Улкан сохтакорлик: Хитой COVID-19 масаласида дунёни қандай қилиб алдашга урингани ҳақида

0
1376
Ўтган йилнинг 3 ноябр куни Пекиндаги бозорларнинг бирида 2021 йил учун мўлжалланган тақвимларни йиғиштириб олаётган сотувчи. Тақвимларнинг бирида COVID-19 коронавирусига қарши курашда мукофот олган тўрт нафар тиббиёт олимининг суратлари устида қўл силкиб турган Хитойнинг амалдаги раиси Си Цзинпин, иккинчисида собиқ коммунистлар раҳбари Мао Цзэдун акс этган. [Greg Baker/AFP]

Дунё лидерлари ва эпидемиологлар коронавируснинг келиб чиқиши масаласида шаффоф тергов ўтказишни талаб қилишда давом этар экан, Пекин ўзининг муқобил ташвиқот кампаниясида тобора тажовузкорроқ бўлиб бормоқда.

2019 йилнинг декабрида Ухан шаҳрида COVID-19 билан боғлиқ илк ҳолатлар аниқланганидан бери, Хитойдан олинган маълумотлар энг камида ноаниқ эди.

Танқидчилар Пекинни эпидемиянинг илк даврида унинг кўламини камайтириб кўрсатганликда айблаган бўлса, айрим назариётчилар орасида вирус Ухан вирусология институти (УВИ) лабораториясидан сизиб чиққан, деган тахминлар ҳам бор.

Бу орада мазкур лаборатория Хитой ҳарбийлари билан алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида янги далиллар пайдо бўлган.

image
Хитойлик вирусолог Ши Чжэнлини (чапда) 2017 йил 23 феврал куни Хитойнинг Хубей провинцияси Ухан шаҳридаги P4 лабораториясида кўришган. [Johannes Eisele / AFP]
image
COVID-19 коронавирусининг келиб чиқишини ўрганаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вакиллари 3 феврал куни Хитойнинг Хубей провинцияси Ухан шаҳридаги Ухан вирусология институтига етиб келишди. [Hector Retamal/AFP]

Январ ойида АҚШ Давлат департаменти УВИни «яширин ҳарбий фаолият» билан шуғулланишда айблаган эди.

«Хитой коммунистик партияси (ХКП) бир йилдан ортиқ вақт мобайнида мунтазам равишда COVID-19 пандемиясининг келиб чиқишини шаффоф ва пухта терговига тўсқинлик қилиб, бунинг ўрнига алдов ва дезинформация учун улкан ресурслар сарфлади», дейилади 15 январ куни чоп этилган ахборот бюлеттенида.

«ХКПнинг махфийлик ва назоратга ҳалокатли тарзда муккасидан кетгани Хитой ва бутун дунё аҳолисининг саломатлиги учун қимматга тушмоқда», дейилади унда.

Бундай махфийлик ва алдов ҳолати коронавируснинг келиб чиқишини янада чуқурроқ ўрганишни, хусусан, УВИга яқиндан назар солишни тақозо этади.

«УВИ Хитой ҳарбийлари билан нашрлар ва махфий лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилган», деб баёнот берган Давлат департаменти. «УВИ камида 2017 йилдан бери Хитой ҳарбийлари номидан махфий тадқиқотлар, шу жумладан ҳайвонлар устидан лаборатория синовлари билан шуғулланиб келмоқда.»

Сизиб чиқиш назариясига яна бир қараш

Бу айбловлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) нозирлари бир йилдан ортиқроққа чўзилган кечикишлар ва сиёсий тортишувлардан сўнг, коронавируснинг келиб чиқишига оид тадқиқотларини бошлаш учун Уханга етиб келишганида янгради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг узоқ кутилган тергови Пекин томонидан қаттиқ назоратга олинди.

Хитой ҳукумати ЖССТ инспекторларига COVID-19нинг илк ҳолатларига оид қайта ишланмаган маълумотлар беришни рад этгани халқаро экспертлар гуруҳини ранжитди . Тадқиқот иштирокчиларида бир ой давом этган миссиядан сўнг ҳам аниқ хулосалар йўқ эди.

Ҳақиқатни топишда ёрдамлашиш ўрнига, Хитой ҳукумати айбни ўзидан соқит қилиш орқали Хитойнинг «мардонавор» ҳаракатлари ва иқтисодий тикланишига эътибор қаратишга уринди.

Пекин вирус Хитойга музлатилган денгиз маҳсулотлари каби қадоқланган товарлари орқали келиб қолгани ҳақидаги назарияларни ёки Италия ёхуд Қўшма Штатларда пайдо бўлгани ҳақида далилсиз тахминларни қайта-қайта илгари сурди.

Аввалига бу саъй-ҳаракатлар УВИ ва вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши назариясидан эътиборни чалғитаётгандек туюлган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жамоаси март ойида ўз ҳисоботида УВИдан вирус сизиб чиққани эҳтимолдан йироқ эканлигини айтганида, танқидчилар, ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам бу фикрни шоша-пиша берилган, деб рад этишди.

«Мен бу баҳонинг етарли даражада кенг бўлганига ишонмайман» деди у 30 март куни.

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден махсус хизматларга вируснинг келиб чиқишига оид масалани, жумладан унинг лабораториядан сизиб чиққани ҳақидаги назарияни текширишни ва унга 90 кун ичида ҳисобот беришни буюрди.

Ўтган ой дунёнинг энг бой демократик мамлакатлари етакчилари G7 саммитида Хитойни коронавируснинг келиб чиқишига оид янги терговда иштирок этишга чақирдилар. Улар тергов доирасида Хитой лабораторияларига кириш ҳуқуқини олиш муҳимлигига эътибор қаратдилар.

«Шаффофлик ҳамма учун муҳим», деб айтган Байден.

«Биз асрнинг энг кучли пандемиясини тергов қилиш-қилмаслик борасида Хитойга вето ҳуқуқини бера олмаймиз», деб айтган ЖССТнинг инсон геномини таҳрир қилиш қўмитаси маслаҳатчи мутахассиси Жейми Метцл.

Ҳарбий алоқа

Хитойнинг УВИга нисбатан мустақил ўтказилишига қаршилик қилиши ёки ўз тадқиқотлари натижалари билан ўртоқлашишдан бош тортгани – пандемия кўршапалаклар коронавируси устида ишлаши билан танилган институт жойлашган шаҳардан тарқагани ҳақидаги гумонларни кучайтирган, холос.

УВИга нисбатан диққатнинг кучайиши Хитойнинг етакчи вирусолог олими, УВИнинг янги юқумли касалликлар маркази раҳбари Ши Чжэнлига нисбатан эътиборни жалб қилган.

Айрим олимларнинг айтишича, Ши етарли хавфсизлик чоралари кўрилмаган лабораторияларда кўршапалак коронавируси билан хатарли тажрибалар ўтказган. Бошқалар эса Шининг Хитой ҳарбий олимлари билан УВИдаги ҳамкорлиги қўшимча тергов қилиниши керак, дейишмоқда.

Ши июн ойида New York Times газетаси билан аввалдан режалаштирилмаган нодир интервюсида Хитой армияси билан алоқадорлигини рад этган бўлса-да, унинг қатор ҳарбий расмийлар билан алоқаси бўлган, деб хабар беради NBC News нашри.

У ва бошқа ходимлар 2018 йил баҳорда Хитой армияси олими Тонг Иган билан, 2019 йил декабрда эса Чжоу Юсэн билан ҳамкорликда коронавирус тадқиқотларини олиб боришган.

Пекин вируснинг одамдан одамга юқишини тан олганидан беш ҳафта ўтиб, Халқ озодлик армиясининг ҳарбий олими Чжоу 2020 йил 24 феврал куни коронавирус вакцинаси учун патентга ҳужжат топширган, деб хабар беради Weekend Australian нашри.

Бу хабарнинг очиқланиши Хитой режими COVID-19 пандемиясини расман тан олишидан аввал номсиз вакцина синовдан ўтказилгани ҳақидаги хавотирларни кучайтиради.

2020 йил май ойида Чжоунинг номаълум сабаблар туфайли вафот этгани яна бир шубҳали ҳодиса бўлди.

УВИга алоқадор Чжоунинг мукофотларга сазовор бўлган ҳарбий олим деган номи борлигига қарамай, Хитой ОАВ унинг ўлими ҳақида хабар бермаган ва унинг «мардонавор» ишларига ҳурмат бажо келтирмаган.

Ши ва Чжоу орасидаги кучли муносабатлар, режимнинг Чжоунинг ўлими ҳақидаги хабарларни бостириши УВИ «махфий ҳарбий фаолият» олиб борганлиги ҳақидаги назарияларни қўллаб-қувватлайди, дейди таҳлилчилар.

«Ҳарбийлар коронавирусни ўз ичига олган махфий дастурни молиялаштирганига ишонаман», деб айтган АҚШ давлат департаментининг собиқ терговчиси Дэвид Ашер NBC News нашрига. «Мен бу ҳақда ҳарбий лабораторияда тажриба ўтказган мутахассисларни кузатган бир қатор хорижий тадқиқотчилардан эшитдим.»

Пандемия бошланганидан бери Хитой режими «халқаро шаффофликка таҳдид солган ҳолда» вирусга оид далилларни атайин яширган ёки йўқ қилган, деб хабар берган эди Австралиянинг Saturday Telegraph газетаси 2020 йил май ойида.

Нашр Қўшма Штатлар, Австралия, Янги Зеландия, Канада ва Буюк Британиянинг разведка агентликларининг «Беш кўз» (Five Eyes) алянси ҳисоботидан иқтибос келтирган.

Хитой ҳукумати «бошқа мамлакатларни хавф остида қолдирган ҳолда», гапиришга уринган шифокорларнинг овозини ўчириш ёки «йўқотиш», лабораториялардаги COVID-19 вирусига оид далилларни йўқ қилиш ва вакцина устида ишлаётган олимларга намуналарни тақдим этишдан бош тортиш орқали вируснинг тарқалишига оид хабарларни яширган, дейилади газетада.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг