6 август куни Дональд Трамп АҚШда коронавирусга қарши вакцина 3 ноябргача, яъни, президентлик сайловларидан олдин тайёр бўлиши мумкинлигини айтди. Трампдан “Geraldo Rivera” номли радиоэшиттиришда вакцинанинг қачон тайёр бўлиши мумкинлиги ҳақида сўралганда у шундай жавоб берган:
“Вакцина шу йилнинг охиригача тайёр бўлади. Лекин, ундан ҳам олдинроқ биз вакцинага эга бўлишимиз мумкин.”
“3 ноябрдан олдинроқ ҳам тайёр бўлиши мумкинми?” дея сўради бошловчи.
“Менимча, ҳа, бу муддатгача ҳам вакцина тайёр бўлиши эҳтимоли бор” дея жавоб берган Трамп.
Ҳозирда АҚШ иқтисодиёти коронавирус сабаб ўрнатилган чекловлардан жиддий зарар кўрмоқда. Ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қайта сайланишни хоҳлаётган Трамп пандемия даврида ҳаётни нормал ҳаётга қайтаришга уринмоқда ва мактаблардан фаолиятларини қайта бошларини талаб қилмоқда.
Трамп вакцина яратилганидан кейин Қўшма Штатларнинг иқтисодиёти қайта тикланишига ишонч билдирмоқда.
“Биз тез орада вакцинага эга бўламиз, тез кунларда соғлом ва бахтиёр бўламиз” деган Трамп радиодастурда.
Коронавирус энг кўп тарқалган мамлакат ҳисобланувчи Қўшма Штатларда айни дамларда кунига ўртача ҳисобда 1000 нафар киши ушбу вирус қурбонига айланмқода. АҚШ ҳукуматининг инфекцион касалликлар бўйича бош эксперти Антони Фаучининг шу ҳафтада Reuters агентлигига берган интервьюсида айтишича, АҚШда йилнинг охиригача камида битта вакцина муваффақиятга эришади.