“ЎТКАН КУНЛАР” ҲАҚИҚАТИ: АДАБИЁТ ВА КИТОБХОН

0
1151

Буюк адиб Абдулла Қодирий ҳақидаги кескин ва қоралама шаклидаги фикрларим тарқалиб, интернетдаги зиёли ва китобхонлар оммасини ларзага келтирди. Буни истамагандим. Мазкур битиклар кўпчиликни ранжитди. Афсусдаман. Сўзим аввалида улуғ ёзувчининг оила аъзолари, авлодларидан, Абдулла Қодирий мухлисларидан буюк адибнинг асарлари ҳақидаги фикрларим учун самимий узр сўрайман.

Мазкур мақолани ёзсамми, ёзмасамми деган истиҳолада эдим, шу аснода юртимиздаги таниқли илм аҳли бўлган устозлар даъвати шу ишни қилиш зарур эканига ишора қилди ва қўлимга қалам олишга журъат этдим.

Яхши ва тўғри фикрлар бўлса, Парвардигор иноятидан; хато ва нуқсонлар эса каминага тегишли.

Мафтуна Муҳаммадаминова. Абдулла Қодирий ва театр санъати - www.ziyouz.uz

 

 

 

  1. Абдулла Қодирий шахсияти

Абдулла Қодирий тошкентлик боғбон оиласининг фарзанди эди. Мен раҳматли адибнинг ватанпарварлиги, халқпарварлиги, илми ва маҳоратига асло шак келтирмайман, аксинча, бу инсондаги жонкуярлик, фидойилик, дардмандлик ва усталик бугун давримиз ижодкорлари учун ҳам ўта зарур эканини баланд овозда айтаман. Абдулла Қодирийнинг романлари, қиссаси, ҳикоялари, фельетонлари бугун адабий услуби ва ритми билан ҳам ўзбек адабиётида нодир ҳисобланади. Менинг фикримча, ўзбек адабиётидаги адибларнинг катта қисми Абдулла Қодирийдаги сўзамоллик, она тилни ҳис этиб ёзиш мақомига ета олмаган бўлсалар керак. Абдулла Қодирий тили фавқулодда жонли, ширали, полифоник бир тилдир. Ҳақиқатан, у адиб сифатида ноёб истеъдод бўлганки, ҳали у каби сўзларни яйратиб матнларда қўллайдиган услубни топа олмадим. Абдулла Қодирий матнларида сўзлар жуда эркин, жуда озод ва ҳур. Эҳтимол, бу адибнинг феълидаги ҳурриятсеварликка боғлиқ бўлса, ажаб эмас.

Abdulla Qodiriy nabirasi bilan intervyu yoxud "ta'qiqlangan videotopilma" -  Zamin.uz
Cурат олинган манба: zamin.uz

Абдулла Қодирийнинг инсонийлиги, оилапарвар ота экани алоҳида масала. Ҳужжатлар унинг бу борадиги юксак сифатларига шак келтиришни гуноҳ эканини эълон қилади. Шунингдек, унинг дўст, устоз ва гўзал ахлоқни акс эттирган бошқа жиҳатлари ҳам ҳавас қилишга арзийди.

Шу маънода менинг у ҳақида ёзганларим ҳақсиз экани ойдинлашади. Аслида, айтишни истаган масалам бошқа эди. Тишларинг тўкилиб бир ўзинг қолиб кетасан деган мунажжимнинг таъбиридек аччиқ ва заҳарли янграган қоралама тақризим каминанинг нафсидаги иллатлар ва нуқсонларни тажаллий эттирди. Бу туфайли озор чеккан барчадан, устоз ва дўстлардан афв тилайман. Мени кечиринглар. Аллоҳ таоло Абдулла Қодирий руҳини шод қилсин.

50 Books From The Past 50 Years Everyone Should Read At, 57% OFF

  1. Бадиий асарни тушуниш мезонлари

Бадиий асар дард ва фарёддир. Иложсизлик ва чорасизлик чангалида юрак тубидан янграган қонли бир нидо. Унда қалбнинг нолалари, ақлнинг нигоҳлари, руҳнинг волалари намоён. Бу чинакам бадиий асарга хосдир. Чинакам бадиий асарни эса ҳақиқий адиб ёзади. Бадиий асар талабларига жавоб берадиган матнларни яратиш Худонинг неъмати.

Бадиий асар адибнинг қалб ва ақл кўзгуси орқали оламга ташлаган назари. Ёки унинг илми, тажрибаси, ҳаётни тушуниш ва жаҳонни қамраш қуввати ифодаси. Дард чуқур, жароҳат оғир ва аччиқ бўлса, ундан сизган қон бадиий асар деган нақш бўлиб қоғозга чизилади.

Бадиий асар шу қадар катта қувватга эгаки, у ҳақиқатни энг порлоқ кўринишда намоён этгани каби ёлғонни юксак макр билан ёпиб, ҳатто ҳақиқат қиёфасида тақдим қила олади. Ёзувчи эса қанчалик улкан маҳорат, катта ақл ва юксак қалбга соҳиб чиқмасин, хатокор бир инсон ўлароқ ҳақиқат ва ёлғонни баён этишда нуқсонга йўл қўймоғи табиий. Масалан, у ўзи истамаган ҳолда ёлғон ва ҳақиқат қоришиб кетиши, натижада, санъатга маҳлиё бўлганлар уни қабул қилиб хато тасаввуротлар билан умр ўтказмоқлари ҳам муҳтамал бир ҳодисадир. Адибнинг турли даврларда битган матнлари ўзаро фарқланиб, бири иккинчисига зид келмоғи ҳам мумкин, чунки адиб ҳам ўсиб, ўзгариб борадиган дунёқараш соҳибидир. Баъзан у мутлақ тўғри деб тушунчаларини кейин ўзгартириши ва хато эканлигини тан олиб, эълон қилмоғининг айб томони йўқ. Балки у ўзи адашганини билмай ўтиб ҳам кетар. Ўзи ишонган ғояни ҳақ деб оламдан кўз юмар. Унинг матнлари эса ишонган ғояларни ташишда давом этаверади.

Аз-Замахшари — Энциклопедия Корана · Академия Корана

Худди “Замахшарий тавба қилди, “Кашшоф” тавба қилмади”, – деганларидек.

Ҳақиқат ва ёлғонни қандай ажратамиз?

Ҳақиқат ва ёлғон илмий тажрибалар асосида иккига ажралади деб ҳисоблайди файласуфлар. Ҳаёт ва табиатдаги қонуниятлар ва улар орасидаги муносабатларни топиш ҳақиқат ва ёлғонни фарқлаб берувчи мезондир, миқёсдир.

Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бўлиши мумкиндир, аммо мутлақ ва тан олинган ҳақиқатлар ҳам борлиги билан баробар ҳақиқат деб тамсил этилган ёлғонлар ҳам бўлишини унутмаслик лозим. Масалан, бир пайтлар Ерни текис деб ишонганлар бугун уни юмалоқ деб биладилар. Сталинни доҳий дея улуғлаганларнинг авлодлари уни қотил деб ишонадилар. Ўз даври учун Ернинг текислиги қандай ҳақиқат бўлган бўлса, Сталиннинг доҳийлиги ҳам шу қадар ҳақиқат эди.

Мўмин ва мусулмон инсон эса Қуръон ва ҳадис ҳақиқат ва ёлғон орасида очиб берадиган фурқон эканига зарра қадар шубҳа қилмайди. Бутун оламга фақат Қуръон ва ҳадис баёни орқали боқиб, дунё ва охиратни, ўлим ва ҳаётни у орқали идрок этади.

Бадиий асардаги ҳақиқат ёзувчининг ҳақиқат деб билган хулосаларидир, аммо адиб ҳам адашмоғи, ҳақиқат деб ишонгани ёлғон чиқмоғи ҳамда бир куни эътиқодини ўзгартириб, “Мен нима учун эътиқодимни ўзгартирдим” ёки “Йўқотганларим ва топганларим” деб асар ёзиб, унда бир умр мадҳ этиб, одамларни даъват қилиб келгани ғоянинг золим ва ёлғонлигини тан олиши ҳам инсонийлик талабидир. Ёки қизил ғояларни мақтаб ёзган матнларидан воз кечиб, олган орден ва медалларини ҳам тарк этмоғи муҳтамал. Ёки арслон изини арслон босади деб шеър ёзиб, кейин қора кунлар кўрдик деб иқрор келтириши одамгарчиликдандир.

Буларни айтишимдан мурод – инсоннинг инсоний ғоялари ўзини оқламай қолишини таъкидлаш ва ҳар қандай классик матн ҳам бир хатокор бандага хослиги учун ундан мутлақ ҳақиқатларни талаб қилиш, ҳақиқат деб сиғиниш жоиз эмаслигини эслатишдир.

Бадиий асарни тушунишда унинг шаклий гўзалликлари, товланиб, эшилиб ва нозланиб турган сўзларидан ташқари бу сўзлар жамланиб қандай маъно ва моҳиятни акс эттираётганига ҳам қараш, бу маъно ва моҳиятни ҳар томонлама тадқиққа тортиш ўта табиий зарурат ва эҳтиёж саналади.

Abdulla Qodiriyning eng sara asarlarini o'qishni istaysizmi?

  1. Абдулла Қодирий матнлари

Умуман, Абдулла Қодирий 19 – 20-аср контекстида Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Ливан каби ўлкаларда Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абдуҳ, Маҳатма Ганди каби намояндалар бошчилигида асосан ёшларни ўзида бирлаштирган янгиланиш ҳаракатининг бир қисми саналган ва Исмоил Гаспиринский бошчилигида Туркистонда тарқалган жадидчилик ҳаракати контекстидан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Жадидчилик 19-асрда глобал кўриниш касб этган янгиланиш жараёнининг таркибий ва ажралмас қисмидир. Ўша даврдан бошлаб дунё сиёсий майдонида янги тартиб ғалаба қозонди – хонлик, амирлик, султонлик, императорлик номи билан аталган, сулолавий бошқарувга асосланган тузумлар ағдариб ташланди ҳамда Ғарбда пайдо бўлган республика тузуми бутун дунё бўйлаб ўрнатилиш жараёнлари жадаллашиб кетди. Россия империяси ўрнига совет давлати келган бўлса, Усмонли давлати ўрнига Туркия Республикаси жорий этилди ва ҳоказо. Монархияга таянган Россия учун Туркистонни хонлар ёрдамида бошқариш осон эди, аммо янги совет давлати учун бу тўғри эмасди, чунки совет давлатининг ғояси, мафкураси Чор Россияси мафкурасидан тубдан фарқ қилган. Шу боис Россия мустамлакаларида шунга мувофиқ тузум бўлиши шарт бўлиб, хонликларнинг ағдарилиши бутун дунёда монархия тузуми тугатилиши жараёнининг бир қисми эди, холос.

Жадидлар маърифатпарварлар эмас, сиёсий мақсадларга эга бўлган шахслардир, уларнинг ҳаракати том маънода сиёсийдир деб тан олиш тўғри ҳисобланади. Жадидлар янги дунё тузумининг тарафдорлари бўлиб, улар эски дунёни бошқарган барча ғоя ва ақидалардан воз кечиб, енгилроқ айтсак, уларнинг ҳаётий фаоллигини чеклаб, янги кўринишдаги тартибот ўрнатилишини истардилар.

Бу тартибот ошкора сулолавий бошқарувни тугатиш ёки максимал даражада кучсизлантиришни тақозо этган, бу ғояларнинг илдизи Франциядаги Робспьер бош бўлган республикачилик ҳаракатига бориб тақалади. Улар зодагон ва оқсуякларни давлат тепасидан ҳайдаб, оддий фуқароларга ҳам тенглик ҳаққини берадиган тузум тарафдори сифатида майдонга чиққан эдилар.

Абдулла Қодирий мана шундай улкан тарихий-сиёсий контекстдаги бир бўлак бўлиб, у ўз давридаги жадидлар ва янги дунё тузуми тарафдорларининг иродаси ва хоҳишини матнларга кўчирган буюк адиб эди.

Мустақиллик кунига тайёргарлик кўриш бошланди | NORMA.UZ

  1. Мустақиллик ва истибдод

Мустақиллик ҳар бир давлат ва миллатнинг ўз хоҳиш-иродасига эга бўлиб, ҳаёт тарзини ҳеч кимдан изн сўрамай барпо қилиш ғоясидир. Истибдод эса бирор тупроқни четдан келиб босиб, у ердаги халқни ишлатиб, шу эвазга кайфу сафо ҳамда ҳокимлик ҳисси билан яшаш истаги ёки шу истакнинг амалий намойишидир.

Мустақиллик халқнинг азалий қадриятлари, эътиқоди ва умуман қадимги, тарихий идеаллари устида тирилади. Халқимизнинг мустақил давлат соҳиби сифатида яшаган  сўнгги даври то Чор Россияси босқинига қадар давом этган давридир деб айта оламиз. Бу мустақилликка охирги марта Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон жасорати билан эришилган бўлиб, сўнг бу тупроқларда кечган урушларнинг деярли барчаси сулолавий ва фуқаролик хусусиятларига эга эди. Бир хон кетиб, ўрнига бошқаси келса, деярли ҳеч нарса ўзгармас, эски ғоя ва мафкура ишлашда давом этарди. Ҳатто Шайбонийхон вафот этиши биланоқ Хива хонлиги мустақиллик эълон қилса-да, давлат бошқаруви методологияси Шайбонийхон давлатидан фарқ қилмаган. Урушлар ва бўлинишлар шу халқ вакиллари ва раҳбарлари ўртасида кечиб, тупроқ соҳибларига бегона бўлган Чор Россияси ёки Ғарбнинг бирор таъсири йўқ эди. Бу ҳол ана шу даврларда давлатнинг мустақил бўлгани ҳамда халқнинг бегоналарга тобе бўлмай яшаганига далолат қилади. Чунки барча урушлар ҳокимият талашиш сабабли юзага келарди.

Ички низолар сиёсий заифликни келтириб чиқарган эса-да халқ дини ва ахлоқига содиқ ҳолда яшади. Қобилиятсиз подшолар даврида халқ зулм кўрган эса-да, бошқа адолатлиси келиб у зулм жароҳатларига малҳам қўйди.

Бугун биз мустақиллик мафкураси ҳақида ва озод халқ, озод давлат ҳақида сўзларканмиз, ана шу тарихий илдизларга мурожаат қилишга мажбурмиз. Ўша даврдаги ахлоқий мезон ва эътиқодни чуқур ўрганиб, уни ҳаётга амалий татбиқ этиш ҳақида фикрлаш керак. Чунки советлар ўрнатган сиёсий тузум халқнинг зеҳниятига ўрнашган ва ўзини комфорт ҳис этган мафкурага зид эди, табиий.

ABDULLA QODIRIY (1894 — 1938) - ozbek tilida

  1. Яна Абдулла Қодирий матнлари

Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”ни 1920 йилларда деярли ёзиб тугатган эди. Асар севги-муҳаббат пардаси билан зийнатланган сиёсий-ижтимоий юкка эга муҳташам бир намунадир.  Буни адибнинг ўзи ҳам эътироф қилиб, уни беш марта ўқиш керак дегани айтилади.

“Ўткан кунлар” Туркистондаги хонликлар тузуми ҳамда Россиядаги Чор ҳукумати учун ҳам сиёсий исённи акс эттиради. Абдулла Қодирий иккала тузумнинг моҳиятида умумийлик борлигини кўрган. Отабекнинг Шамай ва ўрис идораси тизими ҳақидаги гаплари бир қадар европалашган ўрис идора тизимига бўлган симпатиядир.

Абдулла Қодирий ўз романларида чизган ва ўзи яшаган Туркистон контекстидаги сиёсий қараш ва ахлоқ янги дунё тартиботига зид бўлиб, унинг моҳиятида Ислом турган. Хусусан, бу даврда диндорлар, тариқат пешволари жуда катта сиёсий таъсирга эга бўлиб, халқларни идора қилишда асосий ричаг вазифасини бажарган. Улар фақат сиёсий эмас, ахлоқий иродани ҳам тамсил этганлар. Оилаларда кўп болалик табиий бўлиб, ҳар банданинг ризқини Худо беради деган ақийда устувор эди. Инсонлар беш вақт намозни ўқир ҳамда оила, ҳаё, ибо ва одоб ҳақидаги қарашлари соф исломий эди.

Абдулла Қодирий икки романида хонликларни чириб битган бир тузум сифатида акс эттирди. Ўзининг маҳоратли қалами билан инсонлар қалбида хонларга, хонлик тузумига нисбатан чексиз нафрат уйғотди. Ҳаётни қоп-қора рангларда чизди. Одамлар турмушини ўта машаққатли тарзда тасвирлаб, ўтмишни қўрқинчлик портрет ўлароқ тақдим қилди. Бу портрет ичида ошиқ ва маъшуқ қалбларни тузум қурбонлари ва зулмга қарши курашчилари ўлароқ тасвирлаб, ўқувчини ишонтирди.

Буюк адибнинг эҳтиросли услуби китобхонлар қалбини ром этди ва ўқиган ҳар бир одам онгида Худоёрхонларни одамийликдан узоқ шахслар сифатида гавдалантирди. Бу эса китобхонларни тарихдан узди ва жорий ҳаётига кўниктирди. Китобхон гарчи асардаги романтикага мафтун бўлса-да, матнда чизилган контекст орқали 19-аср Туркистон ҳаётини мудҳиш тасаввур этди. Умуман, ўз аждодлари ҳаётини зулматда кўрди. Улардан, уларнинг ғояларидан узилди. Янги дунё бўйлаб сочилаётган ва эркинлик ниқоби остидаги ғоя ва тарғиботларнинг қармоқ илгакларига оғиз солди.

“Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари Туркистон халқларини ислом ва тасавввуф ғоялари бахтли эта олмади деган ғояни матностида сақлайди ва ҳамда онг остига жойлаштиради. Чунки бу романларда дин инсонлар ҳаётида фалаж ўлароқ ҳеч бир таъсирга эга эмаслиги кўрсатилган ва дин уламолари салбий ранглар билан чизилган. Мазкур асарлар контекстида Туркистон халқларининг мустақил давлатлари саналган хонликлар чўкиб бўлган бир тузум ўлароқ намоён бўларкан, нажот йўли аниқ кўрсатилмайди, аммо китобхонда ягона йўл хонликлар, хонлар ва уларнинг мафкурасидан, ўша давр ҳаёт тарзидан воз кечишдир деган фикрни шакллантиради. Табиийки, романдаги аччиқ ҳаёт билан ўз ҳаётини солиштирган ўқувчи “Бизнинг айни ҳаётимиз нақадар гўзал!” – деган тўхтамга келади. Ҳолбуки, у ёмон кўраётган романдаги хонликлар халқнинг мустақил давлат шакли эди. Бу китоб билан улғайган совет китобхонида мустақил давлатга соҳиб чиқиш орзуси пайдо бўлдимикин? Йўқ, аммо совет ҳукуматини эрк ва ҳурлик ато этувчи ҳукумат, хонлар ва диндорларнинг йўқлиги қандай ҳам яхши деган қарашни онг тагига михлаган бўлиши мумкин. Бу эса бугун жамиятда кучайиб бораётгани исломофобик қарашларнинг илк ва ибтидоий кўриниши сифатида туюлади. Бундан эса китобхон ҳам, адиб ҳам бехабар қолган бўлиши ҳам ўта табиийдир. Чунки матн қоғозга тушгач, адиб ихтиёридан чиқиб, ҳеч кимга бўйсунмай ўзи истаганча ҳаракатланади. Худди менинг Абдулла Қодирий ҳақидаги тақризим қаламимдан чиқиб, қочиб кетгани ҳамда бошимга минглаб маломат тошлари олиб келиб ургани каби.

Сквер Амира Тимура: Парки Ташкента

  1. Амир Темурдан кейинги Туркистон тарихи

Биз Туркистоннинг сўнгги беш асрлик тарихига Бертельс деразаси ҳамда совет ва демократия ғоялари тепалигидан туриб қараймиз. Маълумотларни бизга сингдирилган мафкура билан тушунамиз. Дарсликлардан ташқари маълумотларни билмаймиз. Бугун тарихчиман деб саҳнадан тушмай турган айримлар ҳам иккиламчи ё учламчи манбалар тили билан гапирмоқда. Жуда камдан-кам одам ўша даврдаги манбаларни варақлай олади. 16 – 19-аср тарихига оид манбалар матнларидан деярли хабардор эмасмиз. Хонликларнинг бўлиниши, улар ўртасидаги урушларни ҳам бир ёқлама баҳолаймиз, қоралаймиз, чунки дарсликларда шундай ёзилган, Абдулла Қодирий шундай тасвирлаган. Тарихга қарайдиган деразамиз Абдулла Қодирийнинг икки романи ва мактаб дарсликлари билан ясалган. Абдуллахондан кейинги хонларнинг тарихини ёзган бирор муаллифни билмаймиз. Аммо хонликлар даври зулмат деб бонг уришни биламиз. Шундай деб ишонамиз. Ишонтирилганмиз. Тўғри, битта-яримта салоҳиятсиз ҳукмдор ўтгандир, лекин унинг ҳам нуқсонини ўзимиз бирламчи манба асосида кўрмаганмиз, қайси асосга таяниб ёзилгани номаълум матнлардан хулоса қиламиз.

Энг кизиғи, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”да хонларга оид маълумотларни юзга яқинлашган кекса отаси ва яна қари чол-кампирлардан олган. Маълумот берувчиларнинг хотираси тиниқлиги, маълумотни соф ҳолда етказиши текширилмай бадиий асар шаклига киритилган… Биз эса ана шу маълумотларни ҳақ деб қабул қилиб, унинг ортидан ёқа йиртиб, бурун синдириб, халқнинг ўтмишидан бир зарра нур топмаймиз. Тарихни қора деб кўрсатган манба эса бир-иккита роман, холос.

Биз танийдиган ва бизга таништирилган шоирлар ҳам замондан кўп нолиб шеърлар ёзишган. Шеърий асарлари эмоция маҳсули бўлиб, тарихий ҳужжат бўла олмайди. Лекин биз Абдулла Қодирий романларини тарихий ҳужжат ўлароқ қабул қилиб қолганмиз. Шеърларни ҳам ўша даврнинг реал манзараси тасвири деб ишонганмиз.

Майли, тарихимиз, халқимиз шу қадар бузилиб кетгандир, аммо нима учун хонликлар даврида тарбия кўрган халқимиз вакиллари меҳрибон, ҳаёли, мард, ғурурли ва меҳнаткаш эди? Агар Туркистон тупроқлари шу қадар маънавиятсизлар қўлида қолган бўлса, совет ва демократия ғоялари соф ва тўғри бўлса, нима учун эски одамларнинг барчаси яхши, янгилари замонида эса ваҳшийлик ва ахлоқсизлик, бахтсизлик ва тушкунлик авж олмоқда?! Бу парадокс эмасми?

Эътиборга молик жиҳатлардан бири шуки, мустақиллик йилларида Амир Темур номи оқланиб, унинг фаолияти бир қадар кенг ўрганилган эса-да хонликлар фаолиятига холис баҳо бериш кўзга ташланмайди ёки бу ишларнинг тарғиботи суст. Қолаверса, хонликлар даврида кўплаб қўзғолонлар бўлгани ҳақида маълумотларга учраймиз, аслида, диққат қаратилса, мазкур исёнлар кўпроқ намойиш сувратида бўлиб, уларнинг талаб ва истаклари ҳукмдорлар томонидан доим ҳисобга олинган. Бир сўз билан айтганда, хонликлар давридаги исёнлар халқнинг фикрий ва эътиқодий эркинлиги намойиши эди.

Сурат олинган манба: kun.uz
  1. Абдулла Қодирий ва бугун

Биз Абдулла Қодирийга унинг романларидаги санъат асосида маҳоратли адиб деб баҳо берамиз, хотираларга таяниб, юксак тарбия инсон деб биламиз. Хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз, лекин бу унинг матнларини турли контекстларда ўрганиб муайян хулосаларга келишимиз учун тўсиқ бўлмаслиги керак.

Абдулла Қодирийнинг нисбий ёки чин маънода бўлсин, адабий маҳорати ва асарларидаги севги романтикаси билан йўғрилган ижтимоий-сиёсий муаммолари кўлами жиҳатидан ўзбек адабиётида етакчи бўлиб қолаётгани уни классика деб эътироф этиш мумкинлигини билдиради, аммо ундан кейин унинг мақомига етадиган вакиллар бор-йўқлигини аниқлаш, бор бўлса, тан олиш; йўқ бўлса, нима учун деган саволларга ҳам жавоб топиш керак.

Абдулла Қодирий матнларида у совет ғояларига сидқидилдан ишонгани сезилади. Хусусан, “Обид кетмон” қиссаси бунга бошдан-оёқ гувоҳлик беради. Унинг Худоёрхон замонини фожиали ва зулмат остида тасвирлагани икки сабаб билан боғлиқдек: биринчиси, адиб совет ғояларига ишонгани сабабли келажак кунларнинг ёруғлигидан умид қилиб, ўтмишни қора бўёқларда чизишни маъқул топган бўлиши мумкин; иккинчи сабаб шуки, яхши ва ёмон, оқ ва қора қиёс билан топилгани каби Худоёрхон ва бошқа ҳукмдорларнинг фаолияти улардан аввал ўтган адолатли подшоҳларга солиштирганда салбий кўринган, хусусан, “Тарихи Хумулий” асарида Эрон султони Нодиршоҳ, Бухоро амирлари Муҳаммад Раҳим, Шоҳмурод ва бошқаларнинг фаолияти батафсил ёритиларкан, давлат раҳбарларининг адолати, холислиги ҳамда илму ҳикмати аниқ мисоллар ва ёрқин, ҳаётий воқеалар билан тасвир этилганига шоҳид бўламиз. Уларга нисбатан Худоёрхон ёки амир Олимхонлар нўноқ бошқарувчи сифатида намоён бўлар эҳтимол, аммо фикр ва сўзга қулф уриб, ҳар қандай эътироз ёки ҳар қандай бошқа ранг учун одамларни жисман ўлдириб йўқ қилган, бутун жамият бўйлаб ишончсизлик ва даҳшат уруғини сепиб ташлаган совет давлатига солиштирсак, уларнинг замонларида одамлар эркин, ҳур яшаганлари шубҳасиз. Бу ҳақиқатни ишончли манбалар билан тасдиқлаш учун бир қатор изланишлар олиб бориш керак, аммо юқорида таъкидланган мантиқий далил ҳам кўп нарсани англатади: эски давр одамлари матонатли, сабрли, иффатли, ҳаёли ва ўта юксак маданият ва ахлоқ соҳиби эдилар, давр янгилангани сари мувозанат бузилиб, ахлоқий мезонлар синмоқда, демак, тарихдаги ҳаёт ҳар томонлама бугунги турмуш тарзидан афзал ва гўзалроқ кечган. Агар шундай бўлмаса, ҳеч биримиз болалигимизни ёки узоқ ўтмишни хотирлаб қўмсамас эдик.

Абдулла Қодирийнинг адабий маҳоратига соя солмаган ва шак келтирмаган ҳолда унинг романларида акс этган сиёсий-ижтимоий концепт бугун ҳам ўзини оқлайдими, юксак саъвияли, тиниқ зеҳнли инсонларни тарбиялаб беришда аҳамиятлими; жаҳон адабиёти контекстидаги ўрни ва аҳамияти қандай деган масалаларга ҳам адекват ва илмий жавобларга эҳтиёж бор деб ўйлаймиз. Бадиий асарлардаги бадиий гўзалликлар таҳлилидан ортиб, унинг моҳияти ва умуминсоний масалаларни қанчалик тўғри ва равшан, кўламдор ва атрофлича ёритилганига ҳам диққат қаратиш зарурати ҳамиша долзарбдир. Аслида, ана шу нуқтада адабиётнинг моҳияти бутун бори билан намоён бўлади.

ПС.

Мақола сўнгида яна бир бора Абдулла Қодирийга шахс ва ижодкор сифатида қараб, уни юксак ҳурмат қилишимни, хотирасига нисбатан эҳтиромим изҳор этаман. Тарқаб кетган аввалги тақризларимдаги аччиқ ва кескин ёндашув учун барчадан кечирим сўрайман.

Акром МАЛИК

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг