Тошкентдаги Протестант черковлари. “Тўлиқ Евангел христиан маркази”

0
1481
Фото: И.Алимов

Ўзбекистонда диний бағрикенглик, турфа фикрлилик, эътиқод эркинлиги мавзуси доирасида Тошкентдаги Протестант черковлар фаолияти билан таништириш мақсадида навбатдаги суҳбатни “Тўлиқ Евангел христиан маркази” епископи Кремерук Пётр Маркович билан ўтказдик. 

Фото: П.Кремерук

И.Алимов: Пётр Маркович, черковингиз тарихи ҳақида қисқача гапириб бероласизми?

П.Кремерук: Умуман олиб қаралганда, биз протестант ҳисобланамиз. Протестантлар бир неча йўналишларга бўлинади. Биз лютеранлар, кальвинистлар, баптистлардан кейин пайдо бўлган йўналиш, яъни Евангель христианлари ҳисобланамиз.

Ўзингиз билсангиз керак, насронийлик 3 йўналишга бўлинади, булар католик черкови, православ черкови, протестант черковлари.

Биз протестантларга тааллуқлимиз. Протестантлик йўналиши 16-аср бошларидан юза келган бўлса, кейинчалик бу йўналиш бутун Ер шарига тарқала бошлади. Ўтган асрнинг 60-70 йилларига келиб, Африка ва Осиё минтақасида кенг ёйилди. 20-асрнинг бошларида Марказий Осиё ҳудудига меннонитлар кириб келиши ортидан, немислар кўчиб келишган ва улар шу ерга келиб жойлашгач, мана шу динга эътиқод қилишган. Собиқ шўролар даврига қадар бу ерда тахминан 25 дан зиёд йирик черков бўлганлиги айтилади. Кейин, ўзингиз биласиз, таъқиқлар, таъқиблар, руҳонийларни қамашлар содир бўлган. Ўз навбатида нафақат христианлар, балки мусулмонларга ҳам ўз динларига эътиқод қилишига таъқиқлашган эди.

Мустақилликдан кейин янги имкониятлар пайдо бўла бошлади. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишга рухсат берила бошланди. 1987-88 йиларда христиан диний бирлашмалари пайдо бўла бошлади.

Фото: П.Кремерук

И.Алимов: Сизнинг черков ёки марказингиз Ўзбекистонда фаолиятини қачондан бошлади?

П.Кремерук: Марказ фаолияти 1997-98 йиллардан бошланган. Ўша пайтда марказ рўйхатдан ўтказилган. Марказимиз 1998 йилда ташкил топган бўлса-да, иккинчи тарафдан 2012 йил у Ўзбекистондаги барча протестант деноминацияларни бирлаштирди.

И.Алимов: Ибодатга қатновчилар қайси тоифадаги инсонлардан таркиб топган?

П.Кремерук: Барча ёш ва тоифадаги инсонлардан таркиб топган деб ҳисоблайман. Улар орасидан қандайдир тоифаларни ажратиб кўрсатишни имконияти йўқ. Чунки, ёши катталар бор. Ўз навбатида уларнинг кекса ота-оналари, бола-чақалари, неваралари бор. Биринчидан, бу маҳаллий черковни қаерда жойлашганига боғлиқ. Масалан, агар бу шаҳар черкови бўлса, демак у ерда ўрта ёшдаги кишилар кўпчиликни ташкил этади. Агар у қишлоқ жойларида бўлса, у ҳолда, у ердаги черковда кекса ёшдагилар ва уларнинг неваралари кўпчиликни ташкил этади. Одатда ўрта синфга мансуб ёшдагилар у ерда бўлмайди. Балким кўпчилик у ерлардан кетиб қолишгандир, айримлар меҳнат муҳожири сифатида чиқиб кетишган ёки айримларни вақти бўлмайди. Агар умуман олиб қарайдиган бўлинса, деярли барча тоифадаги инсонлар бор дейиш мумкин, яъни, оилали инсонлар, аёллар,болалар ва ҳ.к.

Фото: П.Кремерук

И.Алимов: Сизларда умумий ибодат қандай ўтади? Масалан, бошқаларда ҳафтани маълум бир куни жамоавий ибодат бўлиб ўтади.

П.Кремерук: Умуман, биз католик ва православлардан унчалик катта фарқ қилмаймиз. Худди лютеранлар каби бизда литургия бор. Худди уларники каби қўшиқ куйлаш бор. Худди шу каби Евангелиедан дуоларни ўқиш бор ва ҳ.к. Балки, бу қўшиқлар бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Агар ўртадаги фарқни айтадиган бўлсак, бу замона билан боғлиқ. Ўзингиз билсангиз керак, протестантлик бу ҳудди маълум бир ислоҳатларнинг католизаторидир. Масалан, сиёсат билан қиёслайдиган бўлсак, аввалги президент ўрнига янгиси келганида, худди янги ислоҳотлар бошланганидек гап. Ҳаммаси бир хил. Мамлакати, байроғи, герби, гимни бир хил бўлса-да, аммо янги ислоҳотлар бошланади. Тараққий этиш, ўзгаришлар. Бошқа мамлакатларга нисбатан муносабатларнинг ўзгариши, қонунларнинг ўзгариши ва ҳ.к. Протестантликни худди шунга ўхшатиш мумкин.

И.Алимов: Сизларда нима таъқиқланган? Тамолар, кийимлар, касблар ва ҳ.к. машғулотлардан қайсилари таъқиқланади?

П.Кремерук: Аввало айтиб ўтиш керакки, таъқиқлаш мумкин. Лекин, гап ўша таъқиқларга қанчалик амал қилишда. Чунки биз мана бу жойда йиғилганимизда ўзимизни респектабел ва яхши ҳис қиламиз. Лекин, биз ташқарида нималар юз бераётганлигини билмаймиз. Албатта биз инсонларга маълум бир ножўя ҳатти-харакатларни амалга оширмасликларига илҳомлантириб борамиз. Биз масалани таъқиқлар билан эмас, балки мантиқий тушунтиришлар билан ҳал этишга йўл-йўриқларни тавсия этиб борамиз. Шахсан ўзим турли черковларда пасторларга, катта етакчиларга одамлардан нималарнидир бажарадиган ёки нималарни бажармайдиган робот ясамасликка ўргатаман. Мен уларга одамларни тафаккур қилишга ўргатишни тавсия этаман. Динни энг катта муаммоси одамларни тафаккур қилишга, мустақил қарор қабул қилишга рағбатлантирмаслигидадир.

Биз ҳам кўплаб христианлар каби ажрашишни аввалдан ёмон деб ҳисоблаб келамиз. Ўз навбатида, биз анъанавий оила бу эркак ва аёл иттифоқи деб билсак, эркакни эркак билан турмуш қуриши керак демаймиз, балки бу улкан гуноҳ, бу нотўғри деб айтамиз. Инсон ўзи англаши керак, бу ёмон амал эканлигини ва ёмонликка ва жуда катта муаммоларга олиб боришини англаб олиши керак. Шунинг учун инсон таъқиқларга таяниб иш кўрмаслиги керак, балки соғлом ақл-идрок билан иш кўриши керак деб ҳисоблаймиз.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, кўплаб христианлар черковларида нафақат литургиялар билан, балки бир-бирига ўхшаш бўлган жуда кўплаб жиҳатлари бор. Масалан, ўлим ва ҳаёт тушунчаларида. Албатта биз эвтоназияга қаршимиз. Одамлар ўзини-ўзи ўлдиришини қоралаймиз. Ўз навбатида, биз соғлом турмуш тарзи ҳақида гапириб келамиз ва уни тарғиб қиламиз. Инсон ўз саломатлигига эътибор қаратиши керак деб биламиз. Нима еб, нима ичишга эътибор қаратинглар деймиз ва ҳ.к. Биз ҳар хил нарсалар ҳақида гапириб, унга баҳо бериб, кўрсатиб берамиз. Ўзини тутиш маданияти ҳақида, қандайдир таъқиқланган нарсаларга, қандайдир муносабат  бидиришга ўргатамиз. Ҳатто тиббиётга доир гапларда эҳтиёткор бўлишликни тавсия этамиз. Чунки сизларга вазиятдан чиқиш учун қандайдир психотроп моддаларни тавсия этишлари мумкин, дея огоҳлантирамиз. Имкон қадар бир нечта шифокорлардан маслаҳатлар олинг, деймиз. Чунки, акс ҳолда бу саломатлигингизга салбий таъсир этиши ва дориларга мойил қилиб қўйиши мумкин, деб огоҳликка чақирамиз.

Булар ҳамма нарсага тааллуқли. Биз одамларга ўзлари учун нима фойдали ва нима фойдали эмаслиги ҳақида айтиб берамиз. Ҳеч шубҳасиз тамаки чекиш ёки гиёҳванд моддаларни ёки алкоголь фойдали эмас. Бу ёмон, бузғунчилик келтириб чиқаради, деб огоҳлантирамиз. Биз буни ҳар томонлама кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз, яъни ўша алкоголнинг соғлиққа таъсири, наслга таъсири, бошқаларга намуна бўлишга таъсири ҳақида мисоллар билан кўрсатиб берамиз.

Ўз навбатида, биз билим олишни рағбатлантирамиз, яъни мактаб, институт ва ҳ.к. умумтаълим соҳасида. Бир пайтни ўзида ўқишни истамайдиганларга, албатта, мактабда эмас, мен олий таълим муассасаларини назарда тутаяпман, масалан “мен бизнес одами бўлишини истайман” деганларга, куч ишлатар тизимларда ишлашни истаганларга ва шу каби соҳаларда ишлаш ниятидагилар учун тавсиялар берамиз. Биз уларга, “албатта сен ҳамма қилаётган ишни қилмаслигинги мумкин. Худо сенга нимани белгилаганини ўз қалбингда ҳис эта олишинг керак. Биз сенга черков сифатида армияга боришни тақиқлаймиз”, дея олмаймиз. Агар ҳеч ким қўлига қурол олмаса, ким мамлакатни мудофаа қилади?! Яъни, биз пацфистлар эмасмиз. Биз “Ҳа, ёв бостириб келса келаверсин, ўлдираверсин” дейдиган одамлар эмасмиз. Йўқ, биз мамлакатни ҳимоя қилиш муҳим деб ҳисоблаймиз. Евангелиеда инсонга Худо томонидан қилич берилган дейилади. Бу ҳокимият ўрантиш учун, фуқароларни қонуний ҳимоя қилиш учун ва ҳ.к. учун берилган қиличдир. Биз бошқачароқ ўйлаймиз. Биз таъқиқлар ва ижозатлар йўли билан фикрламаймиз. Биз инсонларга тафаккур қилган ҳолда, қарорлар қабул қилишни таклиф этамиз.

И.Алимов: Сиз пасторлар ҳақида гапириб ўтдингиз. Пасторларни сизлар қандай тайинлайсизлар? Уларга уйланиш ёки турмушга чиқиш таъқиқланмаганми? Сизларда монахлик борми?

П.Кремерук: Аввало протестантликда монахлик йўқлигини айтиб ўтиш керак. Фақат бундан лютеран ва англикан черковлари мустасно. Бироқ ҳудди католик ва православ черковидаги каби монахлик хизмати бошқа протестант черковларида йўқ. Пасторларга тааллуқли бўлган жиҳати ҳақида гапирадиган бўлсак, улар катта епископлар томонидан ёки катта пастор томонидан, деноминациясига  қараб тайинланади. Одатда бу вазифага аввалдан ўқитилган, диний семинарияни тамомлаган, магистратурани битирган ва, албатта, черковни ичидан яхши биладиган одам тайинланади. Бу қандайдир, юқоридан тайинланган шахс бўлмаслигига эътибор қаратилади. Муҳими, у халқ орасидан чиққан бўлиши керак. Аниқроғи, черков тайинланаётган одамни яхши билиши керак. Чунки бу одам нафақат воиз, балки маслаҳатчи, устоз, руҳоний, бошқаларга намуна, хуллас бу инсон халқ орасида яшайдиган бўлиши керак.

Биз “пастор” сўзини ўрнига “пастух” (чўпон) иборасини қўллаймиз. Яъни, бу одам қўйлар подаси орасида яшайдиган чўпонга қиёсланади. Шундай одам, черковга қатнаб юрган одамлар орасидан танлаб олинади. Уни ўқитилади. Тошкентда бизни диний семинариямиз бор. Кейинчалик улар маълум бир амалиётни ўташади ва улар “қўл беришади”. Ниҳоят кейин бирор ҳудуддаги черковга ёки жамоага пастор бўлишади.

Бизда епископ ёки пасторга оила қуришда таъқиқ қўйилмаган. Гендер тенглиги масаласида ҳам таъқиқ йўқ бўлса-да, бироқ биз кўпроқ пастор вазифасида эркак киши бўлишини истаймиз. Бу бир жиҳатдан Осиёча менталитет билан боғлиқ бўлса керак. Аммо гоҳида аёл пасторлар эркакларга ўрнак бўладиган даражада хизмат қилишади. Биз имкон қадар эркак киши бўлишига ҳаракат қиламиз, эркакларни илҳомлантирамиз.

Мен ҳам аёлларга эркаклар кўп жиҳатларимиз бўйича ютқазиб қўяётганимиз ҳақида мулоҳаза юритадиган эркаклар тоифасиданман. Бир тарафдан гендер тенглиги мезонига риоя қилсак-да, лекин биз эркакларда кўпроқ маъсулият бор деб ҳисоблаймиз. Яна бир муаммо борки, гоҳида аёл киши ўргатса ҳамма эркаклар ҳам уни қабул қилавермайди. Агар эркаклар ўргатса, аёллар қабул қилади. Бизнинг вазиятда эса ундай эмас, яъни аёллар қилган насиҳатни эркаклар қабул қилавермайди. Чунки, кейинчалик турли баҳс-мунозаралар, бир-бирини тушунмасликлар юзага кела бошлайди.

Фото: П.Кремерук

И.Алимов: Ўзбекистонда нечта черковларингиз бор? Черковга келувчилар сони қанча кишини ташкил этади?

П.Кремерук: Ҳозирда 59 та черковимиз бор. Черковга қатнайдиганларни энг ками 40-50 кишини ташкил этса керак. Кўпи билан эса, бу 700-800 кишигача боради. Байрамларда эса икки баравар кўпроқ бўлиб кетади.

И.Алимов: Қандай диний байрамларни нишонлайсизлар?

П.Кремерук: Одатда бизда 3 та асосий байрам нишонланади. Бу, албатта, Пасха байрами, Рождество байрами ҳамда Жатва ёки шукроналик байрами.

И.Алимов: Ўзингизни черковга келиб қолишингиз тарихи ҳақида гапириб бероласизми?

П.Кремерук: Албатта, мен бу  ерга тўғри епископ бўлиб кириб келмаганман. Бу ерга оддий ибодат қилувчи сифатида келганман. Мен бир вақтлар маълум бир кризисни бошимдан ўтказганман. Худди Худони излаб топган кўпчилик каби.

Эндигина ҳарбий хизматдан келган пайтларим эди. Менда яшаш учун ҳамма нарсалар бор, яъни яшаш учун истаклар, куч деганларидай … ҳаммаси мавжуд эди. Бироқ, менга бу ҳаётнинг мазмуни нимадан иборат эканлигини тушуниб етиш учун миямда саволлар айланар эди. Шу билан бир пайтда менда бизнесмен бўлиш имкониятлари бор эди. Чунки менинг дадам ўша пайтларда кооперативга асос солган кишилардан эди. Умумий овқатланиш соҳасида унинг бир нечта ошхоналари, омборлари, нонвойхоналари бор эди. Аслида у советлар пайтида “Ошхоналар трести” бошлиғи бўлиб ишлаб келган эди. Менда бу борада истиқболим бор эди. Савдо муҳитида яшар эканман, мен ўйлаётган нарса бу эмаслигини ҳис этардим. Барча имкониятлар бўла туриб, савдо-сотиқ менинг муҳитим эмаслигини сезар эдим.

Шуни оқибатида мен ўзимни тополмай қолдим. Ўзимни йўқотган шундай паллада менинг ёшим 21 ларда эди. Менга оғир эди. Тақдиримни қандай ҳал этишни ўйлардим. Мен уйланган эдим. Битта қизим ҳам бор эди. Балки мана шу мени ушлаб тураргандир ва ўшанда мен илк бор Евангелиени ўқиб чиққанимда енгилликни ҳис этдим. Менга у илҳом бахшида этиб, ҳудди қалбан ахтараётган нарса эди.

Кейин мени черковга таклиф қилишди. Мен черковга келдим ва пасторнинг ваъзини тинглар эканман, гарчи унинг кўплаб сўзларини тушунмасам-да, лекин атрофдаги муҳит мени ўзимга кераклигим ҳиссини бериб турарди. Яъни, мен ўзимни қимматли эканлигимни ҳис эта бошладим. Мен ҳақимда қайғура бошлашди. Ёши каттароқ черковга мунтазам қатнайдиган аёллар мен билан қизиқиша бошлашди. Қандай кун кўраётганим, нимани ҳисобига яшаётганим, ким эканлигим, қаерданлигимни ўрганишди. Энг қизиғи мен ташриф буюрган черков 99% корейслардан иборат эди. Уларнинг орасида деярли бир ўзим корейс эмасдим. Худди ола қарғадай эдим. Бироқ оҳир-оқибат мен нақадар ўзимни керакли эканлигимни, Худо мени яхши кўришини ҳис эта бошладим. Шундан кейин черковга тез-тез қатнайдиган бўлдим. Ибодат йиғинларига қатнай бошладим. Орадан 7 йил ўтиб бу менга чорлов эканлигини англадим. Энди ўзимда диндор киши бўлиш ҳисини сезиб, пастор бўлиш истаклари пайдо бўлди.

Кейинчалик шу йўналишда Москвада 2 йил ўқиб қайтдим. Черков эса мени ўқишдан келишимни ва уларга йўлбошчи бўлишимни кутишаётган эди. Бу пайт 2002 йил эди. Шундан кейин мен пастор бўлдим. Руҳоний сифатида, ваъз-насиҳатлар ўқишни бошлаган эдим. 2013 йилгача мен маҳаллий черковда бўлдим. 2013 йилдан эса мени марказ раҳбарлигига таклиф этишди. Мен дуолар қилдим ва оҳир-оқибат ҳозир епископ сифатида Ўзбекистон черковлар марказини бошқариб келмоқдаман.

И.Алимов: Сиз оилалимисиз?

П.Кремерук: Ҳа, мен уйланганман. Ажойиб турмуш ўртоғим бор. Ажойиб фарзандларим бор. Мени ҳатто набираларим ҳам бор. Менинг уч нафар фарзандим бўлиб, қизимда уч нафар невара фарзандим бор. Ўғлим ҳам уйланди ва яқинда у ҳам фарзандли бўлиши кутилмоқда. Кенжа фарзандим 11 ёшда. У биз билан яшайди. Қолганлари уй-жой қилиб мустақил яшаб келишади.

Фото: П.Кремерук

И.Алимов: Ота-онангиз диний йўлга кириб кетганингизга тўсқинлик қилишмадими?

П.Кремерук: Аввалига улар қандайдир диний сектага аралашиб қолганмикан деб ўйлашган. Чунки, мен уларнинг наздида ўзимни бошқача тутишим таажжублантирганди. Гоҳида хавотирланиб, “аҳволинг яхшими ўзи” деб сўрашарди. Ўшанда мен уларга шундай дегандим: “Агар сизлар мени ёмон тарафга кетаётганлигимни кўраётган бўлсангиз, ўзимни ёмон тутаётганлигимни кузатаётган бўлсангиз, энг аввало сизлар менга танбеҳ, насиҳат бериб тўғри йўл кўрсатувчиларим бўласиз. Аксинча, менда яхши ҳислатларни кўриб ҳайрон қолаётган бўлсангиз, одамларга, атрофимдагиларга, сизларга яхши муносабатда бўлаётганимни, аввалгидан ҳам кўра яхши тарафга ўзгараётганимни кўриб туриб, менга таъқиқлар қўйсангиз, бундан нима маъно борлигини билмайман”, дегандим.

Ота-онам, мени Худо нақадар ўзгартираётганини, мени ўзим ўзгараётганимни кўришди. Чунки улар мени парвариш қилиб, тарбия бериб, катта қилишгани учун аслида ичимдан қандай эканлигимни билишар эди. Кейинчалик ота-онамнинг яхши тарафга ўзгаришимни кузатиб, мақташлари менга бир жиҳатдан қўшимча шижоат бахшида этган бўлса, иккинчи тарафдан мен Худонинг мавжудлигига иймоним комил бўлаётган эди. Чунки Худо мени ўзгартираётган эди. Очиғи мен жуда беъмани бола бўлганман. Ёши 20-22 да бўлган бўлган, устига-устак “ВДВ” (ҳаво десанти қўшинлари) сафида ҳарбий хизмат қилиб, взвод командири ўринбосари бўлган, разведкада ва жангавор амалиётларда иштирок этиб қайтган ёш йигитни тасаввур қилаяпсизми? Қўшимчасига якка кураш бўйича турли даражадаги унвонлари бўлган инсон, ўзига нақадар ишонган шахс бўлишини ҳам тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Хуллас, мен ўзимни жуда ҳам ажойиб ҳис қилиб келганман. Худди шу феълим билан мен гоҳида ота-онам, гоҳида дўстларим билан уришиб қолардим. Энди шундай хулқ-атворли инсоннинг кескин равишда, умуман яхши тарафга ўзгариши, сал қўпол оҳангда гапирганларга нисбатан аввалгидай кескин жавоб бермай қўйгани, ота-онам ва бошқалар учун жуда ғалати туюлган. Менинг синфдошларим ҳанузгача менга қарата шундай дейишади: “ … ёки сен ҳақиқатдан ҳам сабр билан ичингга яширишни яхши уддалаяпсан, ё бўлмасам ҳақиқатдан Худо бор”.

И.Алимов: Гарчи суҳбатимизда оила мавзуси кўтарлиган экан, айтингчи, сизларнинг черковингиз оила институтига қандай муносабатда?

П.Кремерук: Умуман олганда оила институти бу заминда Худонинг ўрнатган муқаддас анъанасидир. Худо ер юзида иккита Одам ва учта Ҳавони яратмади. Балки ер юзида тартиб бўлиши учун, ўзига хос равишда эркак ва аёлни яратди. Ўз замонасида Исо (а.с.) дан ажрашишлар, ўзаро муносабатлар ҳақида савол бериб сўрашганда, у ибтидода қандай бўлган эди, дея савол билан жавоб берарди. Яъни, Исо (а.с.) инсоннни яратилиш нуқтасига йўллар эди. Биз эса, оила бу Худонинг одамларга ерда кўрсатган ташриф карточкаси деб ҳисоблаймиз.

Оила – бу ўзаро инсоний муносабатлар, наслни давом эттириш дегани. Худо оилани ер юзида таъсир ўтказувчи омил бўлиши учун барчасини мукаммал қилди. Чунки, Худо Одамга иккита муҳим вазифани берди. Бу қўриқлаш ва уни қайта тузиб чиқиш.

Мана шу ўзаро муносабатлар, батартиблик эркак ва аёлнинг, ота-оналар ва фарзандларнинг бир-бирига яхши муносабатлари, оталик, оналик мақомларини ҳурмат қилиниши ва ҳ.к. лар бизнинг ваъз-насиҳатларимизни асл мақсади ҳисобланади. Ҳатто черков ва оилани бир-бири билан таққослайдиган нарсамиздир. Биз черковда бир-биримизга ўзаро ака-сингил, опа-ука дея мурожаат қиламиз. Агар оилада ўзаро ҳурмат бўлмаса, у черковга кўчиб ўтади. Биз сизлар билан ушбу жамиятнинг кучли аъзолари бўлишимиз керак. Агар оила институтида қанчалик яхши ўзгаришлар юз берса, мен ўйлайманки, маданий жиҳатдан тараққийэтишда жуда кўп нарсалар ўзгаради.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Мана бу ўтирган хонамиз менга кўпроқ ўқув марказини эслатмоқда. Сизларда ўқув курслари ҳам борми?

П.Кремерук: Ҳа, албатта, биз ўқитамиз. Протестантликнинг асосий фишкаларидан бири – бу билим бериш ҳисобланади. Инсонга шунчаки гапиришни ўзи етарли эмас деб биламиз. Инсонга билим бериш муҳим. Шунинг учун ҳар бир черковда қандайдир турдаги машғулотлар ўтилади.

Чўқинтиришга ўргатиш, оила билан боғлиқ билимлар ёки етакчилик билан боғлиқ машғулотлар ўтказилади. Худди шу каби марказда ўқитилади. Биз мунтазам равишда пасторларни тўплаб турамиз. Улар учун тренинглар ташкил этамиз. Биз уларга бу жамиятдаги ижтимоий масалаларга қандай муносабат билдиришини, уларни қандай муаммолари борлигини ўрганамиз ва тушунган ҳолда камчиликларни бартараф этишда уларга ёрдам кўрсатамиз.

Масалан, коронавирус тарқалганда “zoom” орқали бу касалликка қандай муносабат билдиришни ўргатдик. Чунки айримлар ўйлаши мумкин эди: “Ҳа, бу оддий гриппга ўхшаш касалликда”, деб. Бошқалари эса: “Охир замон келди!”, дея ваҳимага тушишганда одамларни қандайдир йўл билан ўргатиш керак эди. Бу касалликдан қандай тўғри даволаниш ҳақида бизнинг сафимизда бўлган шифокорлар протоколга асосан билимлар бериб бордилар. Шифокорларимиз энг оддий протокол билан даволаш бўйича кўрсатмалар бериб келдилар.

Хуллас, қандайдир таҳликаларга дуч келинcа, эҳтиёжни сезсак, биз доим ўргатишга ҳаракат қиламиз. Чунки, шунчаки билим беришни ўзи ҳам камлик қилади. Кўпроқ амалий кўникмалар бериш керак. Одамларга ахборот етказишимиз мумкин. Улар тинглашар, лекин барибир ўзлари билганларини қилишади. Биз эса ўргатаётганларимиздаги асл қадриятларни кўрсата олишимиз керак. Биз уларни қалбига етиб боришимиз керак. Биз уларга кўникмалар бериб, буни қандай қилиш кераклигини беришимиз керак. Мен шундай тарзда барча ўқув машғулотларимни ташкил этаман.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Черковни моддий эҳтиёжлари қандай қондирилади? Умуман таъминот, ходимларни рағбатлантириш каби молиявий масалалар қандай ҳал этилади?

П.Кремерук: Агар черков тадбиркорлик қобилияти бор, билимли аъзоларига эга бўлса, ўз-ўзидан бундай черков пулга эҳтиёж билдирмайди. Чунки инсонлар ўзига тўқ бўлади. Тез-тез бериладиган ёрдам эса, бу хорижга чиқиб кетган черков аъзолари ҳисобига тўғри келади. Меҳнат қилиш учун хорижга кетган бўлишига қарамай, улар қалбан шу ердалар. Мен улар бу ерга қайтиб келмасликларини тушунаман. Чунки у ерда ўзлари, фарзандлари келажагини кўришади. Шунинг учун мен уларга “сизлар мажбурсиз, сизлар учун шарт” демайман. Албатта, мен уларни тушунаман. Корейслар Жанубий Кореяга кетишади, руслар Россияга кетишади. Ким қаёққа бўлса … яна кимдир АҚШ га кетади. Улар қаерда бўлишидан қатъий назар, черковга муҳаббати туфайли, хайрия-эҳсон жўнатиш учун мендан изн сўрайди. Мен эса, албатта, муаммо эмаслигини айтаман.

Масалан, Сардоба фожиасидан сўнг бизга расмийлар томонидан қандай ёрдам бера олишлари мумкинлиги  ҳақида сўрашди. Боз устига бу пандемия пайтида эди. Қандай муносабат билдиришни ҳам билмай тургандик. Аммо жуда тез турли хайриялар тўплана бошлади. Биринчи марта ёрдам кўрсатганимиздан сўнг, Европадаги дўстларим ёзишганди. “Сизлардан шунақа фожиа содир бўлибди, қандайдир ёрдам бероламизми?”, деб сўрашди. Мен, “ҳа албатта бўлади”, деб жавоб бердим. Демак, бизнинг молиявий манбалармизни иккинчиси бу хориждаги диндошларимиз бўлади.

И.Алимов: Сизларда халқаро миқёсда марказлаштирилган тарзда молиявий ёрдам кўрсатадиган ташкилотларингиз борми?

П.Кремерук: Бизда Бутунжаҳон Евангель альянси деган халқаро ташкилотимиз бор. Улар томонидан молиявий ёрдам кўрсатилмайди. Лекин диний раҳнамоларни тайёрлаб беришда ёрдам беришлари мумкин. Масалан, бизни семинария бакаларвларни етиштириб беришучун қуввати етарли. Аммо магистрлар борасида биз алянсдан ёрдам сўрашимиз мумкин.

И.Алимов: Сиз ўзингиз нимани ҳисобига кун кечирасиз? Ёки бизнесингиз борми?

П.Кремерук: Ҳа, менда ўз бизнесим бор. Отам ўз пайтида қолдириб кетган дўконим бор. Ўша дўкон менга ва оиламга даромад келтириб туради. Шу ердан келган пуллар ҳисобига кун кечираман. Бошқа тарафдан менда ойлик маоши ҳам бор. Епископ сифатида марказдан ойлик тўланади. Биласизми, мен илк бора епископлик рутбасини қабул қилганимда, атрофимдагиларга қарата шаффоф бўлишликни, ҳар қандай саволларга тайёр бўлишликни таклиф этганман. Шундагина бошқаларда турли шубҳа-гумонлар пайдо бўлмайди деганман. Агар бизда бирор нарсани сир тутиладиган бўлинса, демак бу ерда муаммо борлигидан дарака беради.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Бошқа конфессиялар билан алоқангиз қандай?

П.Кремерук: Мен епископ сифатида тайинланганимда биринчи бўлиб Рус православ черкови раҳбарига учрашдим. Ундан менга оқ фотиҳа беришни сўрадим. У протестантлар орасидан оқ фотиҳа сўраб келганларнинг биринчиси сен бўласан деган эди. Шунда мен унга “Аввало сизнинг ёшингиз мендан улуғ, қолаверса, биз сиз билан битта Евангелиега даъват қилиб келамиз. Агар бирор жойда биз сиз билан ўзаро муроса қиладиган жойимизни билсангиз – мана мен ҳузурингиздаман. Биз ўзаро бўлишолмайдиган нарсамиз йўқ. Бизни олдимизда кўплаб муаммолар бор. Уларга биргаликда муносабат билдиришимиз керак”, дедим. Кейин мен унга, мен ҳали ёш эканлигимни, керак бўлса ўзимни тўғирлашим мумкинлигини айдим. Бирор саволларингиз бўлса, уларга жавоб беришга тайёрман, дедим. Шунинг учун православ черкови билан ҳамкорлик қилишни истаётганлигимни айтдим. Кейин биз у кишини ўзимизнинг байрамимизга таклиф қилдик.

Иккинчи бўлиб мен католик черкови епископи Ежи Мацулевичга учрашдим. “Епископ Еже, мен протестантлар ўз замонасида тўғирлаб бўлмас талофатлар етказганлигини биламан. Шунингдек, ҳатто урушлар бўлганлигини биламан. Келинг буларни чеккароқ суриб турамиз. Булар тарихда бўлиб ўтган ишлар. Биз сиз билан бу ердамиз, Ғарбда – Европада эмасмиз, Осиёдамиз”, дедим. “Бу ерда бўлишадиган кимсамиз йўқ. Шунинг учун келинг, бирор бир масалада ҳамкорлик қилайлик”, деган таклифни бердим. Шундан кейин биз ҳамкорликдаги ибодатларни ўтказадиган бўлдик. Шу йилнинг 24 январь куни епископ бизни тинчлик учун умумий ибодатга таклиф қилди. Бу умумий ибодат анъанага айланди.

Мен аввало турли қарашли инсонлар билан учраштириб қўйгани учун Худога ҳамдлар айтаман. Конфессиялар – бу турли қарашлар, бу эътиқодни тушуниш, бу маълум бир нарсалар. Мен кўпинча конфессиялар иштирокида бўлиб ўтадиган анжуманларда йиғилганимизда, кимнидир машинамда уйига элтиб қўяман. Менга уларни қарашлари қизиқ, менга бошқаларнинг фикрини ўрганиш қизиқ. Нима учун одамлар шундай ўйлаши қизиқ. Бу мени дунёқарашимни янада кенгайтиради. Менга бошқаларни фикрларини кўришга ёрдам беради. Хуллас бизда ўзаро конфессиялар вакиллари билан алоқалар бор.

Бугунги таҳликали замонда биз ўзаро бир-биримизни қўллашимиз керак бўлади. Шунда тинчлик, осудаликда ҳаёт кечиришимиз учун шарт-шароитни ўзимиз яратган бўламиз.

Фото: И.Алимов

И.Алимов: Мен билан суҳбат уюштиришга вақт ажратганингиз учун сизга яна бир карра ташаккуримни изҳор этаман. Келгусида янада кенгроқ даврларда суҳбатлашамиз деб умид қиламан.

 

Илҳомиддин Алимов суҳбатлашди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг