Ўзбекистон телевидениеси ҳақида

0
2837
Манба: mtrk.uz

Бир қанча омиллар борки, Ўзбекистон телеканалларини кўриш-кузатиш, мен учун юқори даражада муҳим. Биринчидан, сиёсатшунослик мутахассислиги ОАВларни доимий кузатишни тақозо қилади: жорий ҳолатни билиш, информацион сиёсатни/сиёсий тенденцияларни билиш ва таҳлил қилиб бориш – муҳим вазифа.

Иккинчидан, Ўзбекистон ОАВларини кузатиб бориш – юрт соғинчига, она тилига, ўзлик маданиятига, ватанга бўлган ташналикни бир оз бўлсада қондиради. Самарқанддаги яқинларим билан, онам билан телефонда гаплашганимдан билганманки, улардан кўра мени телевизоримдаги Ўзбекистон каналлари сони кўпроқ.

Олдинлари Ўзбекистон каналларини компьютер орқали кўрардим, мана тахминан 5-6 йилдан бери телевизор орқали кўраман. Ҳозир эса, Ўзбекистон телеканалларидаги баъзи ўзгаришлар ҳақида ўз кузатишларимдан келиб чиққан субъектив фикрларимни билдирмоқчи эдим.

– Назаримда, кейинги ойларда оддий одамлар томонидан “Президентимизга рахмат!” маъносидаги бидиришномалар сони ва кўлами камайган. Менимча, одамлар у еки бу воқеа-ҳодиса, янгилик ва ислоҳотларга фикр билдиришда, автоматик равишда “Президентимизга рахмат!” дейишда давом этаётган бўлишса керак. Лекин, телеканаллар айни “Президент” қисмини қирқиб ташлаб, қолганини эфирга беришмоқда.

– Одамларнинг муаммолари, сиёсийлаштирилмаган ҳолатда, эҳтиросларга берилмасдан, телеканалларга олиб чиқиш тенденцияси кенгайиб бораяпди. Ҳар куни жойлардаги ижтимоий муаммолар, жамиятнинг муаммолари кўтарилиш сони ошиб бормоқда. Олдинлари эса барча кўтарилган муаммолар – давлатнинг наздидаги ва ҳукуматни манфаатлари учун муаммолар сифатида кўтариларди, жамиятнинг/оддий одамларнинг муаммолари эса иккиламчи эди.

– Ўтган чорак аср давомида Ўзбекистон ОАВларида мутлақ янги ва мураккаб стил шаклланган эди: тинимсиз гапириш ва ҳеч қандай маълумот бермаслик. Яъни, ОАВлари, айниқса, телеканаллардаги репортажларда шундай гапирилар эдики, ҳамма сўзларни тушунасиз, лекин репортажнинг умумий моҳиятини тушуниб бўлмасди – на аниқ-конкрет муаммо бор, на айбдор бор, на ечим бор эди.

Энди, аста секин ОАВларида, телеканалларда мазмунли, маъно-моҳиятли, лекин бари бир анча эҳтиёткор маълумотлар берила бошлаяпди. Юқорида айтиб ўтилган “маълумот бермасдан гапириш синдроми” ҳали анча вақт давом этиши табиий.

Бу стил остида тўлиқ бир янги авлод етишиб чиқди, ёши катта авлод тафаккури зирҳланди. Энди бу стилдан эркин фикрли ва эркин сўзли стилга ўтиш машаққатли бўлади, бу вазифа давлат учун ҳам, жамият учун ҳам енгил кечмайди.

– Шунингдек, бундан бир неча ой олдинлари “Ўзбекистон-24 HD”каналини Ўзбекистондан узатилиш сифати анча сустроқ эди, прайм-тайм вақтида қотиб қолиш ҳолатлари кузатиларди. Лекин, кейинги ойларда бу муаммо йўқолди ҳисоб.

 

Муаллиф:Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг