Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Халқаро журналистика таълим йўналиши бўйича ижодий имтиҳон ўтказилди

0
527
Халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Хабарингиз бор, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2022/2023 ўқув йилида илк бор бакалавриатнинг кундузги ҳамда сиртқи таълим шаклларига “Журналистика (халқаро журналистика)” ҳамда магистратура босқичининг “Журналистика (интернет журналистика)” мутахассислигига абитуриентлар қабули эълон қилинганди. Мазкур янгиликнинг ўзи ҳам бугунги кунда ушбу соҳа вакилларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, диний-маърифий соҳага ихтисослашган журналист кадрлар ҳассос йўналиш фаолиятини янада кенг, ихтилофсиз ва таъсирли ёритиши давр талабидир.

Шу йилнинг 1-2 август кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриат “Журналистика” (халқаро журналистика) таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳон бўлиб ўтди.

Дастлаб, Академия Қабул комиссияси мутасаддилари томонидан имтиҳон ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунча берилди. Жараённи адолатли ва шаффоф тарзда ўтказиш мақсадида имтиҳон тўлиқ онлайн транслация қилинди.

Бу йилги қабул жараёнлари ўзига хос, — дейди Академия Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Зоҳиджон Исломов.

— Чунки, республикамиздаги кўплаб олий таълим муассасаларига янги йўналишлар бўйича қабуллар эълон қилинди. Хусусан, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг ёрқин исботи сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг жорий йилги қабул жараёнида бакалавриат ва магистратура босқичида Журналистика таълим йўналишининг очилгани ҳам янгилик бўлди ҳамда Академия олдига яна бир муҳим, диний-маърифий соҳага ихтисослашган журналист кадрларни тайёрлаш вазифаси берилди. 

Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг биринчи кунида абитуриентлар ижодий иншо ёзишди. Имтиҳон дастури ва баҳолаш мезонига кўра, иншо мавзулари халқаро журналистика тизимида ижтимоий-сиёсий, адабий-тарихий, маданий-маънавий, ахлоқий, ватанпарварлик ва бошқа долзарб масалаларига бағишланганлиги ҳамда журналистик хусусиятга йўналтирилган ва абитуриентнинг ижодий имкониятларини очиб беришга қаратилган бўлиши назарда тутилди.

Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг иккинчи кунида абитуриентларнинг халқаро журалистика соҳасига қизиқиши, ижодий қобилияти ва дунёқарашини баҳолаш бўйича оғзаки суҳбат бўлиб ўтди. Унда абитуриентларга журалистика ва жамият тузилиши, матбуот эркинлиги, журалистика принсипи ва функцияларининг моҳиятини англаш, халқаро миқёсда содир бўлаётган янгиликлар ва унинг турли соҳаларида юз бераётган ўзгаришлардан хабардорлик даражаси, Ўзбекистон ва жаҳонда юз бераётган сўнгги янгиликлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар каби саволлар бериш орқали уларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлардан бохабарлик даражаси аниқланди.

Ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этган абитуриентларни холис ҳамда ҳаққоний баҳолаш мақсадида республикамиздаги етакчи ва нуфузли ОАВнинг вакиллари, шоир-ёзувчилар, журналистлар жалб этилди. Жумладан, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги “Ishonch” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Сагатова, “Ma’rifat” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Ziyo” медиа маркази директори Абдуҳамид Муҳтаров, Халқ таълими вазирлигининг “Тил ва адабиёт таълими” – “Преподавание языка и литературы” – “Language and literature teaching” илмий-методик журнали бош муҳаррири Матбуот котиби Баҳодир Жовлиев иштирок этди.

 

Кейинги йилларда мамлакатимиз ёшларига жуда катта имкониятлар яратиляпти, — дейди Наргиза Хайруллаева.

— Айниқса, янги олий таълим муассасалар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда янги йўналишларнинг ташкил этилиши биз ота-оналар учун хурсандчилик улашди. Жумладан, энг нуфузли ва улуғ даргоҳлардан бири Халқаро ислом академиясида журналистика таълим йўналишининг очилгани фарзандларимиз, бўлажак соҳа вакиллари, журналистлар учун катта имконият бўлди. Айнан мана шу билим масканига фарзандим Умидахон Муродхонова билан ўтказилган имтиҳонларга келдик. Фарзандим қатори барча ўғил-қизларимизга имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабалик бахтига муяссар бўлишларини тилаб қоламан.

Академияда илк бор очилган “Журналистика” таълим йўналишига ҳужжат топширганлар орасида ўрта-махсус маълумотга эга абитуриентлар билан бир қаторда республика ва маҳаллий Оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган амалиётчи журналистлар ҳам бор. Бугун ҳар бир соҳада бўлгани каби, ОАВда ҳам фаолият юритаётган соҳа вакиллари олдида муҳим ва масъулиятли вазифалар турибди.  Айнан Халқаро ислом академиясида ушбу йўналишнинг очилгани бежиз эмас.

Кўп йиллардан бери журналистика соҳасида ишлаб келаман, — дейди абитуриентлардан Боборавшан Ғозиддинов.

— Халқаро ислом академиясида журналистика таълим йўналишини очилганини эшитиб, шу ерга топширишга қарор қилдим. Бугун ижодий имтиҳонларда иштирок этиб, берилган мавзулар бўйича фикримизни баён этдик. Имтиҳон жараёнлари шаффоф ўтди. Абитуриентлар ва ота-оналарга яратилган шароитларни кўриб хурсанд бўлдик. Айнан ушбу олий таълим масканида мазкур йўналишнинг очилгани кўпчиликни мамнун қилди. Бугун диний-маърифий соҳани ёритишда шу соҳада билим олган, тажриба тўплаган журналистларга жуда катта эҳтиёж бор. Академияда таҳсил олган бўлажак журналистлар бу бўшлиқни тўлдиради деган умиддаман.

Имтиҳон дастури ва баҳолаш мезонида белгиланганидек, Халқаро журалистика таълим йўналишида ижодий имтиҳон ўтказишдан мақсад — абитуриентда мазкур соҳа талаб этадиган ижодий қобилият, хорижий тилларини ўрганиш ва билишга қизиқиши, мустақил фикрлаш маҳорати, халқаро мавзуларнинг ёритилиши, халқаро миқёсда ахборот узатувчи Халқаро ОАВ тизимининг шаклланиши ва кўриниши, халқаро ахборот бозори ва унинг қонуниятлари, ОАВ фаолиятининг иқтисодий асослари, иқтисодий ва ижтимоий таъсирлар, муассислик ва бошқарув, медиа-бизнес ва унда бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқадиган замонавий тенденсиялар каби муҳим назарий мавзуларини қамраб олади. “Дунёнинг ахборий харитаси”, “рақамли тенгсизлик” янги тушунчалар мазмунини англаши ва хулосалар чиқариш каби сифатларнинг мавжудлигини ҳамда абитуриентларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини аниқлашдир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг