Ўзбекистон Библия жамияти

0
1403
Очиқ манбалардан олинга сурат

Библия жамиятлари- Библияни оммалаштириш мақсадида тузилган христиан ташкилот ва уюшмалари бўлиб, кўпроқ протестантлар томонидан ташкил этилади. Дастлабки Библия жамияти  XVII-XVIII арларда Англияда вужудга келган.

Библия жамияти уюшмаси (кейинги ўринларда БЖУ, инглизча- “United Bible Societes” )- миллий Библия жамиятларини бирлаштирувчи халқаро христиан ташкилоти бўлиб, Буюк Британияда 1946 йили Ғарбий Европада жойлашган 13 та Библия жамиятининг уюшмаси сифатида ташкил этилган.

БЖУга аъзо бўлиш истагини билдирган ташкилотларнинг бош мақсади Библилияни ҳар бир инсонга у тушунидиган тилда, умуман шарҳсиз ва арзон нархда етказишдир. 2008 йилнинг бошига келиб, уюшмага 200 дан зиёд мамлакатлардан фаолият юритувчи 144та Библия жамияти аъзо бўлган.

БЖУнинг фаолияти христианлик дини ичида конфессиялараро мазмунга эга. XX асрнинг 60-йилларига қадар ташкилотда асосан пртотестант черковлари фаолият кўрсатган бўлса, Иккинчи Ватикан Соборидан сўнг уюшмага католик черковлари ҳам қўшила бошлаган. Кейинчалик, БЖКнинг фаолиятида православ черкволари ҳам иштирок эта бошладилар.

БЖУнинг асосий фаолияти соҳалари Библия ва унга кирувчи алоҳида китобларни, Библияни ўқиш ва тушунишга ёрдам берувчи ўқув қўлланмаларини турли тилларга таржима ва нашр қилиш ҳамда тарқатишдан иборат.

БЖУнинг маркази Англиянинг Ридинг шаҳрида жойлашган. Ташкилот раҳбари президент саналиб, у Бутунжаҳон Ассамблеясида сайланади. 2004 йилнинг август ойидан буён ташкилотга Жорж Бартон (Янги Зелландия) раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Библия жамияти ҳақида

Туркистондаги Библия жамияти (ёки Библия депоси) фаолияти ҳақида биринчи қайдлар ХIХ асрнинг 80-йиллари бошларига тўғри келади. Ўша пайтда Тошкентда дунёнинг 300 тилидаги Муқаддас Китобга аризалар қабул қилинадиган омборхона очилган. Ҳарбий губернатор генерал-майор Гродековнинг 1885 йил 30 апрелдаги  Туркистон губернаторлиги девонхонасидаги маърузасида шундай сўзлар учрайди: “… Ҳар қандай ҳаракатланишлар туяларда амалга оширилишига ва энг яхши пайтларда ҳам ундай саёҳатнинг узоқ чўзилишига қарамай, йилнинг уч ойи давомида омбор Муқаддас Китоблар билан тўла эди ва ишлар муваффақиятли бошланган эди.”

Советлар ҳокимият тепасига келганидан сўнг қолган диний конфессиялар сингари фаолиятига турли тўсиқлар қўйилган ва якунда 1918 йил апрел ойида депо Советлар томонидан ёпилди.

1992 йил 30 ноябрда Тошкентда Ўзбекистон Бибилия жамиятининг таъсис ассамблеяси чақирилиб, унда Ўзбекистондаги насронийларнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида Конфессиялараро жамоат диний ташкилотини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Библия жамияти (ЎБЖ) 1994 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва 1998 йил 15 октябрда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан қайта рўйхатдан ўтказилган.

ЎБЖ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги конфессиялараро ягона диний христиан ташкилоти бўлиб, Ўзбекистон фуқароларининг диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш мақсадида ташкил этилганлиги айтилади. Ўз навбатида, ташкилот тинчлик ва ўзаро бағрикенглик, бошқа динга эътиқод қилувчи ва ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган фуқаролар ўртасида ҳурмат руҳини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. ЎБЖ Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча христиан конфессиялари вакиллари билан ҳамкорлик қилади.

Замонавий дунё учун ва ундаги глобал муаммоларига нисбатан, Библиядаги тинчлик ўрнатиш, раҳм-шафқат ва зўравонлик қилмаслик ҳақидаги чақириқлар жуда долзарбдир. Ижтимоий-ахлоқий ғоялар, умидлар ва яхши келажакка бўлган табиий ишончнинг барбод бўлиши даврида инсоннинг қадр-қиммати, атрофидагиларга бўлган муҳаббат ҳақидаги илоҳий тамойиллари замонавий цивилизациялашган жамиятнинг ахлоқий қиёфасини шакллантиришда энг муҳим рол ўйнайди.

Ҳозирда Ўзбекистон Библия жамияти захирасида дунёнинг 22 тилига таржима қилинган Библиялар мавжуд.

Ўзбекистон Библия Жамияти Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва унинг Низомига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтган христиан черковлари ва уюшмалари билан яқин алоқада фаолият олиб бормоқда, шунингдек, бошқа мамлакатларнинг Миллий Библия жамиятлари билан дўстона алоқаларни давом эттириб келмоқда. Жумладан мазкур конфессиялараро ташкилот раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгаши таркибида Ўзбекистондаги мазкур соҳадаги давлат сиёсати юритилишида бевосита қатнашиб келмоқда.

Бугунги кунда жамият томонидан нашр этилган адабиётлар махсус анкеталар тўлдирилмасдан ва ҳатто электрон буюртмалар тақдим этилиши йўлга қўйилган. Жамият томонидан нашр қилинган сўнгги китоблардан Янги Аҳднинг 27 китоби нашрини келтириб ўтиш мумкин. Ушбу нашр 1876 йилги нашр асосида синодаль нашр сифатида чоп этилган.

Мазкур жамият Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси 15 уй, 3/6а манзилида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур Жамият диний қарашлар нуқтаи назардан у маълум бир конфессияга хос характерга эга эмас. Шу билан бирга, жамият аъзолар мамлакатда амалга оширилаётган бир қанча ижтимоий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиб келишмоқда, жумладан жорий йил 5 апрель санасида “Янги Ўзбекистон” боғида “Яшил макон” дастури доирасида “Бағрикенглик боғи” яратилишида ҳисса қўшишганлиги эътиборга молик.

 

Жаҳонгир Остонов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг