шу табаррук қадамжони зиёрат қилишни дилга тугдик. Мамлакат пойтахтидан Коньяга тезюрар поездда қарийб икки соатда етиб бориларкан. 250 км/соат тезликда ҳаракатланувчи мазкур темир йўл транспорти, ундаги қулайликлар, сервис хизмати, вагон кузатувчиларининг муомаласи худди биздаги “Афросиёб”ни эслатади.

Ташқаридаги манзара, далалар ҳам ўхшаш. Гоҳ-гоҳида ям-яшил буғдойзорлар, эндигина шудгорланиб, экин учун тайёрлаб қўйилган пайкаллар кўзга ташланади. Тураржойлар, турли бинолар… Агар бир зумга Туркияда эканлигингизни унутсангиз, ишонинг, ўзингизни гўё Самарқанд ёки Бухоро томонларга кетаётгандек ҳис қиласиз.

Ана шундай таассуротлар билан зум ўтмай манзилга етдик. У ерда Матбуот ва ахборот бош бошқармаси Конья бўлими мудири Абдураҳмон Фиданжи кутиб олди. Мезбон эски қадрдонлардек қучоқ очиб кўришаркан, “Табаррук юртдансиз, Ўзбекистонга ҳурматимиз, меҳримиз чексиз”, дея қўшимча қилди. Биласизми, бундай самимий муносабат Ватанингдан фахрланиш туйғусини чексиз орттириб, руҳиятингга бошқача таъсир қиларкан.

Умуман, Конья кўплаб тарихий бинолар, масжид ва мадрасалар, музейлар жойлашган гўзал шаҳарки, бу ерда азалдан мавжуд бўлган улкан маънавий муҳит бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. Буни маҳаллий аҳоли вакилларининг маданиятидан, сўзидан, муомаласидан ҳам билиш мумкин.

Қисқа суҳбатимизда асосий мавзу давлатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга чиқиб бораётгани, борди-келдилар фаоллашгани, бундан халқларимиз беҳад мамнунлиги ҳақида бўлди. Шундан сўнг, мезбоннинг тавсияси билан зиёратни дастлаб Жалолиддин Румийнинг маънавий устози Шамс Табризий мақбарасидан бошладик.

Иншоот ҳовлисидаги лавҳда қайд этилганидек, юксак маънавияти, илми, ўткир зеҳни билан ном қозонган, ўз даврининг улуғ шайхларидан таҳсил олган Табризий Мавлоно Жалолиддиннинг комил инсон сифатида шаклланишида катта ўрин тутган. Табризий Румий ҳақида эшитиб, уни қидириб Коньяга келади.

Бу буюк зотларнинг учрашуви тарихда “Икки денгиз учрашуви” (айрим манбаларда “Икки денгиз бирлашуви” деб ҳам юритилган) дея таърифланади. Уч ярим йил биргаликда юриб, Румий устозидан кўп нарса ўрганади ва ҳаётида янги уфқлар очилади.

Ушбу маскандан чиқиб, яёв юрилса, тахминан 5 дақиқада “Мавлоно музейи”га етиб борилади. Мажмуа ходими Осман Саннинг айтишича, бу тарихий иншоот дастлаб “Мавлоно даргоҳи”, 1927 йилдан “Конья осориатиқалар музейи” ва 1954 йилдан эътиборан “Мавлоно музейи” номи билан юритила бошланган.

Унга кириладиган ҳар бир эшик алоҳида ном ва маънога эга. Бу ерда Жалолиддин Румийнинг қабри, ҳужралар, масжид, экспонатлар қўйилган хоналар, кутубхона ва бошқа хоналар ўрин олган.

Маълумки, Жалолиддин Румий 1207 йилда Балх шаҳрида, ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди, йирик хатиб ва воизи бўлган Баҳоуддин Валад оиласида туғилган. Баҳоуддин Валад баъзи сиёсий воқеалар сабабли Балхдан кетишга мажбур бўлган. Бир неча йиллар турли шаҳарларда истиқомат қилиб, ниҳоят айнан Коньядан қўним топган.

Румий ўша даврнинг йирик илмий марказларида таҳсил олиб, донишманд бўлиб етишади. Улуғ аллома ўзидан кейинги авлодларга қимматбаҳо асарлар қолдирган.

Булар ғазал ва рубоийлардан иборат “Девони кабир”, яъни “Буюк девон” номи билан машҳур девон, тасаввуфий-ишқий асар — “Маснавийи маънавий”, Мавлононинг суҳбатларидан иборат фалсафий китоб — “Фийҳи ма фийҳ”, Румийнинг турли йилларда яқинлари, дўстлари, айрим олимлар ва давлат амалдорларига ёзган мактубларидан ташкил топган тўплам — “Мактубот”, шунингдек, ўгит ва панд-насиҳатлардан иборат бўлган “Мажолиси сабъа” асарларидир.

Буларнинг ҳар бири бебаҳо дурдоналардир. Масалан, “Маснавийи маънавий”ни инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида нафақат Шарқда, балки ўарбда ҳам ихлос билан ўрганишган.

“Мавлоно музейи”да алломанинг асарлари, шахсий буюмлари, либослари, турли китоблар, қандиллар, мусиқий асбоблар сақланади. Кутубхонада қўлда ёзилган 4 мингдан ортиқ тарихий адабиётлар мавжуд бўлиб, эътиборлиси, ана шу асарлар барчасининг CD шаклидаги электрон нусхалари ҳам яратилган.

Бу манзилнинг Туркия зиёрат туризмида қанчалик муҳим ўрин тутишини битта рақам билан изоҳлаш мумкин: ҳар йили бу ерга дунёнинг турли нуқталаридан, турли миллат ва динга мансуб 3,5 миллион нафар сайёҳ ташриф буюраркан.

Туристларга ушбу табаррук манзил ёнгинасида жойлашган янги музейга ташриф буюриш ҳам тавсия этилади. Музейнинг пастки қаватидаги деворларга Жалолиддин Румийнинг болалигидан то сўнгги кунларигача бўлган умр йўли тасвирланган, қўлда чизилган суратлар осилган. Юқори қаватдаги томоша залида қадимий Конья, унинг аҳолиси турмуш тарзи макетлар шаклида, худди жонлидек гавдалантирилган.

Шундай ёрқин таассурот ва ўзгача ҳис-туйғулар оғушида навбатдаги манзил — Истанбул сари йўл олдик.

“2020 йил: Ўзбекистон дунёни ҳайратга солади”

Истанбул Европа ва Осиёни бир-бирига боғлаб турувчи, мамлакат тарихида, иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи шаҳар ҳисобланади. Савдо-сотиқ, саноат юксак даражада ривожланган. Мисол учун, Туркия савдо соҳаси ҳажмининг қарийб 30 фоизи ушбу кент ҳиссасига тўғри келади.

Йирик бизнес ва саноат марказлари мавжуд. Бир қанча хусусий банклар, фирмалар, машҳур телеканаллар, таҳририятларнинг бош офиси шу ерда жойлашган.

Тарихий масканлари, ёдгорликлари кўплиги, денгиз соҳили, юқори даражали сервис хизмати туфайли Истанбул бутун дунёдан туристлар эътиборини жалб қилади.

Ҳар йили ўртача 7 — 9 миллион нафар атрофида хорижлик сайёҳлар ташриф буюради. Бу ерда оддий меҳмонхоналардан тортиб, беш юлдузли бўлганларини ҳам топиш мумкин.

Истанбулда Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитасининг Туркия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Иззет Экмекчибаши билан учрашиб, мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, ҳаётга татбиқ этилаётган йирик лойиҳалар хусусида суҳбатлашдик.

— Аввало, Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси ҳақида қисқача айтиб ўтадиган бўлсам, унинг таркибида бир қанча холдинглар, компаниялар, фирмалар мавжуд бўлиб, фаолияти ташқи савдо, халқаро инвестициялар, хизматлар кўрсатиш, логистика ва бошқа жабҳаларда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган, — дейди суҳбатдошимиз. — Масалан, мен қурилиш соҳасига ихтисослаштирилган “Gentes” компаниялар гуруҳи раҳбари сифатида ушбу қўмита аъзосиман.

Биз саноат объектлари, тураржойлар, банклар, таълим ва соғломлаштириш муассасаларини қуриш, инжиниринг хизматлари кўрсатиш, тарихий объектларни реставрация қилиш каби қатор йўналишларда фаолият олиб борамиз.

Туркия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси сифатида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни бурчим, вазифам деб биламан. Бу йўлда бор билим ва салоҳиятимни ишга солаяпман.

Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси билан ҳамкорликда гўштни қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Uzgen” қўшма корхонасини ташкил этиш устида иш олиб бормоқдамиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Туркияга амалга оширган давлат ташрифи доирасида ана шу лойиҳа тақдимотини ҳам ўтказган эдик.

“Uzgen” чиқитсиз технология асосида фаолият юритадиган йирик мажмуа бўлади. Унинг таркибидан кушхона, музлаткичли омборхоналар, гўштга ишлов бериш, гўшт ва колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қадоқлаш цехлари, битта савдо дўкони ўрин олади. Тери ва чиқиндиларнинг барчаси қайта ишланади. Ҳатто ана шу жараёнларда фойдаланилган сув ҳам тозаланиб, деҳқончилик учун етказиб берилади.

Бундан ташқари, Туркиядан ҳам хом ашё сифатида чарм олиб бориб, сумка, камар ва бошқа чарм-атторлик маҳсулотлари тайёрлаш кўзда тутилган. Мажмуа тўлиқ қувват билан фаолият бошласа 2500 кишининг бандлиги таъминланади.

— Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган муҳит ҳақида нималар дея оласиз? — сўраймиз ундан.

— Мен юртингизга илк бор анча йиллар илгари боргандим, — дейди Иззет Экмекчибаши. — Очиғи, ўша даврларда аэропортдаёқ шу даражада мураккаб расмиятчиликка дуч келардингизки, одам безиб кетарди.

Орадан кўп вақт ўтди. Сўнгги пайтларда лойиҳаларимиз ижроси юзасидан Ўзбекистонга тез-тез сафар қилаяпман. Ҳар бир янгилик ташқаридан қараган одамга яққолроқ кўринади. Фарқ осмон билан ерча.

Мен бир ёки икки йилни эмас, мана шу охирги олти ойдаги ўзгаришларни мисол сифатида айтганимда ҳам — ҳайратланарли, дея таърифлаган бўлардим. Аэропортдан ўтиш жуда осонлашди, Туркия фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинди.

Ташқи сиёсатда, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилиб, барча муаммолар бартараф этилди. Одамлар қўшни давлатларга эмин-эркин бориб келишаётганига гувоҳман.

Булар ўз-ўзидан бўладиган ишлар эмас. Жуда катта натижалардир ва халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Шу орқали Ўзбекистоннинг имижи кўтарилиб бораяпти.

Яна бир жиҳат. Бир пайтлар турли сабабларга кўра, айрим илмий салоҳиятли инсонлар, ишбилармонлар Ўзбекистондан бошқа давлатларга кетиб, фаолиятини давом эттира бошлаганди.

Улар аслида мамлакат учун керак. Президент Шавкат Мирзиёев бу борада ҳам жуда оқилона сиёсат юритиб, ана шундай инсонларни Ватанга қайтариш, Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшишга чорламоқда.

Қандай шароит зарур бўлса, яратиб беришга интилаяпти. Натижада бу борада ижобий ҳолатлар кўзга яққол ташланмоқда. Хорижий инвесторларда ҳам мамлакат бозорига қизиқиш кучайди. Хусусан, ҳозир Туркия ишбилармонлари яна Ўзбекистонга қайтиш, бизнесини йўлга қўйиш истагида.

Бугунги ислоҳотлардан Ўзбекистон фуқаролари ҳам мамнун эканлигини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон раҳбари билан Туркияга давлат ташрифи чоғида учрашиш насиб этди. Бундан жуда мамнунман. Мен дунё кезган бир тадбиркор сифатида Шавкат Мирзиёевнинг иш тажрибасию фазилатларидан ҳайратга тушаман. У узоқни кўра билади, халқнинг ҳаётидан яхши хабардор, аҳамиятлиси, ишни марказда туриб олиб бормайди.

Вилоятма-вилоят, қишлоқма-қишлоқ кезиб, одамларнинг аҳволини ўрганади. Борган жойида бирор муаммо кўрса, дарров ўша масалани ечиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар беради. “Тортолмаган” раҳбарларни вазифасидан олиб, ўрнига бошқасини қўяди.

Синайди, интилиши кучли кадр бўлса, қўллаб-қувватлайди. Натижада ислоҳотлар олис ҳудудларга ҳам етиб бораяпти. Айниқса, хорижий тилларни биладиган, замонавий фикрлайдиган ёш мутахассисларга алоҳида аҳамият қаратаётгани диққатга сазовор.

Шулардан келиб чиқиб шахсан мен бир фикрни билдиришни истардимки, 2020 йилдан кейин Ўзбекистон бутунлай бошқача, жадал ривожланган давлат сифатида намоён бўлади.

“Ўзбекистон Президентидан интервью олиш — орзуимиз”

Туркия медиа соҳаси ҳам анча ривожланган. Бу ерда давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари соғлом рақобат асосида фаолият юритади. Мамлакатда “Turkuvaz Medya Grubu” хусусий компанияси алоҳида ўринга эга бўлиб, таркибида “Atv”, “a2”, “A haber, “A Spor” каби 15 га яқин машҳур ихтисослаштирилган телеканаллар, ўндан ортиқ радиоканал, “Sabah”, “Daily Sabah” сингари номдор газеталар, халқаро миқёсга чиққан журналлар, кенг омма эътиборига тушган интернет сайтлар бор. Ушбу медиа компанияси фаолияти билан яқиндан танишиб, “A news” телеканалининг хабар ва эфирга узатиш координатори Орхан Сали билан мулоқот қилдик.

— “А haber” — Туркиянинг энг кўп томоша қилинадиган информацион телеканалидир, — дейди суҳбатдошимиз. — Мен ушбу каналда саккиз йилдан бери ишлайман. Касбимиз ахборотни оммага биринчи бўлиб етказишни тақозо қилади ва бутун жамоамиз мана шу йўлда астойдил интилмоқда.

Натижада тахминан 30 — 40 ойдирки, Туркиядаги рейтингда юқори ўринда турибмиз. Бизнинг асосий йўналишимиз мамлакатимиз раҳбари Режеп Таййип Эрдўғон юритаётган сиёсатдан, Туркиядаги янгиликлардан дунё аҳлини хабардор қилиш.

Бугун глобаллашув даврида, ахборот хуружи кучайган бир шароитда яшаяпмиз. Хориждаги айрим нохолис ҳамкасбларимиз Туркия ҳақида нотўғри фикрларни шакллантиришга уриниб, бўҳтон хабарларни ҳам тарқата бошлагандан кейин компаниямиз ўтган йили инглиз тилидаги “A news” телеканалини ташкил этишга қарор қилди. Мен шу телеканалга масъулман. Биз янги телеканал орқали дунё аҳлига Туркиянинг асл қиёфасини, эзгу ниятли давлат эканлигини уларнинг ўз тилида кўрсатишга интилаяпмиз.

Ахборотларни, шунингдек, немис ва араб тилида ҳам эфирга узатамиз. Яқин келажакда рус ва хитой тилини йўлга қўйиш ниятидамиз. Туркияда 90 нафарга яқин, қарийб 30 та давлатда 50 та мухбиримиз бор. Бизни кенг аудитория — оддий одамлардан тортиб сиёсатчиларгача кузатади.

Дўст ва қардош давлатлар ҳақида доимо яхши хабарлар тайёрлаб, жаҳон аҳлига тақдим қилиш ҳам фаолият йўналишимизнинг муҳим бир қисми саналади. Шу маънода, сўнгги йилларда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётганидан ҳаммамиз беҳад мамнунмиз.

Чунки маданиятимиз, анъаналаримиз ўхшаш, қарашларимиз яқин. Биз ҳамжиҳатликда кўп нарсаларга эришишимиз мумкин. Медиа соҳасида ҳам шундай ҳамкорлик мустаҳкамланишини истардик.

Афсуски, бизнинг компаниямиз Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, хусусан, телеканаллари билан у қадар яқин эмас. Лекин алоқалар йўлга қўйилишини жуда хоҳлаймиз. “Turkuvaz Medya Grubu” номидан айтишим мумкинки, биз бунга тайёрмиз.

Тўғри, юртингиз ҳақида шу пайтгача кўплаб хабарлар узатдик ва  бу жараён изчиллик касб этган. Бироқ ана шу янгиликларнинг асосий қисмини ахборот агентликлари орқали оламиз. Биз мамлакатингизда мухбиримиз бўлишини, ижодий жамоамиз билан бориб, Ўзбекистоннинг тарихи буюк, бугун жадал ривожланиб бораётган давлат эканлигини ўз видеоматериалларимиз орқали намойиш қилишни истаймиз.

Энг катта мақсадларимиздан бири — Ўзбекистонни янги марралар сари дадил олиб чиқаётган, кучли сиёсатчи, халқаро майдонда юксак мавқега эга Президент Шавкат Мирзиёевдан интервью олишдир. Бу суҳбатни амалга ошира олсак, инглиз, немис, араб тилларида эфирга узатишни режалаштирганмиз. Умид қиламизки, ана шу ниятимиз рўёбга чиқади.

Фурсатдан фойдаланиб, дўст Ўзбекистон халқига, ҳамкасбларимга муваффақиятлар доимо ёр бўлишини тилайман!

…Албатта, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари янги босқичга чиқиб бораётгани, унинг ҳаётий ифодаларини битта мақолага сиғдириш мушкул. Ҳозирги натижалар юксак марраларнинг дебочаси холос. Буюк тарих бунёд этган икки улуғ халқнинг ҳамжиҳатликда эришадиган келгуси ютуқлари, шубҳасиз, навбатдаги материалларимизга мавзу бўлади.

Муаллиф: «Халқ сўзи» махсус мухбири Шавкат ОРТИҚОВ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг