Туркия ва Сурия ўртасидаги келишув қайта кўриб чиқилиши ҳақида гап кетар экан, мутахассислар бу икки қўшни ўртасида дипломатик алоқаларни қайта тиклаш мумкинлигини айтмоқдалар.
1998 йилда тузилган Адана битими турк ҳарбийларига «террористик ҳаракатлар»га қарши курашиш учун Сурияга 15 км масофада киришга имкон беради. Туркия сўнгги ҳарбий операцияни оқлаш учун ушбу битимни рўкач қилган. Аммо, Анқара қурмоқчи бўлган «хавфсиз зона» Сурия ҳудудига 15 км’дан кўпроқ масофага чўзилган. Миср ва Эрон Адана битимининг кафолати ҳисобланишади.
Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф: «Туркия ва Сурия ўртасидаги Адана битими ҳозир ҳам ўз кучида турибди. Бу келишув хавфсизликка эришиш учун энг яхши йўл бўлиши мумкин. Эрон курдлар, Сурия ҳукумати ва Туркияни бирлаштиришга ёрдам бериши мумкин, шунда Сурия армияси Туркия билан биргаликда чегарани қўриқлаши мумкин», деб баёнот берди.
Истанбулдаги Малтепе Университети профессори Ҳасан Уналнинг айтишича, Адана битимининг қайта кўриб чиқилиши учун Анқара ва Дамашқ ўртасида музокаралар ўтказиш талаб қилинади. «Агар ушбу музокаралар Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашишига олиб келадиган бўлса, бу Суриядаги урушни тўхтатиш ва минтақани барқарорлаштириш нуқтаи назаридан олдинга қўйилган муҳим қадам бўлади», деди у Аrab News’га.
Россия-Туркия муносабатлари бўйича москвалик таҳлилчи доктор Керим Хас ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди: «Шартноманинг тўлиқ бажарилиши учун Анқара ва Дамашқ очиқ мулоқот ўтказишлари керак. Бу минтақадаги зиддият ва адоватни камайтиради, Туркия ва Сурия қўшинлари ўртасида янги тўқнашувнинг олдини олади ва Асад ҳукуматининг қонунийлигини мустаҳкамлайди”.