Толибоннинг таниқли олими Кобулда ИШИД томонидан ўлдирилди

0
641
Фото: Al Jazeera

Толибон расмий вакилларига кўра, Раҳимулла Ҳаққоний мадрасада пайти ҳудкуш томонидан амалга оширилган портлаш натижасида ҳалок бўлган ва айни пайтда тергов олиб борилмоқда.

Толибон расмийларининг маълум қилишича, таниқли Толибон диний етакчиси Шайх Раҳимулла Ҳаққоний Кобулдаги мадрасада содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлган.

Толибон маъмурияти вакили Билол Каримий пайшанба куни «Ҳурматли уламо [Шайх Раҳимулла Ҳаққоний] душманларнинг қўрқоқларча ҳужуми натижасида шаҳид бўлганлигини жуда афсус билан маълум қиламан» деди.

Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД қуролли гуруҳи ўз зиммасига олди.

Reuters ахборот агентлиги Толибоннинг тўртта манбасига таяниб хабар беришича, ҳудкуш аввал оёғидан айрилган ва ўша пластик протез оёғига портловчи моддалар яшириб қўйган шахс бўлган.

“Биз бу … шахс ким бўлганини ва уни Шайх Раҳимулла Ҳаққонийнинг шахсий кабинетига кириш учун ушбу муҳим жойга ким олиб келганини текширмоқдамиз. Бу Афғонистон Ислом Амирлиги учун жуда катта йўқотишдир”, — деди Толибоннинг ички ишлар вазирлигидаги юқори мартабали амалдор.

Пайшанба куни кечроқ ИШИД ўзининг Телеграм-каналлари орқали ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, террорчи ўлдирилган олимнинг офисида портловчи жилетни портлатгани ҳақида маълум қилди.

SITE мониторинг гуруҳи ИШИД баёнотини таржима қилар экан, Ҳаққоний Толибоннинг энг кўзга кўринган тарафдорларидан бири ва ИШИДга қарши курашнинг энг катта ташаббускорларидан бири бўлган экан.

Ҳаққоний таниқли Толибон олими бўлиб, аввалги ҳужумлардан, жумладан, 2020 йилда ИШИД томонидан Покистон шимолидаги Пешовар шаҳрида камида етти кишининг ўлимига сабаб бўлган йирик портлашдан омон қолган.

Кўплаб Толибон расмийлари ижтимоий тармоқлар орқали ҳамдардлик билдирди.

“Сиз ўз вазифангизни бажардингиз. Тақдирнинг олдини олиш мумкин эмас, лекин мусулмонлар жамияти етим қолди”, деб ёзди Кобул полициясининг собиқ вакили Мобин Хон твиттердаги саҳифасида.

2001 йил 11 сентябр террактларидан кейин АҚШ бошчилигидаги босқинидан кейин ўша пайтда ҳам ҳокимият тепасида бўлган Толибон ҳукуматининг ағдарилиши билан якунланган эди. Бундан бир йил аввал ҳокимиятга қайтганидан бери Толибон Афғонистонда хавфсизликни тиклаганини айтиб келади.

Бироқ сўнгги ойларда қуролли гуруҳлар томонидан мунтазам ҳужумлар бўлиб турди, уларнинг кўпчилигини Хуросон вилоятидаги “Исломий давлат” деб номланувчи ИШИД бўлими ўз зиммасига олиб келади.

Сўнгги пайтларда гуруҳ Афғонистон бўйлаб масжидлар ва миллий-диний озчиликларга қарши ҳужумларини кўпайтирган. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида ИШИД бўлими Кобулдаги сикхлар ибодатхонасига уюштирилган ва икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

2014 йилдан бери Афғонистонда фаолият юритиб келаётган ИШИД бўлими мамлакатдаги Толибон ҳукумати олдида турган энг катта хавфсизлик муаммоси сифатида кўрилмоқда.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг