Учинчи Ренессанс барқ уриш даври келди

0
951
Фото: Халқаро ислом академияси

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев таваллудининг 75 йиллигига бағишлаб, “Учинчи ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармонига 1-иловада келтирилган 100 мақсаднинг 73-мақсадида белгиланган “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” доирасида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор Саидахрор Гулямов, Олий Мажлис сенатори, Қарши давлат университети профессори Абдурахим Эркаевлар иштирок этди.

Шунингдек, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Россия Фанлар академиясининг Бозор муаммолари институти бош илмий ходими Наби Зиядуллаев (Россия), Dongduk аёллар университети, Евроосиё туркий тадқиқотлар институти профессори ва директори Eunkyung OH (Корея Республикаси), Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (IHT) бош директор маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Муминов (Туркия), давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар, нуфузли олий таълим муассасалар ҳамда ташкилотларнинг вакиллари, конференцияга таклиф этилган меҳмонлар қатнашди.

Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, барчани ушбу нуфузли анжуман билан табриклади.

Давлатимиз раҳбари назарда тутган Учинчи ренессанс — мамлакатимизда илм-фан тараққиётининг, иқтисодиёт ва жамият истиқболининг, халққа хизмат қилиш ва кишиларни рози қилишдай эзгу ният билан амалга оширилаётган барча ютуқлар – халқимиз ақлу заковатининг, иқтидор ва истеъдод қувватининг ёрқин тантанаси бўлишини билдириб ўтди.

Бу йил ўзининг шодиёна, муборак 75 йиллик юбилейини нишонлаётган, юртимиз ривожи, илм-фани, ёш авлод таълим-тарбияси, маънавиятига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган, халқимизга садоқат билан хизмат қилган, умрини илм-фанга бағшида этган иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев қутланди.

Шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари, хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан “Учинчи ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусида ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциясининг ўзига хос хусусиятлари, юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга, унинг орзу-умид, эзгу мақсадларини рўёбга чақариш учун хизмат қилаётгани, бунёдкорлик ишларида бирдам бўлиш, янги Ўзбекистонни барпо этишда муносиб ҳисса қўшиш каби фикрлар билдирилди.

— Давлатимиз раҳбари томонидан “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” даъваткор ғояси илгари сурилди, — дейди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев. Бунда ниҳоятда чуқур маъно бор. Миллий тикланиш, ўзлигимизни англаш, миллий давлатчилигимизнинг асосларини қайтадан барпо этиш босқичи тугади. Энди Ўзбекистонни ўз тарихий, цивилизацион ўрнини янгитдан тиклаш, ўзбек халқининг генетик инсоний потенциалига монанд тараққиёт даражасини таъминлаш, учинчи Ренессанс барқ уриш даври келди.

— Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “янги” деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор, — дейди  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Академик Акмал Саидов. Шу маънода, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйганимиз бежиз эмас.

Президентимиз биз интилаётган ана шу эзгу ғояни рўёбга чиқариш йўлида ҳаётимизнинг турли соҳаларида қўлга киритилган юксак натижалар ва бу борада олдимизда турган масъулиятли вазифалар ҳақида сўз юритади.

Дарҳақиқат, Она диёримизда яшаётган ҳар бир фуқаро юртимиздаги бунёдкорлик ишларида собидқадам бўлиш лозим. Буюк келажак сари интилиш, янги Ўзбекистонни барпо этишда муносиб ҳисса қўшиш, давлатимиз раҳбари бошлаган эзгу ташаббус ва мақсад йўлида бирга ҳаракат қилиш, бирлашиш зарур.

Кириш қисмидан сўнг, халқаро конференция мажлиси “Ренессанснинг тарихий, сиёсий ва маданий шарт-шароитлари, шаклланиш омиллари”, “Ўзбекистонда учинчи ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий асослари”, “Жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг устувор йўналишлари”, “Учинчи ренессансни шакллантиришда туризм соҳаси самарадорлигини ошириш механизмлари”, “Учинчи ренессансни шакллантириш шароитида рақобатбардош кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш” мавзуларида, шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини бошлади.

Анжуманда 200 га яқин хорижий ҳамда маҳаллий соҳа вакиллари томонидан маърузалар қилинди. Россия, Корея Республикаси, Туркия давлатларидан олимлар иштирок этди. Соҳада мавжуд муаммолар, уларга ечим топиш, илмий тадқиқотлар натижалари ўртоқлашилди. Анжуман ташкилотчилари томонидан “Учинчи ренессансни шакллантиришнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга келиб тушган мақолалар ҳамда мутахассислар томонидан қилинган маърузалар матни тўплам ҳолида нашр этилди.

Конференцияда кўрилган масалалар, улар орқали чиқарилган хулосалар, тавсия ва таклифлар амалиётда ўз ўрнини топиши ва республика иқтисодиётини, мамлакатда туризм соҳаси ва унинг инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ҳиссасини қўшишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг