Туркия ҳукумати коронавирус тарқалишини камайтириш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб карантин чекловларини кучайтирмоқда. Унга кўра, мамлакатнинг барча ҳудудида тўй ва унаштирув маросимлари каби ижтимоий йиғинлар тақиқланди.
Туркия Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги 81 та провинцияда жума кунидан бошлаб одамлар кўпчилик бўлиб йиғиладиган бундай йиғинлар тақиқланишини маълум қилган. Никоҳни рўйхатдан ўтказиш маросимига рухсат берилди, лекин, унинг вақти бир соатгача қисқартирилди.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда мамлакатда коронавирус биринчи тўлқинининг иккинчи авж нуқтаси юз бераётганини маълум қилди. Вазирлик CОVID-19 га чалинганлар яна кескин тарзда кўпайганига одамларнинг тўйлар ва байрамлардаги оммавий йиғилишларини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Янги чекловлар ҳам айнан шунинг учун жорий қилинган.
Ҳозирда Туркияда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик кўрсаткич 1500 тадан ортмоқда. Туркияда бундай ҳолат июнь ойининг ўрталарида қайд этилган ва шундан кейин янги касалланганлар сони камайганди. Бу мамлакатда коронавирус илк марта март ойида қайд этилган бўлиб, айни пайтда уни юқтириб олганлар 273 мингдан ошиб кетди.