УинстонЧерчилнинг Фултонда ўқиб эшиттирган машҳур нутқи (2-қисм.)

0
2022

«Уинстон Черчилни ўқиган одам кам бўлмайди».
Ш. Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

                                                      ***

Британия давлат ва сиёсий арбоби, Буюк Британиянинг 1940 – 1945 ва 1951 – 1955 йиллардаги Бош вазири, ҳарбий хизматчи (полковник), журналист, ёзувчи, Британия академиясининг фахрий аъзоси (1952 й.), адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби (1953 й.) сэр Уинстон Леонард Спенсер-Черчиллнинг Фултондаги машҳур нутқи

***
2-қисм.

Энди эса юқорида тилга олинган мудҳиш қабоҳатларнинг иккинчиси, яъни ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ва ҳар бир кишига таҳдид солаётган зулм масаласига ўтмоқчиман.

Британия империяси ҳудудларидаги фуқаролар фойдаланаётган демократик эркинликлар кўплаб бошқа юртларда, шу жумладан, анча қудратли давлатларда таъминланмаётганига кўз юма олмаймиз.

Ундай давлатлардаги оддий фуқароларнинг ҳаёти шахсан диктатор ёхуд имтиёзли партия ва сиёсий полиция воситасида иш кўрадиган тор доирага мансуб амалдор шахслар томонидан, чексиз ҳокимиятга эга турли полиция режимларининг қатъий назорати ва узлуксиз кузатуви остида кечмоқда.

Бизга қарши уруш олиб бормаган, мағлуб бўлган давлатлар жумласига кирмайдиган давлатларнинг ички ишларига куч-ла аралашиш ниятимиз йўқ, айниқса, ҳозир, ўз қийинчиликларимиз етарлидан ортиқ бўлиб турган даврда.

Бироқ айни вақтда, жамики инглиззабон халқларнинг умумий мулки саналиб, АҚШнинг Мустақиллик декларациясида ўзининг ёрқин ифодасини топган, Буюк ҳуррият хартияси, Билль ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида, Хабеас Корпус далолатномаси, маслаҳатчилар иштирокидаги суд мажлиси тўғрисидаги низом ва ниҳоят, умумий инглиз ҳуқуқи каби ҳужжатларда баён этилган анъаналарни ўз ичига қамраб олган инсон ҳуқуқлари ва демократик эркинликларнинг юксак тамойилларини муросасизлик-ла тинмай эслатиб боришимиз шарт.

Буларнинг бари биринчидан, ҳар қандай давлат фуқаролари ўз юртининг ҳукуматини сайлаш ва ҳаётларини идора қилаётган бошқарув тузумининг хусусияти ёки шаклини яширин овоз бериш йўли билан ўтказиладиган эркин, монесиз сайловлар воситасида ўзгартириш ҳуқуқига эга эканлигини, ушбу ҳуқуқ тегишли давлатнинг конституцион меъёрлари билан таъминланишини англатади.

Иккинчидан, ҳар қандай давлатда сўз ва фикр эркинлиги ҳукм суриши лозим.

Учинчидан, судлар ижро ҳокимиятидан мустақил, ҳар қандай партия таъсиридан озод бўлиши, улар рўёбга чиқараётган одил суд эса давлат аҳолисининг кенг табақалари томонидан маъқулланган ёки юрт анъаналари муқаддас қилган қонунларга асосланиши лозим.

Ҳар бир хонадон ва ҳар бир оилада ёдда тутилиши лозим бўлган демократик эркинликларнинг асосий тамойиллари шулардан ташкил топган. Англия ва Америка халқларининг жамики башариятга йўллаган мурожаати ҳам мазмунан шулардан иборатдир. Сўзимиз ишимиз-ла, ишимиз сўзимиз-ла ҳамиша мос келиб бораверсин.

Мен сизларга ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага таҳдид соладиган иккита асосий хавф-хатар – уруш ва зулмни айтиб ўтдим. Аммо аксарият одамларни қийнаётган қашшоқлик ва йўқчилик ҳақида гапирмадим. Агар уруш ва зулм хавфи барҳам топса, ҳеч шубҳа йўқки, илм-фан ва халқаро ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб, шафқатсиз уруш мактабидан ўтган инсониятнинг моддий фаровонлигини яқин бир неча йил, кўпи билан бир неча ўн йиллар ичида асрлар оша мисли кўрилмаган даражада ошириб юбориш имконини беради.

Ҳозирча эса биз ғам-ҳасратга тўла ушбу машаққатли даврда уруш сабабли юзага келган мислсиз танглик ва улкан қурбонлар оқибати бўлмиш очлик ва тушкунлик таъсири остида қолганмиз.

Бундай давр назаримда узоқ чўзилмай, тез орада ўтиб кетади, албатта. Ана ўшанда ер куррасидаги жамики халқлар учун ҳақиқий мўл-кўллик даври келишига инсоний аҳмоқлик ва ғайриинсоний жиноятлардан ташқари, халал берадиган бошқа бирон-бир сабаб қолмайди.

Ажойиб нотиқ, Ирландияда туғилган америкалик дўстим мистер Берк Кокраннинг ярим асрча муқаддам: «Еримизда ҳаммага ҳамма нарса етади. У мисоли саховатли она бўлиб, тупроғига ишлов беришни, ўз вақтида ўғитлаб боришни унутмасак, тинч-тотув ва адолат-ла яшасак бас – барча фарзандларини тўйгунча боқади», – деган гапини иқтибос келтириб боришни яхши кўраман. Аминманки, сиз ҳам шундай фикрдасиз.

«Бош стратегик концепция» деб номланган усулимизга риоя қилишни давом этганча, бугун сизга айтмоқчи бўлган асосий гапга ўтмоқчиман. Урушнинг олдини олиш ва халқлар ўртасидаги чамбарчас ҳамкорликни ривожлантиришга доир самарали чораларни, ўз таъбирим-ла айтганда, инглиззабон давлатларнинг биродарлик иттифоқисиз таъминлаш имкони бўлишини шахсан мен тасаввур эта олмайман.

Бунда мен, бир томондан Буюк Британия билан Британия Миллатлар Ҳамдўстлиги ўртасидаги, иккинчи томондан эса Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги алоҳида муносабатларни назарда тутмоқдаман. Ҳозир умумий ибораларни ўқиб ўтиришнинг мавриди эмас, бинобарин, имкон қадар аниқроқ гапиришга ҳаракат қиламан.

Бундай биродарлик иттифоқи нафақат бир-бирига жуда ўхшаш халқлар, сиёсий ва ижтимоий тузумлар ўртасидаги дўстона муносабатлар-у, ҳамфикрликни атрофлича мустаҳкамлаш кераклигини, балки келгусида юзага келадиган яширин ҳарбий таҳдидларни биргаликда фош этиш, қурол-аслаҳаларнинг ўхшаш турлари ва уларни қўллашга доир йўриқномаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, офицерлар ҳамда ҳарбий ва ҳарбий-техник таълим муассасаларининг курсантлари билан ўзаро айирбошлаш тизимига ўтган тарзда ҳарбий кенгашларимиз ўртасида йўлга солинган чамбарчас ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини англатади.

Ушбу ҳамкорлик давлатларимиз тасарруфидаги, ер куррасининг турли бурчакларида жойлашган ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво базаларимиздан биргаликда фойдаланишдек ўзаро хавфсизликни таъминлашга доир чоралар билан уйғунлашиб бориши керак. Бу ўз навбатида, АҚШ ва Буюк Британияга қарашли ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаракатчанлик хусусиятини икки ҳисса ошириш, охир-пировардида эса жаҳон миқёсида ҳукм сурган вазиятни барқарорлаштириш, молиявий воситаларни сезилари даражада тежаб бориш имконини беради.

Бугуннинг ўзида биз бир қатор ороллардан биргаликда фойдаланмоқдамиз. Яқин келажакда ундай ороллар сони яна ошади.

Британия Миллатлар Ҳамдўстлиги бўйича содиқ иттифоқчимиз, доминион давлат Канада билан АҚШ ўртасида мудофаага оид узоқ муддатли шартнома имзолаган.

Расмиятчилик юзасидангина тузиладиган кўплаб бошқа иттифоқлар билан қиёсланадиган бўлса, ушбу АҚШ – Канада шартномаси нисбатан реал асоларга таянади. Ўзаро манфаатларни тўла-тўкис инобатга олишнинг бундай тамойили Британия Миллатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган барча давлатларга татбиқ этилиши лозим.

Шундай қилсаккина, коллектив хавфсизлигимизни таъминлаб, ҳаммага тушунарли юксак мақсадларимиз, умумий фаровонлигимиз йўлида, бошқа давлатларнинг манфаатларига путур етказмаган ҳолда бирга ишлай оламиз.

Ҳали шундай замонлар келадики, – ундай даврлар келишига аминман, – умумий фуқаролик институти реал ҳодисага айланади. Бироқ ушбу масала ижросини кўпчилик узатилган қўлини шу бугуннинг ўзида кўраётган келгуси авлод ҳукмига ҳавола этамиз.

Дастлаб бир саволга жавоб берайлик: Британия Миллатлар Ҳамдўстлиги билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги алоҳида муносабатлар БМТ олдидаги, сиз-у бизнинг асосий ташвишимизга айланадиган мажбуриятимиз ижросига тўсқинлик қилмасмасмикан?

Менинг жавобим қатъий: ҳар қандай давлатлар ўртасидаги ўхшаш муносабатлар нафақат халал бермайди, аксинча, ишончли восита сифатида хизмат қилиб, унинг ёрдамида БМТдек бутунжаҳон ташкилот том маънода юксак мавқега ва кор берадиган таъсир кучига эришади.

Бугуннинг ўзида АҚШ билан Канада ўртасида мен юқорида тилга олиб ўтган алоҳида муносабатлар мавжуд. Қўшма Штатлар худди шундай алоқаларни Жанубий Америка республикалари билан ҳам йўлга қўйган.

Биз британияликлар, Совет Россияси билан ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида 20 йиллик шартнома имзоладик. Буюк Британия ташқи ишлар вазири мистер Бевин айтгандек, ушбу шартнома муддати яна 50 йилга чўзилиши ҳам мумкин, ҳар қалай биз бунга тайёрмиз.

Бундай шартномаларда кўзланадиган ягона мақсадимиз айнан ўзаро ёрдам ва ҳамкорликдир. Британиянинг Португалия билан тузган иттифоқи тегишли ҳужжат имзоланган кундан, яъни 1384 йилдан буён узилгани йўқ ва ушбу давлат билан ҳамкорлигимиз яқинда ўтган урушнинг ҳаёт-мамот узил-кесил ҳал бўлаётган фурсатларида ҳар қачонгидан ҳам унумлироқ кечди.

Мен айтган битимларнинг бирортаси ҳам халқаро шартномалар субъекти саналадиган дунё давлатларининг муштарак манфаатларига ёки бирон-бир турдаги халқаро ташкилотлар фаолиятига зид келмай, аксинча, ёрдам беради.

«Отамнинг уйида яшайдиганлар кўп» дея бежиз айтилмаган-у, ахир. Бошқа давлатларга қарши тажовузкор ҳаракати ва БМТ Низомига хилоф келадиган ғаразли яширин нияти бўлмаган БМТга аъзо давлатлар ўртасида икки томонлама алоҳида муносабатлар бўлиши тахмин қилинадиган иттифоқлар нафақат ҳеч кимга зиён етказмайди, балки жуда фойдали, таъбир жоиз бўлса, зарурий саналади.

Давоми кейинги қисмларда.

Таржимон: Шокир Долимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг