Ўзбекистон мусулмонлари ҳақида

0
967
Фото: Очиқ манбалардан олинган сурат

Мазкур материал диний бағрикенглик, диний эркинликларни ёритилишини қўллаб-қувватлаш мавзуси доирасида тайёрланди

Мусулмон- арабча сўз бўлиб, эркакларга нисбатан “муслим”,  аёлларга нисбатан “муслима” шакли қўлланилади ва Ислом динига эргашувчи дегани. Шунингдек, синоним сифатида мусулмонлар “мўмин” (аёлларга нисбатан “мўмина”) дейилади.

“Мўмин” сўзи арабча “а-м-н” илдизидан олинган бўлиб, хавфсизлик, ишончлилик, иймон, ҳалоллик, иймон, хотиржамлик, ҳаё, тавозе, итоат каби кўплаб маъноларни билдиради.

Мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръондир. Исломга кўра, Қуръон – бу Жаброил фаришта орқали Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)га юборилган Худонинг каломидир. Мусулмонлар Қуръонга, шунингдек, анъанавий ҳадислар тўпламларида (суннатда) қайд этилган Муҳаммад (с.а.в) нинг таълимотлари ва амалиётларига амал қиладилар.

Мусулмонлар Худо (Аллоҳ) абадий, олий ва ҳеч қандай шериги йўқлигига ишонишади. Шунингдек, улар Аллоҳ таолонинг тенгсиз, Ўзига етарли, туғмаган ва туғилмаганлигига ишонишади (Иҳлос сурси). Мусулмонлар исломни Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо каби пайғамбарлар орқали етказилган Иброҳимий динларнинг сўнгги босқичи, деб ҳисоблашади.

Ислом динига кўра, мусулмонлар аввалги барча Муқаддас Китоб ва Лавҳлар қисман ўзгартирилган, Қуръон эса Аллоҳдан келган охирги ва ўзгармас ваҳий дея эътиқод қиладилар.

Мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни сўнгги пайғамбар сифатида тан оладилар, ундан кейин келадиган бошқа пайғамбарлар бўлиши мумкин эмас,  деб ҳисоблайдилар.

Агар ҳар қандай инсон тавҳид (шаҳодат) калимасини айтса, яъни: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканлигига ҳам гувоҳлик бераман” деса, мусулмон ҳисобланади.

Мусулмонларнинг диний амалиёти беш устундан иборат. Шаҳодат калимаси айтиб, иймон келтириш (қалбан ишонидан) ташқари, Исломнинг арконлари беш вақт намоз (намоз), Рамазон ойида рўза тутиш (рўза), закот бериш (закот) ва Маккага ҳаж қилиш (ҳаж)дан иборат.

Ислом арконларидан яна иймон рукнлари ҳам бўлиб, улардан камида биттасини тан олмаслик мусулмоннинг иймонини бузади. Буларга қуйидагилар киради:

  • Роббига (Аллоҳга) ишониш
  • Фаришталарга ишониш (малоика);
  • Муқаддас Китобларга ишониш;
  • Пайғамбарлар (набий) ва элчиларга (расул) ишониш;
  • Қиёмат кунига иймон келтириш;
  • Тақдирнинг (қадарнинг) олдиндан белгиланишига, ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Роббининг (Аллоҳ) иродасига кўра содир бўлишига ишониш.

Шунингдек, Қуръондан номлари зикр қилинган пайғамбар ва расуллар ҳамда уларга эргашувчилар ҳам мусулмонлар деб аталади. Жумладан, Оли Имрон сурасининг 52-оятида Исо пайғамбарнинг ҳаворийлари: “Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз. Биз Аллоҳга иймон келтирдик. Биз мусулмон эканлигимизга гувоҳ бўл!” дейишган. Қуръон нозил бўлгунга қадар мусулмонлар Мусо пайғамбарга нозил қилинган Таврот, Забур ва Инжилга амал қилишлари шарт бўлган.

Расмий глобал статистикага кўра, дунё бўйлаб мусулмонлар сони тахминан 1,7 миллиард кишини ташкил қилиниши айтилади. Ислом дунёдаги иккинчи энг йирик ва баъзи оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, дунёдаги энг тез ривожланаётган дин саналади.

Мусулмонларнинг 90% ўзини сунний (аҳли сунна вал жамоат) деб ҳисоблайди. Иккинчи йирик исломий йўналиш шиалик ҳисобланади (10%).

Энг йирик мусулмон давлати Индонезия бўлиб, унда дунёдаги барча мусулмонларнинг 12,7%, ундан кейин Покистон (11,0%), Бангладеш (9,2%) ва Миср (4,9%). Мусулмонлар Ҳиндистон, Хитой, Россия, Шимолий Македония, Эфиопия ва бошқалар каби мамлакатларда ҳам йирик миқдордаги озчиликни ташкил этувчилар саналади.

Очиқ ресурслардан олинган фото

Ўзбекистон мусулмонлари

Ҳозирги Ўзбекистон жойлашган минтақага Ислом дини VII аср охирларида араб юришлари ва уларнинг ҳукумронлиги даврида тарқалган. Арабларнинг Марказий Осиёга юришлари 643-644- йилларда бошланган бўлиб, Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий (704-715 йиллар) даврида  араб ҳалифалиги таркибига киритилган.

Минтақа аҳолиси исломдаги яккахудолик, инсонпарварлик ва тенгҳуқуқлик ғояларини ижобий баҳолаб, мазкур динни ихтиёрий қабул қила бошлаган. Савдогарлик ва деҳқончилик аъаналари кенг ривожланган Мовароунаҳр аҳолиси ичида исломнинг тез тарқалишида ушбу дин таълимотидаги савдогарлик ва деҳқончиликнинг рағбатлантирилиши, араб халифалиги доирасида карвон савдоси учун кенг имкониятлар очилгани, шуниндек, рибо (фоизга қарз бериш) ва шахсий мулкка тажовузни ман этилиши ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилганлиги айтилади.

IХ асрдан эса Мовароунаҳр ислом таълимотини ривожлантирувчи марказлардан бирига айлана бошлаган. Ўрта асрларда Самарқанд, Бухоро, Қарши каби шаҳарлар ислом илм ва маданият ўчоғи сифатида эътироф этилган.

“Ислом Ренессанси” номини IХ – ХII асрларда буюк мутафаккирлар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Ал Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа олиму фузалолар нафақат ислом таълимоти, балки, жаҳон фани ва маданияти ривожланишига улкан ҳисса қўшдилар.

Уйғонишининг иккинчи босқичи Темурийлар Ренессанси бўлиб ХIV- ХVI асрларга тўғри келади. Ушбу даврда давлатчилик, маданият, фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва Муҳаммад Шайбонийхон фаолият юритганлар.

XIX асрнинг иккинчи яримида Россия Империяси томонидан Марказий Осиё истъело қилинади. Айни ўша даврдан бошлаб ўлкада мусулмонларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш бошланади. Жумладан, Туркистон генерал-губернатори Кауфман ўлка мусулмонлари эҳтиёжларини “писанд қилмаслик ва рад этиш” сиёсатини юргизади.

1788-1789- йилларда Уфада Оренбург мусулмонлар диний йиғини, 1831 йили Сиферополда Таврия диний бошқармаси, 1872 йилда эса Тифлис (ҳозирги Тбилиси)да кавказорти диний бошқармаси тузилган бўлсада, Туркистон мусулмонларига муфтият тузиш ман этилган.

Бунинг устига Кауфман 1879 йилнинг декабрида Чор Россияси ички ишлар вазирига юборган 8509-сони хатида Оренбург муфтиятига Туркистон ўлкаси мусулмонлари билан алоқа қилишни “зарарли” деб баҳолаб, ман этишни сўраган. Ўз навбатида, Россия ички ишлар вазирлиги хорижий эътиқодлар дин ишлари Департаменти ушбу талабни қондириб, Оренбург муфтиятига Туркистон ўлкаси маҳаллий аҳолиси ва мусулмонлар ташкилотлари билан алоқа қилишни ман этган.

Чор Россияси ҳукумронлиги остидаги Туркистон маъмурлари ислом динини мусулмонларни бирлаштирувчи куч ва мустамлака ҳокимиятга таҳдид сифатида кўрганлар. 1899 йили Туркистон генерал –губернатори Духовский ўзининг Чор Россияси ҳукумдорига юборган “Туркистонда ислом” номли докладида ислом динини “христиан маданиятининг мутлақ душмани” сифатида таърифлаган.

Маълумотларга кўра, 1900 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Туркистон ўлкасида 12733 та масжид фаолият юритган. Улардан 1503 та жоме масжид бўлса, 11230 таси маҳалла масжидлари ва намозхоналар бўлган. 6376 та мактаб ва мадрасаларда 6496 нафар мударрис 72307 нафар ўқувчига таълим берган.

1917 йилнинг куз фаслида Россияда шўролар ҳокимият  тепасига келганидан сўнг, Туркистонда бошқарув тизими большевикларнинг Туркистон ўлкаси халқ комиссарлари Совети қўлига ўтади.

1917 йил Қўқон шаҳрида ўлка мусулмонларининг фавқулодда тўртинчи қурултойи ўтказилиб, “Қўқон мухторияти”  ташкил этилганлиги эълон қилинади ҳамда ислом динига давлат дини мақоми берилади. Мухторият раҳбариятининг ислом шиорлари остида маҳаллий аҳолини бирлаштиришга қаратилган ҳаракатлари мувоффақиятсизликка учраб, 1918 йили шўролар томонидан “Қўқон мухторияти” барбод қилинади. Туркистонда шўролар мутлақ ҳокимиятни эгаллайдилар ва мустаҳкам ўрнашиб оладилар.

1920 йилларнинг охирида шўролар тузумининг атеизмга асосланган диний сиёсати кескин тус олади. 1929 йилнинг апрель ойида РСФСР Халқ Комсиссарлари кенгашининг “Диний уюшмалар ҳақида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, диний уюшмаларга йиғин ўтказиш, муқаддас қадмжоларга зиёратлар уюштириш, ҳайрия билан шуғулланиш, кутубхоналар очиш каби фаолиятлар ман этилади.

Коммунистик партия (б) Марказий Кенгашининг 1929 йил 29 июнида ўтказилган XI Пленумида “Мусулмон руҳонийлари ва мактаби тўғрисида”ги қарорида “Ислом бошқа динлар каби социалистик маданият ва пролетариат ғоялари ривожланиши ҳам мустаҳкамланиши, умуман социализм қурилиши йўлидаги катта ғовдир” деб таъкидланган.

Ушбу қарорга биноан оммавий равишда масжид ва мадрасаларни ёпиш, уларнинг мулкларини мусодара қилиш уламоларни аёвсиз қатағон қилиш бошланади. Ҳатто, аҳоли ичида динсизликни  тарғиб этиш мақсадида “Худосизлар жамияти”  ташкил этилади.

Иккинчи жаҳон уруши вақтида Марказий Осиё республикаларининг мусулмон уламолари фронтга озиқ-овқат етказиш, қурол-яроқ ишлаб чиқариш учун маблағ тўплаш ишларида фаол этганлар. 1943 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг 1-Қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний бошқармаси (САДУМ) тузилади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг атеистик сиёсат қайта кучайтира бошланади. Айниқса, Коммунистик партия Марказий комитетит томонидан 1954 йилда қабул қилинган “Илмий-атеистик тарғиботдаги жиддий камчиликлар ва уни яхшилаш чоралари ҳақида” (07.08.1954) ва “Аҳоли ичида илмий-атеистик тарғиботни ўтказишда йўл қўйилаётган хатолар ҳақида” (10.11.1954) қарорларидан сўнг динга қарши кураш кескин тус олди. Хусусан, 1945 йил САДУМ ихтиёрига берилиб, 1956 йилдан фаолият кўрсата бошлаган “Бароқхон” мадрасаси (Тошкент) 1961 йилда тугатилади. САДУМ ихтиёрида фақат Бухоро шаҳридаги “Мир Араб мадрассаси “ қолади.

Чор Россияси тузуми ва большевиклар империясининг Ўзбекистондаги диний сиёсати мусулмон жамиятининг маънавий-маданий ҳаётига жиддий салбий таъсир этган бўлсада, Ўзбекистоннинг матонатли мусулмон халқини иймон-эътиқодидан айира олмаган.

Совет ҳокимиятида “Қайта қуриш, ошкоралик” ислоҳатлари бошланган даврларда, яъни 1980 йилларнинг охиридан бошлаб Ўзбекистонда диний тикланиш жараёнлари содир бўла бошлади, уларнинг асосий белгилари қуйидагиларда намоён бўлди:

– ошкора равишда ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиганлар сонининг кескин кўпайиши (диний мансублиги ҳақида сўралганда аслида маҳаллий аҳолининг 90% дан ортиғи ўзини мусулмон деб билади);

– масжидлар сонининг сезиларли даражада ўсиши (1989 йилдаги 300 тадан 1993 йилга келиб 6000 тагача);

– диний таълим муассасалари талабалари ва тингловчилари сонининг бир неча баробар ортиши ва бошқалар;

– Мусулмонларнинг Қурбон ҳайити ва Рамазон Ҳайитини (Ийд ал-Фитр) дам олиш кунлари деб эълон қилиниши;

– Марказий Осиёнинг йирик диний арбоблари номи билан боғлиқ хотирлаш саналарни миллий миқёсда нишонлаш;

– ислом динининг қадриятлари ва меъёрларини тарғиб қилувчи маълумотларни (китоблар, рисолалар, телевидение ва радио дастурлари ва бошқалар) қонуний равишда тарқатилиши;

– мусулмон давлатлари билан халқаро алоқаларни кенгайиб бориши, Ўзбекистоннинг халқаро ислом ташкилотларига (ИҲТ, ЕСО ва бошқаларга) кириши;

– исломий шиорлар остидаги сиёсий ҳаракатларнинг пайдо бўлиши ва фаоллашиши, уларнинг республикадаги бошқа мухолиф кучлар билан бирлашиши.

Ўзбекистоннинг Фарғона водийси диний жиҳатидан анча ўзига хос минтақа ҳисобланади. Ҳар томондан баланд тоғ тизмалари билан ўралган водийнинг маҳаллий ўзбек аҳолиси кўп йиллар давомида водийда яшовчи бошқа республикалардан келган ўзбеклар ва ҳатто бошқа Ўрта Осиё халқларининг маҳаллий вакиллари (биринчи навбатда, тожиклар билан) билан Ўзбекистоннинг қолган қисмидан бўлган ўз ҳамюртларига нисбатан анча мустаҳкам алоқада бўлган.

ХХ аср 80-йилларининг оҳири 90 –йилларнинг бошларида Фарғона водийсидаги таълим ва диний марказлари ташкил этила бошланади. Ўша масканларда Туркистон ўлкаси учун анъанавий бўлиб келган ҳанафий мазҳаби билан қиёслаганда, нисбатан анча радикалроқ бўлган ҳанбалий мактабининг (мазҳаби) таъсири кучайиб боради.

Бироқ, тадқиқотчилар ва журналистлар томонидан “ваҳҳобийлик” (Арабистонда 18-аср ўрталарида вужудга келган оқим, унинг хусусиятларидан бири, солиҳ мусулмон кишиларнинг мақбараларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлган) деб аталган бу қарашлар ёки бошқача таърифлаганда «нео-ҳанбализм» «исломий» шаклга эга бўлишига қарамай, худди коммунистик мафкура томонидан ўрнатилган ижтимоий адолат ғоялари билан кўпроқ умумийликларга эга эди.

Масалан, талабалар учун бепул “нонушта” ва диндорларни (жумладан, аёлларни) шахсий уйлардаги “йиғилишлар”да ўргатиш усулларини ўз ичига олган “нео-ҳанбалий” марказларнинг амалиётидан ташқари, бу марказлар ғояларининг асли, қайсидир жиҳатдан 1920-30-йиллардаги большевиклар ғояларини эслатарди. Аниқроғи, мулкий тенглик ва фуқаролар ҳаётини тўлиқ назорат қилиб боришни зарур деб қараш, шунингдек, жамиятдаги барча бошқача қарашдагилар ва конфессияларга нисбатан муросасизлик руҳидаги талаблар шулар жумласидандир.

Бу марказларнинг мафкураси ва амалиёти 1991 йилда Наманган шаҳрида ташкил этилган “Адолат” ҳаракати фаолиятида тўлиқ намоён бўлди. Мазкур Ҳаракат аъзолари кўча ва бозорларда патруллар уюштирдилар ва «исломий тартиб посбонлари»га шубҳали бўлиб туюлган барча шахслар ҳибсга олиниб, самосудлар орқали жазоларга тортилди.

Товар ва маҳсулотларни адолатли тақсимлаш учун, чайқовчиликка қарши кураш олиб бориши, Ҳаракат аъзоларининг «Социалистик» руҳиятидан дарак бериб турарди. Ҳаракат фаолиятининг бошиданоқ бундай ривожланиб кетишига вилоят партия номенклатураси томонидан қаршиликка учрамагани балки бежизга эмасдир.

1991 йил декабр ойида Наманганда бўлиб ўтган оммавий митингда Ҳаракат фаоллари томонидан республика раҳбариятига қўйилган талаблар қаторида ислом динини давлат дини ва мафкураси деб эълон қилиш, Намангандаги бир қатор маъмурий биноларни Ҳаракат тасарруфига ўтказиш, мухолиф нашрларни қонунийлаштириш тўғрисидаги талаблар ҳам аҳамиятли бўлди.

Бу ерда фақатгина охирги талаб, демократик  жамият нормаларига мос деб тан олиниши мумкин. Бу ҳолат яқиндагина мустақил бўлган республика раҳбариятида ҳам, Фарғона водийсидаги “нео-ҳанбалийлар” ҳаракати тимсолида кучли ва тажовузкор рақобатчини кўрган расмий диний идора вакилларида ҳам, диний фанатизмнинг портлашидан қўрққан миллий озчиликлар ва европалашган зиёлилар вакилларида ҳам жиддий хавотир уйғотди.

1992 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди, унда диний бирлашмалар фаолиятига давлатнинг аралашмаслик принципи (61-модда) билан бир қаторда диний эътиқодни тарғиб қилувчи диний жамоатлар (д.т.)лар тузиш, бошқаларга нисбатан нафрат уйғотувчи, шунингдек, диний асосда ҳарбийлаштирилган бирлашмалар ва сиёсий партиялар тузиш (57-модда) тақиқланди.

Ушбу қоидалар диний бирлашмаларни рўйхатга олиш тартибини (2-боб), уларнинг мулкий ҳолатини (3-боб) белгилаб берувчи «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда (1991) мавжуд бўлган барча тамойилларни конституциявий тарзда мустаҳкамлади ва шу орқали, кескин ҳуқуқий меъёрлар билан экстремистик диний бирлашмалар фаолиятини чеклади.

Айниқса, 1999 йилнинг феврал воқеаларидан сўнг, экстремизм ва терроризм билан кураш баҳонасида Ўзбекистон мусулмонларининг эътиқод эркинликлари билан боғлиқ норасмий чекловлар кучайиб борди. Диний важлар ва сабаблар билан тақиб қилиш, давлат ташкилотларида мусулмонларнинг эътиқод эркинлигини чеклаш, турли экстремистик ташкилотларга мансубликда гумонланиб қамоққа олинишлар кўпайди ва ниҳоят буларни натижаси Қорақалпоғистон Респубилкаси ҳудудида “Жаслиқ” номи билан танилган жазони ўташ колониясини ташкил этилишига олиб келди.

Бироқ, 2016 йилдан кейин Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазият кескин ўзгаришни бошлади. Ўзбекистон Президент сифатида Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин, турли соҳаларда ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Хусусан, Ўзбекистондаги мусулмонларнинг эътиқод эркинлари борасида ҳам ижобий тарафга ўзгаришлар кузатилди. Аввалги пайтда бўлгани каби турли диний мотивлар билан мусулмонларни тақиб қилиш, қамаш холатларига барҳам берилди. Илгари диний мотивлар билан қамалган минглаб мусулмонларнинг ишлари қайта кўриб чиқилди ва ҳукм қилинган муддатларидан олдин озодликка чиқарилди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2020 йил 28 апрел куни АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF)  2019 йилда дунёда диний эркинлик ҳолатини баҳоловчи навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, 2005 йилдан буён илк бор АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси Давлат департаментига Ўзбекистонни “Диний эркинликларга алоҳида эътибор қаратадиган давлатлар” (CPC) рўйхатига киритишни таклиф қилмади.

Мазкур қарор Ўзбекистондаги тараққиётнинг эътирофи сифатида қаралди. Чунки, Комиссия аввалроқ мамлакатни диний эркинликларни бузувчиларнинг “қора рўйхати”га киритиш зарурлигини билдирган эди. Ваҳоланки, АҚШ Давлат департаменти 2018 йил декабрида СРС рўйхатидан чиқарган ва мамлакатни «махсус кузатувдаги рўйхат»га жойлаштирган эди.

Ҳисоботнинг кириш қисмида Комиссия раҳбарияти диний эркинлик соҳасидаги тараққиётни намойиш этаётган икки давлатни алоҳида қайд этди. “2019 йилда баъзи ҳукуматлар, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги учун хавфсизроқ муҳит яратиш учун USCIRF билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган иккита ҳукумат томонидан қабул қилинган ижобий қадамлар бизни руҳлантирди”, деди комиссия раиси Тони Перкинс.

Комиссия раҳбари 2019 йилда “Ўзбекистон диний гуруҳларга кенгроқ эркинликни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда сезиларли муваффақиятларга эришди”, деб таъкидлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда мусулмонларни ўз динларига эркин амал қилиш учун кенг имкониятлар яратилиши давом этмоқда. Диний мавзудаги медиа контентлар миқдори ва ҳилма-ҳиллиги ортиб бормоқда. Аёлларни жамоат жойларида рўмол (ҳижоб) ўраганлари учун, эркакларни соқол қўйгани учун аввалги давридагидай босимларга учраш холатлари кузатилиши камайган. Гоҳида шундай холатлар содир этилган бўлса, (бугунги кунда фуқаролик жамияти қурилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётган) ижтимоий тармоқларда жамоатчилик резонансини келтириб чиқармоқда. Натижада, эътиқод эркинликлари юзасидан расмийлар томонидан изоҳ беришга мажбур бўлинмоқда. Қолаверса, Давлатга қарашли бўлган ОАВ лари ва телевидениялари орқали диний мавзудаги материаллар сони кўпайган.

Мусулмонлар учун мўлжалланган “ҳалол” тамғаси остидаги савдо дўконлари тармоқлари очилмоқда. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарор асосида «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Ҳалол» стандарти қабул қилинди.

Муҳтасар қилиб, умумий хулоса қилинса, бугун Ўзбекистон мусулмонлари учун яратилаётган шарт-шароитлар кўлами кенгайиб, кун сайин ижобий тарафга ўзгариб бораётганлигини кузатиш мумкин ва бу келажакда бардавом бўлади деган умидлар бор.

 

Илҳомиддин Алимов

Фойдаланилган адабиётлар ва манбалар:

  1. “Ўзбекистонда Давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари”. Муаллиф: Ўткир Ҳасанбоев, “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, Тошкент-2014 й.
  2. https://ia-centr.ru/publications/islam-i-religioznyy-faktor-v-sovremennom-uzbekistane/
  3. https://www.uzdaily.uz/ru/post/51398
  4. https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%9C%D1%83%D1%81%D1%83%D0%BB%D1%8C%D0%BC%D0%B0%D0%BD%D0%B8%D0%BD
  5. https://www.standart.uz/cyrl/news/view?id=1566
  6. https://yandex.ru/turbo/expert.ru/s/expert/2013/01/islam-protiv-islama/
  7. https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-42310754
  8. https://www.gazeta.uz/uz/2021/02/16/16-february-1999/

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг