Мутахассисларнинг таъкидлашича, жануби-шарқий Осиёда арзон ва замонавий, аммо муҳим озуқаларга эга бўлмаган тезпишар лапшалар миллионлаб болаларнинг соғлиғига зарар етказмоқда.
Филиппин, Индонезия ва Малайзияда иқтисодиёт ривожланиб, турмуш даражаси кўтарилмоқда. Аммо, шунга қарамай, кўпчилик ишлайдиган ота-оналарнинг ўз фарзандларига зарар етказадиган озиқ-овқатдан халос бўлишлари учун вақти, пули йўқ. Ёки улар бу зиёнлардан хабардор эмаслар.
Ушбу учта мамлакатда беш ёшгача бўлган болаларнинг ўртача 40 фоизи тўйиб овқатланмайди. Бу дунё миқёсидаги 30 фоизли миқдордан ҳам юқори, дея хабар беради UNICEF. Маълумотларга кўра, ўтган йили Индонезияда 24,4 миллион, Филиппинда 11 миллион ва Малайзияда 2,6 миллион нафар беш ёшга тўлмаган бола бўлган.
“Ота-оналар болаларининг қорнини тўйдириш энг муҳим иш, деб ҳисоблашади. Улар болаларининг оқсил ёки калцийни етарли даражада истеъмол қилиши ҳақида умуман ўйламайдилар», деди Индонезиялик соғлиқни сақлаш бўйича мутахассис Хасбуллоҳ Табрани.
Филиппин пойтахти Манилада бир пакет лапша 23 сент туради. Аммо унда темир каби озуқа моддалари ва микроелементлар кам, шунингдек, оқсил етишмайди. Ҳозирда Индонезия тезпишар лапша истеъмол қилиш бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради.
UNICEF ҳисоботида айтилишича, қишлоқ аҳолиси иш излаб шаҳарларга кўчиб ўтиши билан озуқа моддаларига бой мева, сабзавот, тухум, сут, балиқ ва гўшт маҳсулотлари уларнинг таомномасидан чиқиб кетади.
Жаҳон банкининг ҳисоби бўйича Филиппин, Индонезия ва Малайзия ўртача даромадли давлатлар ҳисобланишига қарамай, ўн миллионлаб одамлар ўзларининг яшашлари учун етарлича пул топишда қийналадилар. «Қашшоқлик – бу энг муҳим масала», деди Т. Жаябалан, соғлиқни сақлаш бўйича мутахассис. Унинг сўзларига кўра, Малайзиядаги кам таъминланган оилаларда тайёр угра, картошка ва соя маҳсулотлари асосий озиқ-овқат ҳисобланади.