Ўзбекистон – бағрикенг диёр. “Анна Ахматованинг манқалли ҳовлиси”  («Мангалочий дворик Анны Ахматовой»)

0
445
Фото: М.Тошпўлатова

Телефонни тетик аёл овози «кўтаради». Неча ёш бўлса экан? Аслида менга унинг ёшининг аҳамияти йўқ. Қандай мурожаат қилишни ўйладим шекилли. Клуб- музей ходимларидан бири бўлса бўлди. Бошқа маълумотларни интернетдан топаман.

– “Менга Анна Ахматова клуб-музейи ҳақида гапириб берадиган киши керак. Умуман, шоира Тошкентда қандай яшаган, қандай хотиралар билан кетган? Бу ерда кечирган ҳаёти унинг ижодига қандай таъсир қилган? Бу саволларимга жавоб топишим мумкин бўлган инсон сифатида  Сизни тавсия қилишди”, – дейман.

Ўзим эса YouTube да видеода кўрганим –қадим муҳитни гавдалантирувчи ярим ёритилган, худди театр саҳна декорациясини эслатувчи интерьерда сокин, ажойиб артистона овозда шоира Анна Ахматованинг уруш йиллари Ленинграддан Тошкентга эвакуация қилингани ва унинг Тошкент ҳаёти, ғаройиб шеърлари, ажойиб хотиралар ҳақида ҳикоя қилган баланд бўйли, шаҳло кўзлари ғайриоддий катта, нигоҳлари шеърдек чуқур ўрта ёшли аёл кўз ўнгимга келади.

Жуда саводли нутқ, сокин, артистона, лекин чин, ростакам оҳанг билан гапирадиган аёл овози мен айтган кунга учрашув белгилайди. Ўша кун келгач эса менга қўнғироқ қилиб: “Мавлюда, келяпсизми?”  дейди. Унга мен: –   “Эй, Худойим, ҳали ҳам бундай пунктуал одамлар борми-а?”, дейман. Манзилни уйи атрофидаги адвокатлар бюроси, инглиз тилида номланган бутик, ҳатто мабодо метрода келадиган бўлсам, вагон охиридан чиқишим керак бўлишигача, геолокация хизматидан-да аниқ-таниқроқ  тушунтиради.

Ҳамид Олимжон метростанциясиядан чиқишда қад кўтарган кўп қаватли уйлардан бирига кириб бораман. Эшикни менга телефонда таниш бўлиб қолган овоз эгаси очади.

Ахир у шунчаки музей ходимаси эмас-ку! 90 ёшга етган, тиниқ кўзлари жилмайиб турадиган, қадди эгилган, ҳассага суянган бўлса-да тетик, кўркам табассумли… йўқ, аёл ё кампир ҳам эмас! Бутун бошли давр турарди! Рўпарамда – Альбина Витольдовна Маркевич!

Мен эса, бу тирик қомус билан суҳбатга чоғланганимдаёқ, мақолам йўналиши ўзгариб кетишини ҳис қилдим. Суҳбат давомида эса, мақолам қаҳрамони ҳам ўзгаришига ишондим! Мен бу ерга Ленинградлик Анна Ахматованинг Тошкент хотирасини излаб келгандим. Чиқишда эса тошкентлик Альбина Маркевични топдим!

Фото: М.Тошпўлатова

Мен шу инсон ҳикоялари орқали Ўзбекистоннинг танти, қаҳрамон қиёфасини бошқатдан, Тошкент жамолини, меҳнатини, заҳматини янгитдан кашф қилдим.

Юртимнинг бағрикенг диёр эканлигини билганлар кўп бўлган. Лекин улар ўтган… Ана шу хотираларни тиклашни, шунчаки хотиралар эмас, адабиёт, маданият, санъат минораси учун Ўзбекистоннинг қўйган ғиштларини, юртимнинг қанча-қанча ўлмас асарларга бешик бўлганини, асраб-авайлаб қолганини эслаш ва ёдда тутиш айнан бугун кераклигини ҳис қилдим.

Булар ҳақида айнан, ўша билганлар, билганларга ошно бўлганлардан сўраймиз.

Яна бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман. Бу хотиралар Тошкентдаги “Анна Ахматова манқалли ҳовлиси”клуб-музейини кўриш, танишиш асносида бўлади! Зеро, «Мангалочий дворик Анны Ахматовой» клуб-музейи ана шу хотиралар ва эътирофлар ўчоғи бўлиб хизмат қилди.

Анна Ахматованинг мана бу шеъри орқали Шарқни бошқатдан, бошқа ракурсда сева бошлайсиз. Бу Ахматова ракурсидир:

Я не была здесь лет семьсот,
Но ничего не изменилось…
Вс
ё так же льётся Божья милость
С непререкаемых высот,

Всё те же хоры звёзд и вод,
Все так же своды неба ч
ёрны,
И так же ветер носит з
ёрна,
И ту же песню мать по
ёт.

Он прочен, мой азийский дом,
И беспокоиться не надо…
Ещ
ё приду. Цвети, ограда,
Будь полон, чистый водо
ём.

Таржимасини эса, пастроқда бераман.

«… Ва ўлмоқчун Самарқандга борамиз,

Соҳир атиргуллар ватани у ер …»

Фото: М.Тошпўлатова

1941 йил ноябр ойида шоира Aнна Aхматова қамал қилинган Ленинграддан Ўзбекистонга кўчирилди.

«Aйнан Тошкентда илк бор ёниб турган иссиқлик, ёғоч сояси ва сув товуши нимада эканини билиб олдим. Ва мен инсон меҳрибонлиги нима эканини ҳам билдим», – деб ёзади у, 1944 йил  май ойида, ниҳоят уйига қайтгач. Унинг Ўзбекистонда ёзган деярли барча шеърлари Ленинград ҳақида эди, аммо Шарқ ҳатто урушнинг барча қийинчиликлари аро сизиб кириб, шоирани ўзини бўйсундирди, шеърларининг моҳиятини, унинг ижодини  қамраб олди:

Хафалик бирла ухлаш,

Севги билан уйғониш,

Қизғалдоқнинг  рангини илғаш.

Аллақандай  куч

Киради бугун

Сенинг азиз маконингга, эй, зулмат!

Манқалли ҳовли,

Тутунларинг неқадар аччиқ,

Теракларинг неқадар баланд…

Шаҳризода

Боғ аро келар

Мана қандай экансан, о, Шарқ!

(Таржима М.Тошпўлатова)

Ўзбек халқининг сахийлиги ва меҳр-оқибатини Анна Ахматова кейинчалик кўп йиллар эслаб юрди, шеърларида ифодалади.

Aнна Aхматова диққат билан Шарқнинг хос белгиларини топади. Ариқларнинг жилдирашида мусиқа қаторини тингларди, кўкка интилиб, атиргулларнинг ҳидини нафасига тортарди. Aхматова қандай қилиб томоша қилишни ва кўришни биларди.

Aхматованинг Тошкентда битган мисраларида Шарқни бир уйдек ва органик идрок қиларди. Унга бу ер ёқарди. Инсон учун қийин бўлган дамларда, ёлғиз шоирага нафақат осуда ўзбек ҳовлисидаги қўшнилари, балки бегона одамлар ҳам ёрдам бердилар. Улар уни меҳр билан ўраб олдилар, қўллаб -қувватладилар – ким бир яхши гап билан, ким тандир ҳиди гупиллаб турган иссиқ нон билан, ким қаҳрабодек, хушбўй узум билан. Aхматова кўп йиллар ўтиб ўзбек халқининг саҳовати ва меҳрибонлигини кўп эслади, шеърларини унга бағишлади:

 Етти юз йилларча бўлмадим бунда 

Зарра ўзгариш йўқ бу диёрларда,

Худди аввалгидек, самовотлардан 

Марҳамат ёғдирар сарвари олам,

Яна ўша – ўша юлдузлар, уммон,

Ўшандоқ қародур фалак гумбази,

Яна дона сочар шаббода ҳар ён,

Она алласи ҳам ўшандоқ ҳазин…

Керак эмас, майли, хавотир зарра…

Ҳали мустаҳкамсан, уйим – Осиё,

Ҳали кўп келаман. Гулла, панжара…

Доим бор бўл, тиниқ чашма беқиёс…

Яна бир шеърда шоира ўзини Ўзбекистонга жондош сезади:

Шафтоли гуллади, бинафша атри

Тобора муаттар.

Кимнинг ҳадди сиғар, ёт ердасан деб,

Менга ким айтар?!

(Омонхон Мамадалиев мақола учун таржимаси)

Ғалати мисра: «Етти юз йилларча келмадим бунда …»!

Нега у шунчалик диққатни тортади? Ва бу ерда гап шоиранинг муболаға санъатида эмас – муболаға Aхматованикидек онгни ҳайратда қолдириши даргумон. Бу ерда инсон онгининг гўёки узоқ вақтдан бери таниш бўлган, лек унутилган нарсани таниб қолишдек буюк хотира сирлари мавжуд. Дежавю!     Ҳозир еса, худди етти аср олдин, Осиё осмонининг бешак чўққиларидан раҳм-шафқат ёғаётгани каби, Осиё табиатининг муттасил ва ишончли барқарорлигида ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, демоқчи. Унинг тинчлиги бузилмайди. Демак, «У бақувват, менинг осиёдаги уйим…» Шунинг учун унинг осиёлик уйи ҳаётининг қувончи ва «Мен яна келаман»– қайтиш истаги ва Aхматовнинг Шарққа дуоси – «Гулла, қўра! Доим тўлиб тур, ҳовуз!»

Aхматова ўз мактубларида: «Кимнинг менга бу юртни бегона деб айтишга журъати етади?» дейди.

Ўзбекистон замини ва унинг халқини, Aхматова энди ўзига яқин, азиз, деб билади. Ва аввалги душманликдан асар ҳам йўқ. Бу билан Aхматова Ўзбекистонга эвакуация қилишларига дастлабки муносабатини тавсифлайди. Шоиранинг Шарққа муносабати бунчалик ўзгариши учун ер, замин, халқ қандай бўлиши керак? Aнна Aхматова унинг моҳиятини англаб, уни Ватаним деб атагунига қадар Ўзбекистон унинг қалбига қанчалар жозиба, ёруғлик, илиқлик солиши керак еди?!

Ўша йилларда Ўзбекистонга қариндош-уруғсиз ва уйсиз қолган етим болалар эшелонлаб олиб келинган. Ўзбеклар бу болаларни ўз оилаларига олиб кетиб, парваришлади. Улардан қизиқарли одамлар, ҳақиқий интернационалистлар етишиб чиқди. Aнна Aхматова ўз хотираларида шундай таъкидлаган эди: “Ўзбекистонда ўша оғир йилларда мамлакатимиздаги деярли барча миллат вакилларини учратиш мумкин эди. Руслар ва беларуслар, молдаванлар ва украинлар, поляклар, литваликлар ва юнонлар, курдлар ва болгарлар бир заводда ёки битта майдонда бирга ишлашган.

Немислар босиб олган республикаларнинг қанчадан-қанча етим болалари Марказий Осиёда янги ота-оналарини топдилар! Масалан, Ўзбекистонда оилалар кўп болали эди, шунда ҳам улар рус, беларус, украин, молдаван, польшалик, грек етимларини асраб олишди, қочқинларга бошпана беришди, улар билан охирги бир бўлак нон, бир чақмоқ қанд, охирги коса ошини баҳам кўришди. Мен буни ҳеч ким унутмаслигига ишонгим келади … «

Мана бу хотира парчаси эса масалан мен учун бағрикенглик ва эзгуликка қўйилган ҳайкалдир!

Эвакуация қилинган Ленинградлик шоира Анна Aхматова билан тез-тез мулоқот қилиб турган тошкентлик Светлана Сомованинг хотираларидан:

“Бозор ўз ҳаётини яшарди – туялар ўкирар, очин-тўқин одамлар тирикчилик ғамида эди. Саллали бир чол қип-қизил анорни кесади, сарғиш бармоқларидан ёқутдек анор шарбати томчилайди. Оломон орасида йиртиқ кийган бир бола Анна Aхматовага суяниб туриб, қўлида тутган устара билан унинг чўнтагини кесмоқчи бўлди. Мен боланинг қўлидан ушлаб пичирладим: «Сен қанақа боласан ўзи? Ахир у Ленинградлик, у оч!”  Бола ғойиб бўлди.

Бир оздан кейин биз яна унга дуч келдик. У бунда ўралашиб қолди, энди полицияга топшириш керакка ўхшайди. Лекин бола Aхматовага кир латтага солиб ушлаб тургани –қизариб пишган перашкани узатди: “Олинг, енг!”. Ва яна ғойиб бўлди. – Еяверайми? – сўради Анна Андреевна. «Aлбатта, енг, ахир уни сиз учун топиб келди …» Бозор ўғрисининг бебаҳо совғаси бўлган бу перашкани ҳеч қачон унутмайман.

Фото: М.Тошпўлатова

Aхматова бир неча бор Самарқандга боргани ҳақида  дўстлари ва яқинларига иштиёқ билан айтади ва оғир хасталик чоғи эса:

“Ўлиш учун Самарқандга борамиз,

Мангу атиргуллар диёрига… “ дея алаҳсирайди.

Самарқанд Aхматова учун ҳам унутилмас бўлиб қолади, чунки у урушдан бироз олдин айрилган дўсти Николай Панин айнан шу ерга эвакуация қилинган эди.

Тез орада, Ленинград блокададан чиққанидан сўнг, Aхматова ўлимни оёқ ости қилган шаҳарга қайтиш учун Ўзбекистонни тарк етади. Aммо Ленинградда ҳам, Осиё уйи унинг тушларига киради ва Шарқнинг юлдузли бошпанаси унинг шеърларини эгаллаб олади …

Мен юлдузлар масканини эслайман

Aбадий шон-шуҳрат нурида,

Ва қўчқор қўзичоқ кўтарган

Қорасоч, навқирон  

Оналарнинг қўлида.

 

Маркевич даври

Aльбина Витольдовна Маркевичнинг номи эса Тошкент маданият доираларида кенг тарқалган. “Aнна Aхматованинг манқалли ҳовли” жамоат клуб-музейининг асосчиси ва раҳбари сифатида 20 йилдан буён ўзининг ижтимоий-маърифий фаолиятини шеърий ижод билан уйғунлаштириб келмоқда.

1999 йилда, ХХI аср арафасида Aнна Aндреевна Aхматова таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш билан тошкентлик фаоллар A.В.Маркевич ва В.В. Фомичев узоқ вақтдан бери қабул қилинган қарорни амалга оширди: дастлаб улар тўпланган экспонатлар кўргазмасини очишди ва шундан сўнг, 1999 йил 18 декабрда улар навбатдаги қадамни қўйишди – улар Тошкент трактор заводи маданият саройида «Aнна Aхматованинг Манқалли ҳовлиси» клуб-музейига асос солишди.

Фото: М.Тошпўлатова

Бу воқеани кутганлар эса янги жойнинг на пойтахт марказидан узоқлигидан, на фонднинг камтарлиги, на безакларнинг соддалигидан чўчимадилар. “Бизга одамлар битта-битта ёки экскурсия гуруҳи билан келишарди. Aммо энг муҳими, A.A.Aхматова шеърияти, унинг “кумуш даври” ва албатта, бизнинг давримизгача бўлган «бўронли қирқинчи йиллар» шеъриятига чин дилдан қизиққан, ижодий иштиёқини  билган ва ихлосмандлар жамоаси шаклланган эди”, дейди Альбина Маркевич.

Ёш, янги авлод ҳам аждодларга қўшилиб, ўтган кунларни ўрганишни ва ўзларини намоён қилишни хоҳлади. Музейнинг оммавий клуби фаолиятини қўллаб-қувватлагани ва эътибори учун Рус маданият маркази раҳбариятига миннатдорчилик билдирамиз.

Фото: М.Тошпўлатова

2013 йилда кўчиб ўтиш зарурати туфайли Рус православ черковининг архиереи, ҳурматли епископ, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентийнинг дуосини олиб клуб-музейнинг жойлашувини ўзгартирдик, ҳозир клубимиз Россотрудничество ҳудудида жойлашган.

Айнан Альбина Витольдовна Маркевич шарофати билан Тошкентда Анна Ахматованинг манқалли ҳовлиси чироғи ёнади. Унда Ахматованинг Ўзбекистонга, Осиёга бўлган чуқур миннатдорчилиги ўчоқдаги оловдек ёниб туради. Бунга йиғиладиган шеърият, адабиёт ва санъат ихлосмандлари, шоиранинг мухлислари, эндиликда эса Маркевич оҳанграбоси бир ерга тўплайди.

Мана, Альбина Маркевич ҳам 90 га кирди!  Шу баҳона Манқалли ҳовлига йиғилган қалби ёниқ инсонлар яна Анна Ахматовани ёд оладилар. Ахматова бағрикенг диёр бўлмиш Ўзбекистонга қандай сиғишиб кетган? Ва унинг фонида яна бошқа республикалардан келган кўплаб ижодкорларни бағрига олган Тошкент уларга бошпана ва нондан бошқа яна нималар берди? Қани эшитайлик-чи, қандай хотиралар қолган? Шоир Александр Файнберг эслайди:

Александр Файнберг, Инна Коваль

Нажот шаҳри

…Вақт мени анча вақтлар олдин бузиб ташланган қадрдон уйимнинг чордоғига қайтараётганини ҳис қиляпман.

У ер Жуковский кўчасидан унчалик узоқ эмас. Кўчанинг ғиштли йўлаклари бўйлаб ногиронлар аравачалари ғилдирайди. Булар Иккинчи жаҳон урушининг оёқсиз аскарлари. Ногирон солдатларнинг кўплари энди Тошкентда. Мен уларнинг ҳирқироқ овозларини, гармошка садосини эшитаман.

Фото: М.Тошпўлатова

«Керосин! Керосин!” Бу тунука ўрамни оғзига тутиб қичқираётган кийимлари ёғланиб кетган чолнинг қичқириғи худди карнайдан чиқаётгандек баланд эшитилади. Аравада темир бочкаларда керосин келди. Аравага қўшилган ғамгин, озғин от бошини қуйи солганча Жуковский кўчасидаги тош йўлакка термилган. Ҳовлилардан бидон ва челак кўтарган одамлар чиқади. Улар навбатга туришади. Ёғланиб кетган кўйлакли чол катта жўмракни очади. Бочкадан керосиннинг олтин оқими кимнингдир челагига қуйилади. Тўхтанг-чи! Бировнинг уринган туфлиси Тошкент тош йўлакларига тўқиллаб қадам босиб, навбатга яқинлашарди.

Над Азией весенние туманы

И яркие до ужаса тюльпаны

Ковром заткали много сотен миль

О, что мне делать с этой чистотою,

Что делать с неподкупностью простою?

О, что мне делать с этими людьми!

 

Осиё устида кўклам тумани

Даҳшатга солгудек ёниқ лолалар.

Гиламдек тўқилган юзлаб чақирим

Оҳ, бу покликни мен нима қилайин,

Содда садоқатни мен нима қилай?

Оҳ, бу одамларни нима қилсайдим?!

(М.Тошпўлатова таржимаси)

Фото: М.Тошпўлатова

Ҳа, бу Ахматова эди. Анна Андреевна! Худойим-ей! Шу ерда, Тошкентда. Қамал очарчилигидан, ҳаво ҳужумларининг даҳшатли сиреналаридан қочиб қутулиб, энди у менинг норасида болалигим ўтган ҳовлилардан бирида яшайди. О, у қандай шеърлар ёзади! Тошкентдан  кетгач, кейинроқ унинг номига мислсиз бўҳтонлар тақилиб, юзига ошкора туҳмат чапланиб, ўта сиёсий гуноҳларда айблашди, уни деярли халқ душманига чиқаришади.

Аммо аёл матонат кўрсатди. Шоиранинг матонатига менинг шаҳрим ҳам маълум даражада дахлдор эканидан хурсандман. Бу муҳим нарса. Агар одамларини айтмаса, шаҳар шаҳар бўлармиди? Анна эса қалбида Тошкентга бўлган муҳаббат, унинг халқига миннатдорчилик, одамларнинг ишончлилиги ва осиёча тафтини сақлаб қолди. Анна Ахматованинг қуйидаги сатрлари бор:

Бу хонада бир сеҳргар бор

Мендан олдин ёлғиз яшаган:

Кўриниб турибди ҳамон сояси

Тўлин ой кечаси арафасида …

Бу ким ҳақида? Бағишловдаги жавоб шундай: «Е.С. Булгаковага». Ҳа, ҳа, Елена Сергеевна Булгакова. Ўша, ўлмас «Уста ва Маргарита» романидаги Маргарита. У, Маргаритани ҳам маълум даражада Тошкент қутқарди. Уруш йилларидан то шу кунгача менинг Тошкент шаҳрим осмони остида  ҳайратланарли бир роман саҳифалари шитирлайди. Биз эса Устани билганимиздан бахтиёрмиз. Шунингдек, романни сақлашда Тошкентнинг ҳам иштирок этганини эслаш бахтига муяссар бўлдик. Ахир, худо кўрсатмасин, ўша йилларда Булгаковнинг бевасига бирор гап бўлса, бу ўлмас асар меҳробига ким жонини қўярди? Унда бизга ва бутун дунё ўқувчиларига ким йўл очарди? Умид қиламанки, менинг шаҳрим Тошкент.

Анна Андреевна “Уста ва Маргарита” ни Тошкентда Фаина Раневскаяга ўқиб беради. Жуковский кўчасидаги ўша ҳовлида…

«У даҳо,» дейди Анна. –  У даҳо…

Улар саҳифалардан бош кўтариб, карнайдан Левитаннинг овозига қулоқ солишади. Совет ахборот бюросининг ҳисоботлари. Дераза ташқарисида эса чинорлар ва баланд тераклар эҳроми. Фаинанинг юраги уриб кетади. Хайриятки, у концлагерда эмас, Бабий Яр тубида эмас. У Тошкентда!

Фото: Мавлуда Топўлатова

Первомайская кўчаси Жуковская билан параллель равишда яқин жойда жойлашган. Кириш зинапояси устунли бўлган бир қаватли уйда ёзувчи Алексей Толстой яшайди ва ишлайди. Онам унинг китобларини яхши кўради. Мен эса ҳали тўғри ўқий олмайдиган кичкина боламан. Фақат бўғинлаб:

«… Ўр-та Ер ден-гизи қир-ғоғи-да эски ду-рад-гор Жу-зеп-пе яшаган …» «Олтин калит»! Мана у эртак! Алексей Толстой Тошкентда ҳам астойдил ишлайди. У ўзини қабул қилган республикани дабдабали иборалар билан улуғламайди, балки бу борада рўй-рост хабарлар ёзади:

“Ўзбекистон Сибирдан ғалла олишдан бош тортди, аксинча ўзи фронт томон ғалла юклади… Уруш йилларида бу ерга юздан ортиқ йирик ҳарбий заводлар эвакуация қилинган эди…” Муаллиф “Фидойилик” мақоласида ўзбек ишчиси қиёфасини бир мусаввир каби чизади.

Первомайская кўчаси энди бошқача номланади. Лекин Тошкент Тошкент бўлиб қолаверади. Ўша, уруш йилларида бу ерда ўз ҳаётининг китоби – «Аср ўртаси» ни яратган шоир В. Луговскийни қабул қилган шаҳар!

Бу ерда урушдан кейинги йилларда ҳамТатьяна Сергеевна Есенина буюк Сергей Есениннинг ижоди хўрланган пайтда Москвадан ҳайдалиб, энди Тошкентда Ногинский кўчасида яшарди, у Жамбул яқинидаги овулдан Тошкентга бир амаллаб етиб келганди. Ва шу ерда умри охиригача яшайди. Москвага қайтишнинг аниқ имконияти туғилганида ҳам у ерга бошқа қайтмади.

Мана, Тошкентда Владимир Висоцкийни бир пайтлар нақ нариги дунёдан қайтаришган. Бернес ва Андреев Тошкент Тельман боғида “Икки аскар”, “Уралмашлик Саша”, “Қоронғу тун, дашт бўйлаб фақат ўқлар ҳуштак чалади…” фильмларини суратга олишади. («Тёмная ночь, только пули свистят по степи…»)

Менинг шаҳрим… “Олтин атиргул” муаллифи Константин Паустовский бошига тушган оғир йилларда шу ерга келиб яшаган. Чимён устидан кўтарилиб чиқаётган муборак қуёш остида Константин Симонов насрда асарлар яратди, уни Алексей Герман “Урушсиз йигирма кун” фильмида киноэкранга муҳрлади. Биз каби 20-асрнинг қанча оддий аскарлари бу нажоткор осмон остида тирик қолдилар? Ҳисоби йўқ.

Оркестр шодлик ва қайғу кўз ёшлари остида, Воскресенская бозоридан Тезиковкагача, Қашқар кўчадан Первушкагача буюк ғалаба маршини чаларди. Менинг такрорланмас болалигим. Бахтли ва даҳшатли, даҳшатли ва масъум, қаердасан? … Жавоб йўқ.

Фото: М.Тошпўлатова

Мен ғишт вайроналарини босиб ўтиб, бўм-бўш эски уйдан баҳорга, шаҳарга чиқиб бораман. Нажот шаҳрига. Мен Тошкентни шундай дейишга ҳақлиман, чунки у мени ҳам қутқарган. У 1937 йилда бу ердан узоқда, ГУЛАГ томон жўнатилиш хавфи остида бўлган онам ва отамни Тошкент ўз бағрига қабул қилгани туфайли мен омон қолганман.

Уруш йилларидаги Тошкент ҳақида яна қанча нарсалар ёзилмаган! Мудофаа учун тун-у кун ишлаган заводлар, касалхоналар, институтлар, минглаб қутқарилган, эвакуация қилинган одамлар эҳтимол, ўша ташвишли ва фожиали вақтни қайта эслаб, хотираларида тиклайдилар.

Фото: М.Тошпўлатова

Тошкент – балолардан асраган шаҳар

Михаил Булгаков “Уста ва Маргарита”ни 1940 йилда ёзиб тугатган. Тўғрироғи, уни тугатишга вақти йўқ эди – қўлёзмалар билан папканинг муқовасига ўз қўли билан охирги битикни ёзиб қўяди: «Ўлишдан олдин тугат». Афсуски, у атиги 32 бобни тугатди. 33-боб ва эҳтимол, яна бир нечта боблар тугалланмаган. 1940 йил 10 мартда буюк уста вафот этди.

 1941 йилда ёзувчининг беваси Елена Сергеевна Москвадан Тошкентга эвакуация қилинган. Ўшанда роман биринчи марта Ўзбекистонда пайдо бўлган – бева эри Булгаковнинг романи қўлёзмасини албатта,ўзи билан олиб кетган.

Тошкентда Елена Сергеевна Жуковский кўчасидаги 54-уйда яшаган, у ерда таниқли ёзувчилар Анна Ахматова, Николай Погодин, Иосиф Уткин ва Луговскийлар оиласи яшаган. Айтганча, биринчи марта «Уста ва Маргарита» романи «Москва» журналида 1966 йилда нашр этилган. Ўша йили Тошкентдаги зилзила оқибатида 54-уй вайрон бўлган.

 

Мен мақоламда Анна Ахматова хотираларини Альбина Маркевич эсдаликлари, мулоҳазалари орқали боғлаётганим сабабини тушунган бўлсангиз керак. Чунки, Анна Ахматова Ўзбекистонда “мангу яшаб қолишига” айнан Маркевич сабаб. Мана, яна бир “кумуш давр” вакили:

 

Лола Мухитдинова

Ахматовага муҳаббат билан

Илм-фан ва адабиёт ҳукмрон бўлган оилада туғилиш бахтига муяссар бўлдим. Онам – Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг қизи, отам эса тарихчи олим, Ойбек ва Зарифахонимнинг ўғли,  биринчи ўзбек кимёгарларидан эди. Уйимизда катта кутубхона бор эди, болалигимиздан биз неваралар ташналик билан кўп китоб ўқирдик.

Балки шунинг учундир, мен Ахматова жилдини биринчи бор қўлга олган пайтимда, ҳақиқий поэзияни оддий сўзларнинг қофияли йиғиндисидан ажрата олардим. Ўшанда мен ўн беш ёшда эдим, Зулфия бувим айнан нимани ўқиётганимни сўраб, бир оз шубҳа билан: “Ҳали эрта эмасми?” деб сўради, сўнг: “Биласанми, мен сенга бироз ҳавасим ҳам келди. Ахматова бу бир олам, ҳар сафар ўқиганингда  унинг истеъдодининг турли қирраларини кўрасан”, деди. Хуллас, Анна Ахматова менинг севимли шоирларимдан бирига айланди.

Бошқалар сингари мен ҳам Иккинчи жаҳон уруши йилларида Совет Иттифоқининг турли республикаларидан эвакуация қилинган минглаб одамлар Ўзбекистондан бошпана топган ҳақида билардим. Бувимнинг айтишича, кўплаб таниқли маданият арбоблари, жумладан, Алексей Толстой, Анна Ахматова, Фаина Раневская, Соломон Михоелс, Корней Чуковский, Якуб Коласлар Тошкентга эвакуация қилинган. Ўша пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини бошқарган Ҳамид Олимжон уларни эвакуация қилишда, турмуш машаққатларини енгиллаштиришга, ҳаёт ва ижод учун шароит яратишга бор кучи билан ҳаракат қилган.

Ахматова билан учрашгани ҳақидаги саволларимга бувим шундай жавоб берди: “Мен ёш ва жуда уятчан эдим. Ҳеч нарса сўрашга журъат этмасдим, ҳатто Анна Андреевнага тик қарай олмасдим, уни фақат тинглардим ва саволларига жавоб берганман холос”.

Зулфиянинг таржимонлик фаолиятида А.С.Пушкин, Н.А.Некрасов, Габриел Мистрал, Леся Украинка ва бошқалар бор, лекин менинг энг севимлиларимдан бири бу –Ахматованинг «Мен ерини душманларга ташлаганлар билан эмасман» шеърининг  таржимаси. Зулфия ўз таржимаси устида иш олиб борар экан, “Аммо биздан кўра кўз ёшсиз, мағрур ва содда одам дунёда йўқ” деган сўнгги сатрлар устида узоқ вақт ўйланди.

«Менимча, мен бу сўзларнинг буюклигини етказишга ожизман», деди у менга изтироб билан. Мен бувим берган Ахматова жилдини меҳр билан сақлайман, ота-онам берган нашрларни ҳам қайта-қайта ўқийман.

Онам «Анна Ахматованинг Манқалли ҳовлиси» клуб-музейидаги ижодий учрашувларда қатнашишни яхши кўрарди. Кейинчалик биз ҳам у ерга бора бошладик.

Биз Альбина Витольдовна Маркевични ҳам чин дилдан яхши кўриб қолдик, унинг севгиси, ғайрати, ижодий кучи ва сабр-тоқати туфайли бу уй яшайди, янги ўқувчиларни буюк Анна Ахматова шеърияти билан таништираверади.

 

Анна Ахматованинг «Не с теми я, кто бросил землю…» шеърини Зульфия хоним шундай таржима қилган эди:

 

Юртин ёв қўлига ташлаб кетганлар

Бўлолмас ҳеч замон ҳамроҳим меним.

Маҳлиё этолмас мадҳу найранглар,

Уларга бермасман битта ҳам шеърим.

Лекин мисли тутқун, мисоли хаста,

Ҳамиша аянчли менга қувғин жон.

Мусофир, йўлларинг қора зулматда

Ҳеч вақт ширин бўлмас ёт қўл берган нон.

Бу ерда ёнғинлар аччиқ дудида

Қолган ёшлигимиз этаркан қурбон,

Эл бошига тушган кўргиликлардан

Ўзимизни олиб қочмадик бир он.

Биламиз, келажак қилар сарҳисоб,

Қимматин топади ўтган ҳар соат.

Лек биздай кўзёшсиз оддий ва кибор

Одамлар бўлмаган жаҳонда ҳеч вақт…

 

Ольга Гула

Тошкент учрашувлари

Фаина Раневская: «Мендан нега Ахматова ҳақида ёзмаслигимни сўрашади, чунки биз дугона эдик … Мен: “Ёзолмайман, чунки мен уни жуда яхши кўраман», деб жавоб бераман. Худди шу каби музей ҳақида ёзиш мен учун жуда қийин.

Бир бошдан айта қолай. Анна Андреевна Ахматованинг шеърияти доим менга ёққан. Ёшлигимда ҳам, талабалик йилларимда ҳам дўстларим билан Ахматованинг севги лирикаларини ишқибозлик билан ўқиганмиз, унда ҳамма нарса ҳар маънода севги ҳақида эди. Бундай шеърият биз ёш ва ғўрларни ўзига ром этди ва биз шеърларни тўлиқ тушуняпмиз дея даъво қилардик. Ўшандан бери кўп йиллар ўтди, энди эса тўлиқ тушунаман, дейишга ишончимиз сусайди. Чунки бу шеърлар тубсиз эканлигини англадик. Улар мен учун ҳали ҳам бебаҳо эди.

Шу боис, Тошкентга келганимдан сўнг, мен дарҳол Ахматова музейи қаерда жойлашганлигини сўроқлай бошладим. Маълумки, Тошкентда Анна Андреевна уруш йилларида икки ярим йил давомида эвакуация қилинган. Анна Андреевна яшаган уй сақланиб қолмаганлиги маълум бўлди, лекин бу ерда ҳеч қурса, музей бор экан.

У “Анна Ахматованинг Манқалли ҳовлиси” клуб-музейи деб аталади – у Ахматова Тошкентда ёзган шеърларидан бирининг сўзларига (“Манқалли ҳовли, тутунинг аччиқ…”) мисраларига бағишлаб номланган эди.

Музей камтарона бир зал бўлиб чиқди. Экспозицияда Анна Андреевнанинг эвакуация пайтидаги ҳаёти ва муҳити ҳақида ҳикоя қилувчи босма материаллар ва фотосуратлар тақдим этилган. Музейда айнан Ахматовага тегишли ёдгорлик буюмлари кам бўлса-да, ўша олис ва оғир йиллар ҳаёти тасвири кўз ўнгингизда келади. Музей асосчиси ва унинг доимий директори Альбина Витольдовна Маркевич ўша давр муҳитини яратишга ҳаракат қилди ва у буни жуда яхши уддалади.

Шунинг учун бу гўшадаги учрашувлар сира зериктирмайди. Ҳамма келиши мумкин, ҳамма жуда самимий кутиб олинади, шеъриятнинг ҳақиқий ихлосмандлари эса бу ерда узоқ вақт қолиб кетишади.

“Кумуш аср” даврига яқин муҳит ҳукмрон дегани бу ерда замонавий шеърият янграмайди, дегани эмас. Альбина Витольдовна ёшларга жуда эътиборли, кўпчилик учун у биринчи муҳаррир ва нашриётчи ҳамдир.

Тошкентнинг кўзга кўринган замонавий шоирлари қаторида янги бошловчи шоирлар ҳам бор. Бу чеҳралар калейдоскопи: ёш, доно,интилувчандир. Айниқса, турли миллат вакиллари интилган Тошкент бамисоли Бобил, фақат Инжил маъносида эмас, балки кўп маданиятли деган маънода гўзаллик, эзгулик ва ижод куч олган жойга айланган. 

Атмосфера вақтинчалик нарса бўлиб, у катализатор атрофида ҳосил бўлиши маълум. «Анна Ахматованинг мангалли ҳовлиси» музейида марказ ва катализатор Альбина Витольдовна ҳисобланади. Бу ўз-ўзидан бир даврни ичига қамрай олди.

Альбина Витольдовна 12 ёшида, ҳали кичкиналигида  ҳарбий госпиталда ярадорлар учун пионерлар концертида қатнашганди, у ерда Анна Ахматова ҳам шеърлар ўқиган. Илк учрашув шунда бўлган.

Бу музейда ўзингиз вақт машинасида каби ҳис киласиз! Ичкарига кириб, дарҳол ўзингизни ўтган асрнинг биринчи ярмида топасиз. Альбина Витольдовна ҳам шу ҳонада «шеърият ҳудуди» ни муваффақиятли ярата олди. Музейда ҳар пайшанба куни адабий кечалар уюштириш, мушоиралар, мусиқа садолари – Альбина Витольдовна ҳар оқшомни жуда синчковлик билан режалаштиргани  учун учрашувлар зерикарли булмасди.

Тошкентдан кетганимга икки йил бўлди. Бироқ, мен бу ажойиб шаҳарни ва у ерда учрашган яхши одамларни эсга олмаган куним йўқ. Ахматова ҳақида бирор нарса ўқисам ёки эшитсам, дарҳол Альбина Витольдовна эсга тушади ва аксинча. Мен учун иккиси энди бутунлай ажралмас тушунча.

Фото: М.Тошпўлатова

Гуарик Багдасарова:

Бугун биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон Мустақиллик даврининг ҳар йилида ўзининг янги интеллект тўлқинини намоён етмоқда. Унинг руҳий тажрибаси кенгайиб боряпти, бу эса борлиқни асл маънода тушунишга хизмат қилади. Бунга қисман  Ўзбекистон пойтахти музейларида, хусусан, Тошкент шаҳридаги Россия миллий маданий маркази  қошидаги “Aнна Aхматованинг Манқалли ҳовлиси”да олиб борилаётган маърифий ишлар ҳам шулар натижасидир..

Альбина  Витольдовна Маркевич:

Узбекистанские русские

Хлопковые поля, садов цветенье,

Растущий вширь и ввысь Ташкент,

Макомов звук, Закировых волнующее пение

И мудрых гениев завет–

Всё ум и сердце заполняет.

Узбекская земля для нас Отчизной стала,

Мы верно служим ей и будем век служить.

Нам дорог край, с которым нас связала

Сама история, судьба и наша жизнь.

 

Албина Витолдовна Маркевич:

Ўзбек руслари

Пахтазорлар, гулбоғлар,

Кенглик ва осмонга интилган Тошкент,

Мақом ноласи, Зокировлар қалбидан саси.

Ва донишманд  даҳолар аҳди –

Барчаси тўлдирар онг ва юракни.

Ўзбек заминидир биз учун Ватан,

Биз унга ўлгунча садоқат билан,

Яъни умр бўйи хизмат қиламиз.

Боғлар экан бизни тарихнинг ўзи,

Тақдир ва ҳаётимиз чамбарчас энди

Қадрлаймиз, токи танда жон, Ўзбекистон!

Фото: М.Тошпўлатова

Ирина Вячеславовна Кипанова

(Росстотрудничествонинг  “Русский двор” жамияти ходими):

Россияни қутқариш пайтлари Тошкент имтиёзли жой, пойтахт эди! Кўпчилик қочоқлар Самарқанд, Бухоро, қишлоқларга олиб келинган. Тошкентда эса таниқли ёзувчилар, шоирлар, бастакорлар қолиш шарафига муяссар бўлган. Уй-жой муаммо бўлса-да, келтирилган ҳеч ким эътиборсиз қолмаган. Анна Ахматова шулар сирасида бўлиб, аввал Қизил майдонга яқин бир уйдан, кейин Жуковская 54-дан бошпана берилган. Блокада пайтидан бир озгина вақт ўтган, шоира касал эди. Урушдан олдин унинг шеърлари чоп этишдан тўхтатилган. У таржималар орқасидангина тирикчилик қиларди. Албатта, 17-йиллардан кейин унинг мероси қолмаган. У Бунин билан ажрашган, уйсиз, камбағал эди. Унинг Санкт-Петербургда ҳам квартираси йўқ эди.

Музейдаги бу кийимлар, Анна Андреевнаники эмас. Буни Альбина Витольдовна йиғди. Унинг холаси ҳам Ленинградлик эди, кийим услуби Анна Ахматовага ўхшарди. У ҳам худди шу вақтда блокададан Тошкентга поездда келган. Эҳтимол, улуғ шоира билан ҳатто битта вагонда келгандирлар. Ўша пайт урфига кўра кийимда шол рўмол албатта керак эди. Фақат битта ёки иккита кўйлаги бўлган холос. Аммо Анна Ахматованинг ўзини тутиши шоҳона эди. Унинг бош қўниши, қаддини тутиши шоҳона эди. Бу аёл юксак интеллектуал, ахлоқли эди. Ҳар қандай оддий, эски кийимни ҳам безаб турарди. Бу ерда Анна Ахматовага тегишли шахсий буюмлар йўқ. Совға қилинган нарсалар сақланган холос. Устидаги биргина кўйлаги билан келган Анна Андреевнада қандай бисот ҳам бўларди? Бу экспонатлар орасидаги оёқ кийим ҳам Альбина Витольдовнанинг холаси кийган пойафзалдир.

Албина Витольдовна мукофоти. Музейнинг дуо қилиниши

Православ черкови руҳонийси, архиепископ Митрополит Викентий – Владыка бу музейни дуои фотиҳа билан ёритган. Музей рус тилида айтганда «освещённый». Музей асосчиси ва раҳбари Альбина Витольдовна Ўзбекистон православ черковлари руҳонийсига жуда ихлос қилади. Альбина Витольдовна черков учун доимо эҳсон қилади, уларнинг хизматларига буюртма беради. Черков хизматчилари, мурувват ҳамширалари кекса аёлга уй ишларида ёрдам беришади. Альбина Витольдовна  барча диний байрамларни ҳурмат қилади. Мана, унинг уйида ҳам, бу ерда, яъни музейда ҳам христиан анъаналари бўйича черков хизмати ўтказилди, Владыка бу хонани муқаддас сув билан ёритиб берди. Бу ерда руҳоний,  Рус православ черковининг архиереи, ҳурматли епископ, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий, рус маданият марказининг элчиси ва Альбина Витольдовна диний маросим ўтказишди. Эҳтимол, шунинг учун бу ерда файз бордир.

Мана бу суратда 12 ёшли Альбина Витольдовна. У пионер ўқувчилар қаторида госпиталга концерт қўйиш учун келган.  У ерда Анна Ахматова ҳам ярадорларга шеър ўқиб чиқди. Дунёда ҳеч нарса тасодифан содир бўлмайди.

Ахматованинг Олмаотага бориш танлови бор эди. Лекин Анна Андреевна Тошкентни танлади. Чунки Тошкентда зўр адабий муҳит бор эди. Бу ерда уруш йиллари 200 дан ортиқ ёзувчилар яшаб кетган.

Зоя Туманова, Наталья Зайколар ҳам музей учун буюмлар совға қилишган. Кўргазма учун китоблар ҳам совға қилинарди. Ҳамма Альбина Витольдовнани яхши кўради, унинг жуда кўп танишлари, алоқалари бор эди, у ҳамма керакли экспонатларни музейга олиб келди. Кимдир Пушкин бюстини, Анна Ахматова бюстини олиб келди.

Бастакор Козловскийнинг уйида Анна Андреевнанинг ён томондан юзи оқланган деворга чизиб туширилган эди. Бу профилни ҳеч ким билан аралаштириб бўлмайди, бурун қирра, узун, ингичка. Сиз кўрган кираверишдаги портрет ўша суратга жуда ўхшарди. Муҳими, барча буюмлар меҳр билан йиғилган. Тасодифий нарса йўқ. Мана бу кўзгу жуда ғайриоддий. Ғайриоддий, жуда чиройли мебель. Мен Альбина Витольдовнанинг уйида бўлганимда, “холангиз ўзи билан мебел олиб келганми”, деб сўрадим. У “йўқ, шу ерда қилинган”, деди! Ўшанда ҳам Тошкентда замонавий мебель ва қадимги бадиий безак ясайдиган ҳунармандлар бор эди.

Дарвоқе, ушбу кўзгу  хотира парчаларидан иборат. Бу Альбинанинг ғояси. Анна Ахматованинг «Қаҳрамонсиз шеър» асари фантосмогорикдир. У баъзи хотиралар бўлакларидан, кескир парчалардан иборат. Мана бу ёзишмалар эса Ахматова ёзган хатлардир.

Мана энди бир масала бор… Альбина Витольдовна Маркевич ўз ўрнига ворис қидирмоқда. У 92 ёшда. Афсуски, бир мунча қувватдан қолган. Ҳар сафар 1,5 соат давом этадиган учрашувларга ярамайди, чарчайди. Зинадан кўтарилиш ва тушиши қийин. Альбина Витольдовнанинг ўрнини босиш учун камида уч киши керак. Адабиётшунос, санъатшунос ва ташкилотчи. Ва ажойиб шоира Анна Ахматованинг манқалли ҳовлиси чироғини ёқиб ўтирадиган катта қалбли Инсон.

 

(Мақолада www.vesti.uz, www.akhmatova.org сайтлари материаллари ва  Н. Татаринованинг  «Анна Ахматова в Ташкенте» ессесидан фойдаланилган.)

 

 

Мавлуда Тошпўлатова

 

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг