Уинстон Черчилнинг Фултонда ўқиб эшиттирган машҳур нутқи (3-қисм.)

0
2168

«Уинстон Черчилни ўқиган одам кам бўлмайди».
Ш. Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти

***

Британия давлат ва сиёсий арбоби, Буюк Британиянинг 1940 – 1945 ва 1951 – 1955 йиллардаги Бош вазири, ҳарбий хизматчи (полковник), журналист, ёзувчи, Британия академиясининг фахрий аъзоси (1952 й.), адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби (1953 й.) сэр Уинстон Леонард Спенсер-Черчиллнинг Фултондаги машҳур нутқи

***
3-қисм.

Юқорида Тинчлик Маскани ҳақида гапириб ўтдим. Ушбу Масканни дунёнинг барча бурчакларидан келган қурувчилар бунёд этмоғи даркор.

Агар икки қурувчи бир-бирини яхши таниса, агар улар бир-бири билан дўстона муносабатда бўлса, агар уларнинг оилалари ўзаро мулоқот қилаётган бўлса, агар улар ўртасида «ўзаро ишонч бўлиб, бир-бирининг келажаги яхши бўлишига умид қилишса» (фурсатдан фойдаланиб, шу кунларда қайсидир газетангизда ёзилган ушбу чиройли иборани қўлладим), нега энди улар бирга ишламаслиги, дўст ва шерик сифатида умумий вазифаларни ҳал этишмаслиги керак экан?

Нега энди улар умумий меҳнат қуролидан, ўз ишининг маҳсулдорлигини оширганча, фойдаланмасликлари керак?

Чиндан ҳам, нега улар бундай иш тутмаслиги керак экан? Зеро, ҳар қандай бошқа ҳолатда Тинчлик Масканини қуриб битказишнинг иложи бўлмайди, қурилган тақдирда ҳам, кўп ўтмай нураб, қулайди.

Бу билан биз ўтган урушда ҳеч қандай сабоқ олмаганимизга, шафқатсиз уруш мактабидан учинчи марта ўтишга тўғри келишига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Ундай сабоқ эса яқинда ўтган уруш мактабидан юз чандон қимматга тушади. Ана ўшанда қайғули ўрта аср даври кириб келади, илм-фаннинг ёрқин қанотини қоққан тош асри қайтади, башариятга беҳисоб моддий фаровонликни ваъда қилган тафаккур ютуқлари эса инсониятнинг батамом йўқ бўлишига омил бўлади.

Такрор айтаман, билиб қўйингки, вақтимиз ниҳоятда тиғиз. Ҳодисалар ривожи ўзибўларчиликка ташлаб қўйилишига, вазиятни ўнглашга жуда кеч бўладиган фурсат етишига йўл қўя олмаймиз.

Агар бунинг учун бизга устуворлик берадиган, хусусан, иккала давлатимизнинг ўзаро хавфсизлигини мустаҳкамлайдиган устуворлик берадиган мен айтган биродарлик иттифоқини таъсис этиш талаб этилса, келинг, шундай иш тутайликки, бундай буюк ҳодиса ҳақида бутун дунё хабар топсин ва ушбу иттифоқ мустаҳкам тинчлик пойдевори солинишида ўзининг сезиларли ролини ўйнасин. Келинг, оқиллик йўлини танлайлик. Зеро, касални даволагандан кўра, олдини олган афзалдир.

Урушдан кейинги бугунги ҳаёт саҳнасига, яқиндагина ёрқин ёришиб турган иттифоқдошлик ғалабаси устига қора кўланка тушди. Яқин келажакда Совет Россияси ва унинг раҳбарлигидаги халқаро коммунистик жамиятдан нималар кутиш мумкинлигини, экспансионистик интилишларининг, бутун дунёни ўз эътиқодларига киргизишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг чегаралари қаерга бориб етишини, агар бундай чегаралар бўлиши кўзда тутилган бўлса, албатта, ҳеч ким билмайди.

Шахсан мен қаҳрамонона ўрис халқига қойил қолиб, уруш даврида ўртоқлашган маршал Сталинга ҳурмат-ла қарайман. Британияда – ишончим комилки, Америкада ҳам – Совет Россиясининг барча халқларини хуш кўришади. Кўпдан-кўп ихтилофлар ва ушбу ихтилофлар билан боғлиқ равишда юзага келаётган муаммолар мавжудлигига қарамай, ўрислар билан йўлга қўйилган дўстона муносабатларни келгусида ҳам мустаҳкамлаб бориш ниятидамиз. Ўрисларнинг ўз ғарбий чегараларини хавфсизлантириш ва бу билан Германия томонидан уюштириладиган янги тажовузга барҳам бериш истаги тушунарли, албатта.

Россия дунёнинг етакчи давлатлари орасидаги ҳақли ўрнини эгаллаганидан хурсандмиз. Унинг байроғини бепоён денгиз хавзаларида кўраётганимиздан мамнунмиз. Муҳими, ўрис халқи билан Атлантиканинг иккала томонидаги қардош халқларимиз ўртасидаги алоқалар тобора доимий ва мустаҳкам тавсифга эга бўлиб бораётганидан хурсандмиз.

Айни вақтда, эътиборингизни Европада қарор топган бугунги ҳолатга доир тасаввур туғдирадиган айрим фактларга қаратишни, уларни сизга ўз қарашимдан келиб чиққан ҳолда баён этишни ўз бурчим деб биламан ва бу масалада эътироз билдирмаслигингизга умид қиламан.

Европада Болтиқ денгизидаги Штеттиндан Адриатика денгизидаги Триестгача бутун қитъа орқали ўтган темир парда тортилди. Марказий ва Шарқий Европадаги тарихи асрлар оша шаклланиб келган давлатларнинг пойтахтлари: Варшава, Берлин, Прага, Вена, Будапешт, Белград, Бухарест, София парданинг нариги томонида қолиб кетди. Ушбу шонли пойтахт шаҳарлар, уларнинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқлар жамики аҳолиси билан бирга одоб-ла айтадиган бўлсам, совет таъсири остида қолди.

Бу таъсир турли шаклларда намоён бўлиб, ҳеч ким ундан қочиб қутула олмайди. Боз устига, ушбу давлатларнинг бари Москванинг сезиларли назорати, кўп ҳолларда эса тазйиқи остида кун кўрмоқда. Фақат қадимий ва ҳамиша гўзал Грециянинг пойтахти Афинагагина Буюк Британия, Қўшма Штатлар ва Франциянинг кузатуви остида ўтган эркин, тенг ҳуқуқли сайловларда ўз келажагини ўзи ҳал қилишига имкон берилди.

Россия рағбатлантириб, фаолиятини назорат қилаётган Польша ҳукумати Германияга нисбатан ниҳоятда мудҳиш, аксарият қисми асоссиз қўпол санкциялар қўлламоқда. Ушбу санкцияларда немислар оммавий равишда, мисли кўрилмаган кўламда депортация қилиниши, Польша ҳудудидан миллионлаб немислар қувиб чиқарилиши кўзда тутилган.

Шарқий Европа давлатларининг ҳеч қачон аъзолар сони билан фарқ қилмаган коммунистик партиялари ўз давлатларининг ҳаётида партия аъзоларининг сонига мутаносиб келмаган даражада, ҳаддан ортиқ роль ўйнайдиган бўлиб, энди умуман назорат қилинмайдиган ҳокимиятни қўлга киритишга уринишмоқда.

Мазкур давлатларнинг ҳукуматларига полициячи ҳукумат деган номдан ўзга ном бериб бўлмайди. Уларда ҳақиқий демократия борлигига, ҳар қалай ҳозирча, Чехословакия истисно қилинса, шубҳа бор.

Туркия билан Эрон Москванинг ҳудудий даъволари ва бу билан боғлиқ тазйиқларидан чинакам ташвишга тушиб қолган. Берлинда эса ўрислар коммунистик партияга ўхшаш нарса тузиб, уни Германиянинг ўрислар назорати остидаги оккупацион ҳудудида ҳукмрон партияга айлантиришга уринишмоқда.

Шу мақсадда ўрислар сўл қарашга эга бир қатор немис етакчиларига алоҳида ҳомийлик қилишмоқда. Ваҳоланки, ўтган йилнинг июнь ойида сўнгги жанглар ниҳоясига етгач, АҚШ ва Буюк Британия қўшинлари илгари келишилган битимга мувофиқ ғарбга 150 миля нарига, узунлиги 400 миля келадиган фронт чизиғи бўйлаб чекинишди ва бу билан улкан ҳудудни, гарчи у ғарб давлатлари армиялари томонидан забт этилган бўлса-да, ўрис иттифоқчимизга топширишди.

Энди агар совет ҳукумати Ғарбнинг истагига қарши ўз оккупация ҳудудида коммунистик Германия тузумини қуришга уринадиган бўлса, Британия ва Америка ҳудудларида янги ва ниҳоятда жиддий муаммолар пайдо бўлишига олиб келади. Чунки урушда енгилган немислар бундай вазиятда советлар ва ғарб демократияси давлатлари ўртасидаги савдо мавзусига айланиб қолишлари мумкинлигини кўришади.

Мен баён этган фактлардан қандай хулоса чиқарилмасин (буларнинг бари бекорчилигимдан ўйлаб топилган уйдирма эмас, ҳақиқий фактлардир), биз қурмоқчи бўлиб, урушда қон тўккан демократик Европа эмаслигини аён кўриб турибмиз. Мустаҳкам тинчлик кафолатига айланиши керак бўлган Европа ҳам эмас бу.

Янги, ягона Европа қурилмас экан, урушдан кейинги дунё том маънода хавфсиз бўла олмайди. Қитъадаги бирорта миллат ўзини Европа халқлари оиласидан батамом четлатилгандай ҳис этмаслиги керак. Ўтмишда ўтган ҳар қандай урушда бўлгани каби, биз шоҳид бўлган иккала жаҳон урушининг бошланишига Европанинг йирик ва қадимий халқлари ўртасида юзага келган зиддиятлар сабаб бўлди.

Қўшма Штатлар ушбу урушларга ўз хоҳиш ва анъаналари, қандай турда бўлмасин, қуролли можароларда иштирок этишни истамаслигига қарамасдан, сўнгги чорак аср ичида қаршилик кўрсатмасликнинг иложи бўлмаган объектив кучлар ила икки марта жалб этилганини ўзимиз кўрдик.

Иккала ҳолатда ҳам Америка ёрдами адолатли ишимизнинг, таассуфки, катта қурбонлар-у, улкан вайроналик эвазига қўлга киритилган ғалабасини таъминлади. Америка ўз ўғилларини Атлантика океанининг уруш ва алғов-далғовлик кечаётган нариги томонига икки марта юборишга мажбур бўлди.

Бироқ бундан буён қайси давлат уруш ва алғов-далғовлик қарор топишини истаса, у Ер куррасининг хоҳ кун чиқар, хоҳ кун ботар томони ёки иккала томонининг ўртасида жойлашган бўлсин, ўша давлатнинг ўзида кечиши лозим.

Мана шунинг учун ҳам биз, БМТ доирасида, унинг Низомига мувофиқ иш кўрган ҳолда улуғ мақсад – Европада мустаҳкам тинчлик ўрнатиш мақсадига эришиш йўлида қўлдан келганча ҳаракат қилишимиз лозим. Назаримда, бундан-да муҳим вазифа бўлиши мумкин эмас.

Давоми кейинги қисмларда.

Таржимон: Шокир Долимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг