Туркистонда нима бўлган эди…(IV-бўлим)

0
3044

Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

 

ҚИРҒИН

Туркистон мухторияти парламент аъзолари большевикларни тан олишдан бош тортганидан сўнг 1918 йил февраль ойида Қўқонга етиб келган қуролланган большевиклар Туркистон мухторияти тарафдорларини артиллерия билан йўқ қилишга киришиб кетди.

Ҳокимиятни эгаллаб олгач, большевиклар Туркистон мухторияти ҳукуматини тугатди. Илгари айтилганидек, мазкур ҳукуматда турли миллатга мансуб ерли аҳоли вакиллари бор эди.

Келажакда улар ҳам ўлка бошқарувига жалб этилиши ваъда этилди. Шу билан большевиклар жадидлар бошлаган халқ-демократик мақсадларни амалга ошириш жараёнини узиб қўйди.

Эндиликда «совет бошқарув шакли» аталмиш ҳилқат амалга кирган бўлиб, у бошқарувда жазолашнинг ҳар хил кўринишларига асосий ўрин берар эди. Бу тасодиф эмасди: большевикларнинг ўзлари мутлақ камчиликни ташкил этадиган ўлкадаги иқтидорини фақат мутлақ кўпчилик аҳолини ташкил этувчи мусулмонлар устидан зўравонлик йўли билангина сақлаб туриш мумкин эди[1].

Қўқон аҳолисини қириш бўйича жазо операциясини ўтказиш чоғида большевиклар билан бир қаторда дашноқлар муҳим роль ўйнади. Большевиклар «Дашнакцутюн» партиясидан қуролли талончи ва қотиллар тўдаларини жалб этди. Бу тўдалар унга қадар Кавказда ва Шарқий Анатолияда ғайриинсоний террорчилик актларини содир этиб улгурган эди.

Туркистонда большевиклар томонидан совет режимининг ўрнатилиши маҳаллий аҳоли орасида салбий кайфиятларни уйғотди ва умумхалқ аксилсовет исёнига омил бўлди.

Бир муддатдан сўнг, 1918 йилда бошланган ва Иккинчи Жаҳон уруши йилларигача давом этган миллий озодлик уруши бошланди. Мазкур қонли урушнинг келиб чиқишидаги айбнинг каттагина қисми армани миллатпарастларини ўз ичига олган «Дашнакцутюн» партияси зиммасидадир!

Туркистонда миллий озодлик ҳаракати юзага келиши билан боғлиқ тарихий муаммонинг бундай изоҳланиши шу билан тасдиқланадики, дашноқлар Жанубий Кавказда ҳам айнан шу усулларда маҳаллий аҳолини қирғин қилган ва мусулмонларга қарши ялпи қотилликлар уюштирган эди.

1918 март-апрелида Бокуда, Шамахада, Муғонда, Губада ва Лангаронда минглаб озарбайжонлар дашноқлар томонидан ўлдирилган, ўн минглаб одамлар бошпанасиз қолган ва уйларидан қувиб солинган. Айниқса, дашноқлар томонидан Боку ва Шамахада уюштирилган қонли террор тадбирлари ниҳоятда даҳшатли тус касб этган эди.

Бокуда 30 мингга яқин одам ўта шафқатсизлик ва ваҳшийлик билан ўлдирилган. Шамахада дашноқлар 58 қишлоқни вайрон қилган, 7 минг нафар тинч аҳоли вакилини, шу жумладан, 1653 аёл ва 965 болани қиличдан ўтказган.

Губа губерниясида 122 қишлоққа ўт қўйилган, уларнинг барида мусулмон нуфуси истиқомат қилар эди. Қорабоғнинг тоғли қисмида 150 дан ортиқ қишлоқ ер юзидан супуриб ташланди. Дашноқлар томонидан ушбу қишлоқларда ўтказилган қонли акцияларнинг фожиавий кўлами инсоният тарихидаги энг ваҳший ва шафқатсиз жиноятлар қаторида кўрилади.

Дашноқлар Зангизурда ҳам шу йўл билан 115 қишлоқни талон-тарож қилиб, сўнг уларни вайрон қилди ва ёқиб юборди, 7700 мусулмон ўлдирилди, 2500 минг нафари яраланди, 50000 киши уйларидан ҳайдалди[2].

Иравон губерниясида 211 қишлоқ, Карсда 92 қишлоқ ер билан яксон қилинди[3].

Туркистон ва Жанубий Кавказ минтақаларидаги айнан мана шундай даҳшатли акциялардан сўнг маҳаллий аҳолининг Совет ҳокимиятига қарши оммавий қуролли чиқишлари фаоллашади.

Умуман, большевиклар экспансияси Туркистон ва Кавказда миллионлаб инсон қурбон бўлиши билан якунланди.Туркистон тарихида дашноқларнинг тинч аҳолига нисбатан зўравонлиги ва даҳшатли жиноятлари билан боғлиқ мисоллар жуда кўп[4].

Дашноқларнинг Туркистондаги «қаҳрамонликлари» ҳақида кўпгина тарихчи ва публицистлар ёзган. Лекин дашноқларнинг ҳарбий «жасорати» ҳақидаги гувоҳликлар нисбатан камроқ, булар асосан кичик тўқнашувлар, тасодифий воқеалардир.

Масалан, дашноқ отрядлари Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг қуролли исёнчилари билан юзма-юз тўқнашувларга камдан-кам ҳолларда журъат қилар эди. Тўқнашувлар бўлган тақдирда ҳам, уларнинг аксарияти дашноқлар томонидан кичик қишлоқларнинг яғмо этилиши, гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ.

Ҳатто исёнчиларга қарши кичик тўқнашувларда ҳам дашноқлар ё қочиб кетар, ё асирга тушар эди. Бунга терс равишда, дашноқлар тинч аҳолини қатл қилгани ҳақидаги шоҳидликлар етарли.

Туркистонга етиб келгунига қадар дашноқларнинг «жасорати» ҳақида Биринчи Жаҳон урушининг Кавказ фронтидаги воқеалардан маълум. Уларга бошпана берган Россия империясига қарши ҳам дашноқлар ўз усулларини ишлатар эди.

Биринчи Жаҳон уруши йилларида дашноқларнинг Усмонли империяси ҳудудлари бўлмиш Шарқий Анатолияда, Совет ҳокимияти ўрнатилиши йилларида Кавказ ва Туркистондаги асосий машғулоти талончилик, зўравонлик, болалар, қуролсиз кексалар ва аёлларни ўлдириш бўлган.

Қўрқитиш тадбирлари чоғи, яъни террорчиликда дашноқлар большевиклар томонидан онгли равишда қўлланди. Тинч аҳолини йўқ қилиш ва террор дашноқлар учун одатий иш эди. Дашноқларнинг Фарғона водийсидаги жиноятлари ҳақида турли муаллифларнинг кўплаб ишларида батафсил ҳикоя қилинади.

Лекин, дашноқларнинг Туркистондаги жиноятлари ҳақида хабар қилган асосий муаллифлардан бири Мустафо Чўқай[5], Иккинчи Жаҳон уруши бошлангунига қадар у Европада бу масалада китоб ва мақолалар чиқариб борди.

Армани дашноқларининг Туркистондаги ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари келтириб чиқарган оқибатларнинг бевосита гувоҳи Турор Рисқулов эди – у муфассал ҳисобот тайёрлаб, китобининг алоҳида бўлимини шу масалага бағишлади.

Мазкур фожиа ҳақида Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи президенти, ўзбеклардан чиққан биринчи маршалл – Алихонтўра Соғуний «Туркистон қайғуси» китобида чуқур изтироб билан ёзган[6].

Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг бу муаммони таниқли тарихчи Боймирза Ҳайит ёритди. Ушбу фожиа тарихи шу пайтга қадар долзарблигини йўқотган эмас.

Фарғона водийси ва хусусан Қўқонда рўй берган фожиали воқеалар А.Ш. Қодирбоевнинг «Туркистонда армани диаспораси ва «Дашнакцутюн»: 1917-1921 йиллар» номли китобида батафсил ёритилган. Ўз китобида муаллиф дашноқларнинг Туркистондаги фаолиятидан дарак берувчи манбалар асосида батафсил таҳлил келтиради.

Бу маълумотлар дашноқлар содир этган жиноятларнинг номаълум тарафларини кўрсатиб беради. Тилга олинган китобда Турор Рисқулов дашноқларнинг фаолиятига алоҳида урғу берган – у «Дашнакцутюн» Фарғона водийсининг тинч аҳолисига қарши уюштирган жиноятларини биринчи бўлиб фош этган эди.

Турор Рисқуловнинг «Инқилоб ва Туркистоннинг туб аҳолиси» (1925 йил, Тошкент) номли китобидаги «Дашноқлар Фарғонада нима иш қилган эди» бўлимида келтирилган тарихий фактларга иқтибос келтирилиб, ушбу воқеалар юзасидан хабарлар таҳлил қилинади.

Дашноқларининг Туркистондаги жиноятларининг таҳлили Турор Рисқулов эсдаликларида: «Исённи бостириш баҳонасида тўққиз кун давомида Қўқонда талончиликлар содир этилди. Ҳисоб-китобга уста дашноқлар дарҳол пул ишлаш илинжига тушди, ва шаҳар бафуржа “тозалаш”дан ўтказилди. Жумладан, Қўқонда дашноқлар келганидан сўнг арманиларнинг савдогар қатламлари ҳам тўсатдан ашаддий “инқилобчи”лар бўлиб чиқди ва, отряд таркибига қўшилиб, шаҳарни вайрон қилишга киришиб кетишди. Барча дўконлар кунпаякун қилинди, озгина қиймати бўлган ҳамма нарса омборхоналарга ташиб кетилди, қолгани ёқиб юборилди. Оммавий қотилликлар содир этилди. Андижонда исёндан сўнг “яна ўша дашноқлардан иборат гарнизон бутун эски шаҳарни айбдор қилди”, у ерда тинтув ўтказишга қарор қилинди. Тинтув бир ҳафта давом этди, унинг давомида талончилик, қотиллик ва зўравонликлар тинмади».

Англиялик тадқиқотчиларнинг қайд қилиб ўтишича, қиличдан ўтказилган аҳолининг аниқ адади маълум эмас, аммо бу сон, шубҳасиз, жуда катта. 1897 йили Қўқон аҳолиси 120.000 кишини ташкил қилар эди, 1926 йили эса бу кўрсаткич 69.300 гача қисқариб кетди.

Большевиклар ва дашноқларга қарши биринчи жангда, Туркистон мухторияти миллий қуролли кучлари билан бир қаторда, Қўқоннинг оддий аҳолиси вакиллари ҳам иштирок этди.

Болталар, чопқилар ва таёқлар билан қуролланган авом, ҳеч нарсага қарамай, жангчилар билан елкама-елка туриб уч кун давомида большевиклар ва дашноқларнинг ҳужумларини қайтариб турди.

Қўқон шаҳри артиллериядан ўққа тутилди, шундан сўнг аксарияти дашноқлар бўлган талончилар Қўқоннинг эски шаҳар қисмига бостириб кирди ҳамда шаҳар ва атрофдаги қишлоқларни талон-тарож қилиб, тинч аҳолини ёппасига ўлдиришга киришиб кетди. Бир неча минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлди[7].

1918 йил 9 февралида (22 феврали) Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар тарафидан тайёрланган томонлар ўртасидаги келишув имзоланди. Бу гўёки «Сулҳ келишуви» эди. Унинг шартларига биноан, Миллий қўшиннинг соғ қолган қисми Кичик Эргаш қўрбоши раҳнамолигида Қўқонни тарк этди.

Кавказда ва Кичик Осиёда бўлганидек, Туркистонда ҳам дашноқлар ўзларини мусулмон аҳолисига нисбатан босқинчилар, қотиллар, каллакесар ва талончилар сифатида тутди. Дашноқлар большевиклар билан ҳамкорликда бутун бошли Қўқон шаҳрини кунпаякун қилиб, тинч аҳолини қирғин қилди.

Ўша қўрқинчли кунлар шоҳидларининг даракларига кўра, «Қўқон ўликлар шаҳрига айланди». Шифохона беморлар ва персонали билан биргаликда ёқиб юборилди. Қўқон пахта тозалаш заводининг 50 нафар ишчиси оила аъзолари билан бирга сўйиб ташланди[8].

Қўқоннинг ўн маҳалласида бутун аҳоли қириб ташланди. Бундан ташқари, қисқа вақт ичида Қўқоннинг 10 минг нафар тинч аҳолиси ўлдирилди. Дашноқлар аёлларни зўрлаб, гўдак болаларни тириклайин жодидан ўтказиб қийноқлар билан ўлдирарди[9].

1918 йил бошида Қўқон Кенгаши раиси, армани халқига мансуб Сааков бошчилигида дашноқлар пулемётлар ва артиллерия қуроллари билан Бачқир қишлоғига яқинлашди. Бу Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг биринчи етакчиси, қўрбоши Кичик Эргашнинг қишлоғи эди. Қишлоққа ўт қўйилди. Йўл-йўлакай ушбу жазо отряди, тирик қолган гувоҳларнинг билдиришича, «айбсиз, бемадад деҳқонларни отиб ташлар, қиз ва аёлларни камситар, уларнинг уй буюмларини тортиб олар эди».

Дашноқлар отряди Қўқон тинч аҳолиси билан тўқнашувдан сўнг Сўзоқ қишлоғини эгаллаб, унинг аҳолисини отиб ташлади. Қизил армиянинг таркибида дашноқлар бўлган бошқа бир отряди Бозорқўрғон халқ исёнчилари билан жангга кирди, аммо чекинишга мажбур бўлди.

Чекинар экан, улар йўлларида учраган қишлоқлик тинч аҳолини ўққа тутар ва йўқ қилар эди. 20 кун давомида шу атрофдаги барча қишлоқлар ҳужумга дучор бўлди, у ердаги мусулмон эркаклар, ёшидан қатъий назар, ёппасига қириб ташланди. Тирик қолиб, марҳумларни дафн этганлар ҳам кейинчалик ўлдириб юборилди. Дашноқлар қайта-қайта пайдо бўлар, омон қолган одамларни, ҳатто қишлоқдошларининг янги қазилган қабрлари устида жаноза ўқиётганларни ҳам ўлдирар эди[10].

1917 йил 28 ноябридан (11 декабрь) 1918 йил 9 февралига (22 февраль) қадар мавжуд бўлган Туркистон мухторияти ҳукумати йўқ қилинганидан сўнг мустақиллик тарафдорлари – жадидлар ва уларнинг ҳаммаслаклари дашноқларнинг фаол иштирокида таъқиб қилинди.

Бу ишда Россия империяси даврида Туркистон генерал-губернаторлиги даврида пайдо бўлган, яъни «Дашнакцутюн» партияси ва большевиклардан олдин минтақага кириб келган арманилар, айниқса жиддий фаоллик кўрсатди. Улар дашноқларнинг қуролли отрядларига қўшилиб, Фарғона водийси армани жамоасининг деярли барча вакиллари – «баққоллар», «майфурушлар», «сартарошлар», «қассоблар» ва бошқа «савдо қатламлари» дарҳол большевикка айланиб қолди[11].

«Дашнакцутюн» ўз манфаатлари йўлида нафақат Туркистон мусулмонларига қарши жазо акциялари ўтказар, балки қизил армиянинг жанговар қисмларини шакллантиришда ҳам фаол иштирок этган эди.

Дашноқлар лойиҳасига биноан, Кавказда жойлаштирилган «инқилобий» армани қисмларини қизил армияга жалб этиш кўзланган эди, бунда улар армия таркибида ҳам ташкилий ва ахлоқий масалаларда маълум мустақилликка эга бўлиши режалаштирилган эди.

Бу конкрет лойиҳа бўлиб, бу ҳақда Туркистон АССР Совнаркоми аъзоси, ҳарбий комиссар К. Осипов бу ҳақда очиқ-ошкор баёнот берди[12]. Айнан шу прапоршчик К. Осипов Туркистонга эшелонларда келган армани дашноқларининг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириб борди; кейинчалик у 1919 йил 19-21 январида Тошкентда аксилсовет ғалаёнини ташкил этди.

Исёнчилар бошлиғи К. Осипов кечки пайтда телефон орқали Туркистон АССР раҳбариятини исёнчи 2-Сибирь полки ҳузурига чақириб, уларни ваҳшийларча ўлдириб юборди. Аммо К. Осипов ташаббуси билан бошланган аксилсовет исёни муваффақиятсиз якунланди – уни большевиклар отиб ташлади.

Дашноқлар ва большевиклар ўртасида ҳарбий кўмак масаласида қизғин музокаралар олиб борилди. Дашноқлар ҳарбий отрядларини қурол билан таъминлашда С.Г.Шаумян воситачилик қилгани кузатилмоқда.

Дашноқларнинг бош етакчиси Сталинга илтимос билан мурожаат қилди: «Дашноқлар учун қурол масаласида ишни шундай тузишни сўрайманки, масаланинг узил-кесил ечими менга боғлиқ бўлсин. Конъюнктурага қараб барини шу ерда ҳал қиламиз. Мен уларнинг сиёсатида бирор ўзгариш бўлишини кутмаяпман, лекин улар бизга жойида боғлиқ бўлганлари яхши»[13].

1918 йил мартида РСФСР миллий туманларининг кўпгина маҳаллий газеталарида РСФСР миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари И.В. Сталин имзоси остида «армани инқилобий ташкилотлари армани кўнгилли отрядларини эркин шакллантириш ҳуқуқига эга»лиги юзасидан тушунтириш эълон қилинди[14].

Шундан кейин Қўқон фуқаролик ва ҳарбий маъмуриятидаги барча муҳим амаллар ва мансаблар арманиларга – «Дашнакцутюн» миллатпараст-шовинистик партияси аъзоларига тақдим этилди. Табиийки, улар «бир ёқадан бош чиқариб» ўз гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилар, бунда ҳеч нарсадан тап тортмас эди.

Уларнинг иштирокидаги ҳокимият қурол кучи асосига қурилган бўлиб, дашноқлар ўз қавмдошларини қуроллантирар, арманичилик манфаатларига эришиш йўлида ўзига хос ёпиқ армани «инқилобий» табақасини шакллантирар эди. Ушбу «элитар» гуруҳга бегоналарни киритишмас эди.

1918 йил июнида большевиклар дашноқлар билан биргаликда Ўш шаҳрига ҳамла қилди. Ўша йилнинг декабрида улар Фарғона водийсининг шимолий қисмидаги Жалолобод шаҳрига яқинлашди. Дашноқ отрядлари қишлоқларга ҳужум қилар, мусулмон аёлларни тутиб, «ўлжа» сифатида Андижон қалъасига олиб кетар эди[15].

Фарғона водийсида нафақат Туркистон мухторияти ҳимоячиларининг асосий қисмини ташкил қилувчи ўзбеклар ёппа қирғин қилинди, балки Қўқондаги бир қанча кичик жамоалар аъзолари ҳам ўлдирилди. Асосий қотиллар ва талончилар бўлмиш дашноқлар, форслар, яҳудийлар ва ҳатто русларни ҳам Туркистон мухторияти тарафдорлари сифатида айблаб, жинси ва ёшидан қатъий назар, қирғин қилар эди.

Кейинчалик ўзини оқлаш мақсадида Қўқонда дашноқлар жамоаси вакиллари – қирғин ва талончиликнинг фаол иштирокчилари уларни зўравонликка мусулмонлар томонидан эълон қилинган жиҳод бошлаганини айтган эди[16]. Аммо бу ёлғон эди. Улар дашноқларни хизматга олган большевиклар белгилаган вазифаларни бажарган эди.

Шу билан бир пайтда, жиҳод хавфи ҳақидаги баёнотлар ўта риёкор ҳаракат эди, негаки Туркистонда арманилар яшаган даврда маҳаллий мусулмонлар уларга нисбатан меҳмондўст муносабатда бўлган эди.

Уларни бағрини кенг очиб кутиб олган ўлка аҳолисига нисбатан адоват ва салбий муносабат большевик сиёсати ҳамда дашноқларнинг феъли билан тушунтирилади – улар ҳар доим ҳар қачон ўз манфаатини қидирар, тинч аҳоли моли ва ҳаётига раҳна солишдан тап тортмас эди.

Шу тариқа, 1918 йил январь-февраль ойларида Қўқон ҳамда атрофдаги қишлоқлар тинч аҳолисини қирғин қилиш бошланиб, бутун Фарғона водийсида мислсиз шафқатсизлик ва қонхўрлик билан давом эттирилди.

Дашноқлар террор йўлида учраган барча мусулмонларни ўлдирар, уларнинг уйлари ҳамда бозорлардаги расталарини талон-торож қиларди. Маҳалла ва қишлоқларга ўт қўйилди, талаб олинган улкан ўлжа эса темир йўл орқали Кавказга олиб кетиш осон бўлиши учун вокзалда тўпланар эди.

ХУЛОСА

Архив манбаларидаги ҳужжатлар ҳамда воқеа гувоҳларининг баёнотлари билан тасдиқланадиган фактлардан келиб чиққан ҳолда шуни қайд қилиб ўтиш мумкинки, совет ҳокимиятининг ўрнатилиши йилларида дашноқларнинг асосий диққат-эътибори Кавказ ва Туркистон мусулмонларига қаратилган эди.

Қирғиннинг марказида турган объект турк-мусулмонлар эди, шу боис кўп ҳолларда жабрланувчи ё ўзбек, ё озарбайжон, ё Туркистон ва Кавказнинг бошқа бирор мусулмон халқи вакили бўлиб чиқар эди. Шу муносабат билан, ушбу туркий этносларга қарши жиноятларнинг тасдиқланган фактлари асосида дашноқларнинг хатти-ҳаракатларини Туркистон ва Жанубий Кавказ туб аҳолисига қарши қаратилган этник террорчилик деб баҳолаш мумкин.

Аммо дашноқлар террори фақат Шарқий Анатолия, Жанубий Кавказ ва Туркистоннинг тюркийзабон аҳолисига қарши йўналтирилмай, армани халқининг ўтмишида бўлиб ўтган воқеаларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бошқа гуруҳларга ҳам қарши амалга оширилар эди.

Дашноқларнинг жиноятлари аввал бошидан Шарқий Анатолия туркларига қарши эди, кейинчалик улар Жанубий Кавказ озарбайжонлари ва Фарғона водийси аҳолисини нишонга олди, яна бироз муддатдан сўнг эса бошқа жамоалар ҳам террор қурбони бўлди.

Курдлар, форслар, татарлар, қирғизлар, қозоқлар, қумуқлар ва бошқа мусулмон этнослар ҳам қирғинга учради. Бундан ташқари, руслар, яҳудийлар, гуржилар ва ҳатто турклар билан қўшничиликда яшаб, миллатпарастларни қўллаб-қувватламаган арманилар ҳам оилалари билан биргаликда қириб ташланганлиги тарихдан маълум.

Шундай экан, дашноқлар томонидан большевиклар билан тил бириктириб Туркистон, Кавказ ва Шарқий Анатолияда содир этилган жиноятларни нафақат туркий мусулмон жамоаларига қарши жиноятлар сифатида баҳоланиши керак, балки тарихчилар, сиёсатчилар ва ҳуқуқшунослар тарафидан инсониятга қарши оммавий жиноятлар, террорчилик актлари сифатида баҳоланиши лозим.

 

Шухрат Барлос

(Давоми бор)

[1] Chokaev M. The Basmaji Movementin Turkestan // AsiaticReview. 1928. April. Vol. 24.Р. 273-288; Chokaev M. Turkestan and the Soviet Regime // Journal of the Royal Central Asiatic Society. 1931. Vol. 18. Р. 403-420; Tchokaieff M. Fifteen Years of Bolshevik Rule in Turkestan // Journal of the Royal Central Asiatic Society. 1933. Vol. 20. Р. 351-359.

[2] Le Lieutenant-Colonel Chardigny. Chef de la Mission Militaire Frangais au Caucase, a Monsieur le Ministre de la Guerre (Etat-Major de l’Armee, 2 Bureau). Le 15 avril 1919//Ministere des Affaires Etrangeres de France, Archives Diplomatique, vol. 832. folio 55.

[3] Claims of the Peace Delegation of the Republic of Caucasian Azerbaijan Presented to the Peace Conference in Paris. Paris. 1919. p.21; Le Lieutenant-Colonel Chardigny, Chef de la Mission Militaire Frangais au Caucase, à Monsieur Le Ministre de la Guerre (Etat-Major de l’Armee.2 Bureau). Le 15 avril 1919 // Ministere des Affaires Etrangeres de France, Archives Diplomatique, vol. 832. folio 55; Kazemzadeh F. The Struggle for Transcaucasus (1917-1921). New York. 1951. P. 131; В. Степаков и Т. Куприков – в ЦК КПСС. 25.06.1965 //РГАНИ, ф. 5. оп. 33. д. 221, л. 35; Срочная депеша председателя Совета Министров Ф.Х.Хойского руководителю азербайджанской делегации в Стамбуле М.Э.Расулзаде. 31.07.1918//АПД УДП АР. ф. 277, оп. 2. д. 7, л. 37-38; о кровавых преступлениях Дро (Д. Каняна) в Восточной Анатолии и Азербайджане см.: Архив Министерства Национальной Безопасности Азербайджанской Республики, д. 862, т. 3, часть II, л. 56-69.

[4] Buttino М. Ethnicité et politique dans la guerre civile: а propos du Basmačestvo au Fergana // Cahiers du monde russe. 1997. T. 38. Б.195-222.

[5] Mustafa Chokay. «The Basmachi Movement in Turkestan», «The Asiatic Review», vol. XXIV, 1928.

[6] Алихонтўра Соғуний. Туркистон қайғуси. // «Ёшлик»,1992.

[7] Адиб Халид. Туркестан в 1917-1922гг.: борьба за власть на окраине России // Трагедия великой державы. Национальный вопрос и распад Советского Союза, Москва, 2005. Б.189 – 226

[8] Doniyorov Sh. Muxtoriyat qismati «Sharq yulduzi» jurnali, 1991 yil, 12-son со ссылкой на архивные данные КПСС МК қошидаги Марксизм-ленинизм институтининг ҳужжатгоҳи. 61-фонд, 1-изоҳнома, 124-иш, 119-варақ.

[9] Шамаъдиев Ш.А. «Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине». Ташкент, 1961г. Б.54.

[10] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. Раздел «Что делали дашнаки в Фергане» Т., 1925. Б.107-109.

[11] РГВА. Фонд 25898. Оп. 1. Д. 2. Лл. 64-65.

[12] РГВА. Ф. 25898. Оп. 1, Д. 78. Л. 207.

[13] Шаумян С.Г. Ибранные произведения, том 2. М., 1972, Б.326-327.

[14] Сталин И.В. Сочинения в 13 томах. М., 1946-1951. Т. 4. Б.24.

[15] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. М., 2007. Б.285.

[16] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. «Что делали дашнаки в Фергане» Т., 1925. Б.107.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг